Набавий хулқ асослари

8 ой аввал 1588 Абдулазиз Мўмин

Кўпчилик Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламда набавий хулқ асосларининг тўлиқ ва мукаммал намоён бўлиши ҳақида сўрашади. Бунинг жавоби оддий. У зот расул, набий, шу билан бирга расул ва набийларнинг охиргиси, эътиқод, шариат, одоб, дастур борасида бутун башариятга ўрнак ва пешводир. У зот етказган рисолат замонлар ва асрлар оша абадий қоладиган самовий рисолатдир. Бундай юксак хулқлар ва комил хислатлар у зотда бўлишининг учта сабаби бор: биринчиси – ақл, иккинчиси – саводсизликларига қарамай мукаммал илмга эга бўлишлари, учинчиси – Аллоҳ таоло тарафидан ладуний одоб ва тарбия берилиши.

Илм ва маърифатнинг асл манбаи бўлган ақлга келсак, у – қалбнинг мунаввар ҳолда идрок этиши ёки нур сочишидир. Ақлни кўзни қамаштирадиган порлоқ қуёшга қиёслаш мумкин. Теран фикр, зукколик, тўғри тахмин, ўткир назар ва ёмондан яхшини ажратишда чуқур мулоҳаза юритиб, ишлар оқибатини англаш кабилар ақл самарасидир. Инсоннинг мақтовга лойиқ ишларни қилиб, қабиҳларидан четланиши; фойдали, хайрли ишларни амалга ошириши; ҳой-ҳавас, нафс хоҳишига қарши бориб улар устидан ғолиб келиши; одамларни адолат, тўғрилик билан бошқариши; дунё ва охират ишларини оқилона тартибга солиши ҳам ақлга боғлиқдир.

Иккинчи сабаб – мукаммал илмга эга бўлиш. У зотдаги илм комил ақлдан келиб чиққан мукаммал илм эди. Бу илм самараси у зотнинг сийратларини ўрганган, зоҳиру ботинларини қамраб олган хусусиятларини мушоҳада қилган, қисқа иборалар билан кенг маъноларни ифода қилишлари, ёқимли сўзлашлари, пурмаъно ҳикматлари билан танишганларга янада равшан кўринади. Таврот, Инжил ва бошқа илоҳий китоблардаги хабарларни бехато айтиш, ҳикматга тўла ҳадислар, ўтмишда ўтган умматларнинг тарихлари, ибратли қиссалари, одамларни бошқариш, ҳукмларни баён қилиш, шариат асоси ва тармоқларини белгилаш, яхши одатлар ва хулқлардан иборат ахлоқ таълимотига асос солиш, туш таъбири, тиббиёт, ҳисоб, фароиз, насабшунослик ва бошқалар аҳамияти катта илмлар эмасми?!

Учинчи сабаб – у зотдаги илмларнинг келиб чиқиш манбаи илоҳий эканлиги. Расулуллоҳ ўқиш-ёзишни билмайдиган саводсиз эдилар. Шунинг ўзиёқ у зот алайҳиссаломдаги барча илмлар ўрганиш, китоблар мутолаа қилиш, уламолар мажлисида ўтириш билан эмас, балки Аллоҳ таолонинг таълим бериши туфайли ҳосил бўлганини исботлайди. Аллоҳ таоло қалбларини очди, илм ато этди, билмаган нарсаларини билдирди. Аллоҳнинг фазлу карами ниҳоятда улуғ бўлди. Расулуллоҳ алайҳиссаломга берилган илмларни ақл бовар қилиши қийин. Аллоҳ таолонинг таълими туфайли дунё ва охират илмларини ўз ичига олган кенг қамровли илмга фақат Пайғамбаримиз мушарраф бўлдилар. Аллоҳ таоло у зотга бўлган ва бўладиган ишларни билдирди. Қудратининг ажойиботлари ва мулкининг чексизлигидан очиқ-ойдин, ёрқин ҳужжатлар орқали бохабар этди. Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «Аллоҳ сенга Китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Аллоҳнинг фазли сенга улуғ бўлди»[1], дея марҳамат қилади.

Аллоҳнинг фазлу марҳамати у зотга шунчалик улуғ бўлдики, уни сифатлаш ва қамрашдан тиллар ожиз қолади. Расулуллоҳнинг илмлари собитлик ва далолатда қатъий асослар устига бино қилинган. Улар тажриба, фалсафа, таълим ёки малака маҳсули эмас. Балки пайғамбарлик идиши, илоҳий ваҳий асоси, раббоний иноят жавҳаридир. Бирон бир инсон зоти бу ҳақда шубҳага бориши ёки сараланган раббоний маълумотларга таъна қилишга уриниши тўғри эмас. Чунки Аллоҳ таоло инъом рамзи, баён манбаи, ҳикмат булоғи, тўғрилик ва ҳақиқат йўлбошчиси, олимлар, донишмандлар ва адиблар устози бўлиши учун Ўз пайғамбарида шундай фазилатлар бўлишини ирода қилди.

Файласуф ва донишмандларнинг билим доираси ноқис ва чегараланган бўлиб, бир тарафлама ёки бир неча ёндашув, адабий назариялар ёхуд фалсафий маълумотлардан ташқарига чиқмайди. Пайғамбаримиз алайҳисссаломни файласуф ёки донишманд деб сифатлаб бўлмайди. Чунки у зотга илм, ҳикмат ва маърифатнинг барча турларини ўз ичига олган пайғамбарлик берилган. Расулуллоҳни подшоҳлик, инсоний саъй-ҳаракат билан қўлга киритилган азизлик билан сифатлаш ҳам тўғри эмас. Чунки Набий алайҳиссаломда барча яхшиликлар, фазилат, азизлик, шараф, улуғлик, устунлик, дунёвий ва ухровий ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида ҳақ ва тўғриликни ўзида мужассам этган Аллоҳнинг элчиси деган мақом бор.

Хулоса шуки, пайғамбарлик – инсон қобилияти ва маҳорати туфайли эришиладиган ҳар қандай мартабадан беҳад устун туради.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 

 



[1] 113-оят.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ