Расулуллоҳнинг камтаринлик фазилатлари

3 ой аввал 439 Абдулазиз Мўмин

Камтарлик вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда ўзига бино қўйиш, такаббурлик, шайтон найрангига учиш каби иллатлардан ўзини сақлай оладиган ҳикмат ва ақл эгаларининг феъл-атворидир. Бу сифат эгалари камтарликнинг раббоний муҳаббат ва инсоний меҳрни қозониш, ўзгалар қалбидан жой олиш ва уларни ўзига камарбаста қилишдаги аҳамиятини яхши биладилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло камтарликка буюриб, кибрни қоралайди: «Ер юзида кибру ҳаво ила юрма! Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор бўйда тоғларга ета олмассан! Буларнинг барча ёмони Роббинг ҳузурида хуш кўрилмагандир»[1], деган.

Бошқа бир ояти каримада Луқмони Ҳаким ўғлига қилган васияти шундай баён этилади: «Одамлардан такаббурлик билан юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ бирон мутакаббир ва мақтанчоқни севмас. Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки энг ёмон ва хунук овоз эшакнинг овозидир»[2].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олий насаб, улуғ мартаба ҳисобланган нубувват ва комил рисолат соҳиби бўлишларига қарамай, жуда камтар эдилар. У зот хокисор ва оддийликлари билан буюк эдилар. Подшоҳ пайғамбарлик билан Аллоҳнинг оддий қул пайғамбари бўлиш ихтиёри берилганда, у зот қул пайғамбар бўлишни афзал кўрганларининг ўзиёқ камтарликлари қай даражада эканини исботлашга етарлидир. Ўшанда Исрофил фаришта: «Аллоҳ таоло (бу дунёдаги) камтарлигинг эвазига сенга қиёмат кунида Одам болаларининг саййиди, қабрдан биринчи тирилувчи ва биринчи шафоат қилувчи бўлишингни ато этди», – деди»[3].

Имом Муслим келтирган ривоятда Расулуллоҳ: «Мен жаннатдаги биринчи шафоат қилувчиман», деганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун ўзини паст ва камтар тутса, Аллоҳ уни кўтаради», дедилар[4].

Имом Абу Довуд ва бошқалар Абу Умома розияллоҳу анҳудан шундай ривоятни нақл қиладилар: «Расулуллоҳ ҳассага суянган ҳолда олдимизга чиқдилар. Биз ўрнимиздан турдик. У зот: «Ажамлар бир-бирларини улуғлаб ўрнидан туришига ўхшаб турманглар», дедилар ва яна «Албатта мен қулман. Қуллардек ейман, қуллардек ўтираман», дедилар».

У зот эшакка минишдан ор қилмас, орқаларига мингаштирар, мискинлар ҳолидан хабар олар, камбағаллар билан суҳбатлашиб ўтирар, бирон қул таклиф қилса, таклифини қабул қилар эдилар. Буларни Аллоҳ таолонинг «Ва сенга эргашган мўминларга қанотингни пастлат»[5] деган сўзига итоат этганлари учун қилардилар. Шунингдек, оддий саҳобалар билан аралаш ҳолда ўтирар ёки бирон давра бўлса, ўзлари етиб келган вақтдаги бўш жойга ўтирар эдилар. Бунда у зотнинг Роббига тавозелари ва саҳобалари ўрганиб амал қилишлари учун ўзига хос тарбия ҳам бор эди.

Имом Бухорий Умар розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Насоролар Ийсо ибн Марямни ҳаддан ортиқ мақтаганларидек мени ҳам ҳаддан ошириб мақтаманглар. Мен бир қулман, холос. «Аллоҳнинг қули ва расули» денглар», – дердилар.

Имом Муслим Анас ибн Моликдан шундай ривоятни келтиради: «Ақли заифроқ аёл у зотнинг олдиларига келиб: «Менинг сизда ҳожатим бор», деди. У зот: «Мадина кўчаларининг қайси бирида хоҳласанг, ўшанда ўтир, эй фалончининг онаси, сен учун ҳожатинг битгунча ўтираман», дедилар. Анас розияллоҳу анҳу: «Набий алайҳиссалом шу аёлни деб то ишини битиргунча сабр қилиб ўтирдилар», деди.

Имом Абу Довуд ва Байҳақий Анас ибн Моликдан шундай ривоятни нақл қилиб келтирадилар: «Расулуллоҳ эшакка минар, қул таклиф қилса ҳам, таклифини қабул қилар эдилар. Бану Қурайза кунида хурмо япроғини эшиб тайёрланган арқон билан нўхталаб, тўқимланган эшакка минган эдилар. Агар тановул қилишга арпа нон ва ачимтил ёғга таклиф қилинсалар ҳам, рад этмай борар эдилар. Қиймати тўрт дирҳамга етмайдиган эски эгарда ҳаж қилдилар. Ўшанда: «Ё Аллоҳ, бу ҳажни бериё, биров эшитиши учун эмас, (фақат Ўзинг учун бўлган) мабрур – холис ҳаж этгин», деб дуо қилган эдилар». Бу ҳолатга эътибор беринг. Ер хазиналари берилган зот қандай ҳолатда ҳаж қилмоқдалар. Ўша ҳажда юзта туяни қурбонлик қилган эдилар[6].

Ибн Исҳоқ ва Байҳақий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Макка фатҳи пайтида шаҳарга мусулмонлар қўшини билан кирдилар. Аллоҳга тавозе қилиб, эгилганларида бошлари эгар учига тегай дерди».

Ибн Асир раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб келтиради: «У зот: «Мени Юнус ибн Маттодан афзал деманглар»[7], дедилар». Имом Бухорий келтирган лафзда: «Биронтангиз мени Юнус ибн Маттодан яхши деб айтмасин», деганлар. Бу ҳам камтарликдан ўзга нарса эмас. Икки шайх келтирган ривоятда: «Пайғамбарларни бирини бошқасидан афзал кўрманглар», дедилар. Яъни пайғамбарларни пайғамбарликда бир-биридан ортиқ дея эътибор қилманглар, чунки пайғамбарликнинг асли биттадир.

Икки шайх, Абу Довуд ва Насоий Расулуллоҳнинг «Мени Мусодан афзал кўрманглар» деганларини ривоят қиладилар. Мазкур ҳадиснинг нақл этилиш сабаби бор. Бир мусулмон билан яҳудий тортишиб қолади. Яҳудий «Мусони оламлар узра афзал қилган Зотга қасамки,...» деганида мусулмон унинг юзига тарсаки тортиб юборади. Бу воқеа Расулуллоҳга етиб боради. Мусулмон билан гаплашиб, масалага аниқлик киритилгандан кейин мазкур ҳадисни айтган эканлар, чунки у зот уруш-жанжал, келишмовчилик ва адоватга барҳам бериш, тотувлик ва иноқликни қарор топтириш учун юборилганлар.

«Иброҳим алайҳиссалом: «Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деди. У Зот: «Ишонмадингми?» деди. Иброҳим айтди: «Йўқ, ишонаман-ку, лекин қалбим таскин топсин учун»[8] деган оят ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иброҳимдан кўра шак қилишга биз ҳақлироқмиз»[9], деган эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзлари Роббига тавозе кўрсатиш ва ўзларини камтар олиш маъносидадир. У зот гўёки Аллоҳ таоло ўликларни тирилтиришига мен шубҳа қилмас эканман, Иброҳимнинг ҳам шубҳа қилмагани аниқ, демоқдалар. Бу сўзлари билан икковларида ҳам шак-шубҳа йўқлигини баён этганлар. Иброҳим халилуллоҳнинг «Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат» деган сўровлари Аллоҳ таолонинг қудратига очиқ-ойдин далолат қилувчи ғаройиб воқеани кўзи билан кўришга қизиқиш қабилидадир. Бизларнинг жаннатни кўзларимиз билан кўришга қизиқишимизни шунга таққосласа бўлади.

У зотнинг «Агар Юсуф зиндонда ўтирганча ўтирганимда подшоҳ элчисининг таклифини қабул қилган бўлар эдим» деган сўзлари ўзларини камтарликка олиш, Юсуф алайҳиссаломнинг мақом-мартабалари, иффатлари ва сабрларини мақташ маъносидадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши «Эй халойиқнинг яхшиси», дея мурожаат қилганида: «Ўша (сен айтган инсон) Иброҳимдир», дедилар[10]. Бунда у зот умматларини фахрланишдан узоқ бўлишга ўргатишлари кўзга ташланади.

Имом Бухорий ва бошқалар келтирган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо у зотни сифатлаб шундай дейди: «Уйда рўзғор ишларига ёрдамлашар, кийимларини кўздан кечирар, қўйларни соғар, либосларига ямоқ солар ва кавушларини бутлар, ўзларига ўзлари хизмат қилар, уйни супирар, туяни тушовлар, сув ташиладиган туяларига емиш берар, хизматкор билан овқатланар, хамир қориб, хизматкор юкини бозордан кўтариб келар эдилар».

Имом Бухорий[11] Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Мадина аҳлининг чўриларидан биронтаси келиб, Расулуллоҳнинг қўлларидан тутиб, бирон юмушини битириш учун хоҳлаган жойига олиб кетаверарди»[12].

У зотнинг ҳузурларига бир киши кирганда ҳайбатларидан уни титроқ босди. Шунда у зот: «Хотиржам бўл. Мен подшоҳ эмасман. Қуритилган гўшт[13] ейдиган оддий бир аёлнинг ўғлиман, холос», дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом билан бозорга бордим. У зот шалвор сотиб олдилар ва тарозибонга[14]: «Ортиқроқ қилиб торт», дедилар. У сакраб туриб, у зотнинг қўлларини ўпа бошлади. Қўлларини тортиб олдилар[15]: «Бу ишни ажамлар подшоҳларига қилишади. Мен сизлар қатори оддий одамман», дедилар. Кейин шалворни олдилар. Мен кўтариш учун борган эдим: «Эгаси ўз нарсасини кўтаришга ҳақлироқ»[16], дедилар.

 «Шамоилу мустафо» китобидан

 



[1] Исро сураси, 37–38-оятлар.

[2] Луқмон сураси, 18–19-оятлар.

 [3] Имом Аҳмад ва Байҳақий ривояти.

 [4] Абу Нуъайм «Ҳилятул авлиё ва табақатул асфиё» номли китобида келтирган.

 [5] Шуаро сураси, 215-оят.

 [6] Кийимлари башанг, уловлари қимматбаҳо бўлмаганлиги фақирликдан, ночорликдан эмас эди. Бўлмаса юзта туя қурбонлик қилармидилар. Одамнинг ҳимматини кийим-боши, минган улови, яшаётган иморати, бойлигининг кўплиги белгиламайди. Инсон бадавлат бўлган ҳолда энг пасткаш ва ҳимматсиз бўлиши мумкин.

 [7] «Ал-Комил фит-тарих» китобида шундай келтирилади: «Матто Юнус алайҳиссаломнинг оналари. Ийсо ва Юнусдан (алайҳимассалом) бошқа бирор пайғамбар онасига нисбат берилиш билан машҳур бўлмаган». 

 [8] Бақара сураси, 260-оят.

 [9] Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

 [10] Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти.

 [11] «Адабул муфрад»да келтирилган.

 [12] Орага тушиш, ҳақни ҳақ, ноҳақни ноҳаққа ажратиб бериш ёки бошқа ишлар юзасидан бемалол келиб шахсан ўзларига арзини айтиб мурожаат қила олар эди. Ўзлари билан одамлар ўртасига тўсиқ қўймаган эдилар.

 [13] Мискин ва фақирларнинг таоми бўлгани учун эътиборни «қуритилган гўшт»га қаратганлар, чунки бойлар янги сўйилган гўшт ейишган.

 [14] Динор, дирҳам каби ўша вақтда муомалада бўлган танга пуллар тарозида тортилган.

 [15] Ғурурдан узоқ бўлиш учун ва камтаринликдан шундай қилганлар.

 [16] Имом Табароний «Ал-Авсат»да заиф санад билан ривоят қилган.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Шаъбон ойининг 5-куни

Ҳижрий 311-йил 5-шаъбон (милодий 923-йил 19-ноябр)

Буюк араб алломаларидан бири Абу Бакр Муҳаммад ибн Закариё ар-Розий вафот этди.



Видеолар
Сийрат
25 дарс. Маҳзунлик йили
Абдул Азим Зиёуддин
316
Сийрат
24-дарс. Қамал даври
Абдул Азим Зиёуддин
363
Сийрат
23-дарс. Қурайш мушрикларининг беҳуда уринишлари
Абдул Азим Зиёуддин
403
Китоблар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт

Китобдаги сўз бошидан...     Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм     Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Аллоҳнинг Расулига салавот ва саломлар бўлсин!      Аммо баъд:    давоми...

Мавлуди шариф

Юртимизда, бошқа исломий ўлкаларда бўлганидек, мавлуди шариф маросимлари ўтказиб келинган ва уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишланган турли наътлар, қасидалар, Навоий, Фузулий каби мумтоз давоми...

Мавлид

Ушбу китоб халқимиз ўртасида «Мавлид» номи билан машҳур бўлган, улуғ олим, буюк адиб Саййид Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжийнинг «Иқдул-жавҳар фи мавлидун-Набиййил-Азҳар» («Порлоқ юзли Набийнинг мавлидлари давоми...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни йиғлатган ҳодисалар

Insoniyat komiligining timsoli qilib yaratilgan Payg’ambarimiz ham nahotki ko’z yoshi to’kkan bo’lsalar? Qur'on va hadisda ko’z yoshi haqida nimalar dеyilgan? Payg’ambarimiz va sahobalar ko’zyoshlarining sabablari nimada? Ushbu kitobni o’qib shu kabi savollarga to’la javob olasiz. давоми...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга насиҳатлари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду сано бўлсин. У ҳамма нарсани Китобида баён қилди, каломи шарифининг барча асрорларини Расулига билдирди ва бизга йўл давоми...

ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ