Табук ғазоти сафарида Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васалламнинг Самуд харобалари ёнидан ўтишлари

1 ўн йил аввал 2255 siyrat.uz

Табук ғазоти Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий сафарларидан бири бўлиб, у кишининг шахсан иштирокидаги энг сўнгги ғазотдир. Ислом кучларини тор-мор келтириш учун Рум подшоҳининг катта лашкар тўплагани ҳамда Мадинани ишғол қилиш учун Шом тарафидан йўлга чиққани ҳақида хабар келгандан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларни ёвуз душман йўлини тўсиш учун олиб боришга аҳд қилдилар. Ҳижратнинг 9 -йилида, ражаб ойининг бошида пайшанба куни мусулмонларнинг садоқатли аскарлари Мадинаи Мунавварадан йўлга чиқдилар. Жазирама иссиқ бўлганлиги ва ниҳоятда даҳшатли жанг бўлиши кутилганлиги учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга куч тўплаб, Рум подшоҳлиги лашкарлари билан юзма-юз тўқнашишга яхшилаб тайёргарлик кўриш кераклигини очиқ эълон қилдилар ва бу ғазотга тайёргарликка мусулмонлар ўз ҳиссаларини қўшишлари ҳам зарур, деб уқтирдилар, Абу Бакр розияллоҳу анҳу  бисотидаги бор нарсалари билан ғазотга ўз ҳиссасини қўшган эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  ундан оиласи учун нима олиб қолганини сўраганларида, у қуйидагича жавоб берди: «Мен уларга Аллоҳ ва унинг Расулини қолдирдим».

Умар розияллоҳу анҳу ўзининг бисотидаги бор нарсаларнинг ярмини топширди. Усмон розияллоҳу анҳу эса жами аскарларнинг учдан бир қисмини зарур нарсалар билан таъминлади. Ҳамма имкони борича ҳиссасини қўшса-да, ғазотга тайёргарлик ҳали етарли эмас эди. Ҳар 10 кишилик гуруҳга битта туя бўлиб, уни навбат билан миниш керак эди. Шунинг учун бу сафар «Қийинчилик сафари» деб ҳам ном олди. Сафар узоқ, ҳаво иссиқ ва қуруқ эди. Мевазорларда хурмолар (Мадинанинг асосий ҳосили) қийғос пишиб етилган эди ва саҳобаи киромларнинг тўсатдан сафарга боришлари талаб қилинганда, айни ҳосилни йиғиштириш пайти эди. Бу ҳақиқатан ҳам улардаги иймоннинг қаттиқ синови бўлди. Улар олдиларида узоқ ва машаққатли сафар турганлигини, жазирама исиқни, уларга қарши ёвуз душман отланганлигини ва энг асосийси, йил бўйи етиштирилган ҳосил исроф бўлишини кўз олдиларига яққол келтирсалар-да, ғазотга даъватдан қочиб қутулишни ҳатто хаёлларига ҳам келтирмадилар. Бу эса Аллоҳ таолодан қўрқиш ҳисси уларнинг қалбига нақадар чуқур сингиб кетганлигидан далолат берарди. Аёллар, болалар, узрли бўлганлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзи шахсан рухсат берган кишилардан ва мунофиқлардан ташқари деярли ҳамма ғазотга отландилар. Қолдирилганлар орасида яна шундай кишилар ҳам бор эдики, улар ўзларига зарур бўлган нарсаларни олиб юришни уддасидан чиқа олмас эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламинг бериши мумкин бўлган ёрдами ҳам уларни талофатдан сақлаб қола олмас эди. Аллоҳ таоло ўзининг китобида бундай кишилар ҳақида қуйидагича байн қилади: «Сарф қилиш учун ҳеч нарса топа олмаганликларидан улар кўзларида жиққа ёш билан ортга қайтдилар». (Тавба сураси, 92.) Мусулмонлардан фақат 3 киши ғазотга ҳеч қандай сабабсиз қўшилмадилар. Улар ҳақида қуйида алоҳида батафсил тўхтаб ўтилади. Ғазот иштирокчилари Шомга кетаётиб, Самуд аҳолиси яшаган жойга етиб борганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлаклари билан юзларини беркитиб, туяни тезлаштирдилар. У киши саҳобаи киромларни ҳам то Самуд харобалари кўз олдиларидан кетгунича худди шундай қилишларига кўрсатма бердилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло Самудларни жазолаганидек саҳобаи киромларни ҳам жазолаб қўймаслиги учун уларга қўрқинчдан йиғлаган ҳолда харакат қилишларини буюрдилар. Аллоҳ таолонинг энг азиз ва суюкли Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда унинг имтиёзига эга бўлган ҳамроҳлари шундай куйга тушиб қолмаслик учун жазоланган қавм харобалари ёнидан четлаб қўрқинч ва кўзларида ёш билан ўтдилар. Ҳозирда-чи? Мабодо бирор ерда зилзила юз берса, у ер бизлар томоша қиладиган жой бўлади, холос. Агар биз бирон-бир вайронгарчилик олдидан ўтсак, кўзларимизга ёш келиши тугул, сесканиб ҳам қўймаймиз.  

МУҲАММАД ЗАКАРИЁ «САҲОБАЛАР ТАРИХИ» китобидан.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ