Қуръони каримда ғайбий ишлардан хабар берилиши

1 йил аввал 1408 Абдулазиз Мўмин

 

Қуръоний мўъжизавийликнинг учинчи жиҳати ғайбий, яъни ҳали юз бермаган, лекин келажакда юз берадиган ишлардан хабар берилишидир. Қуръони Карим нима ҳақида хабар берган бўлса, ўша нарса худди айтилганидек амалга ошган. Масалан, Аллоҳ таоло Макка фатҳи ҳақида: «Масжидул Ҳаромга, Аллоҳ хоҳласа, омонликда... кирасизлар»[1], деди ва амалда худди шундай бўлди.

Аҳли китоб бўлган румликларнинг бутпараст форслар устидан ғалаба қозониши тўғрисида Аллоҳ таоло: «Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда»[2], деб хабар берди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Румликлар форслар устидан уч йилдан тўққиз йилгача вақт орасида албатта ғалаба қилади», дедилар. Чунки оятда учдан тўққизгача бўлган ададни ифодалаш учун ишлатиладиган «бизъун» сўзи келган. Убай ибн Халаф: «Гапинг ёлғон. Ўртамизда муддат белгилаймиз», деди ва ўнта туяга гаровлашишди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу муддатни чўзиб, туялар сонини кўпайтириш таклифини киритди. Тўққиз йил ва юзта туяга келишув белгиланди. Убай ибн Халаф Уҳуд жангида яраланиб, қайтаётганда йўлда кофир ҳолида вафот этди. Ҳудайбия кунида[3] румликлар форслар устидан ғалаба қозонди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу туяларни Убайнинг меросхўрларидан олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Уларни садақа қилиб юбор», дедилар.

Аллоҳ таоло Сафф сурасининг 9-оятида: «У зот Ўз расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динлардан устун қилиш учун юборган Зотдир. Гарчи мушриклар ёқтирмасалар ҳам», деган.

Нур сурасининг 55-оятида: «Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга уларни ер юзида (улардан олдин ўтганларни ўринбосар қилганидек)  ўринбосар қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва хавф-хатарларини омонликка алмаштиришни ваъда қилди», деган.

Наср сурасининг 1–3-оятларида: «Вақтики, Аллоҳнинг нусрати ва фатҳи келса... ва одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кираётганларини кўрсанг... Бас, Роббингни поклаб ёд эт ва Унга истиғфор айт. Албатта, У тавбаларни кўплаб қабул қилувчидир», деган.

Мазкур оятларда берилган барча хабарлар Қуръон қандай хабар берган бўлса, худди шундай юзага чиқди. Румликлар қисқа фурсатда ғолиб бўлди. Ислом дини тарқалиб, одамлар Аллоҳнинг динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кирдилар. Расулуллоҳ вафот этганларида араб диёрларидан Ислом кириб бормаган жой қолмаган эди. Аллоҳ таоло мўминларни ерда ўринбосар қилди. Динларини мустаҳкамлади. Уларга ерда ҳукмронлик қилиш имконини берди. Машриқдан мағрибгача бўлган ҳудудлар уларнинг бошқарувига ўтди.

Имом Муслим Савбон розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Менга ер жамланди ва унинг машриқларию мағриблари кўрсатилди. Умматимнинг мулки менга кўрсатилган жойгача етиб боради». Яъни бутун ер юзига.

Ана шундай ғайбий хабарлардан бири Аллоҳ таолонинг «Албатта, Биз зикр (Қуръон)ни нозил қилдик ва албатта Биз уни муҳофаза қиламиз» деган сўзидир. Аллоҳ таоло Каломини ўзгартириш, зиёдалик киритиш ва камайтиришдан сақлаши ҳақида ваъда бермоқда. Замонлар оша уни ўзгартиришга жиддий ҳаракатлар ва сон-саноқсиз уринишлар бўлди. Лекин бир дона ҳарфини ҳам ўзгартира олганлари йўқ. Битта сўзининг ўрнини алмаштириш қўлларидан келмади. Битта ҳарфида ҳам мўмин-мусулмонларни шубҳага сола олмадилар. Мана шу неъматни бизларга мукаммал қилиб бергани учун Аллоҳга чексиз шукроналар бўлсин.

Келажакда рўй берган ғайбий хабарлардан бири Аллоҳ таолонинг Қамар сураси 45-оятидаги «У жамоа тезда енгилар ва ортларига қараб қочарлар» деган сўзидир. Умар розияллоҳу анҳу айтади: «Бу оят нозил бўлганда унинг нима ҳақида эканини то Бадр кунигача билмай юрдим. Расулуллоҳдан совутларини кияётганларида «у жамоа енгилади» деганларни эшитганимда тушундим».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иттифоқдошлари бўлган Хузоъа қабиласи қурайшликлар ҳужумидан озор кўришди. Расулуллоҳ уларга: «Сабр қилинглар, фаровон кунлар яқин», дедилар, чунки Аллоҳ таоло «...уларга қарши сизларга ёрдам беради ва мўмин қавмларнинг қалбларига шифо беради»[4] деган оятни нозил қилган эди. Оятда нима хабар берилган бўлса, барчаси худди айтилганидек амалга ошди.

Мунофиқлар, яҳудийларнинг сирлари, гап-сўзлари, бузуқ эътиқодлари ва ёлғон ваъдаларини очиб ташлаш ва шу орқали уларга танбеҳ бериш ҳам Қуръондаги ғайбий хабарлар жумласидандир. Аллоҳ таоло айтади: «Ичларида «Шу гапларимиз учун Аллоҳ бизни азобламаса эди», дейдилар. Уларга жаҳаннам кифоядир, унга кирурлар. У қандай ҳам ёмон жой[5]

«Сенга ошкор қилмаган нарсаларини ичларида махфий тутарлар. Улар: «Агар қўлимизда бир иш бўлганида, бу ерда қатл қилинмас эдик», дерлар»[6].

«Яҳудий бўлганлардан калималарни ўз жойидан бузиб ўзгартирувчилар бор. Улар тилларини буриб ва динга таъна етказиб: «Эшитдик ва исён қилдик, эшит, эшитмай қолгур» ва «Роина» дерлар. Агар улар «Эшитдик ва итоат қилдик, эшитдик ва бизга назар сол» деганларида, ўзларига яхши ва тўғри бўлар эди. Лекин Аллоҳ уларни куфрлари сабабли лаънатлади. Озгиналаридан бошқалари иймон келтирмаслар»[7].

«Ўшанда Аллоҳ сизга икки тоифадан бири албатта сизники бўлишини ваъда қилган эди. Сизлар шавкати йўғи сизларники бўлишини суяр эдингизлар»[8], дея мўминларнинг кўнгилларидаги нарсани ошкор қилди.

Ҳижр сурасининг 95-оятида: «Албатта, Биз сенга истеҳзо қилувчилардан кифоя қиламиз», дея марҳамат қилди. Оят нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига бу хушхабарни етказдилар. Валид ибн Муғийра, Ос ибн Воил, Ҳорис ибн Қайс, Асвад ибн Абду Яғус, Асвад ибн Муттолиб, Абу Лаҳаб, Уқба ибн Абу Муайт ва бошқа истеҳзо қилувчиларнинг барчаси турли азоб-уқубатларга дучор бўлиб, ўлиб кетишди. Аллоҳнинг Ўзи уларга кифоя қилди.

Аллоҳ таоло Моида сурасининг 67-оятида: «Аллоҳ сени одамлардан сақлайди», дея Пайғамбарининг ҳимоясига кафолат берди. Зарар етказиш ва ўлдиришга қасд қилувчилар кўп бўлишига қарамай у зотни Аллоҳнинг Ўзи асради. Берилган ваъда амалга ошди. Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайдиган Зотдир. Бу ҳақда сийрат китобларида машҳур саҳиҳ хабарлар кўп.

Қуръони Каримнинг ғайбий ишлар ҳақидаги ўнлаб хабарлари билан танишиб чиқдик. Уларнинг барчаси ўтмиш ва келажакни биладиган Аллоҳ таоло хабар берганидек содир бўлди. Келажакда ҳам шундай бўлади ва ҳамиша илоҳий каломнинг мўъжизавийлигини тасдиқловчи янги-янги далиллар пайдо бўлаверади.

«Шамоилу мустафо» китобидан 



[1] Фатҳ сураси, 28-оят.

[2] Рум сураси, 3–4-оятлар.

[3] Ҳижратнинг олтинчи йили (мил. 628 й.) зулқаъда ойида Ҳудайбия сулҳи тузилган.

[4] Тавба сураси, 14-оят.

[5] Мужодала сураси, 8-оят.

[6] Оли Имрон сураси, 154-оят.

7] Нисо сураси, 46-оят.

[8] Анфол сураси, 7-оят.

 

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ