Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бармоқлари орасидан сув чиқиши

8 ой аввал 407 Абдулазиз Мўмин

Пайғамбаримиз соллаллаҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидан яна бири бармоқлари орасидан сувнинг оқиб чиқиши, баракотлари туфайли унинг кўпайишидир. Бу мўъжиза у зотнинг Аллоҳнинг набийи ва расули эканига далолат қилиши билан бирга мўминларнинг иймонлари зиёда бўлишига ҳам сабаб бўлди. Иймон келтирмаганларга даъватлари ростлиги яна бир бор исботланди. Бу ҳодиса саҳобалар кўз ўнгида юз берган ва улар бир-бирларига нақл қилган ҳиссий, моддий мўъжиза эди. Бу ҳақда жуда кўп ривоятлар бор. Улар турли жойларда ва турли ададдаги кишилар томонидан ривоят қилинган. Баъзисида у зотнинг ҳузурларига қадаҳ, баъзисида шиша идиш, баъзисида катта чуқур лаган, баъзисида обдаста, баъзисида мешкоб келтирилди, дейилган. Сувдан фойдаланган саҳобаларнинг сони айрим ривоятларда ўн беш, айримларида уч юзга яқин, айримларида етмиш, айримларида саксон, деб келтирилган.

«Саҳиҳул Бухорий»да Жобир розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда: «Улар бир минг тўрт юз нафар эди», дейилган. Бу воқеа Ҳудайбияда бўлган эди.

Айтиш жоизки, бармоқлар орасидан сув чиқиши мўъжизаси Мусо алайҳиссаломга берилган тош орасидан сув чиқаришдан каттароқ ҳодиса ҳисобланади, чунки тошлар орасидан сув чиқиши одатий ҳол. Аллоҳ таоло: «Ҳолбуки, тошларнинг баъзиларидан анҳорлар отилиб чиқади»[1], деган. Аъроф сурасининг 160-оятида Мусо алайҳиссаломга берилган бу мўъжиза қуйидагича тасвирланади: «Қавми ундан сув талаб қилган пайтда Мусога: «Асоинг билан тошни ур» деб ваҳий қилдик. У(тош)дан ўн иккита булоқ отилиб чиқди».

Аммо гўшт ва қондан иборат бармоқлар орасидан сув оқиб чиқиши Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ҳеч кимда кузатилган эмас. Имом Нававий сувнинг оқиб чиқиши қандай ҳолатда бўлганини шундай келтиради: «Бунда иккита қавл бор. Биринчиси, сув бармоқларининг айнан ўзидан оқиб чиққан. Бу аксар уламоларнинг сўзидир. Иккинчиси, сувнинг ўзи кўпайган ва бармоқлари орасидан қайнаб чиққан. Одамлар таҳорат олишган. Ҳаммага етган».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бармоқлари орасидан сув чиққани тўғрисидаги ривоят кўпчилик томонидан нақл этилган. Улар қаторида Анас, Жобир ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳум ҳам бор.

Икки шайх ва имом Молик келтирган ривоятда Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Ўшанда аср намозининг вақти яқинлашган эди. Одамлар сув қидириб, топа олишмади. Расулуллоҳнинг ҳузурларига идишда сув келтирилди. У зот ўша идишга қўлларини ботирдилар ва одамларга таҳорат олишни буюрдилар. У зотнинг бармоқлари орасидан сув оқиб чиқаётганини кўрдим. Одамларнинг ҳаммаси шу сувдан таҳорат олдилар». Бу ривоятда одамлар сони уч юз нафар бўлган.

Масжиди набавий яқинидаги Завро деган жойда бўлган бошқа воқеа ҳам Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Унда одамлар сони етмиш-саксон нафар эди, дейилган.

 

«Саҳиҳул Бухорий»да келтирилган ривоятда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Сувимиз йўқ эди. Расулуллоҳ бизга: «Қидириб кўринглар-чи, кимда ортган сув бор экан», дедилар. Сув келтирилди. Уни бир идишга қуйиб, кафтларини ботирдилар. Сув у зотнинг кафтлари орасидан оқиб чиқа бошлади».

«Саҳиҳул Бухорий» ва бошқа ҳадис тўпламларида келтирилган ривоятда Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Ҳудайбия кунида одамлар (қаттиқ) чанқашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдларида сув ичишга мўлжалланган чарм идиш бор эди. У зот ундан таҳорат олдилар. Одамлар у зот томон юзланиб: «Бизда идишингиздагидан бошқа сув йўқ», дейишди. Шунда қўлларини идишга ботирдилар. Сув бармоқлари орасидан худди булоққа ўхшаб қайнаб чиқар эди». Ровий Солим Ашжаъий айтади: «Жобир розияллоҳу анҳудан: «Неча киши эдингизлар?» деб сўрадим. У: «Бир минг беш юз нафар эдик. Агар юз минг бўлганимизда ҳам етарди», деди».

Имом Муслим ўзининг «Саҳиҳ»ида Бувот ғазоти зикр этилган узун ҳадисда Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Жобир, сув чақиртир», дедилар. Биз мешкобнинг оғзида қолган қатралардан бошқа нарса топа олмадик. Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига олиб келинди. У зот уни ёпиб, бир нарса[2] дедилар, нималигини билмайман. «Карвондаги катта идишни олиб кел», дедилар. Олиб келиб, у зотнинг олдларига қўйдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қўлларини идишга қўйиб, бармоқлари орасини очдилар. Мен унга сувни қуйганимда у зот «Бисмиллаҳ», дедилар. Бармоқлари орасидан сув қайнаб чиқаётганини, идишда сув кўтарилиб, лиммо-лим тўлганини кўрдим. Одамларга сувдан олишни буюрдилар. Ҳамма сувдан ичиб, чанқоғини қондирди». Анас розияллоҳу анҳу: «Сувга ҳожати бор одам қолдими?» деди. Жобир розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ идишдан қўлларини олганда у тўла эди», дедилар.

Мазкур ривоятлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бармоқлари орасидан сувнинг оқиб чиққанига, бу воқеа бир неча жойларда, шубҳа туғилиши мумкин бўлмаган даражадаги катта жамоатнинг гувоҳлигида рўй берганига далолат қилади. Биламизки, саҳоба ва тобеъинлардан иборат салафи солиҳлар сизу бизлардек бўлишган. Ёлғон хабарни ёлғон дейиш, инкор этиш ҳар бир инсон табиатида бор. Бунинг устига саҳобалар ноҳақликка жимгина қараб тура олишмаган. Бу воқеаларни ана шундай ҳақгўй одамлар ўз кўзлари билан кўриб, ҳосил бўлган сувдан ичгандан кейин бошқаларга айтишган. Буни ҳеч ким инкор қилмаган. Балки ҳамма тасдиқлагани учун сукутий ижмога айланган.

«Шамоилу мустафо» китобидан


[1] Бақара сураси, 74-оят.

 [2] Ҳамду сано ва дуо ёки Аллоҳнинг исмларини ўқиганлар.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Муҳаррамнинг 1-6 кунлари

Муҳаррамнинг 1-куни

Ҳижрий 1318-йил 1-муҳаррам куни Усмонлилар султони Абдулҳамид II Байтуллоҳни зиёрат қилувчи ҳожиларга хизмат қилиш ва сафар машаққатини енгиллатиш мақсадида темир йўл қуришга амр қилди. Темир йўл қурилиши 9 йилда батамом тугатилди.

 

Муҳаррамнинг 2-куни

Ҳижрий 99-йил 2-муҳаррам куни (милодий 718-йил 15-август) умавийлар даврида мусулмонлар Маслама ибн Абдулмалик қўмондонлигида Қастантинияни (ҳозирги Истанбулни) қамал қилдилар. Ва ниҳоят ҳижрий 857-йилга (милодий 1453-йил) келиб, Муҳаммад Фотиҳнинг бошчилигида Қастантиния фатҳ қилинди.

 

Муҳаррамнинг 3- куни

Ҳижрий 239-йил 3-муҳаррам куни (милодий 853-йил) буюк ҳофизлардан бири Имом Усмон ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Абу Шайба вафот этди. Бу зот Имом Бухорий ва Муслимларнинг устози бўлган. У кишининг “Мусаннаф” номли машҳур асарлари ҳам бўлган.

 

Муҳаррамнинг 4-куни

Ҳижрий 1298-йил 4-муҳаррам куни мусулмон уламоларидан бири Саййид Али ибн Саййид Исмоил Мусавий Қазвиний вафот этди.

 

Муҳаррамнинг 5-куни

Ҳижрий 855-йил 5-муҳаррам (милодий 1451-йил 7-феврал)

Усмонлилар давлати султони Муродхон II вафот этди. Вафотидан сўнг ўғли Муҳаммад Фотиҳ салтанат тахтига ўтирди.

 

Муҳаррамнинг 6-куни

Ҳижрий 406-йил 6-муҳаррам (милодий 1015-йил 26-июн)

Аббосийлар давлатининг таниқли шоири Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Мусо Шариф Ризо вафот этди. Унинг насаби Жаъфар Содиққа бориб тақалади. Унинг шеърлари жуда кўп китобларда келтирилади. Жумладан «Наҳжул балоға» китобининг муқаддимасида муаллиф томонидан келтирилган.



Китоблар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт

Китобдаги сўз бошидан...     Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм     Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Аллоҳнинг Расулига салавот ва саломлар бўлсин!      Аммо баъд:    давоми...

Мавлуди шариф

Юртимизда, бошқа исломий ўлкаларда бўлганидек, мавлуди шариф маросимлари ўтказиб келинган ва уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишланган турли наътлар, қасидалар, Навоий, Фузулий каби мумтоз давоми...

Мавлид

Ушбу китоб халқимиз ўртасида «Мавлид» номи билан машҳур бўлган, улуғ олим, буюк адиб Саййид Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжийнинг «Иқдул-жавҳар фи мавлидун-Набиййил-Азҳар» («Порлоқ юзли Набийнинг мавлидлари давоми...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни йиғлатган ҳодисалар

Insoniyat komiligining timsoli qilib yaratilgan Payg’ambarimiz ham nahotki ko’z yoshi to’kkan bo’lsalar? Qur'on va hadisda ko’z yoshi haqida nimalar dеyilgan? Payg’ambarimiz va sahobalar ko’zyoshlarining sabablari nimada? Ushbu kitobni o’qib shu kabi savollarga to’la javob olasiz. давоми...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга насиҳатлари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду сано бўлсин. У ҳамма нарсани Китобида баён қилди, каломи шарифининг барча асрорларини Расулига билдирди ва бизга йўл давоми...

ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ