17 жумадис сони 1447
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмасликнинг гуноҳи

 Аллоҳнинг ва фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиши ва «унга сизлар ҳам салавот ва салом йўлланг» деган буйруқ фарзга далолат қилади. Салавот билан билан саломни жамлаш мустаҳаб ва афзал одатдир. Уларни бир-биридан ажратиб алоҳида айтиш ҳам жоиз, чунки оятда иккисини биргаликда айтишнинг шартлигига далолат қиладиган маъно йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва салом йўлловчи ўн баравар кўпроқ савобларга эга бўлади. Салавот ва салом айтишни тарк қилувчи шахс Аллоҳнинг амрига хилоф қилгани учун гуноҳкор бўлади. Шу билан бирга, бундай кимсада мўминларни дўзах оташидан қутқаришда, уларни абадий жаннатлар сари етаклашда беқиёс ўрин тутган зотга нисбатан вафо туйғуси ҳам бўлмайди.

 Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Номим зикр қилинганда менга салавот айтмаган кимсанинг бурни ерга ишқалансин. Рамазон кирса-ю, сўнгра ой чиққанда гуноҳи мағфират қилинмаган кимсанинг бурни ерга ишқалансин. Ҳузурида ота-онаси қарилик ёшига етса-ю, уларнинг хизматини қилиб, жаннатга кирмаган кимсанинг бурни ерга ишқалансин», дедилар. Яъни ота-онасига хизмат қилиб, уларнинг дуоларини олмаган бўлса, бундай фарзанд хор бўлсин.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқиб,  «Омин» дедилар. Сўнгра яна бир поғона кўтарилиб, «Омин» дедилар. Сўнгра яна бир поғона кўтарилиб, «Омин» дедилар. Муоз розияллоҳу анҳу у зотдан бунинг сабабини сўради. У зот айтдилар: «Жаброил келиб: «Эй Муҳаммад! Ҳузурида номингиз тилга олинганда сизга салавот айтмай, ўлган ва дўзахга тушган кимсани Аллоҳ Ўз раҳматидан узоқ қилсин. «Омин» деб айтинг», деди. Мен «Омин» дедим». «Рамазонга етиб, ундан (рўзаси ва бедорлиги) қабул қилинмай ўлган ва дўзахга тушган кимсани Аллоҳ Ўз раҳматидан узоқ қилсин. «Омин» деб айтинг», деди. Мен «Омин» дедим. «Ота-онаси ёки улардан бири ҳаёт бўлса ва уларга яхшилик қилмай ўлган ва дўзахга тушган кимсани Аллоҳ Ўз раҳматидан узоқ қилсин. «Омин» деб айтинг», деди. Мен «Омин» дедим»[1].

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳузурида номим тилга олинганда менга салавот айтмаган кимса ҳақиқий бахилдир»[2], дедилар.

 Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг ҳузурида зикр қилинсам-у, менга салавот айтмаса, бурни ерга ишқалансин», дедилар.

 Имом Термизий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳузурида зикр қилинганимда менга салавот айтмаган кимса ҳақиқий бахилдир», дедилар.

 Имом Абдурраззоқ Маъмардан, у Қатодадан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кишининг ҳузурида зикр қилинсам-у, у менга салавот айтмаса, бу бевафоликдандир», дедилар.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм мажлис қуриб ўтирса-ю, сўнгра Аллоҳни зикр қилмай, Набийга салавот айтмай тарқалса, уларга Аллоҳ томонидан зарар етиши бор. Хоҳласа азоблайди, хоҳласа кечиради», дедилар.

 Имом Байҳақий ва Саъид ибн Мансур Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир қавм бир жойда жамланса-ю, Набий алайҳиссаломга салавот айтмаса, бу ўтириш уларга (қиёматда) надомат бўлади», дедилар.

 Имом Термизий баъзи аҳли илмлардан нақл қилиб айтади: «Киши бир мажлисда бир марта салавот айтса, ўша мажлис учун кифоя қилади».

 Юқорида келтириб ўтилган ҳадисларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва салом йўллашнинг фазилатлари баён қилинди. Салавот мажлислар учун каффорат ва савоби буюк ибодатдир. Уни тарк қилувчи эса гуноҳкор, хор, бевафо, яхшиликдан бебаҳра, маҳрум бўлиши билан бирга бахил деган салбий сифат билан сифатланади. Бахиллик қанчалар ёмон дард экани ҳаммага маълум. Салавотдан юз ўгирган банда дунё ва охиратда Аллоҳнинг раҳматидан бенасиб қолар экан.

 Ушбу хатоларни бартараф қилиш ва уларни муолажа этиш жуда осон. Бунинг учун инсон салавот айтишни одатга айлантириши кифоя. Айниқса, ҳар бир йиғинда Расулуллоҳга салавот ва салом йўллаш қийин иш эмас. Бу билан одам, аввало, ўзига фойда етказади, қолаверса, бутун йиғин аҳли ҳам пушаймонлик, бахиллик ва ёмон оқибатдан омонда бўлади.

 «Шамоилу мустафо» китобидан

 



[1] Табароний Ибн Аббос, Анас, Абдуллоҳ ибн Ҳорис, Каъб ибн Ужра ва Молик ибн Ҳувайрисдан, Баззор эса Жобир ибн Самура, Абу Ҳурайра ва Аммор ибн Ёсирдан ривоят қилган.

[2] Термизий ривоят қилиб, саҳиҳ деган. Байҳақий «Шуъабул иймон»да, Насоий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

 

 

 

12:22 / 10.04.2018
Аввалги мақола
Ражаб ойининг 23-куни
Сийрат
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари
عَنْ قَيْسِ بْنِ مَخْرَمَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: وُلِدْتُ أَنَا وَرَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَامَ الْفِيلِ.  Қайс ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:...
18:23 / 05-декабрь Батафсил...
Сийрат
Аллоҳнинг иродаси ила бир нур туғилди
Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун дунёнинг энг афзал нуқтаси бўлмиш Маккаи Мукаррамани ихтиёр қилди. Аввало, бу муқаддас шаҳар ернинг қоқ киндигида жой...
15:19 / 03-декабрь Батафсил...
Сийрат
Набий алайҳиссаломнинг ҳаётлари ҳар бир мусулмон учун ибрат ва ўрнакдир
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: وَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ فِي يَدِهِ لَيَأْتِيَنَّ عَلَى أَحَدِكُمْ يَوْمٌ وَلَا يَرَانِي، ثُمَّ...
12:01 / 27-ноябрь Батафсил...
Сийрат
Набий алайҳиссаломнинг сифатлари ўзларидан олдин келган илоҳий китобларда васф қилинганлиги
وَقَالَ عَبْدُ اللهِ بْنُ سَلَامٍ t: مَكْتُوبٌ فِي التَّوْرَاةِ صِفَةُ مُحَمَّدٍ وَصِفَةُ عِيسَى بْنِ مَرْيَمَ عَلَيْهِمُ السَّلَامُ، وَيُدْفَنُ عِيسَى مَعَ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم...
14:46 / 26-ноябрь Батафсил...