Насроний ва яҳудийларнинг олимларидан келган хабарларда пайғамбарлик белгилари

6 йил аввал 2868 Абдулазиз Мўмин

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари ҳақида насроний ва яҳудийларнинг олимларидан кўплаб хабарлар келган. Уларда у зотнинг исмлари, сифатлари, белгилари, умматларининг сифатлари зикр қилинган. Роҳиб Баҳийронинг қиссаси шулар жумласидандир. Расулуллоҳ ёшликларида амакилари Абу Толиб ва бир қанча Қурайш зодагонлари билан Шомнинг Бусро шаҳрига боришган. Ўшанда роҳиб ибодатхонасидан тушиб, улар билан кўришиб, келажакда буюк инсон бўлиб етишадиган бу йигитни асраш зарурлигини хабар беради. Бану Абдул Ашҳал уруғидан бир яҳудий олим қавмига қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, амаллар тарозиси, жаннат ва дўзах ҳақида ваъз қилди. Бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларидан олдин бўлиб ўтган. Улар: «Ўлгандан кейин жаннат ва дўзах бор, инсон амалларига қараб мукофот ёки жазо оладиган жойда бўлишадими?» дедилар. У: «Ҳа, сизлар катта тандирга олов ёқиб, унга мени ташлаб, устини беркитсангиз, шунинг эвазига эртага дўзахдан нажот топсам, рози эдим», деди. «Бунинг аломати нима?» дейишди. У: «Аллоҳ мана шу юртлардан бир пайғамбар чиқаради», деб Макка томонга ишора қилди. Улар: «Қачон?» дейишди. У қавмдаги энг кичик болага ишора қилиб: «Агар мана шу бола яшаса кўради», деди. Ўша яҳудий олим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар қилиб юборилганларида иймон келтирмади. Унга «Ахир бизга сен хабар бермаганмидинг?» дейишганда, у: «Мен айтган у эмас», деган экан.

Асли яҳудий бўлган Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу: «Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом ва Ийсо алайҳиссаломнинг Тавротдаги сифатларини улар яширишган», дейди.

Исломга киришида олдин яҳудийликка эътиқод қилган Каъбул Аҳбор раҳматуллоҳи алайҳ: «Биз Тавротда шундай ёзилганини кўрар эдик: «Муҳаммад Аллоҳнинг расули. Менинг танланган бандам. Туғилган жойи Макка, ҳижрат қиладиган жойи Тойба, салтанати Шомдадир. Унинг уммати хурсандлик ва хафалик кунларида Аллоҳга ҳамд айтадилар. Унинг Тавротдаги исми Муҳаммад, Инжилдагиси Аҳмаддир».

Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Забурда: «Эй Довуд, сендан кейин исми Аҳмад ва Муҳаммад бўлган, ростгўй, улуғ пайғамбар келади. Мен унга ҳеч қачон ғазаб қилмайман. У менга ҳеч қачон итоатсизлик қилмайди. Мен унинг олдинги ва кейинги гуноҳларини осий бўлишидан олдин кечирганман. Уммати раҳматимга сазовор бўлган умматдир. Уларга пайғамбарларга ато қилган нафлларни ато қилдим. Уларга анбиё ва расулларга фарз қилган фарзларни фарз қилдимки, қиёмат кунида нурлари пайғамбарларнинг нурлари каби бўлиб келишади», дейилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига далолат қилувчи маълумотлар қадимда ўтган якка худоликка эътиқод қилувчиларнинг шеърларида ҳам учрайди. Бунга Туббаъ[1], Каъб ибн Луай (Расулуллоҳнинг еттинчи боболари), Қус ибн Соида[2], Сайф ибн Зиязин[3] ва бошқаларнинг шеър ва мадҳияларини мисол келтириш мумкин. Салмон Форсий ўзига устозлик қилган роҳибдан: «Ўзингиздан кейин кимнинг ҳузурида бўлишимни маслаҳат берасиз?» деб сўраганда, у: «Сенга эргашишинг учун йўлимизни тутган бирор кимни тавсия қила олмайман. Лекин ўйлайманки, Ҳарамдан чиқадиган, ҳижрат қиладиган жойи хурмозор ва тошлоқзор[4] ерлар бўлган пайғамбарнинг замони яқинлашди. Унинг аниқ аломатлари бор. Икки елкаси орасида нубувват муҳри бор. Ҳадяни ейди, садақани емайди. У ерга бора олсанг, бор», деди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида ёлғиз Аллоҳга сиғинишни ихтиёр этган араб донишмандлари ҳам хабар беришган эди. Бунга жаннат башорати берилган Саъид ибн Зайднинг оталари Зайд ибн Амрни мисол қилиш мумкин. У киши Иброҳим алайҳиссалом дини асосида якка Аллоҳга ибодат қилар, Қурайшнинг бут-санамларга атаб сўйган жонлиқлари гўштидан емас эди. У роҳиблардан ўз еридан пайғамбар чиққани ёки чиқишини эшитган эди. Лекин нубувватдан олдин вафот этди. Хадижа онамиз Расулуллоҳ билан сафарда бирга бўлган хизматкорлари Майсарадан эшитган воқеаларни амакиларининг ўғли Варақа ибн Навфалга айтганларида у: «Агар бу гаплар рост бўлса, Муҳаммад бу умматнинг набийи бўлади», деган эди.

Яҳудийларнинг олимлари Таврот ва Инжилда келган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини хабар беришар эди. Тавротда шундай дейилган: «Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга: «Ҳожар фарзанд кўради. Унинг болаларидан қўли барчанинг устида бўлган, барчанинг қўли хокисорлик ила унга очилган пайғамбар чиқади. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: «Мен уларнинг биродарлари болаларидан сенга ўхшаш набий қоим қиламан. Унинг оғзида сўзимни жорий қиламан. У Менинг амримни етказади. Менинг номим билан сўзлаган набийнинг гапини қабул қилмаган кишидан, албатта ўч оламан».

Инжилда шундай дейилган экан: «Ийсо алайҳиссалом деди: «Албатта, мен Роббимдан сизлар билан то абад қоладиган Форақлит[5] сўрайман. Форақлит – Роббим менинг исмим (пайғамбарлик) билан юборадиган Муқаддас Руҳдир. У сизларга таълим беради, барча нарсаларни улашади, менинг айтганларимни эслатади. Мен сизларга иймон келтиришингиз учун юборилишидан олдин у ҳақда хабар бердим. Ҳозир сизнинг орангиздан кетишим сизлар учун яхшироқдир. Агар Роббингиз ҳузурига кетмасам, сизларга Форақлит келмайди. Кетсам, уни сизларга юбораман...»

Яҳудийларнинг олимларидан келтирилган хабарларни Исломни қабул қилган ишончли кишилар нақл қилишган. Абдуллоҳ ибн Салом, Бинямин, Мухайриқ, Каъбул Аҳбор, Баҳийро, Настур, Шом руҳонийлари, Жоруд, Салмон Форсий, Нажоший, Ҳабашистон насронийлари, Нажрон епископлари ва бошқа Исломга кирган насроний ва яҳудий олимлар шулар қаторидадир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларини ҳукмдорлардан Рум буюги Ҳирақл, Миср подшоҳи Муқовқис эътироф қилган эди.

Ибн Сурия, Ҳуяй ибн Ахтоб, Абу Ёсир ибн Ахтоб, Каъб ибн Асад, Зубайр ибн Ботия каби қабила бошлиқлари ва етакчилар ҳам тан олишган. Аммо ҳасад, рақобат ва мансабпарастлик уларни иймондан тўсди. Бу борадаги хабарлар сонсиз-саноқсиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган ишлар яҳудий ва насронийларнинг қулоқларга тинимсиз етиб бориб турди. Уларнинг китобларида у зот билан асҳобларининг сифатлари аниқ баён қилинган эди.

Китобларида ёзилган илоҳий сўзларни ўзгартирганлари, яширганлари, нотўғри таъвил қилганлари, ҳақни баён қилишда тилларини бурганлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни танқид қилдилар, китобларини олиб келиш ва ўртада ҳакам қилишга чақирдилар. Ким ёлғон гапираётган бўлса, ўшани лаънатлашга даъват қилдилар. Лекин улар айблари очилиб қолиши, китобларида даъволарининг тескариси чиқиб қолишидан қўрқдилар. Аслида улар китобларидаги хабарларни юзага чиқарсалар, шунинг ўзи қон тўкиш, даҳшатли маблағлар сарфлаш, юртларни вайрон қилиш ва жангу жадаллардан яхшироқ бўлар эди.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Яман подшоҳларидан бири. 

[2] Араб донишмандларидан бири.

[3] Яман аҳлининг шарафлиларидан бири.

[4] Мадинаи мунавварага ишора қилинган. 

[5] Пайғамбар алайҳиссаломнинг Инжилдаги исмлари бўлиб, махфийликларни очувчи деган маънони англатади.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ