Пайғамбарлар бир-биридан устун қўйилмайди

1 йил аввал 1024 Абдулазиз Мўмин

Қуръон Карим оятлари, саҳиҳ хабарлар ва уммат ижмосига кўра, Пайғамбаримиз инсониятнинг энг улуғи ва пайғамбарларнинг энг афзалидир. Шундай экан, пайғамбарларни бир-биридан устун қўйишдан қайтариш маъносида келган кўплаб ҳадисларни қандай тушуниш керак?

Икки шайх ва имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир пайғамбар ўзини: «Мен Юнус ибн Маттодан яхшироқман», дейиши дуруст эмас», дедилар. Икки шайх Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган яна бир ривоятда: «Аллоҳ таоло: «Бандамнинг ёки бандамга: «Мен Юнус ибн Маттодан яхшироқман», дейиши дуруст эмас», дейди». Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Мен Юнус ибн Маттодан яхшироқман деса, ёлғон айтибди», деганлар.

Икки шайх Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда бир яҳудий бир ансорий билан тортишиб қолди ва «Мусони (бутун) башар устидан танлаб олган Зотга қасам», деб қасам ичди. Ансорий унга шапалоқ тортиб: «Орамизда Расулуллоҳ бўла туриб шу гапни айтасанми?» деди. Бу хабар етказилганда Расули акрам: «Анбиёларнинг бирини бошқасидан устун санаманглар», дедилар.

Икки шайх ва Абу Довуд ривоятида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мени Мусодан афзал деб билманглар», деганлар. Буни у зот камтарлик ёки бирон пайғамбарга нописанд қараш пайдо бўлмаслиги ёхуд мутаассиблик ва жоҳилият давридаги манманлик ва тарафкашликка олиб борадиган фитнага йўл қўймаслик маъносида айтгандир.

Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда шундай дейилган: «Бир киши у зотнинг ҳузурига келиб: «Эй халойиқнинг яхшиси», деди. У зот: «Иброҳим ўшандай», дедилар[1]».

Уламолар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни шак-шубҳасиз анбиёлар ва расулларнинг энг афзали деган ҳолда юқорида келтирилган ҳадисларни мувофиқлаштиришнинг беш сабабини баён этганлар. Улар қуйидагилар:

1. У зотнинг «Бошқа пайғамбарлардан мени устун қўйманглар» деб қайтаришлари ўзларини Одам болаларининг саййиди эканини билишларидан олдин айтилган.

Бу заиф сабабдир, чунки ҳар бир пайғамбар ўз мартабасини яхши билади.

2. Умматга таълим бериш мақсадида камтаринликни амал ва сўзда кўрсатиб, кибр ва манманликка қарши эканларини намойиш қилганлар.

3. Пайғамбарлардан баъзиларини камситишга ёки тан олмасликка олиб борадиган афзал санашдан қайтарганлар. Хусусан, Юнус алайҳиссаломдан устун қўйишларидан тийилишга чақирдилар. Чунки Аллоҳ таоло у зот ҳақида: «Албатта, Юнус ҳам юборилган пайғамбарлардандир. Ўшанда у тўлган кемага қочди»[2], дейди. Бошқа бир оятда: «Балиқ соҳибини эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетиб, Биз уни (балиқ ичида) зинҳор сиқиб қўймаймиз, деб гумон қилган эди»[3], дейилган. Айримлар Юнус алайҳиссаломнинг мартабалари ҳақида турли шубҳаларга бориши ва у зотнинг мақом-мартабаларига тил теккизиб қўйиши мумкин. Аллоҳ таолонинг набийи бўлган зот ҳақида ёмон фикрга бориш айни жоҳилликдир. Мазкур оятлар қавми яшаб турган жойни Аллоҳ таолонинг изнисиз, яъни ўз қарорига мувофиқ ташлаб чиқиб кетгани учун танбеҳ маъносини ўз ичига олган. Бу эса у зотни бошқалар томонидан таъна-маломат қилишга олиб бормаслиги керак, чунки қавми орасидан чиқиб кетаётганларида ўз раъйларига кўра Аллоҳ таоло иқоб қилмайди, деган фикрда чиққан эдилар.

4. Нубувват ва рисолатнинг асли, ҳақиқати ва моҳиятида фарқ йўқлиги учун пайғамбарларнинг бирини бошқасидан устун қўйиш жоиз эмас. Пайғамбарларнинг ўзларига хос хусусиятларида бир-биридан фарқ бўлса ҳам, лекин нубувват – пайғамбарлик мартабасида барчалари баробар. Бу жиҳатдан улар орасида афзаллик йўқ. Афзалликни фақат ўзига хос сифатлар, мақом-мартабалар ва лутфу марҳаматда деб қараш керак. Бу эса иймоннинг асли битта бўлиб, иймон аҳлининг мартабалари турлича бўлишига ўхшайди. Пайғамбарларнинг пайғамбарликдан бошқа ишлардаги афзалликларига келсак, улар ичида расуллари, расуллар ичида «улул азм»лари, Идрис алайҳиссалом каби олий маконга кўтарилгани, Яҳё алайҳиссалом каби гўдаклигида ҳикматга мушарраф этилгани, Довуд алайҳиссалом каби Забур берилгани, Ийсо алайҳиссалом каби очиқ-ойдин мўъжизалар ато этилгани, Мусо алайҳиссалом каби Аллоҳ таоло билан гаплашгани, Муҳаммад алайҳиссалом каби олий даражаларга кўтарилгани бор. Аллоҳ таоло: «Ҳақиқатан, баъзи пайғамбарларни баъзиларидан афзал қилдик»[4], дейди. Бошқа оятда эса: «Булар расуллардир. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик»[5], дея марҳамат қилади. Баъзи уламоларнинг айтишича, пайғамбарларнинг бир-бирларидан афзаллиги уч ҳолатга кўра бўлади – мўъжизалари ёрқин ва машҳурлиги, умматининг итоаткорлиги ва кўплиги, аслида афзал ва мукаммал қилинганлиги.

Юқорида айтилганидек, айни пайғамбарлик масаласида у зотларнинг барчаси баробар. Ҳеч ким нубувватларига тил теккизиши, танлаб олинганликлари тўғрисида гумонга бориши ёки мартабаларини камситиши асло мумкин эмас.

5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳеч бир банда ўзини: «Мен Юнус ибн Маттодан яхшироқман», дейиши дуруст эмас» деган сўзларидаги «мен» сўзи ҳар бир айтувчига тегишлидир. Бирор киши ақл-заковатда, ёмон иллат ва камчиликларни ўзидан йўқотишда қанчалар юксалган бўлса ҳам, Аллоҳ таолонинг Юнус алайҳиссалом ҳақида сўзини ўқиб: «Мен Юнус алайҳиссаломдан яхшироқман», деган фикрга бормасин, чунки пайғамбарлик энг афзал ва энг олий мақомдир. У зотнинг тақдирига битилган ишлар пайғамбарлик мақомини заррача ҳам паслатмайди. Балки савоб ва даражалари ошишига сабаб бўлади, чунки қавмлари билан бўлиб ўтган ишлар Аллоҳ учун ғазабланиш, Унинг розилиги учун тарк этиш эди. Бу афзал ишни тарк қилиш ҳисобланса-да, нотўғри эмас. Аллоҳ таолонинг ҳузурида мартабаси баланд, муқарраб бандалар томонидан йўл қўйилган арзимас хато ҳам камчилик саналгани учун уларга танбеҳ берилади. Аслида у бошқалар ҳолатига таққослаганда ҳеч қандай камчилик эмас.

Хулоса шуки, расуллар ва набийларнинг бир-бирларидан афзалликлари Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилинади. Ҳеч кимнинг пайғамбарлар ҳолатини баҳолаш масаласига аралашишга ҳаққи йўқ. Шунинг учун барча пайғамбарлар пайғамбарлик даражасида баробар деб қараймиз. Бир-биридан афзалликларини баъзи эътибор ва хусусият жиҳатидан деб қабул қиламиз. Бу Аллоҳнинг фазлу карами бўлиб, уни хоҳлаганига беради. Аллоҳ буюк фазл эгасидир.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 


[1] Ўзларини камтарликка олиб, боболари бўлганликлари учун эҳтиром қилиб шундай деганлар.

 [2] Соффот сураси, 139–140-оятлар.

 [3] Анбиё сураси, 87-оят.

 [4] Исро сураси, 55-оят.

 [5] Бақара сураси, 253-оят.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ