Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи сифатлари

5 ой аввал 1691 Абдулазиз Мўмин

Мукаммал ва етук жисмоний ва маънавий, ҳиссий ҳамда ахлоқий сифатлар билан шарафланган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаклшамоил, хулқ ва руҳий жиҳатдан баркамол ва гўзал хислатлар соҳиби бўлганлар. Юксак одоб ва фазилатлар қаторида мардлик, шижоат, жасурлик ва олийжаноблик каби хислатларни ўз феълатворларида жамлаган зот одамлар ичида энг комили ва чиройлиси, муҳтарами ва мартабаси улуғи, фазилат ва сифатлари жиҳатидан энг афзали эдилар. Эҳтимол, кимдир «Жисмоний ёки тана билан боғлиқ сифатларни баён этишнинг нима фойдаси бор?» дейиши мумкин. Бунга жавоб аниқ. Ташқи қиёфанинг хушбичим ва бенуқсон бўлиши – бошқаларни ўзига жалб этиш, бир марта кўришган кишида «Яна бир кўрсам», деган таассурот уйғотиш, ҳамсуҳбат бўлганнинг кўнглини ёритиб, илиқлик бахш этиш, сўзи ва ажойиб баёнига қулоқ солган ҳар қандай кишининг хотирасида ҳурматэҳтиром ва муҳаббат пайдо қилишдек беқиёс таъсир кучига эга.

Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломда инсоний табиат ва хилқат таъкидлаб ўтилганидан зиёда даражада бўлган десак, асло муболаға бўлмайди. У зот ўзида ҳамма яхши ва гўзал сифатларни жамулжам этгани билан бетакрор инсон сифатида ардоқланади. Расулуллоҳнинг қиёфалари, гўзал сиймолари, тана аъзолари кўрк ва чиройда бирбирига мутаносиблиги билан бошқалардан ажралиб туриши хусусида кўпгина саҳиҳ ва машҳур ривоятлар етиб келган. Расули акрамга туҳфа этилган хушбичим таналарининг баёни ҳақида Али ибн Абу Толиб, Анас ибн Молик, Абу Ҳурайра, Баро ибн Озиб, Оиша онамиз, Ибн Абу Ҳола, Абу Жуҳайфа, Жобир ибн Самура, Умму Маъбад, Ибн Аббос, Муарриз ибн Муъайқиб, Абу Туфайл, Аддо ибн Холид, Хурайм ибн Фотик, Ҳаким ибн Ҳизом ва бошқа саҳобалардан ривоятлар нақл этилган. Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин!

«Расулуллоҳ тиниқ рангли, кўзлари кенг ва чиройли, қорачиғи қопқора, кўзларининг оқида озроқ қизғишлик бор, киприклари қалин, юзлари нурли, қошлари ингичка узун бўлиб, бир оз қайрилган эди. Қиррабурун, тишлари бирбиридан ажралган донадона, юзлари думалоқ бўлиб, чўзиқликка мойил, пешоналари кенг, соқоллари қалин, кўкси ва қоринлари текис, кўкраклари кенг, елкалар катта, суяклари йирик, қўлларининг елкадан билаккача қисми, билаклари, сон ва болдирлари тўла бўлиб, бу эса у зотнинг бақувватликларига далолат қиларди. Кафт ва қадамлари кенг ва узун, кўкракларидан киндикларига қараб ингичка чизиқ мисоли юнг ўсган, бўйлари ўртача бўлиб, унча баланд ҳам, паст ҳам эмас эди. Шунга қарамай, бўйдор одам билан ёнмаён юриб қолсалар, ундан савлатлироқ кўринардилар. Сочлари унча жингалак ҳам, текис ҳам бўлмаган. Табассум қилганларида тишлари гўё булут орасида чақнаган чақмоқ ёғдуси мисоли ялтирар эди. Агар гапирмоқчи бўлсалар, оғизларидан нур сочиларди. Бўйинлари жуда йўғон ҳам, ингичка ҳам эмас, мўътадил ва чиройли эди. Қоматлари келишган, озғин ҳам, тўла ҳам эмас эди».

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу имом Бухорий, имом Муслим ва бошқалар келтирган ривоятда: «Қизил либос кийган, сочлари қулоғининг юмшоғигача тушганлар ичида Расулуллоҳдан чиройлироқ бирор кишини кўрмадим», дейди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Кўрганларим ичида Расулуллоҳдан чиройлироқ кишини билмайман. Қуёш гўёки юзларида балқир, кулсалар, тишлари (акси) деворларда порлар эди».

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳуга бир киши: «У зотнинг юзлари қиличдек ялтирармиди?» – деди. «Йўқ, балки мисоли қуёш ва ой эди. Чўзиқдан келган юмалоқ эди», деб жавоб берди. 

Умму Маъбад у зотни сифатлаб: «Узоқдан қаралса, одамларнинг чиройлиси, яқиндан кўрилса, кўрками ва ёқимлиси эдилар», деган. Ибн Абу Ҳола у зотни «Юзлари ўн тўрт кунлик ойдек нур таратар эди» деб таърифлайди. 

Али розияллоҳу анҳунинг у зот тўғрисида айтган сўзларини хулоса ўрнида келтирамиз: «Тўсатдан кўрган одамни ҳайбатлари босар, олдиндан таниб, бирга юрганлар у зотни яхши кўришар эди. Олдин ҳам, кейин ҳам у зотга ўхшаш бирор кимни кўрмадим».

«Шамоилу Мустафо» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ