Пайғамбар алайҳиссаломга илоҳий эҳтиром намуналари

1 йил аввал 1071 siyrat.uz

Қуръони Карим билан танишган ҳар бир киши илоҳий кўрсатмалар билан рисолат соҳиби Муҳаммад алайҳиссалом орасида чамбарчас боғлиқликни сезади. Турли муносабатлар билан илоҳий иззат-икромни эслатиш, Расулуллоҳнинг Робблари ҳузуридаги мартабалари юксаклигини таъкидлаш Аллоҳнинг каломида кўп учрайди. Чунки у зот ҳақиқат машъалини кўтаришлари, уммат ва бутун башарият учун намуна бўлишлари керак эди. Шу ўринда Пайғамбаримизнинг ўзига хос айрим хусусиятларини келтириб ўтмоқчимиз. 

Исро ва Нажм суралари аввалида зикр қилинган «Исро ва Меърож қиссаси» бунга мисол бўлади. Қиссада Пайғамбар алайҳиссаломнинг шарафли мақомга кўтарилганлари, Аллоҳ таолога қурбатлари ва кўплаб ажойиботларга шоҳид бўлганлари тўғрисида хабар берилади. Аллоҳ таоло: «Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот покдир. Албатта, У эшитувчи ва кўрувчи Зотдир»  ва «Дарҳақиқат, ўз Роббининг улкан белгиларидан кўрди» , – дейди.

Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана ва руҳ билан кечанинг бир қисмида дунё оламидан осмону фалакка кўтарилишлари ғаройиб ҳодисадир. Бу ҳодиса юксакларга чиқиш воситасининг ҳозирланиши, Аллоҳдан ваҳий қабул қилиб олиш, бу вазифани амалга ошириш учун башарий руҳнинг тайёрланиши ва бошқа кўплаб воқеалардан иборат. Бу Пайғамбар алайҳиссаломга ато этилган очиқ-ойдин мўъжиза эди. У зот Макка ва Қуддус орасидаги масофани босиб ўтишда ва осмонга кўтарилишда кўп нарсаларни кўрганлар. Бундан ташқари, пайғамбарларни кўриб, улар турган мақомларда тўхтаб ўтишлари ҳам, малакут ажойиботларию жабарут ғаройиботлари, муқарраб фаришталар, Аршни кўтарувчи ва олий мартабали фаришталар, осмонлару ерларни иҳота қилувчи энг улкан мавжудот – Аршни ўз кўзлари билан кўришлари ҳам шулар жумласига киради. 

Маълумки, ер билан дунё осмонининг ораси беш юз йиллик масофага тенг. Ҳар бир осмон ораси ҳам шунча. Ҳар бир осмон қалинлиги ҳам шунча. Бутун осмону фалак Курсийга солиштирилса, саҳродаги ҳалқага ўхшаб қолади. Курсийнинг ўзи эса Арш қаршисида худди шундай. Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодир Зот. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа фурсатда шунча масофага бориб келганлар. Ҳаракатланиш воситаси Буроқ номли улов бўлган. 

Пайғамбаримизга хос яна бир хусусият у зот алайҳиссаломнинг одамлар азиятидан ҳимоя қилинишларидир. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сени одамлардан сақлайди». Яъни Аллоҳ сени душманлар тажовузи ва азият етказишидан сақлайди. Имом Термизий келтирган ривоятда шундай дейилган: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўриқланар эдилар. «Аллоҳ сени одамлардан сақлайди» ояти нозил бўлгандан кейин: «Эй одамлар, кетаверинглар. Аллоҳ Ўзи мени ҳимоясида сақлайдиган бўлди» , дедилар. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларига Уҳуд жангида жароҳат етиши, олд тишлари синиши кабилар сиртдан қараганда мазкур ваъдага зид кўринади. Аслида ундай эмас. Чунки Аллоҳ таоло оятда ваъда қилган ҳимояси айнан ўлим ва қатлдан сақлашга тааллуқли бўлиб, ундан бошқасига сабр-тоқат қилиш лозимлигини билдиради. Зеро, барча пайғамбарлар одамлар орасида қаттиқ синовларга дуч келишди. Ҳижрат воқеасида Қурайш кофирларининг азиятлари ва макр-ҳийлаларидан нажот берилиши ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоясида эканига яққол мисол бўлади. Душманлар турли қабилалардан танлаб олинган бадбахтларнинг қиличи билан у зотни бир ҳамладаёқ қатл этишга келишиб олишган эди. Бу каби айёрлик ва суиқасддан халос этгани боис неъматига шукр қилишлари учун Аллоҳ таоло «Куфр келтирганлар сени ушлаш ё ўлдириш ё чиқариб юбориш учун макр қилганларини эсла. Улар макр қилдилар ва Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ «макр» қилувчиларнинг яхшисидир»  оятини нозил қилди. Мазкур оят Маккада Дорун-надвада мушриклар араб қабилалари билан тил бириктириб, Расулуллоҳни қатл қилиш режасини тузишлари олдидан нозил бўлди. Манфур режага кўра, у зотни қатл қилгандан кейин хун ҳаққи қабилалар зиммасига тушиши, Бану Ҳошимнинг ёлғиз ўзи бутун Қурайшга қарши урушишга ботина олмаслиги, хун талаб қилишса, хун ҳаққи беришга келишиб олишди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бу разил ниятнинг амалга ошишига имкон бермади. Ўша ҳолатни Аллоҳ таоло шундай тасвирлайди: «Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга – куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида – нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига: «Хафа бўлма, Аллоҳ албатта биз билан», деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганлар калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса ўзи юқори. Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли Зотдир» .

Шубҳасиз, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини қурайшликлар тузган манфур мақсаддан сақлаб қолди. У зотни қатл этишга зимдан тил бириктирган бўлсалар ҳам, кўзларига парда тортилди. Макканинг ўнг тарафидаги йўл орқали бир зумда етиб олса бўладиган Савр тоғи тепасидаги ғор олдига борганларида йўллари тўсилди, яъни энди ғорга кирмоқчи бўлишганда ўргимчак тўрини кўрган Умайя ибн Халаф: «Ўргимчак тўри турганига қараганда бу Муҳаммад туғилмасдан илгари ҳам бўлганга ўхшайди», деди. Аллоҳ таоло ғор оғзига иккита кабутарни юборди. Қурайшликлар: «Агар ғор ичида кимдир бўлса, кабутар ғор оғзида нима қилади?» – дейишди. 

Аллоҳ таоло ҳижрат воқеаси олдидан ҳам бемисл мўъжизаларни юзага чиқарди. Пайғамбар алайҳиссалом қалбига сакийнат-хотиржамлик солиб қўйди. Ҳовли эшигидан чиққанларида суиқасдга шай турган йигитларнинг кўзлари парда билан тўсиб қўйилгани учун у зотни кўришмади. Бошларига тупроқ сочиб ўтсалар ҳам, то уйдан чиқиб кетганликлари хабари берилмагунча, буни пайқашмади.

Ана шундай мўъжизалардан яна бири Суроқа ибн Молик қиссасидир. Суроқа ҳижрат пайтида Пайғамбар алайҳиссаломни ҳамроҳи билан кўриб, ваъда қилинган мукофотни олиш учун йўлга отланди. Ўшанда миниб олган отининг туёғи тупроққа ботиб, нияти амалга ошмади. Мана шу ҳам қиёматгача боқий қоладиган мўъжизадир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун халойиқ ўртасида иззат-икром этилишларига мисоллардан яна бири у зотга жаннатда Кавсар дарёсининг берилишидир. Аллоҳ таоло: «Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй. Албатта, сени ёмон кўриб айбловчининг ўзининг орқаси кесик» , – деди. Бу оятларда Пайғамбаримизга ҳавзи Кавсар берилгани маълум қилинмоқда. Имом Муслим ривоятида: «Кавсар нималигини биласизларми?» – дедилар. Улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У Роббим менга ваъда қилган дарёдир. Унда кўп яхшиликлар бордир. У қиёмат куни умматим тушиб сув ичадиган менинг ҳавзимдир», дедилар. Кавсар ҳақида келган бошқа бир ривоятда у жаннатдаги дарё деб тавсифланган. Имом Термизий ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда бир дарёни кўрдим. Унинг икки қирғоғи марварид гумбазлардир. Мен: «Бу нима, эй Жаброил?» дедим. У: «Аллоҳ сенга берган Кавсардир», деди», – деганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом улуғланишининг муҳим кўринишларидан яна бири у зотга Қуръон ва Фотиҳа сураси нозил қилинганидир. Аллоҳ таоло айтади: «Ва батаҳқиқ, сенга етти такрорланувчи ва Улуғ Қуръонни бердик» . Яъни ўзида балоғат ва мўъжизавийликни мужассам этган, огоҳлантиришлар, буйруқлар, қиссалар, ваъз-насиҳатлар, Аллоҳга улуғлиги ва буюклигига муносиб ҳамд-сано айтиш ва шу кабиларни ўз ичига олган Қуръонни бердик. «Етти такрорланувчи» – бу Қуъони Каримдаги Фотиҳа сурасидир. Чунки у етти оятдан иборат бўлиб, намознинг ҳар бир ракъатида такрорлангани учун шундай аталган. Баъзи муфассирлар етти такрорланувчини  «етти каромат – ҳидоят, нубувват, раҳмат, шафоат, ғолиблик, улуғлик ва сакинат-хотиржамлик» маъносида шарҳлаганлар.

«Шамоилу Мустафо» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ