Cўзларининг бирортаси ҳам фойдасиз эмас

3 йил аввал 2415 siyrat.uz

           Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг хулқи чиройлиси эдилар. Абу Умайр исмли укам бор эди. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга келсалар: «Эй Абу Умайр! Нима қилди Нуғайр?», дердилар. («Нуғайр - кичкина мусичага ўхшаган қушчаси бўлиб) у билан ўйнарди. Баъзан, у зот уйимизда бўлганларида намоз вақти бўлиб қолса, устида ўтириладиган гиламчани олиб уни тозалаб сўнг пуфлардилар кейин турардилар. Биз эса у зотнинг ортларида турардик ва бизларга намоз ўқиб берардилар. Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Абу Довуд ривояти.

         Ҳофиз ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида айтадиларки:

     Бу ҳадисда бир қанча фойдалар бўлиб, уларни Шофеий мазҳабининг фақиҳларидан Ибн Қос номи ила машҳур бўлган Абул Аббос Аҳмад ибн Абу Аҳмад Тобарий роҳимаҳуллоҳ жамлаган. Ибн Қос ўз китобининг аввалида айтадики: «Баъзи инсонлар ҳадис аҳлини: «Улар фойдасиз нарсаларни ривоят қиладилар», деб айблаб, бунга Абу Умайрнинг ушбу ҳадисини мисол қилиб келтирганлар». Ибн Қос роҳимаҳуллоҳ сўзида давом этиб айтадики: «Бу ҳадисда фиқҳ жиҳатдан, одоб фанлари ва манфаатлардан олтмишта жиҳат бор». Сўнг уларни батафсил келтириб ўтади. Мен уларни мақсадларини тўлиғича ифода этадиган қилиб умумлаштириб жамладим. Сўнг, унга муяссар қилганича бир қанча қошимча фойдаларни ҳам келтириб ўтдим:

1. Анас розияллоҳу анҳунинг: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг кафтларидан кўра юмшоқ кафтни ушламаганман», деган сўзларидан қўл бериб кўришиш шаръан жоизлиги ва бу аёл киши билан эмас, эркак киши билан кўришишга хослангани келиб чиқади.

2. Бу ҳадисда ҳазил қилиш ва ҳазиллашишни такрорлаш жоизлиги ҳам бор. Ҳазиллашиш рухсат жиҳатидан эмас суннат жиҳатидан мубоҳ. Хали улғаймаган ёш бола билан ҳазиллашиш ва унга ҳазилни такрорлаш жоиз.

3. Бу ҳадисда кибр ва ўзини катта олишни тарк этиш ва катта одам ёлда виқорли ва салобатли бўлиши ҳамда уйда ҳазиллашиши ўртасидаги фарқ ҳам бор.

4. Бу ҳадисда дўсти кичкина бўлсин ё катта бўлсин унга мулойим ва хушмуомала бўлиш ва унинг ҳолини сўраб-суриштириш бор.

5. Фарзанди бўлмаган инсонга куня қойиш жоизлиги.

6. Ёш боланинг қуш ойнаши жоизлиги.

7. Ота-она мубоҳ бўлган ўйин ўйнаётган кичкина боласини холи қўйишининг жоизлиги.

8. У билан кўнгил ёзиладиган мубоҳ нарсаларга пул сарфлаш жоизлиги.

9. Қушни қафасда тутиб туриш ёки унинг қанотини кесиб қўйишнинг жоизлиги. Чунки, Абу Умайрнинг қуши шу икки ҳолатнинг биридан холи эмас. Қай бири воқе бўлган бўлса ҳам у билан бошқаси ҳукм борасида тегишли бўлади.

10. Ёш болага гапириб юзма-юз кўришишнинг жоизлиги. Ҳаким одам фақат ақлини таниган ва фаҳмлайдиганлар билан шахсан кўришади, деган сўз нотоғри.

11. Исмни кичрайтирилган тарзда айтишнинг жоизлиги ва агарчи ҳайвоннинг исми бўлса ҳам.

12. Инсонларга уларнинг ақлларига кўра муомала қилиш.

13. Бу ҳадисда, катта ёшли инсон агар бир қавмни зиёрат қилса, улардан ҳол-аҳвол сўраши ҳам бор. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам Анас розияллоҳу анҳу билан қўл бериб кўришдилар ва Умму Сулаймнинг тўшаги устида Абу Умайрга ҳазил қилдилар ҳамда уларнинг уйларида уларга намоз ўқиб бердилар. Шундай қилиб, уларнинг барчалари у зотнинг баракаларига эришдилар.

     Шунингдек яна тарбиявий фойдаларини зикр қилиб ўтамиз:

14. Бу ҳадисда, хушмуомалалик кўрсатиш учун ёш боланинг бошини силаб қўйиш ҳам бор.

15. Азият бўлмаган ўринда бир инсонни исмини кичрайтириб чақириш.

16.Ўзи билган нарсаси ҳақида савол бериш жоизлиги. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам қушчаси ўлиб қолганини билганларидан кейин: «Нима қилди Нуғайр?», дедилар.

    Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ, Ибн Қоснинг бу ҳадисни ёш боланинг қуш билан ўйнаши жоизлигига далил қилгани борасида, у кишининг сўзларини бошқа бир жиҳатга қаратамиз дейдилар. Абу Абдул Малик айтади: «Ҳайвонларни азоблаш сабабли боланинг қуш билан ўйнаши мансух бўлган». Қуртубий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ҳақиқат шуки, боланинг қуш билан ўйнаши насх болмаган. Балки, бу ҳадисда ёш бола ўйнаши учун қушни ушлаб туришга рухсат бор. Аммо уни ўлиб қолгунича азоблашига имкон бериш ҳеч ҳам мумкин эмас.

        Уламоларимиз Аллоҳ улардан рози бўлсин, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг биргина ҳадисларидан шундай аҳкомлар ва ҳикматларни баён қилиб берганлар. Бундан ташқари Ҳабибимиз Расул Акрам саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир айтган сўзларида ана шундай пурмаънолик бор. Буни билиш учун албатта, у зот алайҳиссаломнинг ҳаётларини ўқиб ўрганишимиз зарур. Ҳар биримизда бунга имконият бор. Интернет орқалими ё бир она тилимиздаги китоб воситасидами, ҳаммамиз учун севикли зотнинг ҳаётларини ўрганиб олишимиз мумкин.  У зот алайҳиссаломга бўлган муҳаббатимиз икки дунё саодатига эришишимиз учун энг қувватли васила ҳамдир. Бу василага эса фақат у зот алайҳиссаломни яхши таниш билангина эришамиз.

Дилшод Солиҳов

 

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ