Нарсалар хусусиятининг ўзгариши

3 йил аввал 2490 Абдулазиз Мўмин

 I

Одатда олов, электр токи, кимёвий унсурлар ва бошқалар таъсирида нарсалар хусусияти ва таркиби ўзгаришга учрайди. Бу ҳолатларни одамлар кўз билан кўриб, ҳис этадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарсани ушласалар, унинг сифати ўзгариб, аввалгидан бошқа ҳолга айланган.

Имом Бухорий келтирган ривоятда Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Бир марта Мадина аҳли қўрқувга тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Талҳанинг секин юрадиган отига миндилар. Қайтиб келганларида: «Отинг денгиз экан»[1], дедилар. Шундан кейин югуришда унга тенг келадиган ва ундан ўзадиган от топилмади».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жобир розияллоҳу анҳунинг юролмай қолган туясини хивчин билан ҳайдаган эдилар, чаққон ва учқур туяга айланди. Ҳатто Жобир розияллоҳу анҳу унинг жиловини бошқара олмай қолди[2].

Ибн Саъд ва Байҳақий келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Убоданинг имиллаб юрадиган эшагига миндилар. Қайтариб берганларида у чопқир бўлиб қолган эди.

Холид ибн Валид бош кийимига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир нечта соч толаларини солиб олган эди. Холид розияллоҳу анҳу ўша бош кийимини кийиб қайси жангда қатнашса, албатта ғалаба қозонар эди[3].

Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳо эски жубба(узун енгли усти кийим)ни[4] кўрсатиб: «Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кияр эдилар. Биз уни ювиб касалларимиз учун шифо истар эдик», деди[5].

Қози Иёз устози Абул Қосим ибн Маймундан шундай ривоят қилади: «Бизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериладиган бир товоқ бор эди. Биз унга сув солар эдик. Касаллар шифо истаб ундан ичишар эди».

Абу Нуъайм «Далоилун-нубувват» китобида, Ибн Сакан «Маърифатус-саҳоба» китобида шундай деб келтиради: «Жаҳжоҳ Ғифорий Усмон розияллоҳу анҳунинг қўлидан ҳассани олиб, тиззасига уриб синдирмоқчи бўлди. Одамлар бақириб юборишди. Шундан кейин қўтир тушиб оёғи ириб узилди. Бир йил ўтмасдан ўзи ҳам ўлди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратларидан қолган сув Қубо қудуғига қуйилди. Унинг суви ҳозиргача тугагани йўқ[6].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас розияллоҳу анҳунинг ҳовлисидаги қудуққа тупирган эдилар, Мадинада ундан ширинроқ сув бўлмади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир челак замзам келтирилди. Дам солганларида, мушки анбардан ҳам хушбўй бўлиб қолди[7].

Ҳасан ва Ҳусайн чанқоқликдан йиғлашар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак тилларини чиқарганларида сўришса, иккиси ҳам бирдан жим бўлиб қоларди[8]. У зот болалар, ёш гўдакларнинг оғизларига тупириб қўйсалар, шунинг ўзи уларга кечгача етар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари теккан нарсага барака киришига яна бир мисол. Салмон Форсий хўжайини билан уч юз туп хурмо кўчати экиш, уларнинг ҳаммаси кўкариб, ҳосил бериши, бундан ташқари қирқ уқия тилло тўлаши эвазига озод бўлиши тўғрисида шартнома тузди. Барча ниҳолни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари билан экдилар. Фақат биттасини бошқа биров ўтқазди. Ҳалиги биттадан ташқари ҳамма ниҳол тутиб кетиб, ҳосил берди. Тутмаганини суғуриб ташлаб, ўзлари ўтқазган эдилар, у ҳам илдиз олди.

Имом Баззорнинг келтиришича, хурмолар ўша йилнинг ўзида ҳосилга кирди. Фақат бошқа биров эккан бир туп ниҳол мева бермади. Кавлаб олиб, ўзлари экканларида у ҳам шу йилнинг ўзида мева тугди. Товуқнинг тухумидек тиллани табаррук қилиб Салмонга бердилар. Хўжайинига ундан қирқ уқия ўлчаб бергандан кейин ўзига яна шунча қолди.

 

II

Нарсаларнинг сифати ўзгариб, янги нарсага айланиши Аллоҳнинг қудрати билан бўлади. Бундай ишлар пайғамбарларга мўъжиза тарзида берилган. Қуйида юқорида келтирилган мисолларга қўшимча ўлароқ бошқаларини зикр этамиз.

Қосим ибн Собит келтирган ривоятда Ҳанаш ибн Уқайл айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга шавла ичирдилар. Бошини ўзлари ичдилар, охирини мен ичдим. Ҳали-ҳануз қорним очса – тўйимини, чанқасам –  чанқоқбосдисини, ташна бўлсам – салқинлигини ҳис этаман».

Имом Аҳмад Абу Саъид Худрийдан саҳиҳ санад билан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан бирга зим-зиё, қўрқинчли кечада намоз ўқиган Қатода ибн Нўъмонга хурмонинг қуриган новдасини бериб: «Ўзинг билан шуни олиб йўлга туш. У сенга олдингдан ўн зиро, ортингдан ўн зиро[9](масофа)ни ёритади. Уйингга кирганингда қора нарсага кўзинг тушади, уни то чиққунча ур, чунки у шайтондир», дедилар. У йўлга тушди. Хурмо новдаси атрофини ёритди. Уйига кирди. Қора шарпани кўрди ва уни чиқиб кетгунча урди».

Имом Байҳақий келтирган ривоятда Бадр жангида қиличи синиб қолган пайтда Уккоша розияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир таёқни бериб: «Шу билан ур», деганларида, ўша таёқ узун, мустаҳкам, ялтироқ, ўткир қиличга айлангани, у билан жанг қилгани, кейинчалик ҳам то «муртадлар жанги»да шаҳид бўлгунча ўша қилич билан иштирок этгани зикр этилган. Ўша қилич «авн» – ёрдам берувчи деб номланган экан.

Расулуллоҳнинг баракотларидан сути йўқ қўйларнинг елинига сут келгани ривоятларда собит бўлган. Бунга Мадинага ҳижрат чоғида Умму Маъбаднинг қўйи қиссаси[10], Муовия ибн Саврнинг қўйлари қиссаси[11], эмизган оналари Ҳалима онанинг қўйлари ва туялари қиссаси[12], Абдуллоҳ ибн Масъуднинг қўйи қиссаси[13], Миқдод розияллоҳу анҳунинг қўйи қиссаси[14] каби кўплаб воқеаларни мисол келтириш мумкин. Мазкур воқеаларнинг барчасида сутдан қолган ёки ҳали умуман қўзиламаган қўйларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баракотларидан сути кўпайиб, мўл-кўл сут бергани баён қилинган.

У зот сафарга отланган асҳобларига сув тўлдириб, идиш оғзини ёпиб, дуо қилганлари, намоз вақти бўлганда уловларидан тушиб, идишни очишса, унинг ичи тўла сут ва оғзида қаймоқ турганига гувоҳ бўлишган экан[15].

Утба ибн Фарқад розияллоҳу анҳунинг аёлларнинг хушбўйлигидан ҳам муаттар бир хушбўйлиги бор эди, чунки у кишининг хушбўйлигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баданларига суртган эдилар[16].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиз ибн Амр розияллоҳу анҳунинг юзидаги қонни артиб, ҳақҚига дуо қилдилар. У Ҳунайн кунида жароҳатланган эди. Шундан кейин унинг юзи оппоқ ва ялтироқ бўлди[17].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қайс ибн Зайд Жузомийнинг бошини силаб, ҳаққига дуо қилдилар. У юз ёшга кириб вафот этди. Сочи оппоқ эди. Лекин Расулуллоҳнинг қўллари теккан жойи қоп-қора эди. Уни «Қашқа» деб чақиришар эди[18].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳанзала ибн Ҳизямнинг бошига қўлларини қўйиб, барака сўраб дуо қилдилар. Ҳанзала олдига юзи шишган ёки ғурра бўлган одамларни олиб келишарди. Шишган жойни у зотнинг кафтлари теккан жойга теккизилса, тузалар эди[19].

Расули акрам алайҳиссалоту вассалом ёш болалар, касаллар ва ақлини йўқотган кишиларнинг бошларини силаганларида соғайиб кетишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр ёки Ҳунайн жангида бир сиқим тупроқни олиб кофирларнинг юзига сепа туриб: «Уларнинг юзлари қурсин», дедилар. Улар кўзларига тушган чанг-ғуборларни артганча ортларига қайта бошлашди[20].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёдлаган нарсасини унутиб қўяётганидан шикоят қилди. У зот у кишига кийимини ёзишни буюрдилар ва кафтлари билан оғизларидан бир нарсани олгандек ишора қилдилар. Сўнгра кийимни ўрашни буюрдилар. Абу Ҳурайра айтганларидек қилди. Шундан кейин ёдлагани эсидан чиқмайдиган бўлди[21].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам от устида тура олмайдиган Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг кўксига уриб, дуо қилганларида арабларнинг энг шижоатли чавандозларидан бирига айланди[22].

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Текис ва тез югуриш маъносида 

[2] Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

[3] Имом Байҳақий ривояти.

[4] Бу муборак жубба Оиша онамизнинг вафотларидан кейин опаси Асмо розияллоҳу анҳога ўтган.

[5] Имом Муслим, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривояти.

[6] Имом Байҳақий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[7] Имом Ибн Можа ривояти. Байҳақий Воил Ҳазрамийдан келтирган ривоятда замзам суви айтилмаган.

[8] Имом Табароний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[9] Бир зиро -– 61,2см

[10] Ибн Саъд, Табароний Абу Маъбад Хузоийдан ривоят қилган.

[11] Ибн Саъд ва Ибн Шоҳин Жаъд ибн Абдуллоҳдан ривоят қилган.

[12] Имом Табароний ва Абу Яъло ҳасан санад билан ривоят қилган.

[13] Имом Байҳақий ривоят қилган.

[14] Имом Муслим ривоят қилган.

[15] Ибн Саъд Солим ибн Жаъддан мурсал ҳолда ривоят қилган.

[16] Имом Табароний ва Байҳақий ривоят қилган.

[17] Имом Табароний ривоят қилган.

[18] Ибн Калбий келтирган.

[19] Имом Байҳақий ва бошқалар ривоят қилган.

[20] Имом Муслим Салама ибн Акваъдан ривоят қилган.

[21] Имом Муслим ривоят қилган. 

[22] Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

 

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ