Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам омонатдор, ростгўй ва адолатли эдилар

9 ой аввал 915 Абдулазиз Мўмин

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам адолатда ҳам тенги йўқ зот бўлиб, ҳаққа мувофиқ ҳукм чиқаришлари билан танилган. Рисолат ва диёнатни адо этиш борасида беқиёс омонат соҳиби бўлиб, ўзларига номуносиб ишларга асло яқин йўламаганлар. Одамлар ичида энг ростгўйи ва адолатлиси, билимдони, тўғри ҳукм чиқарадигани, меҳрибони ва ишончлиси эдилар. У зот мисли йўқ омонат эгаси, хиёнат содир бўлиш эҳтимоли йўқ, умрларида бир оғиз ёлғон гапирмаган зот эдилар. Бу хислатларини ҳатто душманлари ҳам эътироф этишга мажбур бўлган. Пайғамбар бўлишларидан олдин «Содиқул амин», яъни «Ростгўй, ишончли» деб аталганлари ҳам сўзимиз исботидир. Ибн Исҳоқ: «Аллоҳ таоло у зотда гўзал хулқларни жамлаганидан «Амин – ишончли» деган шарафли номга сазовор бўлганлар», дейди. Аксар муфассирлар: «Аллоҳ таолонинг «Итоат қилинган, омонатдордир»[1] деган сўзидан мурод Муҳаммад алайҳиссалом», дейдилар. Бошқа муфассирлар «Жаброил алайҳиссалом», деган фикрни билдирадилар. Қуръоннинг мазмуний баёни ҳам Муҳаммад алайҳиссалом эканини қувватлайди. Қандай бўлмасин, Пайғамбар алайҳиссаломнинг мазкур икки сифат билан сифатланишларини ҳеч ким инкор қилмайди.

Имом Аҳмад, Ҳоким ва Табароний келтирган ривоятга кўра, Каъба қурилишида Ҳажарул асвадни ўрнига қўйиш ҳақида Қурайш билан бошлиқлар ихтилоф қилиб, гуруҳ ва тоифаларга ажралади. Ноиложликдан муаммони бартараф этиш учун эшикдан биринчи кириб келган кишини ҳакам қилишга рози бўлишди. Кутилмаганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. Бу воқеа пайғамбарликларидан олдин бўлди. Ҳаммага маъқул тушиб: «Бу Муҳаммад. Бу Амин, унга розимиз», дейишди.

Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»ида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳга қасамки, шубҳасиз мен осмонда ҳам амин-ишончлиман, ерда ҳам ишончлиман» деган сўзлари келтирилади. Яъни у зот Аллоҳ таолонинг, муқарраб фаришталарнинг, мўминларнинг наздида ишончлидир. Ваъдага вафо қилишлари, ростгўйликларини синаб кўрган ҳар бир кишининг наздида ишончлидир.

Робиъ ибн Хусайм: «Расулуллоҳга жоҳилият даврида ҳакамлик қилишлари учун мурожаат қилинар эди», дейди.

Имом Термизий санади билан Али розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтиради: «Абу Жаҳл Расулуллоҳга: «Биз сени ёлғончи демаймиз. Лекин сен келтирган нарсани ёлғон деймиз», деди». Аллоҳ таоло «Улар сени ёлғончига чиқараётганлари йўқ, балки золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қилмоқдалар»[2] оятини нозил қилди. Бу оятда уларга қаттиқ таҳдид ва огоҳлантириш, Пайғамбаримизга эса тасалли ва таскин бериш бор.

 Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ривоят қилинади: «Бадр кунида Ахнас ибн Шурайқ Абу Жаҳл билан учрашиб: «Эй Абул Ҳакам, бу ерда гапимизни эшитадиган иккимиздан бошқа ҳеч ким йўқ. Менга Муҳаммаднинг ростгўй ёки ёлғончилигини хабар берсанг», деди. Шунда у: «Муҳаммад ростгўй. У ҳеч қачон ёлғон гапирмаган», деди[3].

Икки шайх ривоят қиладилар: «Ҳирақл Абу Суфёндан у зот ҳақида сўраб: «Айтган гапини айтишидан олдин ҳам уни ёлғончиликда айблармидингиз?» деди. У: «Йўқ», деди. Ана шу саволнинг ўзи Ҳирақлнинг ақл-фаросати ва пайғамбарлар сифатларидан хабардор эканига далолат қилади. Лекин амалдан йироқлиги боис бу илми унга наф бермади. Умар розияллоҳу анҳу унга қарашли ерларни фатҳ қилгандан кейин куфрда ўтди.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Назр ибн Ҳорис қурайшликларга: «Яхши биласизки, Муҳаммад ичингизда ёш йигит эди. Ўшанда уни ичингиздаги энг яхши, тўғри сўз ва омонатдор деб мақтар эдингиз. Ёши улғайиб, чекка сочларига оқ тушганда ва рисолатни келтирганда ундан юз ўгириб, «сеҳргар» дейсизми? Йўқ! Аллоҳга қасамки, у асло сеҳргар эмас», – деди»[4].

Икки шайх Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «У зот никоҳларида бўлмаган аёлнинг қўлини ҳеч қачон тутмаган». Бу ривоят у зотнинг иффатли ва шубҳадан йироқ бўлганларига далолат қилади.

Абул Аббос Мубаррад: «Кисро ўз кунларини: «Агар шамолли кун бўлса – уйқуга, булутли кун бўлса – овга, ёмғирли кун бўлса – шароб ичиб, ўйин-кулгу қилишга, қуёшли кун бўлса – халқнинг арз-шикоятларини эшитишга муносибдир», деб тақсимлар эди». Ибн Холавайҳ айтади: «Уларнинг дунё ишлари билан машғул бўлишларини билардим. Бу каби тақсимлари Аллоҳ таолонинг «Улар бу дунё ҳаётининг зоҳирини билурлар. Ҳолбуки, улар охиратдан ғофилдир»[5] деган сўзига мувофиқ келади. Лекин Пайғамбаримиз кунларини уч қисмга бўлиб, бир қисмини Аллоҳнинг тоатига, бир қисмини оила аҳлига ва яна бир қисмини ўзларига ажратдилар. Ўзларига тегишли қисмни ўзлари ва одамларга ажратдилар. Омма учун хослардан ёрдам сўраб: «Менга арзу шикоятини етказишга имкони йўқларнинг арзу шикоятини етказинглар. Ким менга етказишга имкони йўқларнинг арзу шикоятини етказса, «Энг катта қўрқув» кунида Аллоҳ унга омонлик беради»[6], дер эдилар. «Энг катта қўрқув» куни қиёмат ёки иккинчи сур чалиниш вақтидир.

Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ бирон кишини бировнинг қилган айби деб койимас, бировнинг биров ҳақида айтганини тасдиқламас эдилар»[7].

Али розияллоҳу анҳунинг ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Жоҳилият аҳли қиладиган ишлардан бирортасини қасд қилмадим. Фақат икки мартаси бундан мустасно. Ҳар сафар Аллоҳ таоло мени қилмоқчи бўлган ишдан тўсди. Сўнг Аллоҳ таоло рисолатини менга юборгунга қадар ёмонликни қасд қилмадим[8]. Бир кеча мен билан қўй боқадиган йигитга: «Менинг қўйларимга қараб турсанг, Маккага бориб, ёшлар тунда бедор бўлгандек бедор бўлсам», дедим. Шу мақсадда чиқдим. Макканинг биринчи ҳовлисига етганимда, тўйда ўйин-кулги учун чалинаётган ноғора ва най овози аралаш қўшиқ эшитдим. Бироз қараб ўтирдим. Қулоғимга ҳеч нарса эшитилмади ва ухлаб қолдим. Мени (баданимга) теккан қуёш ҳарорати уйғотди. Ҳеч нарсадан бехабар ҳолда қайтдим. Шунга ўхшаш нарса менда яна бир марта бўлди. Шундан кейин ёмонликни қасд қилмадим»[9]. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини жоҳилиятнинг ярамас ва бемаъни урф-одатларидан ҳимоя қилган.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 


[1] Таквир сураси, 21-оят.

[2] Анъом сураси, 33-оят.

 [3] Ибн Исҳоқ ва Байҳақий ривояти.

 [4] Ибн Исҳоқ ва Байҳақий ривояти. Бу ва олдинги ривоятларда душманлар томонидан қилинган эътирофларга гувоҳ бўлдик. Ҳақиқий устунликни душман ҳам тан олади, деганлари бежизга эмас.

 [5] Рум сураси, 7-оят.

 [6] Имом Табароний «Ал-Кабир»да ҳасан санад билан Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Унда «Аллоҳ қиёмат кунида унинг қадамларини сирот узра собит қилсин», деган лафз билан келган.

 [7] Имом Абу Довуд «Маросил» деб аталган мурсал ҳадислар тўпламида келтирган.

 [8] Рисолатбу пайғамбарлик. Пайғамбарликдан кейин Аллоҳнинг амрига хилоф қилишлари тасаввур қилинмайди.

 [9] Ибн Жарир Табарий, Ибн Роҳавайҳ «Муснад»ида, Байҳақий «Далоилун-нубувват» китобида келтирган.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Муҳаррамнинг 1-6 кунлари

Муҳаррамнинг 1-куни

Ҳижрий 1318-йил 1-муҳаррам куни Усмонлилар султони Абдулҳамид II Байтуллоҳни зиёрат қилувчи ҳожиларга хизмат қилиш ва сафар машаққатини енгиллатиш мақсадида темир йўл қуришга амр қилди. Темир йўл қурилиши 9 йилда батамом тугатилди.

 

Муҳаррамнинг 2-куни

Ҳижрий 99-йил 2-муҳаррам куни (милодий 718-йил 15-август) умавийлар даврида мусулмонлар Маслама ибн Абдулмалик қўмондонлигида Қастантинияни (ҳозирги Истанбулни) қамал қилдилар. Ва ниҳоят ҳижрий 857-йилга (милодий 1453-йил) келиб, Муҳаммад Фотиҳнинг бошчилигида Қастантиния фатҳ қилинди.

 

Муҳаррамнинг 3- куни

Ҳижрий 239-йил 3-муҳаррам куни (милодий 853-йил) буюк ҳофизлардан бири Имом Усмон ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Абу Шайба вафот этди. Бу зот Имом Бухорий ва Муслимларнинг устози бўлган. У кишининг “Мусаннаф” номли машҳур асарлари ҳам бўлган.

 

Муҳаррамнинг 4-куни

Ҳижрий 1298-йил 4-муҳаррам куни мусулмон уламоларидан бири Саййид Али ибн Саййид Исмоил Мусавий Қазвиний вафот этди.

 

Муҳаррамнинг 5-куни

Ҳижрий 855-йил 5-муҳаррам (милодий 1451-йил 7-феврал)

Усмонлилар давлати султони Муродхон II вафот этди. Вафотидан сўнг ўғли Муҳаммад Фотиҳ салтанат тахтига ўтирди.

 

Муҳаррамнинг 6-куни

Ҳижрий 406-йил 6-муҳаррам (милодий 1015-йил 26-июн)

Аббосийлар давлатининг таниқли шоири Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Мусо Шариф Ризо вафот этди. Унинг насаби Жаъфар Содиққа бориб тақалади. Унинг шеърлари жуда кўп китобларда келтирилади. Жумладан «Наҳжул балоға» китобининг муқаддимасида муаллиф томонидан келтирилган.



Китоблар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт

Китобдаги сўз бошидан...     Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм     Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Аллоҳнинг Расулига салавот ва саломлар бўлсин!      Аммо баъд:    давоми...

Мавлуди шариф

Юртимизда, бошқа исломий ўлкаларда бўлганидек, мавлуди шариф маросимлари ўтказиб келинган ва уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишланган турли наътлар, қасидалар, Навоий, Фузулий каби мумтоз давоми...

Мавлид

Ушбу китоб халқимиз ўртасида «Мавлид» номи билан машҳур бўлган, улуғ олим, буюк адиб Саййид Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжийнинг «Иқдул-жавҳар фи мавлидун-Набиййил-Азҳар» («Порлоқ юзли Набийнинг мавлидлари давоми...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни йиғлатган ҳодисалар

Insoniyat komiligining timsoli qilib yaratilgan Payg’ambarimiz ham nahotki ko’z yoshi to’kkan bo’lsalar? Qur'on va hadisda ko’z yoshi haqida nimalar dеyilgan? Payg’ambarimiz va sahobalar ko’zyoshlarining sabablari nimada? Ushbu kitobni o’qib shu kabi savollarga to’la javob olasiz. давоми...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга насиҳатлари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду сано бўлсин. У ҳамма нарсани Китобида баён қилди, каломи шарифининг барча асрорларини Расулига билдирди ва бизга йўл давоми...

ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ