Пайғамбар алайҳиссалом Меърожда Аллоҳ таолони кўрганларми?

1 йил аввал 2096 Абдулазиз Мўмин

Салафи солиҳ уламолар орасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожда Роббини оддий кўз орқали кўрганлари ҳақида икки хил қараш мавжуд. Ато ибн Абу Рабоҳ раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятга кўра, оддий кўз билан эмас, балки қалб кўзи билан кўрганлар. Абул Олия раҳматуллоҳи алайҳнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятига кўра, қалблари билан икки марта кўрганлар.

Ибн Исҳоқнинг келтиришича, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога одам жўнатиб: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббини кўрганмидеб сўратди. У киши: «Ҳа», деб тасдиқлади. Ибн Аббосдан келтирилган энг машҳур ривоят шу.

Имом Ҳоким, Насоий ва Табароний келтирган ривоятда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни гаплашиш, Иброҳим алайҳиссаломни Ўзининг халили[1] қилиш ва Муҳаммад алайҳиссаломни кўриш[2] билан хослади».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ Роббларини оддий кўз билан кўрганларини қувватлаш мақсадида мазкур гапни айтган. У Аллоҳ таолонинг Нажм сурасидаги «Қалб (кўз) кўрганини ёлғонга чиқармади. У билан ўзи кўрган нарса устида тортишасизларми? Дарҳақиқат, уни бошқа сафар кўрди»[3] оятини далил қилиб келтиради.

«Аллоҳ таолони кўриш қалб билан содир бўлган» деган қараш «Оддий кўз орқали амалга ошган» деган гапдан кучлироқдир. Бунга имом Самарқандий Муҳаммад ибн Каъб ва Робиъ ибн Анасдан[4] келтирган ривоят далил бўлади. Бу далилга кўра, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Роббингизни кўрганмисиздеб сўрашганда, у зот: «Кўзим билан эмас, қалбим билан кўрганман», деган эканлар. Бу ҳадис мурсалдир[5].

Абул Ҳусайн Сирож ибн Абдул Малик келтирган ривоятда Масруқ раҳматуллоҳи алайҳ Оиша розияллоҳу анҳога: «Эй мўминлар онаси, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббини кўрганмидеди. «Айтган гапингдан (қўрқиб) бутун вужудим титраб кетди. Уч нарсани сенга ким айтса, ёлғон айтибди. Ким Муҳаммад Роббини кўрган деса, ёлғон айтибди», деди ва «Кўзлар уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар. У латиф (ўта махфий нарсаларни ҳам билувчи) ва хабардордир»[6] деган оятни ўқиди. «Ким у зотни ваҳийдан бирор нарсани яширган деб, даъво қилса, унга ҳам ишонма», деди ва «Эй Расул, сенга Роббинг томонидан нозил қилинган нарсани етказ»[7] оятини ўқиди. «Ким у зотнинг эртага нима бўлишини хабар беради деб, даъво қилса, катта туҳмат қилибди», деди ва «Албатта, соат (қиёмат) илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдиради. Бачадонлардаги нарсани У билади. Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмайди. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмайди. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардордир»[8] оятини ўқиди».

Бир гуруҳ муҳаддис ва мутакаллимлар Оиша розияллоҳу анҳонинг сўзларини қўллаб-қувватлайди. Бу машҳур гап бўлиб, қуйидаги ривоятда далили келади. Икки шайх Ибн Масъуд ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятда: «У зот Жаброил алайҳиссаломни кўрганлар», дейилган. Яна бир гуруҳ муҳаддис, фуқаҳо ва мутакаллимлар Аллоҳ таолони дунёда кўришнинг имкони йўқлигини таъкидлайдилар. Воқеан олинса шундай, чунки дунё аҳлининг хилқати ва қуввати заиф. Охиратда эса Аллоҳ таоло Ўзини кўришга яроқли, собит ва боқий қувват ато этиб, кўз ва қалбларга кўриш қобилиятини беради.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Аллоҳ таолони дунёда кўришнинг имкони йўқ. Чунки У Зот Боқийдир. Боқийни фоний ҳолат билан кўриб бўлмайди. Охиратда эса уларга боқий кўзлар берилади ва Боқийни боқий билан кўрилади». Қози Иёз айтади: «Бу жуда чиройли ва ажойиб гап. Унда Аллоҳ таолони дунёда кўришнинг иложи йўқлиги фақат заифлик ва ожизлик туфайли холос, дейилмоқда. Мабодо Аллоҳ таоло бандаларидан Ўзи хоҳлаганини қувватласа ва кўриш юкини кўтаришга қодир қилса, бундай инсон учун кўриш имконсиз бўлмайди».

Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ бу сўзига қўшимча қилиб айтади: «Шак-шубҳа йўқ ҳақиқат шуки, Аллоҳ таолони дунёда кўриш ақлан олганда жоиз. Уни мутлақ имконсиз деб қаралмайди. Мусо алайҳиссаломнинг Роббини кўришни сўрашларининг ўзи бу иш жоиз эканига далилдир. Чунки Пайғамбар Аллоҳга нима жоиз ва нима ножоиз эканини билмаслиги мумкин эмас. У зот фақат рўй бериши мумкин ва жоиз бўлган ишни сўрадилар. Лекин унинг воқеликда юз бериши ва мушоҳадаси ғайбдир. Бу ғайбни Аллоҳ билдирганлардан бошқа бирон киши билмайди. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: «Мени ҳаргиз кўра олмассан», деди. Бу сўз кўришга тоқатинг етмайди ва бунга чидай олмайсан, деган маънодадир. Кейин Мусо алайҳиссаломга ўзининг гавдасидан каттароқ ва собитроқ – улкан тоғни мисол қилиб келтирди. Буларнинг барчасида дунёда кўриш иложсиз эмас, балки жоиз деган маъно мужассамдир. Шариатда Аллоҳ таолони бу дунёда кўришнинг имконсизлиги ёки рад этилиши тўғрисида қатъий далил йўқ. Зеро, ҳар бир мавжуд нарсани кўриш жоиз ва мумкин.

Мусо алайҳиссалом қиссаси Қуръонда шундай баён этилади: «Мусо миқотимизга келганида ва Робби унга гапирганида, у: «Роббим, менга (жамолингни) кўрсатгин, Сенга назар солай», деди. У Зот: «Мени ҳаргиз кўра олмассан. Лекин тоққа назар сол, агар у жойида собит турса, бас, Мени кўрасан», деди. Робби тоққа тажалли қилганида, уни титилган ҳолга келтирди ва Мусо ҳушидан кетиб йиқилди. Ҳушига келгач: «Сен поксан, Сенга тавба қилдим. Мен мўминларнинг аввалгисиман», деди»[9].

Кўришнинг ақлан ман қилинганига оятларда далил йўқ. Бунга мазкур ояти карима очиқ-ойдин ҳужжатдир. Аммо Аллоҳ таолонинг «Кўзлар уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар. У латиф (ўта махфий нарсаларни ҳам билувчи) ва хабардордир»[10] деган сўзига келсак, бу ўринда «идрок этиш» дейилганда «ўраб олиш», «қамраб олиш», «чегаралаш» маънолари тушунилади. Бундан кўришни инкор этиш маъноси англанмайди. Аллоҳ таолонинг «Йўқ! Албатта, улар ўша кунда ўз Робблари(ни кўришдан)дан тўсилурлар»[11] деган сўзи қиёматни ёлғонга чиқарган, жаҳаннамда азобланаётган кофирлар ҳақидадир. Бу оят баъзи шахсларга хосдир.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 


[1] Хос дўстлик.

[2] Кўз билан кўриш.

[3] 11–13-оятлар.

[4] Иккалалари ҳам тобеъинлардан.

[5] Санад охирида тобеъиндан кейин саҳобий тушиб қолган ҳадис. Мурсал ривоятлар жумҳур уламолар наздида ҳужжатдир. Мазкур ривоят Ибн Жарирнинг Муҳаммад ибн Каъбдан, у эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи асҳобларидан марфуъ ҳолда келтирган ривояти билан қувватланган.

[6] Анъом сураси, 103-оят.

[7] Моида сураси, 67-оят.

[8] Луқмон сураси, 34-оят.

[9] Аъроф сураси, 143-оят.

[10] Анъом сураси, 103-оят.

 [11] Мутоффифин сураси, 15-оят.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ