Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қўллари ва оғизлари

3 йил аввал 1677 siyrat.uz

Юқорида  зикр  қилганимиздек,  Аллоҳ  улардан  рози  бўлсин  –  саҳобаи
киромлар  Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  ва  салламнинг  ҳар  бир  аъзоларини,
жумладан,  муборак  қўлларини  ҳам  табаррук  санашар  эдилар.  Ойша  онамиз
разийаллоҳу анҳо айтадилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам касал бўлиб қолсалар, ўзларига
“қул аъузу” сураларини ўқир ва дам солар эдилар. Агар оғриқлари кучайиб кетса,
уларни мен ўқиб қўяр ва баракасини истаган ҳолда,  у зотнинг қўллари билан силар
эдим” (Бухорий, 6/5016; Муслим, 4/2192).
Бу  ерда  Ойша  разийаллоҳу  анҳо  ўз  қўллари  билан  силаб  қўявермасдан,
табаррук  ва  барака  умидида  Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  ва  салламнинг
муборак қўллари билан ўзларини силатар эди. Яъни, у зотнинг қўлларида барака
бор, деб эътиқод қилар эдилар. 
“Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  ва  саллам  эрталабки  намозни  ўқисалар,
Мадинанинг хизматкорлари  ўзларининг  сув тўла идишлари билан келишар эди.
Идишларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини унга бир тиқиб
олишлари  учунгина  келтиришар  эди.  Гоҳида  эрталабки  совуқ  пайтдаёқ  келиб
олишар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам идишларга қўл ларини ботириб
берар эдилар” (Муслим, 4/2324).
Муҳаддис  Имом  Муслим  раҳимаҳуллоҳ  мазкур  саҳиҳ  ҳадисни:
“Пайғамбар алайҳиссаломнинг одамларга яқинлиги ва уларнинг у зотни табаррук
қилишлари”, деган бобда келтирганлар.
Абу Мусо ал-Ашъарий разийаллоҳу анҳу билан бирга Билол разийаллоҳу
анҳу икковига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам идишда сув келтиришни
буюрганлар.  Унда  қўлларини  ва  юзларини  ювганлар,  оғизларини  чайиб ,  сувга
пуфладилар.  Сўнгра  икковига:  “Иккалангиз  ичинг,  юзларингиз  ва  бўйин-томоқларингизга  (ҳам)  суртинглар” дедилар. Улар олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи  ва  саллам  буюрганларидек  қилишни  бошлаган  эдилар,  парда  ортидан
Умму  Салама  онамиз  разийаллоҳу  анҳо:  “Идишдан  онангизга  ҳам
қолдиринглар!”,  дедилар.  Улар  сувдан  озроғини  қолдиришди  (Бухорий,  5/4328;
Муслим, 4/2497).
Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  ва  саллам  Мадинага  кўчиб  борганларида
бир  муддат  Абу  Айюб  ал-Ансорий  разийаллоҳу  анҳунинг  уйларида  турганлари
маълум.  У  зот  Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  ва  салламга  овқат  қилиб,
ҳузурларига киритар, сўнг у зоти бобаракотнинг бармоқлари товоқнинг қаерига
теккан бўлса, ўша жойидан олиб овқат ер эдилар (Муслим, 3/2053).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Сулайм разийаллоҳу
анҳонинг  уйларига  тез-тез  кириб  турар  эдилар.  Бир  куни  уйида  осиб  қўйилган
мешдан  тикка  туриб  сув  ичдилар.  Умму  Сулайм  разийаллоҳу  анҳо  мешнинг
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  муборак  оғизлари теккан жойини
кесиб  олиб,  барака  сифатида  алоҳида  сақлаб  қўйдилар.  Буни  Имом  аз-Заҳабий
раҳимаҳуллоҳ  “Сийар  аълом  ан-нубало”да  зикр  қилганлар  (2/308).  Бошқа
муҳаддислар эса Кабша (ёки Кубайша) разийаллоҳу анҳонинг уйида Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам мешда сув ичганларида, у ҳам  худди шу ишни қилиб,
мешнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғизлари теккан жойини
қирқиб, алоҳида олиб қўйганини ривоят қилишган (Термизий, 2/1892; Ибн Можа,
3/3423; Ибн Ҳиббон, 5/5318)




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ