Инсонийлик жиҳатидан аёллари билан муомилалари

10 ой аввал 860 Абдулазиз Усмон

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча соҳада бўлганидек, оилалари билан инсонийлик жиҳатидан бўладиган муомилалари ҳам гўзал эди. Қуйида шу жиҳатга доир бир нечта нуқтани санаб ўтамиз:

Биринчи: Аёллари билан илиқ сухбат қуриш

Аёлларининг олдига кириб чиқиш борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос низомлари бор эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар тонг аёлларининг олдига кириб уларга салом берар ва ҳақларига дуо қилар эдилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда бу ҳақида шундай дейилган:

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ «كَانَ رَسُولُ اللهِ إِذَا صَلَّى الصُّبْحَ جَلَسَ فِي مُصَلاهُ وَجَلَسَ النَّاسُ حَوْلَهُ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ ثُمَّ دَخَلَ عَلَى نِسَائِهِ امْرَأَةً امْرَأَةً يُسَلِّمُ عَلَيْهِنَّ وَيَدْعُو لَهُنَّ فَإِذَا كَانَ يَوْمُ إِحْدَاهُنَّ جَلَسَ عِنْدَهَا»

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқиб бўлгач, намозгоҳларида ўтирар, атрофларини саҳобалар қамраб оларди. Қуёш чиққан, у зот ҳар бир аёлларининг олдига кириб, уларга салом берар ва ҳақларига дуо қилиб чиқардилар. Қайси аёлларнинг навбати келган бўлса, ўшанинг уйида қолар эдилар»[1].

Шунингдек, аср намозини ўқиб бўлгач ҳам аёлларининг олдиларига кириб, улардан ҳол аҳвол сўрар эдилар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда бу ҳақида шундай дейилган:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا انْصَرَفَ مِنَ الْعَصْرِ دَخَلَ عَلَى نِسَائِهِ، فَيَدْنُو مِنْ إِحْدَاهُنَّ...

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асрдан қайтганларида аёлларининг ҳузурига кирар ва улардан бири билан гаплашиб ўтирар эдилар...».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримиз билан гаплашиб, уларга бўлган эътиборларини, меҳр-муҳаббатларини билдириб турар эдилар.

Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: «Эрталабки кўришишлари салом бериш ва ҳақларига дуо қилиш билан чекланиш бўлса, асрдан кейинги кўришишлари улар билан илиқ суҳбат қуриб оилавий ҳордиқ чиқариш бўлган», деган.

Бундан ташқари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар тунда оналаримизни жамлаб улар билан суҳбатлашиб ўтирар эдилар.

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда бу ҳақида шундай дейилган:

عَنْ أَنَسٍ قَالَ كَانَ لِلنَّبِىِّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ تِسْعُ نِسْوَةٍ فَكَانَ إِذَا قَسَمَ بَيْنَهُنَّ لاَ يَنْتَهِى إِلَى الْمَرْأَةِ الأُولَى إِلاَّ فِى تِسْعٍ فَكُنَّ يَجْتَمِعْنَ كُلَّ لَيْلَةٍ فِى بَيْتِ الَّتِى يَأْتِيهَا...

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўққизта аёллари бор эди. Уларнинг орасида (кун) тақсим қилсалар, биринчи аёлга фақат тўққизинчи куни етиб келардилар. Улар ҳар кеча у зот келадиган аёлнинг уйида жамланишар эди...».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналаримиз олдиларига кириб чиқиш низомларига доим амал қилиб келганлар. Уни бирор муносабат сабабли тарк қилмаганлар.

Буни имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисдан билиб олишимиз мумкин:

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ  قَالَ: بُنِيَ عَلَى النَّبِيِّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  بِزَيْنَبَ {بِنْتِ} جَحْشٍ بِخُبْزٍ وَلَحْمٍ، فَأُرْسِلْتُ عَلَى الطَّعَامِ دَاعِيًا فَيَجِيءُ قَوْمٌ فَيَأْكُلُونَ وَيَخْرُجُونَ، ثُمَّ يَجِيءُ قَوْمٌ فَيَأْكُلُونَ وَيَخْرُجُونَ، فَدَعَوْتُ حَتَّى مَا أَجِدُ أَحَدًا أَدْعُو، فَقُلْتُ: يَا نَبِيَّ اللهِ، مَا أَجِدُ أَحَدًا أَدْعُوهُ، قَالَ: «ارْفَعُوا طَعَامَكُمْ»، وَبَقِيَ ثَلاَثَةُ رَهْطٍ يَتَحَدَّثُونَ فِي الْبَيْتِ، فَخَرَجَ النَّبِيُّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَانْطَلَقَ إِلَى حُجْرَةِ عَائِشَةَ، فَقَالَ: «السَّلَامُ عَلَيْكُمْ أَهْلَ الْبَيْتِ وَرَحْمَةُ اللهِ». فَقَالَتْ: وَعَلَيْكَ السَّلَامُ وَرَحْمَةُ اللهِ، كَيْفَ وَجَدْتَ أَهْلَكَ؟ بَارَكَ اللهُ لَكَ. فَتَقَرَّى حُجَرَ نِسَائِهِ كُلِّهِنَّ، يَقُولُ لَهُنَّ كَمَا يَقُولُ لِعَائِشَةَ، وَيَقُلْنَ لَهُ كَمَا قَالَتْ عَائِشَةُ،

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нон ва гўшт билан (тўй қилиб) Зайнаб бинт Жаҳшга уйландилар. Мени таомга чорлаш учун юборишди. Бир қавм келиб, таом еб чиқиб кетар, кейин яна бир қавм келиб, таом еб чиқиб кетар эди. Чорлайдиган одам тополмай қолгунимча чорладим ва: «Эй Аллоҳнинг Набийси, чорлайдиган одам тополмаяпман», дедим. У зот: «Таомингизни йиғиштираверинг», дедилар. Уйда уч киши гаплашиб, қолиб кетди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб, Оишанинг ҳужрасига бордилар ва: «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ, эй аҳли байт», дедилар. «Ва алайкассалому ва роҳматуллоҳ. Аллоҳ баракангизни берсин, аҳлингиз қандай экан?» деди у. Кейин у зот барча аёлларининг ҳужраларидан Оишага айтганларини айтиб, бирма‑бир хабар олиб чиқдилар. Улар ҳам у зотга Оишанинг айтганини айтишди.

Мана Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тўй куни ҳам оналаримизни олдиларига кириб, ҳол аҳвол сўраб чиқдилар.

Аслида оилавий можароларга сабаб бўладиган катта омиллардан бири эркакларнинг аёлига эътибор бермаслигидир. Қанчадан қанча хонадонларда эр-хотин ўртасида илиқлик йўқлиги, оила сифатида, эр-хотин сифатида, ота бола сифатида ўзаро ўтириб гаплашиш йўқлиги боис оилалар ажрашиб, ароканда бўлмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари ибрат олиши учун, оналаримизга алоҳида эътибор берар, уларнинг олдиларига кириб ҳол аҳвол сўрар ва улар билан илиқ суҳбат қурар эдилар.

Минг афсуски, баъзи бирлар уйида эрини кутиб турган аёлига эътибор бермайди, уларни қадрламайди. Орамиздан кўтарилган бу суннатни тирилтирсак оиалалар янада мустаҳкам бўлади.

Давоми бор.......

Абдулазиз Мансурхўжа



[1] Ибн Ҳажар. Фатҳул борий. – Байрут: Дорул ирфон. 2003.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ