Аёллари ўртасидаги тақсимот

5 йил аввал 2373 Абдулазиз Усмон

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир оналаримизга алоҳида кун ажратган эдилар. Кунни тақсимлашда, бирини иккинчисидан устун қўймас эдилар.

Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳ келтирган ривоятда бу ҳақида шундай дейилган:

عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ عَنْ أَبِيهِ قَالَ قَالَتْ عَائِشَةُ يَا ابْنَ أُخْتِى كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لاَ يُفَضِّلُ بَعْضَنَا عَلَى بَعْضٍ فِى الْقَسْمِ مِنْ مُكْثِهِ عِنْدَنَا وَكَانَ قَلَّ يَوْمٌ إِلاَّ وَهُوَ يَطُوفُ عَلَيْنَا جَمِيعًا فَيَدْنُو مِنْ كُلِّ امْرَأَةٍ مِنْ غَيْرِ مَسِيسٍ حَتَّى يَبْلُغَ إِلَى الَّتِى هُوَ يَوْمُهَا فَيَبِيتُ عِنْدَهَا

Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади:

«Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: «Эй опамнинг ўғли! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизда қолишда биримизни иккинчимиздан устун кўрмас эдилар. Ҳар доим ҳаммамизнинг олдимизга бирма-бир кириб айланиб чиқар эдилар[1] ва навбат куни келган аёлларининг олдида тунаб қолар эдилар».

Шунингдек, сафарга олиб чиқишда ҳам адолат билан йўл тутар эдилар. Ҳар доим ўзлари билан сафарга чиқадиган онамизни қуръа ташлаш йўли билан аниқлаб олар эдилар. Қуръа ташлашлаш орқали сафарга чиқдиган аёлларини танлашдан кўзлаган мақсадлари; аёллари ўртасида пайдо бўлиши мумкин бўлган келишмовчилик ва норозиликни олдини олиш эди.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  إِذَا أَرَادَ سَفَرًا أَقْرَعَ بَيْنَ نِسَائِهِ، فَأَيَّتُهُنَّ خَرَجَ سَهْمُهَا خَرَجَ بِهَا مَعَهُ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар қилмоқчи бўлсалар, аёлларининг ўртасида қуръа ташлар эдилар. Қайси бирларининг чекига чиқса, уни ўзлари билан бирга олиб чиқар эдилар».

Мана кўриб турганингиздек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай йўл тутар эдиларки, у зотнинг ишлари оилавий жанжалга сабаб бўлмасди.

Иккинчи: Аёлларини яхши кўришларини баралла айтишлари.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал одатлари ва суннатларидан бири бу оналаримизни яхши кўришларини айтишлари эди. Эркак аёлини яхши кўришини унга билдирса, эр-хотинлик риштаси янада мустаҳкам бўлади. Умматларим бунга бепарво бўлмасин деб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизни яхши кўришларини нафақат уларга, ҳатто, бошқа саҳобаларига ҳам айтар эдилар.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бу ҳақида шундай дейилган:

عَنْ عَمْرو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَعَثَهُ عَلَى جَيْشِ ذَاتِ السَّلَاسِلِ، فَأَتَيْتُهُ فَقُلْتُ: أَيُّ النَّاسِ أَحَبُّ إِلَيْكَ؟ قَالَ: «عَائِشَةُ».

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу шундай сўзлаб берди:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-салосил қўшинига бош қилиб юбордилар. У зотнинг ҳузурларига келиб: «Одамларнинг қай бири сиз учун энг севимли?» дедим. «Оиша», дедилар.

Баъзи эркаклар аёлини яхши кўришини унга айтмайди. Айтишни эркаклик ғурурига путур етказади, деб ўйлайди. Ёки кибри бунга йўл қўймайди. Аслида эр-хотин ўртасидаги муҳаббатни биринчи бўлиб Қуръон тилга олган. Аллоҳ сурасининг оятида шундай марҳамат қилади:

 

وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ [الروم : 21]

«Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратгани ва ораларингизда меҳру муҳаббат ва марҳаматни солиб қўйгани Унинг оят(белги)ларидандир».

Мана Аллоҳ эр-хотинлар орасига меҳр-муҳаббатни солиб қўйганини қиёматга қадар тиловат қилинадиган муқаддас китобида эълон қилди.

Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизни яхши кўришларини уларнинг ўзига ҳам, сўраб келган саҳобаларга ҳам айтар эдилар. Ҳатто вафот этганига беш йил бўлган Хадича онамизни эслаб, у кишини жуда яхши кўришларини айтиб юрар эдилар.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бу ҳақида шундай дейилган:

عَنْ عَائِشَةَ ... قَالَتْ فَأَغْضَبْتُهُ يَوْمًا فَقُلْتُ: خَدِيجَةَ! فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنِّى قَدْ رُزِقْتُ حُبَّهَا».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«....Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазабларини чиқариб, «Яна Хадичами!» дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга унинг муҳаббати берилган эди», дедилар».

Мана Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шунчаки: «Хадичани яхши кўрардим», демадилар. Хадича онамизни яхши кўришни Аллоҳ ризқ қилиб берганини айтмоқдалар.

Демак, киши суннатга мувофиқ аёлини яхши кўришини билдириши керак. Унинг бу иши оиладаги аҳиллик риштасини янада мустаҳкамлайди.

 


[1] Бу айланиб чиқиш шунчаки илиқ суҳбат ва ҳол аҳвол сўраш бўлган. Жимоъ қилиш эмас.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ