Набавий ёдгорликларга эҳтиром кўрсатиш

2 йил аввал 1206 Абдулазиз Мўмин

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яшаган Макка ёки Мадинадаги барча жойларни муқаддас деб билиб, ҳурмат бажо келтириш у зотни улуғлаш белгисидир. Масжидларини, Хадижа онамизнинг уйларини, Арқам ҳовлисини, Ҳиро ва Савр ғорларини, у зот бориб-келиб турган Қубо масжидини, қўллари теккан ёки у зотга тегишли ҳисобланган ашёларни ва бошқа нарсаларни қадрлаш шулар жумласидандир. Бунга саҳоба ва тобеъинлар ҳаётидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

София бинт Нажда айтади: «Расулуллоҳнинг муаззинлари Абу Маҳзура розияллоҳу анҳунинг узун кокили бор эди. Ўтирганда боғламай қўйиб юборса, ерга тегар эди. У кишига: «Калта қилдирсангиз бўлмайдими?» дейишганда: «Калталата олмайман, чунки уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллари билан ушлаганлар», деди».

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо қўлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарда ўтирган жойларига қўйиб, юзига суртар эди.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг бош кийимида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча соч толалари бор эди. Жанглардан бирида бош кийими тушиб кетди. Бош кийимини олиш учун узоқ вақт шиддат билан курашишга тўғри келди. Расулуллоҳнинг саҳобалари бу вақт ичида кўп одам қурбон бўлганини кўриб у кишининг бу ишига норозилик билдирдилар. У киши: «Мен бу ишни бош кийимнинг ўзи учун эмас, балки унда Расулуллоҳнинг сочлари борлиги, унинг мушриклар қўлларига тушмаслиги ва у зотнинг баракотларидан маҳрум бўлмаслик учун қилдим», деди.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ Мадинаи мунавварада уловга минмас эди. У киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ётган тупроқни ҳайвоннинг туёғи билан босишдан Аллоҳдан ҳаё қиламан», дер экан.

Ривоят қилинишича, у киши ўзининг ҳамма отларини имом Шофеъийга ҳадя қилибди. Имом Шофеъий: «Ҳеч бўлмаса, ўзингизга биттасини бўлса ҳам олиб қолинг», деганида мазкур жавобни берган экан.

Абу Абдурраҳмон Суламий келтирган ривоятда Аҳмад ибн Фазлавайҳ айтади: «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қўллари камонни ушлаганлари ҳақидаги хабар келгандан бери қўлим билан камонни таҳоратсиз ушламадим».

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ «Мадинанинг тупроғи нопок» деган кишини ўттиз дарра уриш ва ҳибсга олиш ҳақида фатво берган эди. Имом Молик: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дафн қилинган тупроқни нопок деган кишининг бўйнини узса ҳам арзийди», деган экан.

Имом Молик, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менинг минбаримда ёлғон қасам ичса, жойини дўзахдан ҳозирлайверсин», деганлар.

Ривоят қилинишича, Абул Фазл Жавҳарий зиёрат учун Мадина сари йўлга отланди. Унинг ҳовлилари кўрина бошлаганда уловидан тушиб, йиғлаган ҳолда пиёда юриб борар экан, Абу Тоййиб Мутанаббийнинг қуйидаги байтларини ўқир эди:

«Бизда расм ва белгиларни билиш учун на қалб ва на ақл

Қолдирган зотларнинг ёдгорликларини кўрганимизда

Ҳурматлари учун эгарлардан тушиб пиёда юрамиз».

Машойихлардан бирлари пиёда ҳаж қилган экан. Бунинг сабабини сўрашганда: «Қочган қул хўжайинининг уйига улов миниб борадими? Агар бошим билан юра олганимда оёғим билан юрмасдим», деган экан. Албатта, бу ҳақиқий муҳаббат ва юксак одоб нишонасидир.

Қози Абул Фазл раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ваҳий нозил бўлган, Жаброил ва Микоил фаришталар келиб-кетиб турган, малоикалар осмонга кўтарилган, майдонининг ҳар томони тасбиҳ айтиб турадиган, ерида башариятнинг саййиди ётган, Аллоҳнинг дини ва расулининг суннати оламга тарқалган, мадрасалар, масжидлар макони, фазилатлар, баракотлар даргоҳи, мўъжизалар ва ибодатлар бешиги, мусулмон учун муқаддас, нубувват маъдани, Расулуллоҳнинг таналари тупроғига теккан жой улуғлашга, муаттар ҳидларини ҳидлашга, қадамжолари ва деворларни кўзга суртишга лойиқдир».

Юқорида зикр қилинган сатрлар орқали салафи солиҳлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган ёдгорликларни қанчалар қадрлашлари тўғрисидаги маълумотлар билан қисқача бўлса-да танишдик. У зотлар Расули акрамнинг ўтирганларидаги-ю турганларидаги, сафарларидаги-ю муқимликларидаги, ҳаётликларидаги-ю вафотларидан кейинги у зоти шарифга тегишли барча ёдгорликларни, ҳатто у зотнинг муборак жасадлари ётган Мадинаи мунаввара тупроғини табаррук ҳисоблар эдилар.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ