Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари мустажобдир

3 йил аввал 3396 Абдулазиз Мўмин

Роббларининг ҳузурида ҳурматга сазовор эканликлари, мақом-мартабалари юксак бўлгани учун хайрли дуо қилсалар ҳам, гоҳида дуоибад қилсалар ҳам мустажоб бўлар эди. Бу қатъий собит бўлган ва кўпчилик томонидан нақл қилинган ҳақиқатдир. Жуда кўп воқеаларни бунга мисол қилиш мумкин. Биз айримларини келтириш билангина кифояланамиз.

Имом Аҳмад келтирган ривоятда Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кимни дуо қилсалар, дуолари унинг боласи ва боласининг боласига ҳам тегар эди».

Бу ривоятни Мусо ва Хизр алайҳимассалом қиссаларида келган девор остидаги икки болага тегишли хазинани сақлаш тўғрисидаги оят ҳам қўллаб-қувватлайди. Аллоҳ таоло: «Уларнинг отаси солиҳ одам эди»[1], деган. Баъзилар: «Уларнинг еттинчи бобоси солиҳ бўлган», деб тафсир қилишган.

Имом Бухорий келтирган ривоятда Анас ибн Молик айтади: «Онам: «Ё Расулуллоҳ, хизматкорингиз Анаснинг ҳаққига дуо қилинг», дедилар. У зот: «Ё Аллоҳ, унинг молини, бола-чақасини кўп қил ва берганингга барака бер», деб дуо қилдилар. Аллоҳга қасамки, мол-мулким кўп бўлди. Болаларим ва болаларимнинг болалари юздан ортиқ».

Имом Байҳақий келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг молига барака сўраб дуо қилганлари айтилади. Абдурраҳмон ибн Авф: «Агар тошни кўтарсам, остидан тилло чиқишидан умид қилиб қолдим», дейди. Аллоҳ таоло у кишига Пайғамбаримизнинг дуолари баракотидан жуда кўп мол-давлат ато этди. Вафотларидан кейин қолдирган тиллоларини кетмон билан кавлаб қўллар қавариб кетгани, тўрт аёлининг ҳар бирига саксон минг, бошқа ривоятда юз минг динордан мерос улуши теккани ривоят қилинган. Булар ҳаётликларида қилган ошкора хайр-эҳсон ва садақаларидан ташқарисидир. Бир кунда уч юз қул, етти юзта туядан иборат юкка тўла карвонни шу ҳолича садақа қилганлари машҳурдир. Имом Термизий: «У киши мўминларнинг оналарига тўрт юз мингга сотилган боғни васият қилганлар», деб келтиради. Ибн Шиҳоб Зуҳрий: «Аҳли бадрлардан ҳаёт бўлган ҳар бир кишига тўрт юз динордан маош тайин қилди. Улар ўшанда юз нафар эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам улар орасида бор эди. Аллоҳ йўлида мингта отни васият қилди», дейди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққоснинг ҳаққига дуолари қабулини сўраганлари ижобат бўлган эди. Саъд розияллоҳу анҳу кимга дуо қилсалар, дарҳол мустажоб бўлар эди[2].

Имом Аҳмад ва Термизий Абдуллоҳ ибн Умардан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ё Аллоҳ, Исломни бу икки киши – Абу Жаҳл[3] ёки Умар ибн Хаттобдан Ўзингга севимлироғи билан қувватлагин», дедилар.

Ибн Ҳиббон ва Ҳоким Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинган «Ё Аллоҳим, динни Умар ибн Хаттоб билан қувватлагин» деган лафзни саҳиҳ дейишган. У зотнинг Умар розияллоҳу анҳу ҳақидаги дуолари мустажоб бўлди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Умар Исломга киргандан бери азизликда бўлдик», деган экан.

Мадинада жума куни одамлар қаҳатчиликдан шикоят қилишганда ёмғир сўраб дуо қилганлари заҳоти ёмғир ёққани, келаси жумада ёмғир кўпайиб кетганидан шикоят қилишганда дуо қилишлари билан ҳаво очилиб кетгани тўғрисидаги ривоят икки «Саҳиҳ»да Анас ибн Моликдан ривоят қилинган.

Имом Байҳақий ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Қатодага: «Юзинг омон бўлсин. Ё Аллоҳ, унинг сочи ва терисига барака бер», деб дуо қилдилар. У киши етмишга кириб вафот этди. Ўшанда ҳам кўринишидан ўн беш яшар ўсмирга ўхшарди.

Имом Байҳақий ва Ибн Усом ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Нобиға Жаъдийга: «Тишинг тўкилмасин», деб дуо қилдилар. Унинг битта ҳам тиши тўкилмади».

Бошқа ривоятга кўра, у кишининг тишлари энг чиройли тиш бўлиб, биттаси тушса, ўрнига бошқаси ўсиб чиқар эди. Бир юз йигирма йил ёки ундан кўпроқ яшадилар, дейилган.

Имом Бухорий ва Муслим ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббоснинг ҳаққига: «Ё Аллоҳ, уни динда фақиҳ қил ва таъвилни ўргатгин», деб дуо қилдилар. Шундан кейин Ибн Аббос умматнинг олими, «Қуръоннинг таржимони»[4] деган номни олди.

Имом Байҳақий Амр ибн Ҳурайсдан келтирган ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Жаъфарнинг тижоратига барака сўраб дуо қилдилар. Шундан кейин нимани сотиб олса, албатта фойда кўрадиган бўлди».

Миқдод ибн Асваднинг ҳам савдосига барака сўраб дуо қилганлар. У кишининг катта қопларда моллари бўлар эди, дейилади[5]. Шунингдек Урва ибн Абу Жаъд ҳаққига ҳам дуо қилганлар. Ўзи айтади: «(Куфадаги) Кунаса бозорида ўтирар эдим. То қирқ минг дирҳам фойда топмагунимча турмас эдим»[6]. Имом Бухорий келтирган ривоятда «Агар тупроқ сотиб олса ҳам, фойда кўрар эди», дейилган.

Имом Муслим келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг онаси ҳаққига ҳидоят сўраб дуо қилганларида у Исломни қабул қилгани зикр қилинган.

Али розияллоҳу анҳуни иссиқ ва совуқдан сақлашини сўраб Аллоҳга дуо қилганларида иссиқ ҳам, совуқ ҳам таъсир қилмайдиган бўлган[7].

Қизлари Фотимаи Заҳрони очиқтирмаслигини Аллоҳдан сўраб дуо қилдилар. Фотима розияллоҳу анҳо айтади: «Дуоларидан кейин очликни ҳис қилмадим»[8].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Туфайл ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Давс зино ва рибо (судхўрлик) авж олган қабила. Уларни дуоибад қилинг», деди. Биз: «Давс ҳалок бўлди», деб турган эдик, у зот: «Ё Аллоҳим, Давсни ҳидоят қил», деб дуо қилдилар»[9].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Музар қабиласининг зарарига дуо қилдилар. Улар қаҳатчиликка йўлиқдилар. Қурайшликлар ялингандан кейин дуо қилганларида уларга ёмғир ёғди[10].

Имом Бухорий Ибн Аббосдан ривоят қилади: «Кисро (Форс ҳукмдори) у зотнинг йўллаган хатларини йиртиб ташлаганда: «Аллоҳ унинг мулку подшоҳлигини парчалаб ташласин», деб дуо қилдилар. Унинг подшоҳлигидан асар ҳам қолмади. Дунё юзида форсларнинг бошқаруви тугади».

Имом Муслим келтирган ривоятда Салама ибн Акваъ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини чап қўлда таом еяётганини кўриб: «Ўнг қўлинг билан тановул қил», дедилар. Ҳалиги киши: «(Ўнг қўлимни) ишлата олмайман», деди. У зот: «Ишлата олмагин», дедилар. У қўлини оғзига олиб боролмайдиган бўлиб қолди». У «Ўнг қўлимни ишлата олмайман» деган гапни ёлғондан, кибрланиб айтган эди. У зотнинг дуоларидан кейин овқат учун ҳам, бошқа ишлар учун ҳам ўнг қўлини кўтара олмайдиган бўлиб қолди.

Ибн Исҳоқ Урва ибн Зубайрдан келтиришича, Пайғамбар алайҳиссалом Абу Лаҳабнинг ўғли Утбани: «Ё Аллоҳим, унинг устига итларингдан бирини қўйиб юбор», деб дуо қилдилар. Сафарда кечаси бир шер уни шериклари орасидан топиб олиб еди.

 

Имом Бухорий ва Муслим келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд айтади: «Қурайшликлар сажда қилган вақтларида Расулуллоҳнинг бўйинларига ичак-чавоқлар ва қон тўкишди. У зот: «Ё Аллоҳ! Қурайшлик бу жамоани Сенга топширдим. Ё Аллоҳ! Абу Жаҳл, Утба ибн Робийъа, Шайба ибн Робийъа, Валид ибн Утба ва уларга ўхшашларини Сенга топширдим», дедилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Бадрда уларнинг ўлдирилганини кўрдим», дейди.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Каҳф сураси, 82-оят.

[2] Имом Термизий ривоят қилган. Байҳақий Қайс ибн Ҳозимдан мурсал ҳолда келтирган.

[3] Исми Амр ибн Ҳишом.

[4] Тафсир қилувчиси.

[5] Имом Байҳақий Бизоъа бинт Зубайрдан ривоят қилган.

[6] Имом Аҳмад ривояти.

[7] Имом Ибн Можа ва Байҳақий ривояти.

[8] Имом Байҳақий Имрон ибн Ҳусойндан ривоят қилган.

[9] Абу Зинод Аъраждан, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. 

[10] Имом Насоий Ибн Аббосдан ва Байҳақий Ибн Масъуддан ривоят қилган. Ривоятнинг асли икки «Саҳиҳ»да келган.

 

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ