Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришнинг ажри

1 йил аввал 2012 Абдулазиз Мўмин

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш иймон аҳлларининг сармояси ва Ислом аҳкомларининг татбиқидир. Зеро, яхши кўришдан мақсад қуруқ эҳтирос ва ҳиссиётнинг ўзи эмас, балки у зотдан келган ҳар бир кўрсатмани қабул қилиш, бажариш ва лозим тутишдир. Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ ва Унинг расулидан олдин шошилманглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир» (Ҳужурот сураси, 1-оят), деган. Ушбу оят у зотнинг кўрсатмаларини ҳар қандай нарсадан устун қўйиш, уларга бўйсунишни тақозо этади.

Қалби Расулулллоҳга муҳаббат билан лиммо-лим бўлган, у зотнинг айтганларига итоат этишни ҳамма нарсадан афзал деб билган мўмин албатта Аллоҳнинг розилиги ва фазлу марҳаматига сазовор бўлади ва жаннатда у зотга қўшни бўлиш бахтини қўлга киритади. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир. Имом Бухорий келтирган ривоятда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Бир киши Набий соллаллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Аллоҳнинг расули, қиёмат қачон бўлади?» деди. У зот: «Унга нима ҳозирладинг?» дедилар. У: «Унга кўп намоз ҳам, рўза ҳам, садақа ҳам ҳозирлаганим йўқ. Лекин мен Аллоҳ ва Унинг расулини яхши кўраман», деди. У зот: «Сен яхши кўрганинг билан бирга бўласан», дедилар.

Ҳадисда зикр қилинган муҳаббатдан мурод Аллоҳ ва расулига итоат этиш ва розиликларига сабаб бўладиган фарз ва суннат амалларни адо этишдир. Бу муҳаббатнинг самараси жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишдир. Итоат қилиб, муҳаббат даъвосини қилиш лозим. Аммо итоат қилмасдан муҳаббатни даъво қилиш исбот-далилсиз қуруқ гапга ўхшаб қолади. Пайғамбар алайҳиссаломга қанча кўп эргашилса, муҳаббат ҳам шунча ортиб, мукаммаллашиб боради. Охир-оқибат у зот билан бирга бўлиш мақомига мушарраф бўлинади. Ушбу маънони қуйидаги ҳадис ҳам таъкидлайди.

Имом Термизий ва Насоий келтирган ривоятда Сафвон ибн Қудома розияллоҳу анҳу айтади: «Ҳижрат қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим ва: «Ё Аллоҳнинг расули! Қўлингизни узатинг байъат қилай», дедим. У зот қўлларини узатдилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, мен сизни яхши кўраман», дедим. У зот: «Киши яхши кўргани билан бирга бўлади»[1], дедилар.

Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда: «Киши яхши кўргани билан бирга бўлади ва унга касб қилгани бордир», дейилган. Ушбу ривоятдаги «унга касб қилгани бордир» деган жумлада итоат асосларини ўзлаштириб, амал қилишга қараб Расулуллоҳга яқинлашиш ортишига ишора бор.

Аллоҳ таолонинг «Кимда-ким Аллоҳ ва Расулга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар: пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар қандай ҳам яхши ҳамроҳдир»[2] деган. Бу оятда пайғамбарлар билан биргаликда бошқаларнинг зикр қилинишида солиҳликда мукаммал бўлмаганлар солиҳликда мукаммал бўлганларни яхши кўриши билан улар қаторидан жой олишларига ишора қилинган.

Бошқа оятда: «Кимки Аллоҳга ва Унинг расулига итоат этса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, айнан ўшаларгини ютуқ эгаларидир»[3], деган. Яхши кўрувчилар ва итоат этувчилар пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлардан иборат улуғлар жамоаси билан бирга бўладилар.

Имом Термизий келтирган ривоятда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайннинг қўлларидан тутиб: «Ким мени яхши кўрса, бу иккисини ва ота-оналарини яхши кўрса, қиёмат кунида менинг даражамда мен билан бирга бўлади», дедилар». Яъни жаннатда менинг қўшним бўлади ёки «Киши яхши кўргани билан бирга бўлади» дейилганидек аҳли байтимнинг даражасида бўлади.

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ! Сиз мен учун аҳлимдан, мол-мулкимдан ҳам севимлироқсиз. Сизни эслаганимда (кўрмай туришга) сабрим чидамайди. Қачон келиб сизга назар ташласамгина кўнглим таскин топади. Мен ўзимнинг ва сизнинг вафотимизни ўйладим. Билдимки, сиз жаннатда пайғамбарлар қаторида баланд мақомда бўласиз. Мен унга кирсам ҳам сизни кўра олмайман»[4], деди. Ўшанда Аллоҳ таоло «Кимда-ким Аллоҳ ва Расулга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар: пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар қандай ҳам яхши ҳамроҳдир»[5] оятини нозил қилди.

Асфаҳоний «Ат-Тарғиб» номли асарида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким мени яхши кўрса, жаннатда мен билан бирга бўлади».

Яхши кўриш ва унинг натижасида келиб чиқадиган гўзал итоат ва эргашишга қараб жаннатдаги даражалар бир-биридан фарқ қилади.

Юқорида келтириб ўтилган ҳужжат-далиллардан аён бўладики, итоатдан холи бўлган муҳаббат эгасига ҳеч қандай фойда бермайди. Пайғамбар алайҳиссаломни яхши кўриш билан бирга у зот буюрган ҳар бир ишга бўйсуниш ва қайтарган ҳар бир қайтариқларидан қайтиш зарур. Расулуллоҳ келтирган рисолатни ҳурмат қилиш ва у зот Робби ҳузуридан келтирган илоҳий кўрсатмаларга эргашиш меъёр-ўлчовдир.

«Шамоилу мустафо» китобидан 



[1] Бу лафз Ибн Масъуд, Абу Мусо, Анас розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган. Шу маънода бошқача лафз билан клган Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят бор.

[2] Нисо сураси, 69-оят.

[3] Нур сураси, 52-оят

[4] Имом Табароний ва Ибн Мардувайҳ Оиша ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилган. 

[5] Нисо сураси, 69-оят. Имом Бағавий тафсирида бу оятни Савбон розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган деб келтирган.

 

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ