Биз учун идеал шахс ким?

6 йил аввал 2501 siyrat.uz

“Батаҳқиқ, сизлар учун Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди” (Ал-аҳзоб 23), деган Аллоҳ таолога Ўзининг буюклигига мос ҳамд-у санолар бўлсин.“Албатта, мен юксак ахлоқларни камолга етказиш учун юборилдим” (Имом Аҳмад ривояти), деган пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат-у саломлар бўлсин. Қадим-қадимдан инсонлар кимгадир, у халқ қаҳрамонлари бўлсин, эртак қаҳрамонлари бўлсин, ўхшашга, тақлид қилишга ўзлари ҳаракат қилиб, ёш авлодни ҳам ундаб келганлар. Тарих сарлавҳаларида ҳам бир қатор шахслар келганки, ўз ватанлари-халқлари учун ҳатто жонларини фидо қилганлар. Булардан миллатимиз-ватанимиз қаҳрамонлари Широқ-у Тўмарис, Спитамендан тортиб, яқин ўтмишимизда ўтган қатағон қурбонлари-жадидчиларгача бир қатор санаб адоғига етиш қийин. Бундай халқсевар буюк инсонларни берган Аллоҳ таолога беадад ҳамд-у саноларимиз бўлсин. Бошқа миллат-у элатлар, халқларнинг ҳам шу каби ўзига етарлик даражада ўз қаҳрамонлари бор.

Инсон етук камолотга эришиши учун албатта, буюк инсонлар ҳаётидан ўрнак олиши ва ўз ҳаётига татбиқ қилиши даркор. Шунинг учун, ўз анъана-қадриятларимиз негизида шаклланган юксак одоб-ахлоқли, тарихда улкан из қолдирган Имом Бухорий, Имом Термизий, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий, Захириддин Муҳаммад Бобур каби бир қатор алломаларнинг ҳаётлари ўрганилиб, маънавиятимиз бойитилмоқда, шулар асосида турли дарсликлар тайёрланмоқда. Лекин бир савол туғилади, улар бундай даражага етишларида қайси комил инсонлардан ўрнак олганлар?! Бу зотлар қанчалар буюк бўлсаларда, у зотларнинг даражаларига етмоқлик қанчалар машаққат ёки мумкин бўлмаган иш бўлсада, бу шахслар ҳам барча инсонлар учун етарлича идеал шахс бўлмаслиги мумкин, чунки уларнинг айримлари фақат жанг-у жадалда умр кечирган бўлсалар, айримлари оила қуриш, фарзанд каби ҳаёт зийнатларидан воз кечиб илм-у маърифатга ҳаётларини бағишлаганлар. Энди юқоридаги саволимизга қайтсак, бу зотларнинг ҳаёт йўлларига синчиклаб қаралса, дин аҳкомлари фарзлар, суннат-у мустаҳабларга аъло даражада амал қилганлари маълум бўлади. Демак уларнинг идеаллари албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлар. Чунки Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн саккиз минг оламнинг сарвари, барча камчилиг-у нуқсонлардан пок, энг асосийси Аллоҳ таоло бутун инсоният ичидан танлаб олган ва Ўзининг каломида гўзал хулқлар билан сифатлаган зотдирлар. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади: “Ва албатта, сиз улкан хулқдасиз” (Ал-Қалам-4). Биламизки, жоҳилият араблари инсон етуклигига тўсқинлик қилувчи майхўрлик, зино, порахўрлик, кийиниш ва насл-насаблари билан фахрланиш, қасамхўрлик, қабилачилик-уруғ-аймоғчилик, ўтакетган мутакаббирлик, вафот этган оталаридан қолган хотинлар, яъни ўгай оналарини никоҳларига олишлари ва қизларини тириклайин кўмиш каби бир талай жирканч амалларга кўмилиб ётган эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа вақт ичида бундай инсонларни шу даражада моҳирлик билан тарбияладиларки, ҳатто уларга эргашилса нажот топиладиган зотларга айландилар. Бу ҳақда Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Асҳобларим юлдузлар кабидир. Уларнинг қай бирига эргашсангиз нажот топасизлар”, (Имом Байҳақий ривояти) дея уларга юксак ишонч билдирганлар. Мана шу ишлар, юқоридаги оятнинг исботи ўлароқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нақадар юксак ахлоқли бўлганларининг исботидир. Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг буюк муаллим, энг намунали эр, энг намунали ота, энг намунали қўшни, энг намунали қариндош, энг намунали дўст, энг намунали халқни бошқарувчи...Бу жумлаларни охирига етиш қийин.

 Шу ўринда бир савол туғилади! Биз мўмин-мусулмонлар-ку, албатта У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишимиз нафақат фарз-у вожиб амал, балки биз учун фахр-у ифтихордир. Лекин мусулмон бўлмаганларчи? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ҳам ўрнак бўла оладиган инсон, идеал шахс бўла оладиларми?

 Бунга жавобни ўзга дин вакилларнинг айнан ўзларидан келтирамиз:

 Француз ёзувчиси Карсе айтади: “Муҳаммад ўз даъватини олиб бормасидан олдин ҳам, олиб бора бошлаганида ҳам жамиятда ҳукм сураётган фикрлардан олийроқ фикрларни ҳис қиладиган шижоатли, довюрак, матонатли инсон эди. Муҳаммад алайҳиссалом ўзининг юксак ахлоқи билан бутларга сиғинадиган, мутаассиб, жоҳил арабларни якка-ю ягона бўлган Аллоҳнинг ҳидоятига бошлай олди ва ўзининг Яккахудолик демократик ҳукумати соясида Араб ўлкаларида кенг ёйилган ўзбошимчалик, ихтилоф, ўзаро урушлар ва бошбошдоқлик муаммоларининг барчасига ечим топа олди ва ўша юксак мақтовга лойиқ ахлоқлари сабаб қўпол, ёввойи, жоҳил араблар жамоасини юксак маданиятли, ривожланган жамиятга айлантирди”.

 Европа тарихчиси Жеймс “Ғайритабиий шахсият” сарлавҳаси остидаги мақоласида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида шундай дейди: “Муҳаммад алайҳиссалом ғайриоддий шахсияти орқали Араб ўлкасида ва шарқ ўлкаларининг барчасида буюк инқилобни амалга оширди ва Аллоҳ таолонинг ўзигагина даъват қилувчи абадий динга асос солди”.

 Француз файласуфи Кардефо айтади: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам илҳомлантирувчи, ишонилган инсон эди. Ҳеч ким у зот бўлган юксак мақомга етиш учун У зот билан даъволашишга кучи етмайди. Араб жамоаси аъзолари орасида Муҳаммад асос солган дўстлик ва тенглик ҳатто Набийнинг ўзида ҳам амалий татбиқ қилинган эди”.

 Британия файласуфи Томс Карл ўз китобида Мусулмонлар Набийси учун “Элчи суратидаги қаҳрамон” сарлавҳаси остида алоҳида боб ажратди ва унда Набий алайҳиссаломни тарих гувоҳ бўлган еттита буюк шахслардан бири сифатида санаб, мутаассиблар даъволарига раддия ўлароқ шундай деди: “Мутаассиблар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни “Ўз фаолияти билан фақатгина шахсий шухратни, салтанат-мансаблар билан фахрланишни хоҳлаган”, дейди. Йўқ, қасамки, бундай эмас. Батаҳқиқ, бу буюк кишининг қалби раҳматга, яхшиликка, мулойимликка, муҳаббатга, ҳикматга, ақлга, дунёвий истаклардан холи бўлган фикрларга, салтанат ва мансаб талабига мутлоқ зид бўлган ниятларга тўла эди. Қандай ҳам бундоқ бўлмасин, ваҳоланки у сокин нафс фақатгина холис-самимий, виждонли, ишончли, тиришқоқ бўлиши шарт бўлган кишилардан эди”.

 Дунё тарихидан дарс берган, тарихда ўтган энг буюк инсонлардан юзтасини танлаб олиб, “Пешқадам юзталик” номли китоб ёзган ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни уларнинг энг бошида келтирган ўқитувчи айтади: “У инсон таъсир кучи жиҳатидан, таъсир тури жиҳатидан, таъсир муддати узунлиги жиҳатидан, таъсир майдонининг кенглиги жиҳатидан инсоният тарихидаги энг пешқадам юзталикнинг мутлақ энг аввалида турувчи шахсдир”.

 Ғарб тадқиқотчиси ва ёзувчиси Рейтейн айтади: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлиги намоён бўлиб, Ислом қуёши нур соча бошлаганидан бери ушбу Набий ўз даъвати бутун оламга йўналтирилганини, бу муқаддас дин барча асрга, барча миллатга, барча халқларга муносиб эканлигини, таълимотлари инсоний фикрлар билан ҳамоҳанг бўлган бу дин ҳар бир макон ва ҳар бир маданият сояси остида бўлган одам болалари учун лозим эканлигини исботлади”.

 Яна бир қатор олимларнинг Набиййимиз алайҳиссалом ҳақларида ажиб мақтовлари келганки, бу ўринда шунинг ўзи ҳам кифоя қилгулик бўлди, деб ўйлайман. Демак, гувоҳи бўлганингиздек Сарвари коинот алайҳиссаломдан ўзга бирор киши бу мақомга муносиб бўла олмайди. Энди биздан фақатгина У Зот алайҳиссаломга ҳар бир ишимизда эргашиш қолди холос. Аллоҳ тўғрироғини билгувчироқдир.

 

 

“Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Мансуров Абубакр

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ