Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хилқатлари

3 йил аввал 2216 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўриш катта шараф ҳисобланади. Баъзида солиҳ кишиларнинг пайғамбаримизни тушларида кўрганини эшитиб, «Кошки эди мен ҳам у зотни тушимда кўрсам эди», деб орзу қиламиз. У зотни тушида кўрганлардан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни васфлаб беринг», деб илтимос қилганимизда, уларнинг кўпчилиги эслолмайман, деб узрини билдиради. Баъзи аҳли илмлардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўриш учун нима қилиш керак, деб сўраганимизда, улар: «Узотга саловот айтиб, суннатларига амал қилиш билан бир қаторда, у зотнинг хилқатларини васфлаб берган китобларни ўқиш керак. Чунки у зотни шамоилларини (яъни юз кўринишларини) билгандан кейин, «Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим», деса бўлади», дейишди.

Шунинг учун у зотнинг шамоилларини баён қилиб берувчи баъзи ҳадисларни сизнинг эътиборингизга ҳавола қиламиз. Шояд шу шамоилни ўқиб чиқандан кейин у зотни тушимизда кўрсак!

Баро ибн Озиб розияллоху анҳу деди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ичида юзи чиройлироғи, ахлоки гўзалроғи ва ўрта бўйли эдилар».

Имом Бухорий ривояти.

Бошка ривоятда деди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта бўйли, кенг елкали бўлиб, сочлари қулоқларининг юмшоқлари қадар тушар эди. Мен қизил кўйлак кийган пайтларида у зотдан кўра чиройлироқ одамни кўрмадим»  Имом Бухорий ривояти.

Абу Исхок Сабиъий розияллоҳу анҳу деди:

«Бир одам Бароъ ибн Озибдан: «Расулуллоҳ сjллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қилич каби эдими?» — деб сўраганида: «Йўқ, Ой каби эди» — деб жавоб берди». Имом Бухорий ривояти.

Анас розияллоҳу анҳу деди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кафтларидан кўра мулойимрок бўлган на ипак на бошқа нарсани ушламадим ва Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидларидан кўра хушбўйроқ ҳидни топмадим». Муттафақун алайҳ.

Ҳаё хам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларидан бири эди. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу деди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чимилдиққа кирган бокира қиздан хам ҳаёлироқ эдилар. Агар бирон нарсани ёқтирмасалар, биз уни юзларидан сезар эдик». Имом Бухорий ривояти.

Қуйида у зотнинг кўриниш ва сифатларини мухтасар санаб чиқамиз:

1.Ўрта бўй эдилар.

2. Ранглари оқ-қизил, юзлари  буғдойранг эди.

3. Олдинга мойил бўлиб юрардилар.

4. Икки елкалари ораси кенг эди.

5. Кафт ва қадамлари тўла, гўштли.

6. Бошлари катта, юзлари думалоқроқ, кўзлари қора эди.

7. Суякларининг қўшилган ери йўғон.

8. Киприклари узун. Тана аъзолари бир-бирига мутаносиб, хушбичим эди.

9. Сийнадан киндиккача узун ва ингичка мўй.

10. Баданлари туксиз.

11. Бирор тарафга бурилсалар, гавдалари билан бурилар эдилар.

12. Пешоналари кенг.

13. Қошлари қўшилмаган, эгик эди.

14. Бурунлари баланд, қиррали.

15. Соқоллари қалин эди.

16. Тишлари майда, ялтироқ, олдинги тишлари бир-биридан алоҳида кўринар эди.

17. Қорин ва сийналари текис ҳамда баробар.

18. Кўкраклари кенг.

19. Билаклари узун.

20. Икки елкалари ўртасида пайғамбарлик муҳри бор. Бу муҳр каптар тухумидек келадиган қизғиш гўшт, усти тук эди.

21. Юришлари тез.

22. Барчадан илгари салом берардилар.

23. Сочлари икки қулоқ ярмига тушади.

24. Сочларини тарар, бўяр (қора-қизил рангга) ва баъзида фарқ очардилар.

25. Ўнгдан бошлашни суярдилар. Сочга ёғ суртардилар. Ҳаж ва умрада олдирганлар.

26. Кўзларига ҳар кеча сурма қўярдилар.

27. Кийимни йиртилгунча кияр эдилар.

28. Узуклари кумушдан бўлиб, ўнг қўлга таққанлар.

29. Салла ўрардилар (7-12 газ).

30. Изорлари тўпиқдан пастга тушмаган.

31. Таомни суяниб емасдилар. Таомни айбламас, ёқса ер, ёқмаса тарк этар эдилар.

32. Таомдан сўнг бармоқларини уч бор ялар эдилар.

33. Хонтахта устида овқатланмас эдилар.

34. Таомлари товуқ гўшти, қўй гўшти, тўрғай гўшти, сирка, зайтун ёғи, арпа нони, нон тўғралган шўрва (сарид), хурмо, талқон эди. Ширин ва совуқ ичимликни, сутни, замзамни суярдилар.

35. Пиёлалари ёғочдан бўлган эди.

36. Бодрингни ва қовунни (янги) хурмо билан қўшиб ер эдилар.

37.Сув ичганларида уч бор тўхтаб-тўхтаб, нафас олиб ичардилар.

38. Хушбўйликлар учун махсус идишлари бор эди.

40. Бирор нарсага ишора қилсалар, бутун кафтлари билан ишора қилар эдилар.

41. Еттита қиличлари бўлган.

42. Шеър ўқир ва эшитар эдилар. (Шоирлари: Ҳасан ибн Собит).

43. Аввал икки ракат енгил намоз ўқиб, сўнгра таҳажжудга киришардилар.

44. Қироатни ҳарф-ҳарф, очиқ ва равшан, ҳар бир оятни алоҳида ўқир эдилар.

45. Қуръонни ўзгадан эшитишни суяр эдилар.

46. Тўшаклари теридан, ичига хурмо дарахти пўстлоғи солинган эди.

47. Саҳобалар у зотни кутиб олиш учун ўринларидан туришмас эди.

48. Қаерга борсалар, бўш ўринга ўтирардилар.

49. Уйдаги вақтлари учга бўлинарди: 1. Ибодат; 2. Уй ишлари; 3. Шахсий ишлар.

50. Ҳар бир ишнинг тадбирини аввалдан қилар эдилар.

51. Ўзларига эрта учун озиқ- овқат олиб қўймас эдилар.

52. Либосларига ўзлари қарар, ўзлари ямар, жониворлар сутини ўзлари соғар эдилар.

53. Сариқ либосни суймас эдилар.

54. Ҳеч кимни урмаганлар.

55. Ўзлари дарвешона ҳаёт кечирсалар-да, эҳсонлари шоҳларникидан аъло эди.

56. Ҳадя олиб, мукофот берардилар. Ҳадяларни келган куниёқ (муҳтожларга) тарқатар эдилар.

57. Узоқдаги товушларни ҳам эшитар, ҳеч ким кўра олмайдиган масофани бемалол кўрар, қоронғуда ҳам кундузгидек бемалол кўраверар эдилар.

58. Лўнда, қисқа, аниқ, такаллуфдан холи ва айни пайтда фасоҳат билан гапирар эдилар.

59. Ҳар кимнинг ақлига мослаб сўзлар эдилар.

60. Ҳазилларига ёлғон аралашмас эди.

61. Кулишлари чиройли табассум эди.

62. Дастлаб кўрган одамни ҳайбатлари босар, муомала қилиб таниганидан сўнг, ҳамма у зотни яхши кўриб қолар эди.

63. Туя, от минганлар.

64. Бир марта ҳаж, тўрт марта умра қилганлар.

65. Кам овқат ер, кам ухлар эдилар.

66. Ўзлари учун интиқом олмасдилар.

67. Вафот этганларида ҳазрати Али (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) ғусл қилдирган, амакилари Аббос ва у зотнинг ўғиллари Фазл (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) ёрдам

берганлар.

68. Қабрни Абу Талҳа қазиган.

69. Мерослари садақа қилиб берилган.

Булар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хилқати ва хулқлари ҳақида нақл қилинган баъзи сифатлар, холос. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хилқат ва хулқларини мукаммал қилиб яратгандир. Ота-онам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга фидо бўлсин!

Интернет маълумотлари асосида

Абдулазиз Усмон тайёрлади




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ