Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларига хилоф қилишнинг ҳукми

6 йил аввал 2230 Абдулазиз Мўмин

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ваҳийини етказиш ва Унинг дини ва шариатига даъват қилиш учун юборилган Аллоҳнинг элчисидир. Шунинг учун дин ишларида у зотга хилоф қилиш Аллоҳнинг амрига ва шариатига хилоф қилиш ҳукмида бўлади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига зид иш қилиш, у зотнинг суннатларини ўзгартириш бидъат ва залолат ҳисобланади. Бундай кимсаларни Аллоҳ таоло бахтсизлик ва азобга дучор бўлишдан огоҳлантириб: «(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар!»[1] деган. Яъни Расулуллоҳнинг амридан юз ўгирадиганлар шу дунёнинг ўзида бир фитна ёки балога гирифтор бўлиш ёхуд охиратда аламли азоб-уқубатларга дучор бўлишдан эҳтиёт бўлсинлар. Ояти карима азобдан огоҳлантириш билан якунлангани учун бу буйруқ вожибликка далолат қилади.

Мазкур оятни бошқа оят ҳам таъкидлайди: «Кимга ҳидоят аниқ бўлгандан кейин Расулга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан ўзгасига эргашса, Биз уни ўзи кетаётган йўлига қўйиб берамиз ва уни жаҳаннамда куйдирамиз. Нақадар нохуш жой у!»[2] Яъни Аллоҳ таоло баён қилгандан кейин очиқ-ойдин ҳақиқатга ким зид иш қилса, эътиқод ва шаръий ҳукмларда мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, Биз уни ўзи ихтиёр этган залолатга ташлаб қўямиз ва дўзах оловида куйдирамиз. Дўзах қандай ҳам ёмон борар жойдир.

Бу оятда уммат ижмосига хилоф қилишнинг ҳаром эканлигига далил бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ҳовузимдан бир қанча кишилар бегона туялар (сув ичиш жойидан) тўсилгандек тўсиладилар. Мен: «Ҳой, келинглар, келинглар», деб чақираман. Менга «Улар сиздан кейин (динни) ўзгартиришган»[3], дейилади. Мен: «(Аллоҳнинг раҳматидан) узоқ бўлсин, узоқ бўлсин, узоқ бўлсин!» дейман»[4].

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас». Яъни мен билан унинг ўртасида алоқа йўқ. У менинг издошларимдан эмас.

Тавротдан бир мактуб олиб келинганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Пайғамбари келтирган нарсани қўйиб бошқа пайғамбарларникига ёки ўзларининг китобларини қўйиб бошқа китобга мойил бўлиш қавмнинг аҳмоқлиги ёки залолати учун етарлидир»[5], дедилар.

Бошқа ривоятда: «Мусулмонлардан айримлари яҳудийлардан эшитиб, ёзган мактубларини олиб келишди. У зот: «Пайғамбари келтирган нарсадан юз ўгириб, бошқа пайғамбар келтирган нарсага мойил бўлиши қавмнинг аҳмоқлиги ёки залолати учун етарлидир», дедилар. Ушбу «Ахир, уларга тиловат қилаётган (шу) Китобни Биз сенга нозил қилганимиз улар учун етарли эмасми?»[6] ояти ўшанда нозил бўлган.

Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чуқур кетувчилар ҳалок бўлди», дедилар. Яъни сўз ва амалда муболаға қилувчилар, ҳаддан ошувчилар адашадилар, ҳалокатга учрайдилар.

Саҳобаи киромлар Пайғамбар алайҳиссалом келтирган ҳар бир нарсага қаттиқ эътибор берар ва жуда ҳам мустаҳкам ушлар эдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ишлардан бирортасини тарк қилмайман. Агар бирор нарсани тарк қиладиган бўлсам, ҳақдан оғишишдан қўрқаман», деган экан.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам амрларига қарши чиқиш Аллоҳ таолонинг амрига қарши чиқиш билан баробар бўлиб, дунёвий ва ухровий жазони келтириб чиқаради, чунки бу иш Аллоҳнинг ваҳийидан юз ўгириш ҳисобланади. Суннати набавия ҳам ваҳий саналади. Маълумки, Қуръоннинг назми ҳам, маъноси ҳам ваҳийдир. Илоҳий ваҳийдан юз ўгирувчилар ҳавои нафси саҳросида сарсон-саргардон ҳолда юрувчилар, залолат ботқоғига ботганлар ҳисобланадилар.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Нур сураси, 63-оят 

[2] Нисо сураси, 115-оят.

[3] Динни ўзгартирганлар ҳақида уч хил фикр айтилган: 1. Амали билан эътиқоди бошқа-бошқа бўлган мунофиқлар. 2. Расулуллоҳнинг замоналарида мусулмон бўлиб, кейин диндан қайтганлар. 3. Аҳли тавҳид бўлиб, катта гуноҳлардан тавба қилмай ўтганлар ва аҳли бидъатлар. Охирги учинчи тоифани дўзахий деб ҳукм қилинмайди.

[4] Имом Молик ривояти. Имом Муслим, Абу Довуд ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Ҳадиснинг бошида Расулуллоҳнинг Мадинадаги Бақиъ қабристонига чиққанлари, умматларининг сифатлари ва фазилатлари зикр қилинган.

[5] Имом Абу Довуд, Доримий, Фирябий, Ибн Жарир, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим Яҳё ибн Жаъдадан ривоят қилган. 

[6] Анкабут сураси, 51-оят.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ