Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги инсоний ҳолатлар

5 йил аввал 2783 Абдулазиз Мўмин

Барча пайғамбарлар инсон жинсидан бўлган кишилар ва улар Аллоҳ таолонинг одамларга юборган элчиларидир. Шундай экан, оддий инсоний ҳолатларда улар ҳам оддий инсонлар кабидир. Бунга ейиш, ичиш, ухлаш, азиятга учраш, ўлим, бозорларда юриш ва ҳоказоларни мисол қилиш мумкин. Гоҳида уларнинг жисмоний куч-қувватлари бошқа инсонларникидан тубдан фарқ қилиши мумкин. Асосан улар оламлар Роббидан ваҳийни қабул қилишлари билан ажралиб турар эдилар. Ваҳий – бу инсонларни ислоҳ қилиш, уларни йўлга солиш учун юборилган илоҳий дастурдир. Қуйида пайғамбарларнинг ана шу каби инсоний ҳолатларига тўхталиб ўтамиз.

Пайғамбарлар ҳам барча инсонлар сингари ўлим ёки қатлга рўпара келишлари мумкин. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақида: «Муҳаммад ҳам бир пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, ортингизга қайтасизми?! Ким ортига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофатлар»[1], деган. Оятда барча одамлар, ҳатто анбиёлар ҳам вафот топишларига ишора қилинмоқда. Ким ортига қайтса, ўзига зарар қилади, чунки Роббини тан олмаган бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг динида собит турган, иймонлари йўлида сабр қилган бандаларини бу дунё ва охиратда мукофотлайди. Уҳуд жангида «Муҳаммад ўлдирилди» деган хабар тарқалганда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг амакилари Анас ибн Назр: «Эй қавм! Агар Муҳаммад ўлдирилган бўлса, унинг Робби тирик, ўлмайдиган Зотдир. У ўлган бўлса, орқада қолиб яшаб нима қиласизлар?» деган эди.

Таом тановул қилиш ва ичимлик ичиш. Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссалом ҳақларида: «Масиҳ ибн Марям ҳам бир пайғамбар, холос. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтган. Унинг онаси эса сиддиқадир. Икковлари ҳам таом ер эдилар»[2], деган.

Аллоҳ таоло барча пайғамбарлар тўғрисида: «Уларни таом емайдиган жасад қилмадик»[3], деган. Фурқон сурасининг 20-оятида эса: «Биз сендан олдин юборган пайғамбарларимиз ҳам албатта таом ер ва бозорларда юрар эдилар», деган.

Пайғамбарларнинг инсоний сифатларга эга бўлганликлари қуйидаги оятда очиқ баён этилган: «Айт: «Албатта, мен фақат сизларга ўхшаш инсонман»[4]. Ояти карима Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом ва бошқа пайғамбарлар инсонлар бўлиб, уларга Аллоҳ томонидан элчи қилиб юборилганига далолат қилган. Агар ана шу мувофиқлик бўлмаганда, пайғамбарлар фаришта бўлганларида, одамлар улар билан мулоқот ўрнатиш, сўзлашиш, улардан даъватни қабул қилишга чора топа олмас эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Агар уни (пайғамбарни) фаришта қилсак ҳам, эркак (суратида) қилган бўлар эдик»[5], деган. Яъни гаплаша олишлари учун барибир инсон шаклида қилган бўлар эдик, чунки одамлар фаришталар билан сўзлашиш у ёқда турсин, агар ўзларининг асл суратларида бўлсалар, кўришга тоқат қила олишмасди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Айт: «Агар ерда (одамлар эмас) фаришталар (маскан тутиб) хотиржам юрганларида эди, албатта Биз уларга осмондан пайғамбар фариштани туширган бўлар эдик»[6].

Аллоҳ таоло фариштани фариштага ёки ўзи хослаган одамга элчи қилиб юборади. Анбиё ва расуллар башар бўлсалар ҳам уларнинг руҳлари, табиий қобилиятлари одамларнинг сифатларидан юқори туради. Аллоҳ таолонинг зикрида бардавом бўлиш, Парвардигор билан ҳозир бўлиш, малолланмасдан, зерикмасдан тоат-ибодатларда мустаҳкам бўлиш борасидаги сифатлари фаришталарнинг сифатларига ўхшайди, чунки улар фаришталардан ваҳийни қабул қилиб олишга тайёр туришлари керак. Улар одамларга Аллоҳнинг буйруқлари, қайтариқлари, хушхабарлари, огоҳлантиришларини етказиб, Аллоҳни танитадилар. Оламлар Роббининг зоти, сифатлари ва феъллари ўта буюклигини, яратиш, мадад бериш, ўлдириш, гуноҳларни мағфират этиш, танг аҳволдан қутқариш, азиз ёки хор қилиш Унгагина хос эканлигини уларга ўргатадилар. Мулки ва мамлакатида Унинг ҳукмини қайтарувчи, иродасига тўсқинлик қилувчи ҳеч ким йўқ эканини таълим берадилар.

Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло анбиё ва расулларни жисмоний ва зоҳирий томондан қолган инсонлар каби қилиб яратди. Руҳий ва ботиний жиҳатдан эса фаришталарга ўхшаш қилди. Имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги ҳадисда ана шу маънога ишора бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматимдан бирор кимни халил-қалин дўст қилиб олишим мумкин бўлганда Абу Бакрни ўзимга халил-қалин дўст қилиб олган бўлар эдим. Лекин (у билан менинг орамизда) Ислом биродарлиги бор. Соҳибингиз (Расулуллоҳнинг ўзлари) Раҳмоннинг халилидир», деганлар.

Ибн Саъд Ҳасан Басрийдан мурсал ҳолда келтирган ривоятда у зот: «Икки кўзим ухлайди, аммо қалбим ухламайди», деганлар.

Саҳобалар улаб рўза тутиш ҳақида: «Сизнинг ўзингиз рўзани улаб тутасиз-ку», дейишди. У зот: «Мен Роббим таомлантирган ва суғорган ҳолда давом этаман», деганлар.

Шундан кўриниб турибдики, пайғамбарларнинг ботинлари покдир, нуқсон, айб ва иллатлардан тозадир. Бундай бўлиши, биринчидан, ваҳийни қабул қилишга тайёр туриш, иккинчидан, сифатлари одамлар орасига тарқалиши учундир, чунки улар сўз, амал ва ҳаёт кечириш тарзида ўрнак бўлган зотлардир. Аллоҳ таоло айтади: «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун – Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир»[7].

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Оли Имрон сураси, 144-оят.

[2] Моида сураси, 75-оят.

[3] Анбиё сураси, 8-оят.

[4] Каҳф сураси, 110-оят.

[5] Анъом сураси, 9-оят.

 

[6] Исро сураси, 95-оят.

[7] Аҳзоб сураси, 21-оят.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ