Келажак хабарлари (I)

3 йил аввал 1567 Абдулазиз Мўмин

Билингки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирилган хабарлар рост бўлиб, у зот уларни ўз ҳолида етказганлар. Умматларида рўй берадиган воқеа-ҳодисалардан хабар беришлари Аллоҳ таолонинг билдириши туфайли бўлган, чунки ғайбни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Пайғамбарларга нима билдирилса, улар ҳам фақат ўшани билишади, ортиғидан бохабар бўла олишмайди.

Имом Муслим Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенинг устингда намозни вақтидан кечиктирадиган амирлар бўлса нима қиласан?» дедилар. «Менга нимани буюрасиз?» дедим. У зот: «Намозни ўз вақтида адо эт. Улар билан ҳам ўқиб олавер. Буниси сенга нафл бўлади», дедилар.

Имом Аҳмад, Табароний ва Баззор келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Умматимдан ўттизта каззоб чиқади. Улардан тўрттаси аёлдир». Мусайлама, Асвад Ансий, Мухтор ибн Абу Убайд Сақафий пайғамбарлик даъвосини қилган кишилар бўлиб, Сажаҳ исмли аёл ҳам Мусайлама замонида пайғамбарлик даъвоси билан чиққан.

Имом Бухорий ва Муслим Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Замонларнинг яхшиси менинг замонимдир. Сўнгра кейин келадигани, сўнгра улардан кейин келадиганидир. Шундан кейин бир қавм келади. Улар гувоҳ бўладилар, лекин гувоҳ қилинмайдилар. Улардан хиёнат содир бўлади, омонатдор бўлмайдилар. Назр қиладилар, назрларига вафо қилмайдилар. Улар орасида семизлик зоҳир бўлади», дедилар.

Икки «Саҳиҳ»да келган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг ҳалокати Қурайшдан бўлган ёш болаларнинг қўлида бўлади», дедилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Агар истасам, сизларга уларни «Бану фалон, Бану фалон» деб нома-ном айтиб бераман», деганлар. Имом Қуртубий: «Улар Язид ибн Муовия, Абдуллоҳ ибн Зиёд ва уларнинг йўлидан юрган Бану Умайянинг подшоҳлари, Аллоҳ билувчироқдир», деган.

Имом Термизий, Абу Довуд ва Ҳоким келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қадарийлар[1] бу умматнинг мажусийларидир», деганлар. Ҳақиқатда шундай фирқа чиқиб, ўз ғоясини илгари сурди ва кўп вақт ўтмай йўқ бўлиб кетди.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббосдан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Одамлар кўпаядилар, (динга) ёрдам берувчилар камайиб кетиб, таомдаги туз каби бўлиб қоладилар. Уларнинг ишлари бўлиниб-бўлиниб кетаверади. Охир-оқибатда уларга тегишли бирон жамоа ҳам қолмайди. Шундан кейин ўзиники қилиб эгаллаб олишга (манфаатпарастликка) йўлиқадилар». Яъмурий раҳматуллоҳи алайҳ: «Бундай эгаллаб олиш Муовиянинг замонида юз берган эди», дейди.

Имом Бухорий ва Муслим Умар розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яланғоч, ялангаёқ чўпонларнинг бино қуришда мусобақлашишлари, чўри хўжайинини туғишини[2] қиёмат аломатларидан дея хабар берганлар.

Байтул мақдис фатҳ қилингандан кейин ўлат касали тарқалишини хабар бердилар[3]. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Байтул мақдиснинг Амвос номли қишлоғида ўлат тарқалди. Мусулмон аскарлар ўша ерда қўним топган эдилар. У Исломда юз берган биринчи ўлат бўлиб, уч кун ичида етмиш минг киши ҳалок бўлган.

Умматларининг денгизда жанг олиб боришларини хабар бердилар[4]. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг даврида мусулмонларнинг илк ҳарбий денгиз флоти ташкил қилинди.

Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар иймон Сурайё(юлдузи)га илинган бўлса ҳам, форс ўғлонларидан бўлган кишилар уни қўлга киритадилар», деганлар. Уламолар ҳадиси шарифдаги маънони имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга ишора деганлар.

Имом Абу Довуд ва Насоий келтирган ривоятда Зайд ибн Холид Жуҳаний айтади: «Хайбар кунида бир киши вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда хабар берилди. У зот: «Соҳибингиз (тақсим қилинишидан олдин) ўлжадан ўғирлаб олган», дедилар. Нарсаларини очиб қараганимизда баҳоси икки дирҳам турадиган яҳудийларнинг бир мунчоғи чиқди».

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари билан Бану Мусталақ ғазотидан қайтаётган эдилар. Кучли шамол туриб, чанг-тўзон кўтарилди. Ҳатто улов минганларни кўмиб юборишига оз қолди. Ўша кечада у зотнинг туялари йўқолиб қолди. Мунофиқлардан бири: «Муҳаммад ғайбни биламан деб даъво қилади-ю, туяси қаердалигини билмайди. Ваҳий олиб келадигани хабар бермасмикан?» деди. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳга мунофиқнинг гапи ва туянинг жойини хабар бердилар. Расулуллоҳ бу хабарни асҳобларига етказиб туриб: «Мен ғайбни биламан деб даъво қилмайман, лекин Аллоҳ менга мунофиқнинг гапи ва туямнинг жойини билдирди. Туя дарада, югани бир дарахтга илинган ҳолда турибди», дедилар. Саҳобалар дара томон ошиқишди ва туяни айтган ерларидан, қандай сифатлаган бўлсалар, худди шундай ҳолатда топиб, олиб келдилар. Мунофиқ иймон келтирди[5].



[1] Икки яратувчи борлигини даъво қилувчилар. Уларнинг фикрича, яхшиликни яратувчи – Аллоҳ, ёмонликни яратувчи – инсондир. Бизнинг аҳли сунна вал жамоа эътиқодимиз бўйича, амал яратилиши ва пайдо қилиниши жиҳатидан Аллоҳ таолога, уни қилиш ва амалга ошириш жиҳатидан бандага нисбат берилади, чунки Аллоҳ «Ҳар бир нарсани яратувчидир».

[2] Уламолар ҳадисдаги мазкур иборани ота-онасига оқ бўлувчилар, уларнинг ҳақларини адо қилмайдиганларнинг кўпайиб кетишидан киноя, дейишган.

[3] Имом Бухорий Авф ибн Моликдан ривоят қилган.

[4] Имом Бухорий ва Муслим Умму Ҳаром бинт Милҳондан ривоят қилган. 

[5] Имом Байҳақий ривоят қилган.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ