Масжиди набавийнинг фазилатлари

6 ой аввал 335 Абдулазиз Мўмин

Масжиди набавий – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари жуда кўп фазилатларга эгалиги билан ажралиб туради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Биринчи кундан тақвога асосланган масжид туришингга лойиқроқдир»[1], деган. Оятда қайси масжид ирода қилингани ҳақида турли қарашлар бор.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «У қайси масжид?» деб сўрашди. У зот: «Менинг мана шу масжидим»[2], дедилар.

Зайд ибн Собит, Ибн Умар, Саъид ибн Мусаййиб, Молик ибн Анас ва бошқалар оятдаги «масжид»дан Масжиди набавий ирода қилинган деган фикрда бўлишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «У Қубо масжидидир», деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга асос солганлар ва Мадинага кириб келган пайтларида душанбадан жума кунигача унда намоз ўқиганлар. Бу қавл оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги қиссага тўғри келади. Уни имом Бухорий «Тарих» номли китобида келтирган. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Саломдан келтирилган қуйидаги ривоят ҳам шу фикрни қўллаб-қувватлайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақво асосида қурилган масжид – Қубо масжидига келганларида: «Аллоҳ таоло сизларни покиза кишилар деб мақтади. Бунинг сабабини менга айтмайсизларми?» дедилар. Улар: «Ё Расулуллоҳ! Тавротда биз ҳақимизда сув билан истинжо қилиш ёзилганини билардик. Ҳозир шунга амал қилмоқдамиз», дедилар.

Имом Термизий ва Абу Довуд «Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор» ояти Қубо аҳли ҳақида нозил бўлган, деб келтиришган. Ибн Можанинг ривоятида ҳам худди шунга ўхшаш маъно мавжуд. Мазкур ривоятларни қуйидагича жамлаш мумкин: «Тақвога асосланган масжид деганда шундай сифатга эга ҳар бир масжид ирода қилинади. Қубо аҳли ҳақида зикр қилинган сўзлар Масжиди набавий аҳлига ҳам тўғри келади».

Масжиди набавийнинг фазилати ҳақидаги баъзи ҳадислар билан танишиб чиқамиз.

Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Учта масжиддан бошқасига уловда сафар қилиб борилмайди: Масжиди Ҳаром, менинг бу Масжидим ва Масжидул Ақсо», дедилар. Бу уч масжид учун атайлаб, тайёргарлик кўриб, сафар қилиб борилади. Қолган масжидлар мартаба ва фазилатда баробардир.

Масжиди набавий ва бошқа масжидларга кирганда қуйидаги дуони ўқиб кириш суннатдир. Имом Абу Довуд келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирсалар: «Буюк Аллоҳ, Унинг карамли зоти, азалий ҳукмронлиги билан қувилган шайтондан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

Имом Бухорий ва Насоий ривоят қилишади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Масжиди набавийда баланд овозни эшитиб, унинг эгасини чақириб: «Кимлардансан?» дедилар. У: «Сақиф қабиласиданман», деди. У киши: «Агар мана шу икки шаҳарнинг биридан бўлганингда адабингни бериб қўяр эдим. Бизнинг масжидимизда овозни кўтарилмайди», деди.

Муҳаммад ибн Маслама: «Масжиди набавийда қасддан овозини баланд кўтаришга, азият етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Уни номуносиб ишлардан пок тутиши лозим», деганлар.

Уламоларнинг барчаси қолган масжидларнинг ҳукми ҳам Масжиди набавийнинг ҳукми билан бир хил эканига иттифоқ қилганлар, чунки ҳамма масжидларда одобга риоя этиш мўмин-мусулмонларнинг бурчидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг бу масжидимдаги битта намоз Масжидул Ҳаромдан ташқари бошқа масжидларда ўқилган мингта (нафл) намоздан яхшироқдир»[3], деганлар.

Макка ва Куфа аҳли, Ато ибн Абу Рабоҳ, Ибн Ваҳб, имом Абу Ҳанифа, имом Шофеъий, имом Аҳмад, моликийлар  Ибн Ҳабиб, Суфён Саврий, Ҳаммод, Алқама раҳматуллоҳи алайҳм юқоридаги ҳадисга ва Расули акрам алайҳиссаломнинг Макка ҳақидаги: «Аллоҳга қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг Аллоҳга энг яхши ерисан. Агар сендан чиқарилмаганимда чиқмаган бўлардим»[4], деган ҳадисларига асосан Маккаи мукаррамани Мадинаи мунавварадан афзал дейишган.

Бундан ташқари, имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Зубайрдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васаллам: «Менинг бу Масжидимда ўқилган битта намоз Масжидул Ҳаромдан ташқари бошқа масжидларда ўқилган мингта намоздан афзалдир. Масжидул Ҳаромда ўқилган битта намоз менинг бу Масжидимда ўқилган юзта намоздан афзалдир»[5], деганлар. Бу ҳадисда ҳаммаси очиқ-равшан келмоқда. Демак, Масжидул Ҳаромда ўқилган битта намознинг савоби бошқа масжидларда ўқилганидан юз минг марта ортиқроқ. Шуни яхши билиб олиш керакки, бу қазо намозларга тегишли гап эмас. Масалан, бир кишининг зиммасида иккита қазо намози бор. Масжидул Ҳаромда ёки Масжиди набавийда ёхуд Масжидул Ақсода битта намоз ўқиб қўйса, иккитанинг ўрнига ўтмайди. Бу масалада уламолар ўртасида ихтилоф йўқ. Баъзи илмсиз одамлар ҳадиси шарифлар маъносини тўғри англамай, хато тушунчада юрмасинлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларининг ўрни шак-шубҳасиз, ҳеч қандай ихтилофсиз ернинг энг афзал жойидир.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Тавба сураси, 108-оят.

[2] Имом Муслим, Термизий ва Насоий Абу Саъид Худрийдан ривоят қилишган. Имом Аҳмад Убай ибн Каъб ва Саҳл ибн Саъддан ривоят қилган. 

[3] Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

[4] Имом Насоий ва Ибн Можа ривоят қилишган. Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Ҳамродан ривоят қилиб, ҳасан-саҳиҳ деган.

[5] Имом Байҳақий ва бошқалар ҳам ҳасан санад билан ривоят қилишган.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Муҳаррамнинг 1-6 кунлари

Муҳаррамнинг 1-куни

Ҳижрий 1318-йил 1-муҳаррам куни Усмонлилар султони Абдулҳамид II Байтуллоҳни зиёрат қилувчи ҳожиларга хизмат қилиш ва сафар машаққатини енгиллатиш мақсадида темир йўл қуришга амр қилди. Темир йўл қурилиши 9 йилда батамом тугатилди.

 

Муҳаррамнинг 2-куни

Ҳижрий 99-йил 2-муҳаррам куни (милодий 718-йил 15-август) умавийлар даврида мусулмонлар Маслама ибн Абдулмалик қўмондонлигида Қастантинияни (ҳозирги Истанбулни) қамал қилдилар. Ва ниҳоят ҳижрий 857-йилга (милодий 1453-йил) келиб, Муҳаммад Фотиҳнинг бошчилигида Қастантиния фатҳ қилинди.

 

Муҳаррамнинг 3- куни

Ҳижрий 239-йил 3-муҳаррам куни (милодий 853-йил) буюк ҳофизлардан бири Имом Усмон ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Абу Шайба вафот этди. Бу зот Имом Бухорий ва Муслимларнинг устози бўлган. У кишининг “Мусаннаф” номли машҳур асарлари ҳам бўлган.

 

Муҳаррамнинг 4-куни

Ҳижрий 1298-йил 4-муҳаррам куни мусулмон уламоларидан бири Саййид Али ибн Саййид Исмоил Мусавий Қазвиний вафот этди.

 

Муҳаррамнинг 5-куни

Ҳижрий 855-йил 5-муҳаррам (милодий 1451-йил 7-феврал)

Усмонлилар давлати султони Муродхон II вафот этди. Вафотидан сўнг ўғли Муҳаммад Фотиҳ салтанат тахтига ўтирди.

 

Муҳаррамнинг 6-куни

Ҳижрий 406-йил 6-муҳаррам (милодий 1015-йил 26-июн)

Аббосийлар давлатининг таниқли шоири Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Мусо Шариф Ризо вафот этди. Унинг насаби Жаъфар Содиққа бориб тақалади. Унинг шеърлари жуда кўп китобларда келтирилади. Жумладан «Наҳжул балоға» китобининг муқаддимасида муаллиф томонидан келтирилган.



Китоблар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт

Китобдаги сўз бошидан...     Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм     Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Аллоҳнинг Расулига салавот ва саломлар бўлсин!      Аммо баъд:    давоми...

Мавлуди шариф

Юртимизда, бошқа исломий ўлкаларда бўлганидек, мавлуди шариф маросимлари ўтказиб келинган ва уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишланган турли наътлар, қасидалар, Навоий, Фузулий каби мумтоз давоми...

Мавлид

Ушбу китоб халқимиз ўртасида «Мавлид» номи билан машҳур бўлган, улуғ олим, буюк адиб Саййид Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжийнинг «Иқдул-жавҳар фи мавлидун-Набиййил-Азҳар» («Порлоқ юзли Набийнинг мавлидлари давоми...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни йиғлатган ҳодисалар

Insoniyat komiligining timsoli qilib yaratilgan Payg’ambarimiz ham nahotki ko’z yoshi to’kkan bo’lsalar? Qur'on va hadisda ko’z yoshi haqida nimalar dеyilgan? Payg’ambarimiz va sahobalar ko’zyoshlarining sabablari nimada? Ushbu kitobni o’qib shu kabi savollarga to’la javob olasiz. давоми...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга насиҳатлари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду сано бўлсин. У ҳамма нарсани Китобида баён қилди, каломи шарифининг барча асрорларини Расулига билдирди ва бизга йўл давоми...

ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ