Мўминларга мушфиқ, меҳрибон Расул!

2 йил аввал 1274 siyrat.uz

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!

Аллоҳ таоло Ўз Каломи шарифида шундай марҳамат қилади: “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, машаққат чекканингиз унинг учун оғир бўлган сиз(нинг саодатга етишишингиз)га ташна, мўминларга мушфиқ, меҳрибон Расул келди” (“Тавба” сураси, 128-оят). Дарҳақиқат, Ислом тарихига ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлларига назар солсак, у зотнинг қанчалар раҳмдил, кўнгиллари юмшоқ, чексиз меҳр ва шафқат соҳиби бўлганларига гувоҳ бўламиз. Зеро, Раҳмон ва Раҳим Аллоҳ таоло у зот алайҳиссаломни мана шундай яратган, қалбларини раҳматга мойил этган. Ушбу мақоламизда, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сийратларини варақлаб, ҳаётларидан айрим лавҳаларни мисол тариқасида келтиришни лозим топдик.  

Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом динини ёйиш учун Тоиф сари йўлга чиқадилар. Манзилга борганларида, у ернинг аҳолиси У зотга мисли кўрилмаган озорларни беришади. Қавмнинг эси пастлари, қуллари ва бебош болалари Пайғамбаримиз алайҳиссаломни сўкиб, ортларидан бақириб, масхара қиладилар. Бу ҳам етмагандек, тоифликлар йўлнинг икки четига туриб олиб, аёвсиз тошбўрон ҳам қилишади. Бу азоб ва ситамлардан оёқлари қонга, қалблари дарду аламга тўлган Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига Аллоҳ таоло тоғ фариштасини юборади. Тоғ фариштаси икки тоғни бир-бирига қўшиб юбориб, ўзларига шунча озор етқазган Тоиф аҳлини ҳалок этиш учун Расулуллоҳ алайҳиссаломдан руҳсат сўрайди. Бироқ, сабр ва матонатда барчага ўрнак бўлган, бутун инсонлар ичра энг раҳмли зот Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга изн бермайдилар. Изн бермаслик баробарида, “Уларнинг сулбидан Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қиладиган, унга ҳеч нарсани ширк келтирмайдиган кишилар чиқишини умид қилурман”, дейдилар. Бир мушоҳада қилайлик, қайси бир инсон ўзига озор берган, иззат-нафсини поймол этган, таҳқирлаган одамларга нисбатан қалбида адоват туймайди? Уларни жазолашни ўйламасдан, қайтанга яхшиликлар етишини ният қилади? Ҳеч ким (айниқса, бугун)! Фақатгина оламларга раҳмат Муҳаммад алайҳиссалом бунга қодирдирлар.

Расулуллоҳнинг аҳли оилаларига, фарзандларига, ходимларига мурувватлари ҳам алоҳида бир мавзу. Ҳадисларга кўра, аёлларни биллур дея эъзозлаганлар, бирор марта ҳам уларга қўл кўтариш у ёқда турсин, қаттиқ гапирмаганлар. Олдиларига таом келтирилганида, агар ёқмаса, асло ундан айб топмаганлар. Фарзандларни жаннатнинг гул-у райҳонлари деб икром этиб, ота-оналарни уларга меҳр кўрсатишга даъват этганлар. Ходимларга эса алоҳида эҳтиром кўрсатиб, ишларидан бирор кам топмаганлар, буюрганлари бироз кечикса-да, уларни койимаганлар. Албатта, бунинг учун инсондан буюк қалб эгаси бўлиш, чексиз раҳм ва шафқат соҳиби бўлиш талаб қилинади.   

Мана шуларни ўқиб туриб, бугун олам раҳмдилликка, раҳму шафқатга, раҳматга нақадар муҳтож эканлигини юрак-юракдан ҳис қиламиз. Набийимиз алайҳиссаломнинг: “Одамларга раҳм қилмайдиган одамга Аллоҳ таоло раҳм қилмайди”, деган ғоятда ҳикматли ҳадислари аксариятимизнинг ёдимиздан кўтарилганини ҳам давр кўрсатиб турибди. Дунёнинг айрим чеккаларида жажжи болажонларнинг кўзини шодлик ўрнига эгаллаган ғам, вайронлар остида қолган олам-олам орзулар, йўлларда унутилаётган хотиржамлик ҳисси, сувга ғарқ бўлаётган не-не армонлар ва ниҳоят ўзга юртларда топталаётган ор ва номус мана шунинг оқибати эмасми? Ҳаттоки, онг ва тилсиз жонзотлар олами бир-бирига раво кўрмайдиган ҳолатни наҳот Одам боласи ўз қондошларига, жондошларига тиласа?

Расулуллоҳ алайҳиссалом ўз ҳадиси шарифларининг яна бирида: “Раҳмдиллик фақатгина бадбахтдан суғуриб олинади”, деб огоҳлантирганлар. Аллоҳ таолонинг Ўзи барчамизни ана шундай бадбахтлардан бўлиб қолишдан асрасин! Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пок суннатларига эргашиб, тоза қалблик, юмшоқкўнгиллик, инсонларга мурувватли ва раҳмдиллик каби олий сифатлари билан безанишимизни насиб айласин!

Хуршида Муродулла қизи,

   “Зиё медиа маркази” муҳаррири    

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ