Ёғоч устуннинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун фиғон чекиши

3 йил аввал 2119 Абдулазиз Мўмин

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдларига дарахтларнинг келиши ва гапириши тўғрисидаги хабарларни бошқа бир мутавотир ҳадис қўллаб-қувватлайди. У хурмо танасининг нола қилиши тўғрисидаги ривоятдир. «Хурмо танаси» деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётганларида суянадиган масжид устунларидан бири назарда тутилади. Бу воқеани ўндан ортиқ саҳобалар ривоят қилишган. Убай ибн Каъб, Жобир ибн Абдуллоҳ, Анас ибн Молик, Абуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Саҳл ибн Саъд, Абу Саъид Худрий, Бурайда, Умму Салама, Муттолиб ибн Абу Вадоа розияллоҳу анҳум шулар жумласидандир. Барчалари турли лафзлар билан бир маънони ифодалашган.

Саҳиҳ ривоятда Жобир ибн Абдуллоҳ айтади: «Масжид томини хурмо таналари[1] кўтариб турар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилганларида улардан бирга суянар эдилар. Минбар ясалганда у зот одатда суянадиган ёғоч устундан ўн ойлик боласи бор бўғоз туяникига ўхшаш овоз эшитдик».

Имом Термизий келтирган ривоятда Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга ўтирганларида устундан ҳўкизнинг бўкиришига ўхшаш овоз чиқди. Унинг овозидан масжид ларзага келди». Саҳл ибн Саъднинг ривоятида: «Унинг нолаю фиғонларини кўриб, одамларнинг ҳам йиғиси кўпайди», дейилган. Муттолиб ибн Абу Вадоа ва Убай ибн Каъбнинг ривоятида: «У дарз кетиб, ёрила бошлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қўлларини қўйгандан кейин тинчланди», дейилган.

Имом Шофеъийнинг Убай ибн Каъбдан келтирган ривоятида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, бу зикрни йўқотгани учун йиғлади», дедилар. Зикр деганда у зотнинг хутбадаги таъсирли мавъизалари, назарда тутилган.

Абу Яълонинг Анас ибн Моликдан келтирган ривоятида «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар уни қучоқламасам, Расулуллоҳнинг фироқига чидай олмай, хафа бўлиб, қиёматгача мана шу ҳолатда тураверади», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари билан у минбарнинг остига кўмилди», дейилган.

Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Масжиди набавийни кенгайтиришга қарор қилинди. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу минбар тагидаги ўша устунни олиб, то чириб кетгунча ўзида сақладилар.

Шуни таъкидлаш керакки, мазкур воқеа биргина бўлса ҳам, ровийларнинг нақл қилишига қараб лафзлари ҳар хил келган. Ҳар бир ровий кўрганини ўз услубида баён қилган.

Дарахт танасининг Расулуллоҳ учун фиғон чекиши шак-шубҳасиз юз берган мўъжизадир. Иймон аҳллари шундай бўлганига аниқ ишонадилар. Бу мўъжизанинг кўрсатилишидан қуйидаги фойдалар келиб чиққан: Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар эканликларини саҳобаларнинг қалблари хотиржам бўлиши, ўз иймонларини маҳкам тутишлари учун моддий ва ҳиссий далиллар билан исбот қилди. Бу мўъжизани кўзлари билан кўрган кишиларнинг ишончлари комил даражага етиб, дин йўлида фидокорлик кўрсатишларига сабаб бўлди.

Мўъжизалар ғайриоддий, одамлар кўриб ўрганмаган, одатланмаган зоҳирий ҳолатлардир. Бунда сабаб уни пайдо қилувчига, муқаддима натижага боғланади. Ҳар бир моддий ва маънавий мўъжиза Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси ва тадбиридаги сири ҳисобланади. Ким нубувватга иймон келтирса, эътиқоди тўғри, фикри соғлом, кўнгли хотиржам ҳолатда мўъжизани кўрганда иймони зиёда бўлади. Қайси аср, қайси давр ва замонда бўлишидан қатъи назар, иймонсиз одам мўъжизаларни кўрса ҳам, барибир у шубҳа-гумонга боради, ишонмайди, фитна қўзғатади. Бўлмағур гап-сўзларни кўпайтиради ва шу билан овора бўлиб, баттар адашади, баттар чалғийди. Энг қизиғи, зарар қўраётганини ўзи билмайди.

Ё Аллоҳ, қалбларимизни динингда собит қилгин!

«Шамоилу мустафо» китобидан 


[1] Масжиди набавийнинг устунлари дастлаб хурмо дарахтидан бўлган.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ