Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иқтисодий масалада аёллари билан муомалалари

7 ой аввал 617 Абдулазиз Усмон

Барча соҳада бўлганидек оналаримиз олдиларидаги иқтисодий мажбуриятларини адо қилишда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига намуна эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги жиҳатларда оилаларини иқтисодий таминлаган эдилар:

Биринчи: Уй-жой

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир аёлларига алоҳида ҳужралар қуриб бердилар.

Оналаримизнинг ҳужралари Қуръонда ҳам зикр қилинган, ҳатто бир суранинг номи айнан «Ҳужурот» номини ҳам олган:

إِنَّ الَّذِينَ يُنَادُونَكَ مِنْ وَرَاءِ الْحُجُرَاتِ أَكْثَرُهُمْ لَا يَعْقِلُونَ  [الحجرات : 4]

«Албатта, сени ҳужралар ортидан чақираётганларнинг кўплари ақл юритмаслар»[1].

Ҳадисда ҳам ҳужралар сўзи келган. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда буни кўришимиз мумкин:

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ اسْتَيْقَظَ لَيْلَةً فَقَالَ: «سُبْحَانَ اللهِ مَاذَا أُنْزِلَ اللَّيْلَةَ مِنَ الْفِتْنَةِ، مَاذَا أُنْزِلَ مِنَ الْخَزَائِنِ، مَنْ يُوقِظُ صَوَاحِبَ الْحُجُرَاتِ... »

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир кеча Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб: «Субҳаналлоҳ! Бу кеча не-не фитналар туширилдийкин, не-не хазиналар очилдийкин! Ҳужра соҳибаларини ким уйғотаркин?!...... », дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидни қургач, масжидга ёпишган ҳолда иккита ҳужра қурдилар. У ҳужралар Оиша ва Савдо онамиз учун эди. Кейинчалик яна еттита ҳужра қурдилар. Натижада ҳужралар сони тўққизтага етди. Бу тўққиз ҳужра ҳар бир онамиз учун алоҳида қурилган эди[2].

Иккинчи: Нафақа

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақа борасида ҳам барчамизга намуна эдилар. У зотнинг сийратлари билан танишган ҳар бир киши нафақа борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта карамли бўлганларини билиб олади. Зеро у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг саховатпешаси эдилар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَجْوَدَ النَّاسِ، وَكَانَ أَجْوَدُ مَا يَكُونُ فِي رَمَضَانَ حِينَ يَلْقَاهُ جِبْرِيلُ، وَكَانَ يَلْقَاهُ فِي كُلِّ لَيْلَةٍ مِنْ رَمَضَانَ فَيُدَارِسُهُ الْقُرْآنَ، فَلَرَسُولُ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَجْوَدُ بِالْخَيْرِ مِنَ الرِّيحِ الْمُرْسَلَةِ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда майин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар».

Энди, уйдан ташқарида энг саховатли бўлиб, уйда бу карамли сифатдан йироқ бўлишлари мумкинми?! Ваҳоланки, эҳсонни биринчи бўлиб оиладан бошлаш кераклиги умматларига у зотнинг ўзлари ўргатган эдилар.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бу ҳақида шундай дейилган:

وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «دِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي سَبِيلِ الله، وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي رَقَبَةٍ، وَدِينَارٌ تَصَدَّقْتَ بِهِ عَلَى مِسْكِينٍ، وَدِينَارٌ أَنْفقْتَهُ علَى أَهْلِكَ، أَعْظَمُهَا أَجْرًا الَّذي أَنْفَقْتَهُ علَى أَهْلِكَ»

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир динор Аллоҳ йўлида инфоқ қилдинг. Бир динор қул озод қилиш учун инфоқ қилдинг. Бир динор мискинга инфоқ қилдинг. Ва бир динор ўз аҳлингга инфоқ қилдинг. Буларнинг ичида энг савоби улуғи ўз аҳлингга инфоқ қилганингдир», дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбардаги ерларидан ҳар йили аёлларига йигирма васақ арпа ва саксон васақ хурмони нафақа қилиб берар эдилар[3].

Имом Шавконий раҳматуллоҳи алайҳ бу юз васақни барча аёлларига эмас, ҳар бир аёлларига берганларини таъкидлаб ўтган[4].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳилларига қуйидаги келадиган даромадларидан нафақа қилар эдилар:

Савдо

Пайғамбарлик келгунга қадар Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам савдо билан шуғулланганлари машҳур. Пайғамбарликдан кейин эса, гарчи савдогарликни асосий тирикчилик манбаи қилиб олмаган бўлсаларда, гоҳида савдо сотиқ билан шуғулланиб турар эдилар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: غَزَوْتُ مَعَ النَّبِيِّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «كَيْفَ تَرَى بَعِيرَكَ؟ أَتَبِيعُنِيهِ؟» قُلْتُ: نَعَمْ. فَبِعْتُهُ إِيَّاهُ، فَلَمَّا قَدِمَ الْمَدِينَةَ غَدَوْتُ إِلَيْهِ بِالْبَعِيرِ، فَأَعْطَانِي ثَمَنَهُ.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ғазот қилдим. «Туянг қалай? Уни менга сотасанми?» дедилар. «Ҳа», дедим. Уни у зотга сотдим. Мадинага келганларида эрта билан олдиларига туяни олиб бордим. Менга унинг пулини бердилар».

Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида бир нарсани сотиб олиб, уни сотар ва кўрган даромадни аҳли оилаларининг эҳтиёжига ишлатар эдилар.

Ўлжалар

Урушдан тушадиган ўлжаларни Аллоҳ таоло Ўз расули ва мусулмонларга ҳалол қилиб берди.

Бу ҳақида Қуръонда шундай дейилади:

فَكُلُوا مِمَّا غَنِمْتُمْ حَلَالًا طَيِّبًا [الأنفال : 69]

«Бас, ўлжага олган нарсаларингиздан ҳалол-пок ҳолда енглар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига тегишли бўлган улушдан келадиган даромадни аҳли оилаларига сарфлар эдилар.

Бани Назир хурмозори Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга урушдан ўлжа сифатида қолган эди. Унинг ҳоссилини сотиб пулини аҳли оилаларига сарфлар эдилар.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бу ҳақида шундай дейилган:

عَنْ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ : أَنَّ النَّبِيَّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  كَانَ يَبِيعُ نَخْلَ بَنِي النَّضِيرِ، وَيَحْبِسُ لِأَهْلِهِ قُوتَ سَنَتِهِمْ.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Назирнинг хурмосини сотар ва ўз аҳлларига бир йиллик озиқ овқатни ғамлаб қўяр эдилар».

Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинанинг шимолидан 170 км узоқликда жойлашган Хайбар деган жойда ерлари бор эди. У ердан тушадиган даромадни аҳли оилаларига сарфлар эдилар.

Тўғри, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонларида доим тўкин сочинлик бўлмаган. Гоҳида егуликка бирор нарса топилмаган. Ҳатто  Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: «Уйимизда икки ойлаб қозон қайнамасди», дер эдилар. Лекин Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизни сабр қилишга тарғиб қилар эдилар.

Ҳадялар

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи мусулмонлар томонидан бериладиган ҳадияларни қабул қилар эдилар. Бу ишлари билан ҳадя бераётган одамни хушнуд қилар эдилар. Чунки, ҳадя берувчи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадяни қабул қилганларини кўриб боши осмонга етарди. Зеро, ўзаро ҳадялашиб туришда жамиятдаги одамлар орасида илиқлик пайдо бўлиши бор.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  يَقْبَلُ الْهَدِيَّةَ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадяни қабул қилар эдилар».

Баъзи Ислом душманлари «Муҳаммад одамлардан закот йиғиб ўшани оиласига нафақа қилар эди», деган сўзга келсак, бу умуман асоссиз гап. Чунки, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорида айтиб ўтилганидек, ўзларининг даромад манбаларидан нафақа қилар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга закот ва садақани олиш Аллоҳ томонидан ҳаром қилинган. У киши ҳеч қачон закот ва садақа молини ўзлари ва аҳли оилаларига ишлатмаганлар.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ  قَالَ: أَخَذَ الْحَسَنُ بْنُ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا تَمْرَةً مِنْ تَمْرِ الصَّدَقَةِ، فَجَعَلَهَا فِي فِيهِ، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «كِخْ كِخْ - لِيَطْرَحَهَا ثُمَّ قَالَ - أَمَا شَعَرْتَ أَنَّا لَا نَأْكُلُ الصَّدَقَةَ».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:

«Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳумо садақа хурмоларидан бир донасини олиб, оғзига солди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ташлаб юборсин деб, «Ких, ких!» дедилар. Сўнгра: «Биз садақа емаслигимизни билмасмидинг?» дедилар».

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар томонидан йиғиладиган закот ва садақаларни Мадинадаги муҳтож, бева, етим-есирлар ва мискин-бечораларга тарқатиб чиқар эдилар. Келган садақаларни ҳақдорларга тарқатмагунча ухламас эдилар.

Бир куни келган садақани тарқатиш ёдларидан кўтарилгани сабабли, намозни ўқибоқ ҳужрайи саодатларига кириб кетиб, уни ҳақдорларга тарқатиб келдилар. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда бу ҳақида шундай дейилган:

عَنْ عُقْبَةَ قَالَ: صَلَّيْتُ وَرَاءَ النَّبِيِّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  بِالْمَدِينَةِ الْعَصْرَ فَسَلَّمَ ثُمَّ قَامَ مُسْرِعًا، فَتَخَطَّى رِقَابَ النَّاسِ إِلَى بَعْضِ حُجَرِ نِسَائِهِ، فَفَزِعَ النَّاسُ مِنْ سُرْعَتِهِ فَخَرَجَ عَلَيْهِمْ، فَرَأَى أَنَّهُمْ عَجِبُوا مِنْ سُرْعَتِهِ، فَقَالَ: «ذَكَرْتُ شَيْئًا مِنْ تِبْرٍ عِنْدَنَا، فَكَرِهْتُ أَنْ يَحْبِسَنِي، فَأَمَرْتُ بِقِسْمَتِهِ».

Уқба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мадинада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида аср намозини ўқидим. У зот салом бердилар-да, сўнг тез туриб, аёлларидан бирининг ҳужраси томон одамларнинг елкаларидан ҳатлаб ўтиб кетдилар. Шитобларидан одамлар хавотирга тушишди. Кейин уларнинг олдига чиқиб, шитобларидан уларнинг ажабланганликларини кўриб: «Бизникида озгина ёмби тилла (борлиги) эсимга тушиб қолди. У мени чалғитишини ёқтирмадим ва уни тақсимлашга буюрдим», дедилар».

Мана Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай зот эдилар. Ёдларидан кўтарилиб қолиб кетган садақани эслашлари биланоқ, намоздан кейинги айтиладиган тасбеҳ ва зикрларни ҳам қилмасдан, зудлик билан уни ҳақдорларга тақсимлашга амр қилдилар.

 

Давоми бор.....

Абдулазиз Мансурхўжа



[1] Ҳужурот сураси, 4.

[2] Ибн Нажжор. Дурратус самина фи ахборил мадина. – Байрут: Дорул арқам. 2003, –  Б: 90

[3] Али ибн Аҳмад ибн Саид ибн Ҳазм. Жавомиъус сийратин набавийя. – Миср: Дорул маърифа. 1900, - Б: 38

[4] Имом Шавконий. Найлул автор. – Байрут: Идорату тибоату минбария. 2008.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ