Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликка далолат қилувчи болаликдаги белгилари

6 йил аввал 2342 siyrat.uz

Пайғамбарликларидан дарак берувчи белгилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болаликларидаёқ кўзга ташланган эди. У зотни эмизган энагалари Ҳалима она айтади: «Уни етимлиги учун ҳеч ким ўзига олмаган эди. Мен юкларимиз турган жойга олиб келдим. Кўкрагимни тутсам, у ҳам, акаси ҳам тўйди. Эрим қараса, туямизнинг елини сутга тўла экан. Мириқиб сут ичдик. Ўша кеча ором олиб ухладик. Эрим: «Муборак болани олибсан. Қара, бугунимиз қанчалик хайрли ва баракотли ўтди», деди. Минган урғочи эшагим келишда энг орқада қолиб кетган эди. Қайтишда ҳамманикидан ўзиб кетиб, олдинда келди. Дугоналарим: «Эй Ҳалима, бу эшак боришда миниб борган эшагингми?» деб ҳайрон қолишарди. Мен: «Аллоҳга қасамки, ўша», дердим. Улар: «Аллоҳга қасамки, унда бир хислат бор», дедилар. Ўзимизнинг Бану Саъдга етиб келдик. Ўша пайтларда бизларнинг жойларимиздан ҳам қуриб-қақшаган ер йўқ эди. Шунга қарамай қўйларим чиқиб кетиб, тўйиб, елинлари сутга тўлиб қайтиб келарди. Атрофимизда қўйлар сут йиғадиган бир чимдим ўт йўқ эди. Одамларнинг қўйлари эрталаб кетиб, кечқурун оч қайтарди... Аллоҳ бизга унинг баракотини ҳамиша кўрсатиб турди»[1].

Ибн Саъд ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Аббосдан келтирган ривоятда шундай дейилади: «У зот ёшликларида амакилари Абу Толибнинг оиласи билан бирга таом еганларида ҳамманинг қорни тўйиб, чанқоғи босилар эди. У зот йўқ пайтларида тўймай қолишар эди. Абу Толибнинг қолган болалари сочлари тўзиб, ранглари ўзгариб тонг оттиришса, у зот сочлари ёғлангандек, юзлари тиниқ, кўзларига сурма қўйилгандек уйғонар эдилар.

Энагалари Умму Айман: «У зотни ёшликларида ҳам, улғайганларидан кейин ҳам очлик ёки чанқоқликдан шикоят қилганларини билмайман», дейдилар[2].

У зот санамларни ёмон кўрган ва жоҳилият бемаъниликларидан сақланган ҳолда тарбия топдилар. Разолат авжига чиққан даврда Аллоҳ таоло у зотни яхши ишлар, гўзал хислатлар билан зийнатлади. Барча ёмонликлардан асради. Ахлоқсизликлардан сақлади.

Шомга тижорат сафарига чиққанларида бориб-келгунларича булут соя қилиб турди[3]. Ҳалима она у зотга булут соя солиб турганини ўз кўзи билан кўрардилар[4].

Ваҳий тушишдан олдин у зотга хилват-ёлғиз қолиш яхши кўрсатилди. Ҳиро ғорида бир ўзлари қолиб ибодат қилар эдилар[5]. Бу ҳам пайғамбарлик нишонаси эди.

Вафотлари яқинлашгани ўзларига билдирилди[6]. Қабрлари Мадинада, уйларида бўлиши ҳам билдирилган эди. Абу Нуъайм Маъқил ибн Ясордан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мадина менинг ҳижрат қиладиган жойим ва ерда ётадиган ўрнимдир» деганлар. Имом Байҳақий Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда у зот қабрлари уйларида бўлишини айтган эканлар.

Жон таслим қилиш пайтида Аллоҳ таоло у зотга дунё ёки охиратдан бирини танлаш ихтиёрини берган эди[7]. Уйлари билан минбарлари орасида жаннат боғларидан бири борлигини хабар бердилар. Буларнинг барчаси пайғамбарлик аломатлари бўлиши баробарида у зотнинг мартабалари қанчалар юксак эканини кўрсатади.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Ибн Исҳоқ, Ибн Ҳиббон, Табароний, Абу Яъло ва Ҳоким ривоят қилган. Байҳақий яхши санад билан Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоят қилган.

[2] Ибн Саъд ва Абу Нуъайм ривояти 

[3] Имом Термизий ва Байҳақий ривояти.

[4] Воқидий, Ибн Саъд ривояти. Ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилган.

[5] Имом Бухорий ривояти.

[6] Имом Бухорий ва Муслим ривояти. 

[7] Имом Байҳақий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ