Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари билан номланганлар

2 йил аввал 1900 Абдулазиз Мўмин

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзининг айрим сифатлари билан сифатланишга мушарраф қилди. Аллоҳ таоло кўп пайғамбарларини бундай шараф билан эъзозлагани маълум.

Масалан, Исҳоқ ва Исмоил пайғамбарларни Зориёт сурасининг 28-оятида «... ва унга алим ўғил башоратини бердилар», дея «алим» сифати билан сифатлаган. Соффот сурасининг 101-оятида Исмоил алайҳиссаломни «Бас, унга ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик», дея «ҳалим» сифати билан сифатлайди.

Тавба сурасининг 114-оятида Иброҳим алайҳиссаломни «Албатта, Иброҳим тазаррули ва ҳалимдир», дея «ҳалим» деган сифат билан сифатлайди.

Исро сурасининг 3-оятида Нуҳ алайҳиссаломни «Албатта, у ўта шукр қилувчи банда эди», дея «ўта шукр қилувчи» деган сифат билан сифатлайди.

Ийсо алайҳиссаломни Марям сурасининг 32-оятида «Мени волидамга меҳрибон қилди», шу суранинг 14-оятида Яҳё алайҳиссаломни «У ота-онасига меҳрибон эди», дея «меҳрибон, яхшилик қилувчи» сифатлари билан сифатлайди.

Духон сурасининг 17-оятида Мусо алайҳиссаломни «Уларга карамли пайғамбар келди», дея «карамли» деган сифат билан сифатласа, Қасас сурасининг 26-оятида «Албатта, сиз ишга ёллаган энг яхши кимса кучли, ишончлидир», дея «кучли, ишончли» деган сифатлар билан сифатлайди.

Юсуф сурасининг 55-оятида Юсуф алайҳиссаломни ­«...муҳофаза қилувчи, билувчи», дея сифатлайди. Сод сурасининг 44-оятида Айюб алайҳиссаломни «сабрли» деб сифатлайди. Аллоҳ таоло айтади: «Биз уни сабрли топдик. У қандай ҳам яхши банда. Албатта, у ўта қайтувчидир».

Марям сурасининг 54-оятида Исмоил алайҳиссаломни «ваъдасига содиқ» деб сифатлаган. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, у ваъдасига содиқ ҳамда расул ва набий бўган эди».

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуръони Каримда келган Ўзининг бир қанча сифатлари билан сифатлайди. Улар жамланганда ўттизга яқин сифат билан сифатланишлари аниқланди. Шулардан бири Аллоҳ таолонинг «Ал-Ҳамид» сифатидир. Бу сўз мақталган деган маънони билдиради, чунки Аллоҳ таолони Унинг Ўзи ҳам, бандалари ҳам мақтайди. Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни «Муҳаммад» – мақталган, «Аҳмад» – энг кўп мақтовчи деб номлади. Довуд алайҳиссаломга нозил қилиган Забурда ҳам у зот «мақтовчиларнинг энг улуғи» ва «мақталганларнинг энг буюги» дея келтирилган. Демак, Расули акрам энг кўп мақтов айтувчи ва мақталувчи шарафига сазовор бўлдилар. Бу эса яхши кўрувчи ва яхши кўрилганлик мартабаларини жамлаганларига ишора қилади.

Аллоҳ таоло марҳаматли, меҳрибон деган маъноларни англатувчи «Ар-Рауф» ва «Ар-Раҳим» сифатлари билан Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ҳам сифатлайди. Тавба сурасининг 128-оятида Ўз расулини тавсифлаб: «...мўминларга марҳаматли, меҳрибон», дейди.

Аллоҳ таолонинг «Ал-Ҳаққул Мубийн» сифати бор. «Ал-Ҳаққ» – мавжуд, собит ва борлиги шубҳасиз деганидир. «Ал-Мубийн» – аниқ, очиқ-ойдин, илоҳлиги, яккаю ягоналиги равшан, бандаларига дин ва охират ишларини баён қилувчи деган маъноларни билдиради. Аллоҳ таоло Ўз китобида пайғамбарини очиқ-ойдин маъносидаги «мубийн» сифати билан сифатлайди: «Мен анавиларни ва уларнинг ота-боболарини, то уларга ҳақ ва очиқ-ойдин пайғамбар келгунча фойдалантирдим»[1]. Ҳижр сурасининг 89-оятида эса: «Албатта, мен очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман», деб айт», – дейилган.

Юнус сурасининг 108-оятида Аллоҳ таоло Ўз расулини «ҳақ» деб сифатлайди: «Эй одамлар, сизга Роббингиздан ҳақ келди». Анъом сурасининг «Уларга ҳақ келганда уни ёлғонга чиқардилар» деган 5-оятидаги «ҳақ»дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Айримлар уни Қуръон дейдилар. Ҳақ – бу ботилнинг зидди бўлиб, ростлиги аниқ бўлган нарсадир.

«Ан-Нур» – аслида Аллоҳ таолонинг сифати. У нур эгаси, нурни яратувчи, осмонлар ва ерни мунаввар қилувчи, мўминлар қалбини ҳидоят нури билан ёритувчи деган маъноларни билдиради. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини Моида сурасининг 15-оятида: «Ҳақиқатан, сизларга Аллоҳдан нур ва очиқ-ойдин Китоб келди», дея нур деб атайди. Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло расулини нурли чироқ дея сифатлаган. Аҳзоб сурасининг 46-оятида: «... нурли чироқ қилиб юбордик», деган. Чунки у зотнинг пайғамбарлиги кундай равшан бўлиб, келтирган динлари мўминлар ва орифларнинг қалбларига нур бағишлайди.

«Аш-Шаҳид» – Аллоҳ таолонинг бу сифати билувчи, қиёмат кунида бандалари устидан гувоҳ бўлувчи деган маънони билдиради. Аллоҳ таоло пайғамбарини шу сифат билан тавсифлаб, Аҳзоб сурасининг 45-оятида: «Эй набий, албатта, Биз сени гувоҳлик берувчи... қилиб юбордик», деган. Бақара сурасининг 143-оятида эса: «...Расул сизнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун...», дейди.

«Ал-Карим» – Аллоҳ таолонинг сифати. Бу сифат яхшилиги ва манфаати кўп тегадиган, сўрамасдан олдин берувчи деган маънони англатади. Аллоҳ таоло пайғамбарини мазкур сифат билан сифатлаб, Таквир сурасининг 19-оятида: «Албатта, у (Қуръон) карамли расулнинг сўзидир», дейди. Айрим муфассирларнинг сўзига қараганда, ояти каримадаги элчи маъносини англатувчи «расул»дан мақсад Муҳаммад алайҳисссаломдир. Аксар муфассирларнинг айтишича, Жаброил алайҳиссаломдир. Имом Термизийнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен аввалгилару охиргиларнинг энг афзалиман, фахрланиш йўқ», деганлар. Карамлилик сўзининг барча маънолари у зот учун ишлатилса ҳам нотўғри бўлмайди.

«Ал-Азим» – Аллоҳ таолонинг мазкур сифати буюклиги олдида ҳар қандай нарса кичик деган маънони беради. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини шундай сифат билан сифатлаб, Қалам сурасининг 4-оятида: «Албатта, сен буюк хулқ узрадирсан», дейди. Тавротнинг бир бўлимида Исмоил алайҳиссалом ҳақларида: «Ундан буюк уммат учун буюк пайғамбар туғилади. У пайғамбар буюк ва буюк хулқ соҳибидир», дейилган экан.

«Ал-Жаббор» – Аллоҳ таолонинг сифати. Унинг ислоҳ қилувчи, шаъни улуғ ва олий, ҳукмини ўтказувчи деган маънолари бор. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга нозил қилган Забурда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни тавсифлаб: «Эй Жаббор, қиличингни тақ. Албатта, ваҳий ва ҳукмлар ҳайбатли қувватинг билан сенга ҳамроҳ бўлғусидир», дейилган экан. Бу ўринда «жаббор» сифати Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан умматини ҳидоятга бошлашлари, таълим-тарбия бериб ислоҳ қилишлари, душманлар устидан ғолиб бўлишлари ёки даражалари ҳаммадан юксак бўлиши маъносида қўлланган. Аллоҳ таоло Пайғамбаридан такаббурликни рад этиб Қоф сурасининг 45-оятида: «Сен улар устидан жаббор – қаҳр қилувчи эмассан»[2], дейди.

«Ал-Хабир» – Аллоҳ таолонинг ушбу сифати ҳар бир нарсанинг моҳияти ва ҳақиқатини билувчи деган маънони билдиради. Баъзилар буни хабар берувчи деганлар. Аллоҳ таоло Фурқон сурасининг 59-оятида: «Бас, ўта хабардордан сўра», дейди. Ояти каримадаги «ўта хабардор» сўзидан ким назарда тутилгани ҳақида ихтилоф қилинган. Қози Бакр ибн Аъло айтади: «Сўраш ҳақидаги амр Пайғамбар алайҳиссаломга эмас, бошқаларга қаратилган. Сўралувчи, ўта хабардор эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдир, чунки у зотга Аллоҳ таоло Ўзининг махфий илмлари ва буюк маърифатидан билдиргани учун тенги йўқ билим эгасига айланган эдилар. Изн берилган нарсаларни[3] уларга хабар берар эдилар». Бошқа муфассирлар сўровчи – Расулуллоҳ, сўралувчи – Аллоҳ таоло дейишган.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 


[1] Зухруф сураси, 29-оят.

 [2] Одамларни иймонга мажбурловчи ҳам, уларга Аллоҳни танитишга қодир ҳам эмассан. Балки раҳмдил ва шафқатлисан.

 [3] Умматнинг дунё ва охиратига фойдали нарсаларни.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ