Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳимоясида (II)

2 йил аввал 1226 Абдулазиз Мўмин

Имом Муслим ва Абу Довуд келтирган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Абу Жаҳл Қурайшга: «Муҳаммадни намоз ўқиётганини кўрсам, албатта бўйнини эзаман», деб ваъда бериб, қасам ичди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозга киришганларини хабар беришди. У келди. Расулуллоҳга яқинлашганида қўли билан ўзини тўсганча орқасига ўгирилиб қоча бошлади. Бунинг сабабини сўрашганда: «Олдига яқинлашганимда оловга тўла бир хандақ олдига келиб қолибман. Тушиб кетишимга сал қолди. Даҳшатли ҳолатга ва ер юзини қоплайдиган кенгликдаги қанотлар силкинишига гувоҳ бўлдим», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар фаришталар эди. Агар яқинлашганда тилка-пора қилиб ташлашарди», дедилар. Сўнгра ушбу оятлар нозил қилинди: «Йўқ! Инсон албатта туғёнга кетур. Агар ўзини беҳожат кўрса. Албатта, қайтиб бориш Роббинггадир. Қайтарганни кўрдингми... бандани намоз ўқиётганида?! Айт-чи, агар ўша ҳидоятда бўлса ёки тақвога чақирса. Айт-чи, агар у ёлғонга чиқарса ва юз ўгирса. Аллоҳ уни кўриб туришини билмасми? Йўқ! Агар қайтмаса, пешонасидан шиддат-ла тутармиз! Ёлғончи хатокор пешонасидан! Бас, у ўз жамоасини чақирсин. Биз ҳам забонияларни чақирурмиз. Йўқ! Сен унга итоат қилма! Сажда қил ва қурбат ҳосил қил»[1].

Имом Абу Нуъайм келтирган ривоят Ҳунайн жангида қатнашган, отаси ва амакиси Ҳамза розияллоҳу анҳу томонидан қатл қилинган Шайба ибн Усмон Ҳажабий айтади: «Мен Муҳаммаддан бугун ўчимни оламан» дедим. Одамлар жанг билан машғул пайтида орқаларидан келиб, қилич солмоқчи бўлиб, яқинлашган эдим, чақмоқдан ҳам тез аланга кўтарилди. Ортимга қочдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени сезиб, ёнларига чақирдилар ва қўлларини кўксимга қўйдилар. Ҳолбуки у зот мен энг ёмон кўрган инсон эди. Қўлларини олишлари билан энг яхши кўрган одамимга айландилар. Менга: «Бор, жанг қил», дедилар. Олдиларида қиличим билан курашиб, у зот учун ўзимни қалқон қилар эдим. Ўша лаҳзаларда отамга йўлиқсам ҳам, у зотнинг ҳимояси учун аямас эдим».

Расули акрамни ўлдиришни қасд қилган Шайба Ҳажабийнинг бирданига у зотни ҳимоя қилувчига айланиб қолиши очиқ-ойдин мўъжизадир.

Ибн Исҳоқ ва Ибн Саййидуннас келтирган ривоятда Фузола ибн Амр айтади: «Мен Макка фатҳи кунида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтуллоҳни тавоф қилаётганларида у зотни ўлдирмоқчи бўлдим. Ёнларига яқинлашганимда: «Фузоламисан?» дедилар. «Ҳа», дедим. «Ичингда нималарни ўйлаяпсан?» дедилар. Мен: «Ҳеч нарсани», дедим. У зот кулдилар-да, мен учун истиғфор айтиб, қўлларини кўксимга босдилар. Қалбим ором топди[2]. Аллоҳга қасамки, қўлларини олганда Аллоҳ таоло яратганлари ичида мен учун энг севимли кишига айланган эдилар».

Яҳудий ва насронийларнинг кўплаб олимлари ва коҳинлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишларидан хавотирланиб, у зотни ўлдиришга одамларни тарғиб қилишди. Лекин Аллоҳ таоло у зотни ҳар доим ҳифзу ҳимоясида сақлаб, динни тўла-тўкис етказишга муваффақ этди.

Агар биз юқорида зикри ўтган ва бошқа воқеаларни диққат билан мулоҳаза қилсак, Аллоҳ таоло ҳар доим Расулини асраганига гувоҳ бўламиз. Душманлар у зотга зарар бериш, суиқасд қилиш учун ҳар қанча ҳаракат қилишмасин, барча ҳолатда Аллоҳ у зотга нажот берди. Мушкул вазиятлардан қутқарди. Бу ҳақиқатни мушрикларнинг ўзлари ҳам тан олишди. Бу каби мўъжизалар, ҳайратланарли воқеаларнинг шоҳиди бўлган ғаразгўй кишилар дўстга айланиб, у зотни яхши кўриб қолишди. Буларнинг барчаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳақ элчиси эканликларини, у зотнинг зиммаларида Аллоҳнинг ваҳийини, Унга иймон келтириш, Унинг ўзигагина ибодат қилишга даъват этиш вазифаси турганини тасдиқлайди.

Қисқа муддат ичида ер юзи бўйлаб Ислом дини тарқалиб, одамлар қалбидан мустаҳкам жой олишининг ўзи улкан мўъжиза бўлиб, даҳрийлардан иборат залолат аҳлига қарши ҳужжат бўлишга етарлидир. Чунки у зот бу диннинг машриқу мағрибга ёйилишини, ҳар замон ва ҳар жойда бўлишини хабар берган эдилар.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Алақ сураси, 6–19-оятлар. 

[2] Аллоҳ таолонинг маърифати ҳосил бўлгани учун қалбида хотиржамлик пайдо бўлди.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ