Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фасоҳат ва балоғатлари

5 ой аввал 1183 Абдулазиз Мўмин

Пайғамбар алайҳиссалом нутқ майдонида фасоҳат ва балоғатлари билан беназир эдилар. Сўз ва гапларни ҳолат тақозосига кўра танлаб айтардилар. У зотга ҳар бир жумлани аниқ, тушунарли ва таъсирли ҳолда қисқа ва лўнда баён этиш қобилияти берилган эди. Ҳатто айтган ҳар бир сўзлари зарбулмасалга айланди. Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Мен жамловчи сўзлар билан юборилдим», – деганлар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ: «Менга етиб келишича, олдинги китобларда ёзилган кўп ишларни Аллоҳ таоло Ўз расули учун бир ёки икки ишда жамлаши «жамловчи сўзлар» дейилган», деб изоҳлайди. Айниқса, фасоҳат ва балоғат бобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дидлари баланд, нутқлари равон, сўзлари донадона бўлиб, ҳеч қачон унинг боши охирига номувофиқ бўлмаган. У зотнинг айтган ҳар бир сўзлари аниқ ва тиниқлиги, бенуқсон ва маънодорлиги билан эътиборни жалб этмай қолмасди. Лафзлари ёрқин, сўзлари тартибли ва бехато бўлиб, аниқ маънони билдириши билан бошқаларникидан ажралиб турарди. У зот керакли ўринда етказиш лозим бўлган маъноларни бетакаллуф ва ортиқча уринишсиз баён этишлари диққатни жалб қиларди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Сен: «Мен унинг учун сиздан ажр сўрамасман. Мен сохтакорлардан ҳам эмасман», дегин», – дея марҳамат қилади.

Абу Авфа: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам беҳуда гапларни гапирмас эдилар», – деб алоҳида таъкидлаб келтиради. Пайғамбаримизга жуда қисқа ва мухтасар иборалар орқали кўп маъноларни ифодалаш маҳорати берилган эди. Бунга мисол тариқасида ҳар бири иккита сўздан иборат қирқта ҳадисни жамладим. Маълумки, тугал маъно англатадиган энг қисқа жумла икки сўздан ташкил топган бўлади .

Шунингдек, Расули акрамга ажойиб ҳикматлар, ўзларининг ва бошқа араб қабилаларининг лаҳжасини билиш хусусияти берилди. Зотан, барчага пайғамбар қилиб юборилган ва ҳар бир қавмга ўзи тушунадиган тилда мурожаат қилиши учун у зотга қавмларнинг тиллари ҳам ўргатилган эди. Бу Аллоҳ таолонинг «Қайсики пайғамбарни юборган бўлсак, баён билиб бериши учун ўз қавми тили ила юборганмиз» деган илоҳий кўрсатма услубига мувофиқдир. Пайғамбаримиз ҳар бир қабила билан ўз шевасида сўзлашиб, сўзларнинг асл ўзаги тўғрисида улар билан баҳслаша олардилар. Ҳатто кўп саҳобалар айрим ҳолатларда айтган сўзларининг маъноси ва изоҳини у зотнинг ўзларидан сўраб олишларига тўғри келарди. Одамлар билан ўзларининг тилида сўзлашиш лозимлигини эътиборда тутиб, Макка, Мадина, Ҳижоз, Нажд ва уларнинг атрофида яшайдиган аҳоли билан мулоқотлари бошқа арабларникидан фарқ қиларди. Яманнинг Наҳд қабиласига йўллаган мактублари машҳур бўлиб, унда: «... уларнинг моллари ва болаларига барака бер. Ким намозни қоим қилса, мусулмон бўлади. Ким закотни берса, муҳсин бўлади. Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик берса, мухлис бўлади...», деган сўзлар битилган эди. Мактубдаги сўз ва иборалар уларнинг шевасига хос эди.

Имом Ҳоким ва Байҳақий Атийя Саъдийдан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Баланд қўл – берувчи, паст қўл – олувчидир» деган сўзларидаги «берувчи» деган маънони билдирадиган «муътия» сўзини Бану Саъд шевасида «мунтия» деб талаффуз қилганлар. Ҳадис ровийи Атийя Саъдий: «Расулуллоҳ билан ўзимизнинг шевамизда гаплашдик», – деган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатий гаплари, маълум ва машҳур чиройли нутқлари, қисқа жумлада кўп маъноларни ифодалаш маҳоратлари, тенги йўқ балоғату фасоҳатлари ҳақида уламолар кўплаб китоблар таълиф этишган. Имом Абу Довуд ва Насоий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонларнинг қонлари тенг . Уларнинг зиммалари учун (нуфузи) энг паст бўлганлари ҳам ҳаракат қиладилар. Улар бошқаларга қарши бир қўлдир », – дедилар. Яъни барча мусулмонларнинг қонлари дахлсизликда баробар бўлиб, қасос олиш борасида аслзода билан насаби паст, катта билан кичик, илмли билан илмсиз, эркак билан аёл ўртасида фарқ йўқ. Қулнинг ҳам барча мусулмонларга омонлиги ва ҳимояси бирдай ўтади. Мусулмонлар душманга қарши бирбирларини қўллабқувватлайдиган ягона куч ва ягона жамоадир.

Ибн Лол «Макоримул ахлоқ» китобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Одамлар тароқ тишларидек бир хил» деган сўзларини келтиради. Яъни шаръий ҳукмларни татбиқ этишда барчалари тенг ва улар ҳамма учун баробар. Бошқа бир ривоятда: «Одамлар тароқ тишларидек бир хил. Арабнинг ажамдан, ажамнинг арабдан афзаллиги йўқ. Афзаллик фақат тақвога қараб бўлади», дейилган.

Имом Бухорий ва Муслим келтирган ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши яхши кўргани билан биргадир» , – дейдилар. Яъни маҳшарда ёки жаннатда.

Икки шайхнинг ривоятида Пайғамбаримиз шундай марҳамат қиладилар: «Одамлар тилла ва кумуш маъданларига ўхшаган маъданлардир. Жоҳилиятда яхшилари, агар фақиҳ бўлсалар, Исломда ҳам яхшидир». Яъни илм билан шуғулланса, ўзида яхши фазилатларни намоён этса, табиатан гўзал феълатворлар эгаси бўлиш баробарида шариат кўрсатмаларига ҳам амал қилса, шундай бўлади.

Тўрт «Сунан» соҳиблари ва имом Ҳоким ривоят қилган ҳадисда: «Маслаҳат сўралган киши омонат қўйилгандир. Модомики гапирмаса, у ихтиёрлидир» , дейилган.

Абу Шайх ибн Ҳиббон «Савоб» китобида ва Дайламий келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхши гапни айтиб, фойда қилган ёки сукут сақлаб, саломат бўлган бандага Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», – дедилар.

Икки шайх ривоят қилган ҳадисда: «Исломни қабул қил, саломат бўласан. Исломни қабул қил, Аллоҳ ажрингни икки ҳисса қилиб беради», дейилади. Яъни насроний одамга Ийсо пайғамбарга иймон келтиргани учун бир ҳисса, Муҳаммад соллаллуҳу алайҳи васалламга иймон келтиргани учун яна бир ҳисса ажр берилади.

Имом Термизий келтирган ривоятда: «Албатта сизларнинг менга энг севимлиларингиз ва қиёмат кунида менга энг яқин жойда ўтирадиганингиз ахлоқи чиройли, юмшоқ феълли, улфат тутадиган ва улфат тутиладиганларингиздир», деганлар. Бундан мақсад хулқи гўзал, камтар, қалби тоза, ҳеч кимга озор бермайдиган, оқкўнгил бўлгани учун одамларни улфат тутадиган, одамлар ҳам унга улфат бўлишга интиладиган ҳалим кишилардир.

 

«Шамоилу мустафо» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ