Пайғамбар алайҳиссаломнинг сифатлари ҳақ пайғамбарликларига далолат қилади

2 йил аввал 1163 Абдулазиз Мўмин

Пайғамбар соллаллоҳу алаҳи васалламнинг ўтган мавзуларда зикр қилинган сифатлари у зотнинг динига эргашган издошлари, умматлари, пайғамбарлигини тан олган мўминлар учун намунадир, чунки уларни билиш орқали муҳаббатлари янада ортади, амалларини у зотнинг кўрсатмаларига мувофиқ қилишга интилишлари кучаяди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар эканлигининг далиллари Қуръон ва суннат билан собит бўлган мўъжизалардир. Мўъжизани аниқлаш учун аввало мўъжиза кўрсатувчининг сифатларини билиш зарур.

Пайғамбарликни эълон қилан зот – Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзига хос хислатлар, юксак ахлоқлар ва ноёб сифатлар соҳиби бўлиб танилганлар. Ўтган мавзуларда ажойиб фазилатларини, мақтовга лойиқ хислатларини, гўзал шамоилларини, илм ва ақлда бошқа оқиллар ва доноларга таққослаб бўлмайдиган даражада фарққа эга эканликларини, ёрқин ҳолатлари ва амалларини, улуғ мақом-мартабаларини, пурҳикмат ва муборак сўзларидан айримларини баён қилган эдик. Ким улар билан танишиб чиққан бўлса, у зотнинг «Мен Аллоҳнинг элчисиман» деган даъволари ростлигига, барча халойиққа рисолатни етказишга амр қилинганликларига заррача шубҳа қилмайди. У зотнинг фазилатлари қанчалаб одамларнинг Исломни қабул қилишларига, иймон келтиришларига, эргашишларига сабаб бўлган. Бунинг исботи учун бир неча мисоллар келтирамиз.

Имом Термизий, ҳофиз Абдулбоқий ибн Қониъ ва бошқалар санади билан ривоят қиладилар: «Абдуллоҳ ибн Салом[1] айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида у зотни кўриш учун ҳузурларига бордим. Кузатиб шуни аниқ билдимки, юзлари ёлғончининг юзига ўхшамас эди».

Ибн Саъид келтирган ривоятда Абу Римса шундай дейди: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордим. Ёнимда ўғлим ҳам бор эди. Менга у зотни кўрсатишди. Кўрганим заҳоти: «Бу киши – Аллоҳнинг набийи», дедим.

Имом Муслим ва бошқалар келтирган ривоятда қуйидагилар келган: «Зимом ибн Саълаба келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Албатта мақтов Аллоҳга хосдир. Унга ҳамдлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз. У кимни ҳидоятга бошласа, адаштирувчи йўқдир. Кимни адаштирса, ҳидоятга бошлагувчи йўқдир. Аллоҳдан бошқа илоҳ ҳам, Унинг шериги ҳам йўқдир. Муҳаммад Унинг қули ва расулидир, деб гувоҳлик бераман», дедилар. Зимом: «Бу айтганларингизни менга яна бир марта такрорланг. Улар денгизнинг қаъригача етиб борди-ку. Қўлингизни беринг, сизга байъат қиламан», – деди».

Имом Байҳақий келтирган ривоятда Жомиъ ибн Шаддод шундай дейди: «Бизнинг давримизда Ториқ ибн Шиҳоб деган киши Расулуллоҳни Мадинада кўрганини шундай ҳикоя қилади: «Набий алайҳиссалом бизларга: «Сотадиган нарсаларингиз борми?» дедилар. Биз: «Мана бу туя бор», дедик. «Қанчага сотасизлар?» дедилар. «Фалон ва фалон васақ хурмога», дедик. Туянинг юганидан ушлаб Мадина томон етаклаб олиб кетдилар. Биз бир-биримизга: «Туямизни танимаган одамимизга сотдик», дедик». Орамизда бир мусофир аёл ҳам бор эди, у: «Туянинг пулига мен кафилман. У кишининг юзига назар солдим. У худди тўлин ой мисоли нурли экан. Сизларни алдамайди», деди. Шу зайлда тонг оттирдик. У зот хурмо олиб келдилар ва: «Мен сизларга юборилган Аллоҳнинг элчисиман. Бу хурмодан (хоҳлаганингизча) енглар ва (туянгизнинг баҳосини) тўлиқ қилиб олинглар», дедилар. Биз шундай қилдик».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Исломга даъватлари хабари Умон шоҳи Жуландийга келганда у шундай деган экан: «Бирор яхши ишга буюрса, биринчи бўлиб ўзи амал қилиши, нимадан қайтарса, энг аввал ўзи қайтиши, душманлари устидан ғалабага эришса, туғёнга кетмаслиги, фахрланмаслиги, мағлуб бўлса, саросимага тушмаслиги ва қўрқмаслиги, аҳдга вафо қилиши, ваъдаси устидан чиқиши – бу саводсиз пайғамбарнинг ростгўй эканини билишим учун етарли бўлди. Мен у зотнинг ҳақ пайғамбар эканига гувоҳлик бераман».

Машҳур наҳв олими Нафтивайҳ Аллоҳ таолонинг «Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейди»[2] деган сўзи ҳақида шундай дейди: «Бу мисолни Аллоҳ таоло набийи учун келтирган. Унда: «Агар Расулуллоҳ Қуръонни тиловат қилмаса ҳам, кўринишининг ўзи ҳақ пайғамбар эканига далолат қилади», деган маъно бор».

Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу шундай деган эди:

 

Ёрқин мўъжизалар бўлмаганда ҳам

Хуш сурати сенда қаноат ҳосил қилар.

 

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай аломатлар, ўзига хос хусусиятлар билан ажралиб турар эдилар. Бу каби аломатлар у зотнинг бутун инсониятга юборилган ҳақ пайғамбар эканликларини очиқ-ойдин кўрсатар, айтганларининг ростлигини тасдиқлар, аввалдан таниб, ёнларида бирга юрганлар учун ҳам, биринчи марта учрашган ҳар қандай инсон учун ҳам аниқ-тиниқ билиниб турган қатъий далиллар ўрнига ўтар эди.

Ё Расулуллоҳ, сизнинг қуёш каби нурли юзингизнинг ўзи чин пайғамбар эканингизни исбот этишга етарлидир.

«Шамоилу мустафо» китобидан


[1] Асли яҳудий бўлган. Иймон келтириб саҳобалик бахтига мушарраф бўлган улуғ саҳобалардан.

 [2] Нур сураси, 35-оят.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ