Нубувват, рисолат ва ваҳий

6 йил аввал 2079 Абдулазиз Мўмин

Ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ таоло учун ҳар қандай иш осон, нимани хоҳласа, «Бўл!» дейиши кифоя; У шаръий, урфий, диний, ухровий илмларга оид жузъий ва умумий маърифатларни Ўз иродасига мувофиқ яратади, дея қатъий эътиқод қилиш иймон талабларидан саналади. Аллоҳ таоло Ўзининг зоти, сифатлари ва барча кўрсатмаларига тегишли илмлар билан айрим бандаларининг қалбини – хоҳласа ва ҳикмати тақозо қилса, фаришта юбормай туриб ҳам – тўлдириб-тошириб қўя олади.

Расул ва набийларга тушадиган ваҳий пайғамбарлик ваҳийи дейилади. Ваҳий кўпинча фаришта воситасида келган. Баъзан тўғридан-тўғри пайғамбарнинг қалбига инган. Гоҳида ваҳий сўзи илҳом маъносида ҳам қўлланилади. Бунга Мусо алайҳиссаломнинг оналарида юз берган воқеани мисол қилиш мумкин. Тоҳо сурасининг 38-оятида шундай марҳамат қилинади: «Ўшанда онангга илҳом қилинадиган нарсани илҳом қилди».

Бу каби ишлар ақлий ва нақлий жиҳатдан жоиз экан, пайғамбарлар ўзларининг ҳақ эканликларини исботлаш учун келтирган барча ғайриоддий ишларни – мўъжизаларни тасдиқлаш зарур бўлади. Пайғамбар келтирган мўъжиза одамларни баҳсга чорлайди. У Аллоҳ таолонинг «Бандамнинг сизларга Менинг номимдан етказаётганлари рост. Унга итоат қилинглар. Эргашинглар. У ўзи айтаётганларининг чин эканига гувоҳдир»[1] деган сўзи ўрнига ўтади.

Нубувват сўзи луғатда хабар маъносидаги «набаъ» калимасидан олинган, чунки Аллоҳ таоло набийни ғайбдан хабардор қилди ва уни одамларга етказишни амр этди. Баъзилар «набий»ни баландлик маъносини билдирувчи «набва»дан олинган дейишади. Шунда унинг маъноси шарафли мартаба, эътиборли мақом дегани бўлади.

Ваҳий туширилиб, уни етказишга амр қилинмаган киши набий дейилади. Ҳам ваҳий туширилиб, ҳам уни етказишга амр қилинган киши расул дейилади.

Расул ва набий сўзлари бир маънони англатадими ёки улар турлича мазмунга эгами? Машҳур қавлга кўра, улар бир-биридан фарқли маъноларини ифодалайдиган икки сўздир. Тўғри, расул ва набий ғайбдан хабардорлик, махсус сифатларга эга бўлиш ёки танлаб олиниш ва юксак мартабага эга бўлиш маъноларида бир-бирига ҳамоҳанг бўлса-да, лекин расул ўзига туширилган ваҳийни етказиши билан набийдан афзалроқ ва хосроқ бўлади. Бу фикрнинг далили Аллоҳ таолонинг «Биз сендан илгари ҳеч бир расул ёки набий юбормадикки,...» деган сўзидир. Ушбу оятда иккиси алоҳида-алоҳида келтирилмоқда. Агар улар бир хил маънони билдирганида бир сўзни икки марта такрорлаш бўлиб қолар эди. Битта сўзни мақсадсиз қайтаравериш Қуръони Каримдек балоғатли китоб шаънига тўғри келмайди ва унда бундай ҳолат учрамайди. Мана шу жумҳур уламоларнинг қарашларидир. Улар: «Ҳар бир расул набий бўлади, лекин ҳар бир набий расул эмас», дейишган ва шу тўғридир.

 Расулларнинг биринчиси Одам алайҳиссалом, охиргиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир[2].

Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Набийлар бир юз йигирма тўрт мингта, расуллар уч юз ўн учтадир», деганлар. Расулга набийдан фарқли равишда алоҳида шариат юборилади.

Икки «Саҳиҳ»дан жой олган «Шафоат ҳадиси»даги: «Эй Нуҳ, сен ер аҳлига юборилган биринчи расулсан», дейилган ривоятга келсак, Нуҳ алайҳиссалом ер юзидаги куфр аҳлига юборилган биринчи расул эдилар. У кишигача инсонлар куфр келтиришмаган эди. Одам алайҳиссалом болаларига иймон ва итоатни етказиш учун буюрилган расул бўлганлар. Шис алайҳиссаломнинг замонасида кофирлар йўқ эди. У зот ҳам ўзлари билан бирга яшаган инсонларга расул эдилар.

Ваҳий сўзи аслида тезлик маъносини билдиради, чунки пайғамбар Роббидан келган нарсани зудлик билан қабул қилиб олади. Ваҳий сўзининг ишора, ёзиш, илҳом ва махфий гаплашиш каби маънолари ҳам бор. Унинг истилоҳий маъносига келсак, Аллоҳ таоло анбиёларига билдирадиган хабарлар ва илоҳий кўрсатмалардир. Нубувват, рисолат ва ваҳий – булар жуда кам инсонларга насиб қилган. У ҳам бўлса ўтмишда бўлган. Набий солаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин бутунлай тўхтаган.

«Шамоилу мустафо» китобидан

-----------------------------------------------

 [1] Пайғамбарлар аввалгилару охиргилар, дунё ҳолатларию охират даҳшатлари ҳақида келтирган хабарларига ўзлари жонли гувоҳ бўлганлар. Амалда тасдиқлаш билан сўз билан тасдиқлаш баробардир. Буни соддароқ қилиб тушунтириш мумкин: бир киши пайғамбарлик даъвосини қилса ва: «Бу даъвоимнинг ростлигини Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмайдиган ишни қилиш орқали исботлайман», деса ва Аллоҳ таоло ўша ишни худди у айтгандек амалга оширса, унинг гапини ва даъвосини тасдиқладим дегани бўлади. Ҳар бир иши ҳикмат бўлган Зот ёлғончини зинҳор тасдиқламайди.

 [2] Имом Ҳокимнинг «Мустадрак»ида ривоят қилинган.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ