Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришнинг маъноси

3 йил аввал 2070 Абдулазиз Мўмин

Эҳтиросли ва ҳиссиётли муҳаббат ўзгарувчан бўлиб, манфаат ёки кўзланган мақсад рўёбга чиқмаса, тезда заволга учрайди ва уни барбод қилиш ҳам осон бўлади. Аммо иймоний муҳаббат виқорли тоғлар каби қалбга мустаҳкам ўрнашган бўлади, чунки у инсон тақдири ва келажак ҳаётига тааллуқли бўлади. Шунинг учун иймоний муҳаббат ўз эгасининг бутун умри давомида ҳамроҳига айланиб, ундан сира айрилмайди. Бу муҳаббатнинг мезони, ҳақиқати ва маъноси бор. У ҳамиша аниқ далил, ишончли ҳужжат ва муайян масъулият талаб қилади. Бу маънолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Робби ҳузуридан келтирган барча кўрсатмаларга эргашишда ўз ифодасини топади, чунки Аллоҳ таоло: «Айт: «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир», дея марҳамат қилган.

Эргашиш Пайғамбар алайҳиссаломга ёрдам бериш, қарши чиқишдан қўрқиш, у зотни қўллаб-қувватлаш, суннатларини ҳимоя қилиш, шариатларига бўйсуниш, доимо эслаш ва тафаккур қилиш, ҳаммадан кўпроқ севиш билан юзага чиқади. Ушбулар муҳаббатнинг самара ва натижаларидир.

Муҳаббат аслида ўзига ёққан нарсага мойил бўлишдир. Бу мойиллик гоҳида тарафкашликка, миллатчиликка, гуруҳбозликка, ҳаддан ошишга олиб боради. Инсон табиати асосан гўзаллик, ахлоқ ва яхшиликни севишга мойил бўлади. Пайғамбар алайҳиссаломда ҳар қандай одамда муҳаббат уйғонишига сабаб бўладиган уч жиҳат мавжуд. Хушсуратлик ва комил ахлоқ борасида у зот энг мукаммал ва энг юксак даражада эдилар. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум ва машҳурдир. У зотга гўзалликнинг барчаси берилган эди.

У зотнинг умматларига дунёвий, диний ва ухровий яхшиликлари сонсиз-саноқсиздир. Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таоло сифатлаганидек мўминларга меҳрибон, раҳмли ва шафқатли эдилар. Башариятни ҳидоятга бошлаш, азобдан қутқариш учун оламларга раҳмат қилиб юборилган эдилар. Иймон аҳлига жаннат хушхабарини берувчи, осийларни жазодан огоҳлантирувчи, Аллоҳга даъват қилувчи эдилар. Уларга Қуръонни тиловат қилар, ўзларининг ўгитлари, панду насиҳатлари билан уларни поклар, Китоб (Қуръон) ва ҳикматни ўргатар эдилар.

Жамики мўмин ва мўминаларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яхшиликларидан ҳам қадрлироқ яхшилик борми? Бутун мусулмонларга у зотнинг инъомларидан ҳам манфаатлироқ инъом борми? У зот уларни ҳақ йўлга бошладилар, залолатдан нурга чиқардилар, қўлларидан тутиб тўғри йўлдан етакладилар, дунё, дин ва охират ишларини танитдилар. Охиратда уларни шафоат қиладилар, уларнинг фойдасига гувоҳ бўладилар, ҳисоб-китоб пайтида ҳимоя қиладилар. Буларнинг барчаси шаръий, ақлий ва одоб жиҳатдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севишни тақозо этади. Шу дунёда ўзига бир-икки марта нафи теккан ёки мушкул ҳолатдан қутқарган, моли ва жонига зарар етишдан сақлаб қолган кишини қанчалик яхши кўриб, эъзозланади. Шундай экан, кўпдан-кўп неъматлар туҳфа этган, абадий ҳалокатдан халос этган зот Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳаббат қўйишга ҳақли эмасми?!

Одамлар ўз халқи учун фидойи, кўп фойда келтирган ёки уларни ёмонликдан ҳимоя қилган ҳокимни яхши кўрадилар, инсониятга дунё ва охират яхшиликларини тортиқ этган зот – Пайғамбаримиз алайҳиссалом яхши кўришга муносиброқ ва лойиқроқдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонлар оша то қиёматгача келадиган барча авлодларга узлуксиз етиб турадиган манфаатлари Аллоҳ таолонинг ушбу сўзида баён этилган: «У Зот саводсизлар орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда Китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расулни юборди. Ҳақиқатан, улар илгари аниқ залолатда эдилар. Улардан бошқаларга – улар етиша олмаганларга ҳам. У Зот азиз ва ҳакимдир»[1].

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни саводсиз арабларга пайғамбар қилиб юборди. У зот Қуръонни тиловат қилиб, ширк, нотўғри эътиқод, ёмон амал ва ахлоқлардан уларни покладилар. Аллоҳнинг каломини, суннатни, шариат ва унинг мақсадларини таълим бердилар. У зот юборилишларидан аввал улар залолатда, жаҳолат ботқоғида эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам араблардан бошқа халқлар, миллатлар ва қавмларга – бутун инсониятга юборилган Алллоҳнинг элчисидир.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Жумуъа сураси, 2–3-оятлар.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ