Пайғамбарлар шайтондан ҳимоя қилингандир

7 ой аввал 778 Абдулазиз Мўмин

Уламолар барча пайғамбарларнинг шайтондан ҳимоя қилинганликларига ижмо қилишган. Яъни Аллоҳ таоло уларни шайтоннинг зоҳирий ва ботиний зарарларидан асраган. Шайтон уларнинг жасадларига ақлдан оздириш, ҳушидан кеткизиш каби турли азиятлар билан таъсир қила олмайди. Шунингдек, қалб ва хотираларини ҳар хил васвалар билан ҳам чалғита олмайди.

Имом Дорақутний Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирон киши йўқки, жин ва фариштадан ҳамроҳ тайин қилинмаган бўлса. Улар (саҳобалар): «Сизга ҳамми, ё Расулуллоҳ?» дейишди. У зот: «Менга ҳам, аммо Аллоҳнинг инояти туфайли у бўйсунди», дедилар. Бошқа ривоятда: «У мени фақат яхшиликка буюради», деган қўшимча ҳам бор. Шайтоннинг бўйсуниши ёмонликка буюрмаслигидир.

Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларда шайтонлардан ҳамроҳ тайин қилинмаган бирор киши йўқ», дедилар. Улар (саҳобалар): «Сизга ҳамми, ё Расулуллоҳ?» дейишди. У зот: «Ҳа, лекин Аллоҳнинг инояти туфайли ундан саломат бўламан»[1], дедилар.

Шайтонларнинг у зотга бир қанча ўринларда ҳамла қилганликлари, иғво қилишга, чалғитишга уринганликлари ҳақида ривоятлар келган.

Имом Муслим Абу Дардо розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг душмани иблис юзимни куйдириш учун оловдан бир чўғни олиб келди. Мен: «Сендан Аллоҳнинг паноҳ беришини сўрайман ва Аллоҳ таолонинг лаънати билан сени лаънатлайман», дедим», дедилар. Абу Дардо: «Ўшанда Расулуллоҳ намозда эдилар», деган.

Имом Молик «Муватто»да шундай келтиради: «У (иблис) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўғридан-тўғри азият бера олмагач, у зотнинг душманлари воситасида ёмонлик қилишга ўтди. Қурайшликларнинг у зотни қатл қилишга қарор қилган кенгашида наждлик кекса чол суратида иштирок этишини шунга мисол қилиш мумкин».

Шу ва бошқа ҳолатлардаги шайтоннинг уринишлари беҳуда кетди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни ҳифзу ҳимоясида асради, унинг ёмонлиги ва зараридан у зотга паноҳ берди.

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шубҳасиз, Ийсо шайтоннинг таъсиридан ҳимоя қилинди. Туғилган пайтида келиб қўли билан унинг биқинига туртмоқчи бўлганда, йўлдошни[2] туртган»[3], дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга беморлик пайтларида суюқ дори ичирилиб: «Сизда зотилжам бўлишидан қўрқдик», дейишди. У зот: «Бу шайтондандир. Аллоҳ менинг устимдан ўз ҳукмини ўтказишига зинҳор йўл бермайди», дедилар. У зотнинг рухсатларисиз дори ичиришганда шу сўзни айтганлар.

Баъзи одамларда «Агар Аллоҳнинг набийига шайтон ҳукми ўтмаса, Аллоҳ таолонинг «Агар сени шайтон томонидан васваса тутса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У Зот эшитувчи ва билувчидир»[4] деган сўзининг маъносини қандай тушуниш керак?» деган савол пайдо бўлади.

Жавоб қуйидагича: оятда «назғ» сўзи келган. Бу васвасанинг энг паст даражаси бўлиб, «шайтон васвасаси билан рўпара бўлиш» деган маънони анлатади, чунки шайтонда Пайғамбар алайҳиссаломга таъсир ўтказиш қуввати йўқ. Расулуллоҳ ҳар доим Аллоҳнинг ҳимоясидадир. Маъно қуйидагича: мақсадини амалга ошириш учун йўл берилмаган ҳолатда шайтон сени иғво қилмоқчи, йўлдан оздирмоқчи бўлса, Аллоҳдан паноҳ сўра, Аллоҳ унинг ёмонлиги ва зараридан сени асрайди.

Шундан маълум бўладики, Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни шайтон ва унинг васвасасидан сақлаган. Пайғамбарлик вазифасини адо этиш муддати ва босқичларида у зотга иблис таъсир ўтказа олмаслиги кафолатланган эди.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Ҳадиснинг арабча матнида «бўйсунди», «мусулмон бўлди» сўзи «аслама» шаклида келган. Айрим муҳаддислар «аслама»ни «асламу» деб ривоят қилинган дейишади. Бу ҳолатда «мен ундан саломат бўламан» деган маъно чиқади. Суфён ибн Уяйна бу ривоятни дироят жиҳатидан саҳиҳ деган уламолардандир. Уларнинг фикрича, шайтон бўйсунмайди, куфрдан Исломга қайтмайди.

[2] Болани ўраб турган парда.

[3] Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Туғилган пайтда ҳар бир чақалоқни шайтон ушлагани учун у йиғлайди. Фақат Марям ва унинг ўғли бундан мустаснодир», дейилган. Албатта, бу Ийсо алайҳиссаломнинг момолариИмрон хотинининг «Албатта, мен Сендан унга ва унинг зурриётларига қувилган шайтон(ёмонлиги)дан паноҳ тилайман» (Оли Имрон, 36) дея қилган дуоси туфайли бўлган. 

[4] Фуссилат сураси, 36-оят.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-ахор ойининг 5-куни
  • Ҳижрий 248-йил 5-робиъул-ахор куни (милодий 862-йил 7-июн) Аббосийлар давлати халифалари силсиласининг 11-авлоди Муҳаммад Мунтасир ибн Мутаваккил ибн Муътасим давлатни 6 ой бошқариб вафот этди.
  • Ҳижрий 365-йил 5-робиъул-ахор куни (милодий 975-йил 12-декабр) Азиз Биллаҳ Фотимий отаси Муъиззу-лидиниллаҳ Фотимий вафотидан сўнг Фотимийлар давлати тахтига ўтирди.

   



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ