Анбиё ва Расулларнинг умумий сифатлари

3 йил аввал 4287 Абдулазиз Мўмин

Бутун оламлар Роббининг рисолатини етказиш, ваҳийини адо этиш учун инсониятнинг энг афзали ва улуғи бўлган зотлар ихтиёр этилган. Улар комил ва етук хулқлари, кўркам шакл-шамоиллари, шарафли насаблари, чирой муомалалари ва бошқа сифатлари билан ажралиб туришган, чунки улар инсониятга нур сочувчи чироқ ва гўзал намуна бўлишлари керак эди. Улар энг олий мартаба ва юксак даража соҳибларига айланишди. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳ Одамни, Нуҳни, Иброҳим оиласини ва Имрон оиласини оламлар устидан танлаб олди. Баъзилари баъзиларига зурриётдир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчи Зотдир»[1].

Комил сифатлар, инсоний мукаммаллик барча расул ва набийларда мавжуд. Лекин Аллоҳ таоло пайғамбарликнинг аслидан бошқа хусусиятларда уларни бир-биридан афзал қилиб қўйган. Аллоҳ таоло айтади: «Булар расуллардир. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик. Улардан Аллоҳ гаплашгани бор ва баъзиларининг даражасини кўтарган»[2]. Аллоҳ таолонинг Ўзи мулоқот қилиб, афзаллик ато этган пайғамбарлар: Мусо ва Муҳаммад алайҳимассаломдир. Роббул оламийн Мусо алайҳиссалом билан Тур тоғида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан Меърож кечасида гаплашган. Дулажий раҳматуллоҳи алайҳнинг келтиришича, ояти каримадаги «баъзиларининг даражасини кўтарган» деган иборадан мурод Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдир, чунки у зотнинг даъватлари бутун инсониятга қаратилган, кўриш, гаплашиш, Аллоҳнинг ҳабиби ва халили бўлиш каби хусусиятлар, очиқ-ойдин мўъжизалар, оят-далиллар ато этиш билан хосланиб, даражалари кўтарилган эди.

Пайғамбарлардан бирининг бошқасидан афзал ёки устунлиги деганда, пайғамбарликнинг аслидан ташқари фазилатлар назарда тутилади, чунки ҳамма пайғамбарлар пайғамбарликда баробардир. Бану Исроилга қаратилган «Мен сизларни оламлардан афзал қилиб қўйганимни эсланг!»[3] ва «Батаҳқиқ, Биз уларни билиб туриб, оламлар ичидан танлаб олдик»[4] оятларидаги «афзал қилиб қўйиш» ва «танлаб олиш» ўзларининг замоналарига тегишли, чунки улар ичидан асрлар оша кўп пайғамбар чиққан эди. Оятдаги танлаб олишдан мақсад шу. Танлаб олиш ёки афзал қилиш гоҳида охиратда бўлади. Икки шайх келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатга кирадиган биринчи гуруҳ ўн тўрт кунлик ой суратида бўлади», деганлар ва ҳадис охирида: «Бир хил қиёфада: оталари Одам алайҳиссаломнинг суратида бўладилар. Унинг бўйи олтмиш газ эди», дейилган.

Баъзан афзаллик тана ва қомат тузилиши жиҳатидан ҳам бўлиши мумкин. Икки шайх Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусони кўрдим[5]. У озғин, сочи на буралган ва на ёйилган, қирра бурун, Шануа[6] қабиласининг одамларига ўхшар экан. Ийсони кўрдим. У ўрта бўйли, юзида холлари бор, қизилга мойил оқ рангли киши экан. У худди ёпинчиқдан чиққандек эди. Иброҳим болаларининг[7] унга энг ўхшаши менман», дедилар.

Пайғамбарлар ўз қавмларининг ҳар жиҳатдан энг афзал кишилари бўлишган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло Лутдан кейин қайси набийни юборган бўлса, албатта у қавми орасида ҳимоя ва нусратда бўлган»[8].

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: «Аллоҳ қайси пайғамбарни юборган бўлса, албатта у хушрўй ва хушовоз бўлган. Пайғамбарингиз уларнинг энг хушрўй ва хушовозидир»[9]. Инсоннинг истарали ва кўркам юзли бўлиши унинг яхшилигига далолат қилади[10]. Дорақутний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшиликни очиқ чеҳрали кишилар ҳузуридан қидиринглар», дейдилар. Турқи совуқлик ва бадбашаралик юқоридагининг аксидир. Ҳирақл Абу Суфён билан ўтказган суҳбатида: «Сендан унинг насаби ҳақида сўраган эдим. Сен уни ичингизда насаби улуғлигини айтдинг. Набийлар доимо ўз қавми насаби билан юбориладилар»[11], деган.

Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломнинг сифати ҳақида: «Биз уни сабрли ҳолда топдик. У қандай ҳам яхши банда. Албатта, у кўп тавба-тазарру қилувчидир», деган. Яъни Аллоҳга кўп қайтувчидир.

Аллоҳ таоло: «Эй Яҳё, Китобни қувват билан ол! Ва унга гўдаклигидаёқ ҳукмни бердик. Ва ҳузуримиздан меҳрибонлик ва поклик (бердик). У тақводор эди. У ота-онасига меҳрибон бўлиб, жабр-ситам қилувчи ва исёнчи эмас эди. Унга туғилган кунида ҳам, ўладиган кунида ҳам, қайта тириладиган кунида ҳам салом бўлсин»[12], деган.

Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломга фаришталар тилидан: «Меҳробда намоз ўқиб турганда, фаришталар унга: «Албатта, Аллоҳ сенга Аллоҳдан бўлган калимани тасдиқловчи, бошлиқ, шаҳвати тийилган, солиҳлардан бўлган набий – Яҳёнинг башоратини бермоқда», деди. Мазкур сифатлар Аллоҳ таолонинг набийи Яҳё алайҳиссаломни мақташи ва улуғлашига далолат қилади.

Нуҳ алайҳиссалом ҳақида Аллоҳ таоло: «Албатта, у ўта шукрли банда эди»[13], дейди. Яъни Аллоҳ таоло у зотнинг итоат вазифаларини бажаришини ва барча ҳолатларини мақтаб, шундай баҳо берган.

Ийсо алайҳиссалом ҳақида эса: «Фаришталар: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сенга Ўзидан бўлган сўзининг хушхабарини бермоқда, унинг исми Масиҳ Ийсо ибн Марям, дунёю охиратда обрўли ва яқин бандалардандир»[14], дейилган. Бошқа оятларда шундай дейилади: «У: «Албатта, мен Алллоҳнинг бандасиман. У менга Китоб берди ва мени пайғамбар қилди. Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди. Модомики ҳаёт эканман, намоз ва закотни адо этмоқни буюрди. Мени онамга меҳрибон қилди ва жабр-ситам қилувчи, бадбахт қилмади. Менга туғилган кунимда ҳам, ўладиган кунимда ҳам ва қайта тириладиган кунимда ҳам салом бордир», деди»[15].

 

«Шамоилу мустафо» китобидан

 


[1] Оли Имрон сураси, 33–34-оятлар.

[2] Бақара сураси, 253-оят.

 [3] Бақара сураси, 47-оят.

 [4] Духон сураси, 32-оят.

 [5] Уламоларнинг айтишича, бу кўриш Меърож кечасида бўлган.

 [6] Шануа – Ямандаги қабилалардан бири.

 [7] Иброҳим алайҳиссаломнинг пайғамбар болалари.

 [8] Абу Яъло ва Ибн Жарир Табарий ривоят қилган. Ҳар бир пайғамбарнинг душманлардан ҳимоя қиладиган қавмидан чиққан ёрдамчилари бўлган. Ҳадисда «Лутдан кейин» деб қайдланишидан у зотнинг ҳимоясиз қолганликлари ва қўллаб-қувватловчи жамоаси бўлмаганлиги келиб чиқади. Ҳуд сурасининг 80-оятида Аллоҳ таоло у зотнинг тилидан «Қани эди, сизларга қувватим етса ёки мустаҳкам ерга беркинсайдим», деган.

 [9] Имом Термизий «Шамоил»да Қатода раҳматуллоҳи алайҳдан мурсал ҳолда, имом Дорақутний Қатодадан, у Анас розияллоҳу анҳудан мавқуф ҳолда ривоят қилган.

 [10] Аксар ҳолатларда шундай. Баъзи инсонларда бунинг зидди ҳам учрайди. Шунинг учун Расулуллоҳ алайҳиссалом таълим берар эканлар: «Аллоҳим! Хилқатимни чиройли қилганингдек хулқимни ҳам чиройли қил», деб дуо қилганлар.

 [11] Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти. Бунда барча пайғамбарларнинг насаблари пок бўлганига далолат бор.

 [12] Марям сураси, 12–15-оятлар.

 [13] Исро сураси, 3-оят.

 [14] Оли Имрон сураси, 45–46-оятлар.

 [15] Марям сураси, 30–33-оятлар.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ