Ўнинчи йил: Абу Толиб ва Хадижанинг вафотлари, Пайғамбаримизнинг Тоифга сафарлари, илк Ақаба кўришиши

1 ўн йил аввал 3101 siyrat.uz

Мусулмонлар уч йил давом этган даҳшатли қамалдан қутулганларига хурсанд эдилар. Бироқ бу хурсандчиликлари узоққа бормади. Кетма-кет келган икки мусибат Расули акрамни ҳам, мусулмонларни ҳам чуқур қайғуга солди. Қамалдан саккиз ой кейин Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Толиб саксон ёшида, уч кун ўтар-ўтмас завжалари − саййидатун-ниса Хадижатул Кубро олтмиш беш ёшларида вафот этишди (619 й.).

Расули акрамнинг амакилари Абу Толиб мусулмон бўлмаган эди. Бироқ у Пайғамбаримизга узоқ йил оталик қилган, ўз фарзандидек севган, тарбиялаган эди. Пайғамбарлик даврида эса жиянини Қурайшнинг турли-туман ёмонликларидан асради. Ҳатто ўлар чоғида Қурайшга ҳазрат Пайғамбарга эргашишни тавсия этишни унутмади, бу ишни сўнгги вазифаси ўлароқ адо этди. Абу Толибнинг Расули акрамга нисбатан қилган фидокорликларини тарих муносиб тақдирлаб келмоқда.

Бироқ ҳадис уламосининг фикрича, Абу Толиб мушрик сифатида ўлган. Расули акрам амакиларини жуда ҳам яхши кўрар, унинг мусулмон бўлишини жон-дилдан истар эдилар.

Абу Толиб ўлим тўшагида ётганида Пайғамбаримиз уни кўришга келадилар. Абу Жаҳл ҳам ўша ерда эди. Ҳазрат Пайғамбар Абу Толибга:

— Эй менинг отам ўрнида бўлган амакижоним! Сўнгги нафасингизни олишдан олдин ҳеч бўлмаса бир мартагина шаҳодат калимасини айтинг. Айтингки, мен ҳам охиратда сизга шафоат қила олай, Аллоҳ ҳузурида сизнинг мусулмон бўлганингизга шоҳид бўлай!− дейишлари билан Абу Жаҳл орага кириб:

— Эй Абу Толиб! Ота-боболаримизнинг динидан юз ўгирасанми? − деган.

Шундан кейин Абу Толиб:

— Мен эски динда (Абдулмутталибнинг динида) бўлганим ҳолда ўляпман. Агар Қурайш мени ўлимдан қўрқди ва динини ўзгартирди, демаса эди, сенинг айтганингни қилган бўлур эдим,− деб жавоб берган.

Пайғамбаримиз эса:

— Мен ҳамиша сизнинг ҳаққингизга дуо қиламан, − деганлар, бироқ Абу Толибнинг ёнидан жуда тушкун кайфиятда туриб кетганлар.

Бухорийда ҳам, Муслимда ҳам Абу Толиб масаласи мана шу тарзда баён қилинади. Фақатгина Ибн Исҳоқ Абу Толибнинг сўнгги нафасда калимаи шаҳодат келтирганини айтади63.

Абу Толибнинг мусулмонликни қабул қилган-қилмагани ихтилофли масала ҳолига келган. «Маонии Қуръон» китобида профессор Исмоил Ҳаққи Измирли

«(Эй Муҳаммад), аниқки, сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур», ояти каримасининг Абу Толиб ҳақида нозил бўлганини ёзади64.

Абу Толибнинг ўлимидан уч кун кейин Расули акрамнинг дардларига яна бир аччиқ дард қўшилди − ҳазрат Хадижа волидамиз оламдан ўтдилар. Хадижа онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан оғир дамларда ҳамиша бирга бўлган энг яқин ва меҳрибон умр йўлдош эдилар. У муҳтарамани қабрга Пайғамбаримизнинг ўзлари қўйдилар.

Шундай қилиб, ҳазрат Пайғамбар кетма-кет икки энг яқин кишиларидан жудо бўлдилар. Ўшанда саҳобалардан ҳар бирининг ўзига яраша дарди бор эди. Қурайшнинг тинимсиз ва даҳшатли исканжаси мусулмонларнинг ҳар бирига бир фалокат олиб келди.

Абу Толиб ва Хадижанинг ўлимлари Макка даврининг ўнинчи йилига тўғри келган эди. Ислом тарихида бу ўнинчи йил  «санатул ҳузун», «омул ҳузун» (ҳузун йили) деб аталди. Чунки янги Ислом дини ҳаётидаги энг изтиробли йил ўнинчи йил бўлди.

Абу Толиб билан Хадижанинг ўлимлари Пайғамбаримиз чекаётган дард-изтиробларнинг янги палласини очиб берди. Энди у кишига қарши қилинаётган тазйиқлар даҳшатли тус олди.

Қурайшнинг инсон зоти дош бермайдиган даражадаги бу ёмонликлари энди Расули акрамнинг ҳам тоқатларини тоқ қилаёзди. Хадижанинг ўлимларидан кейин у киши маълум вақтга Маккадан чиқдилар. Ҳижоз шаҳарларидан Тоифга бордилар (620 й.) Ёнларида фақат тутинган ўғиллари Зайд бор эди. Расули акрам Тоифда ўн кун турдилар.

Ўша пайт Тоиф шаҳрига Сакиф қабиласи ҳоким эди. Қабилани обрў-эътиборли зотлар бошқарарди. Маккадаги Қурайш қабиласи каби тоифлик сакифийлар ҳам бутпараст (мушрик) эдилар.

Расули акрам бу ерда Ислом динини ёйиш мақсадида тоифликларни Аллоҳнинг бирлигига даъват қилдилар. Қабиланинг бошлиқлари, оқсоқоллари билан суҳбатлашдилар. Уларни бутга сиғинишдан қайтармоқчи, бўлажак азобдан қутқармоқчи бўлдилар. Бироқ бу даъват Пайғамбаримизнинг бошларига янги кулфатлар олиб келди. Тоифликлардан ҳеч ким мусулмонликни қабул қилмади. Бунинг устига Пайғамбаримизга қарши қилмаган ёмонликлари қолмади.

Тоифликлар олдин Расули акрамни масхара қилдилар. Сўнгра ҳақоратлай бошладилар. У Зотни кўчалардан судраб олиб ўтдилар. Ниҳоят, Тоифдан чиқиб кетишга мажбур қилдилар. Ҳатто анча жойгача таъқиб қилиб бордилар. Қабила бошлиқларининг ташвиқи билан йўлнинг икки томонига тизилган қуллар Расули акрамни тошбўрон қилдилар. Сарвари оламнинг оёқ кийимлари қонга тўлди. Ўнг-сўлдан отилаётган тошлардан Зайд яраланди. Ҳазрат Пайғамбарни тошлардан тўсмоқчи бўлган Зайднинг бадани қонталаш бўлиб кетган эди.

Ҳаво жуда иссиқ эди. Шундай иссиқда тоифликлар ҳолдан тойгунларича Расули акрамни таъқиб қилиб келишди. Йўл устида Рабиъа ўғилларидан Утба ва Шайбага қарашли бир боғ бор эди. Тоифликлар меҳмонларни шу боғгача тошбўрон қилиб келдилар. Тоиф сафарида Расули акрамга кўрсатилган бу ваҳшийларча муомала у кишига қаттиқ алам етказди. Бироқ ўшанда ҳам ҳеч кимни дуои бад қилмадилар. Бу билан Расули акрам илоҳий пайғамбарликларининг далилларидан яна бирини кўрсатган эдилар.

Айни пайтда Расули акрам пайғамбарлик ҳаётларининг энг нозик нуқтасида турардилар. Ҳаётлари давомида чеккан энг аччиқ изтироб мана шу эди.

У Зот ўзларига тушган вазифанинг нақадар масъулиятли ва шу билан бирга оғир-машаққатли эканини англаган эдилар. Боғда бир оз дам олдилар. Сўнгра кўзларида ёш ила қўлларини юқорига кўтариб, Аллоҳга шундай ёлвордилар:

— Ё Раббий! Қувватимизнинг заифлигини, чорасиз қолганимни, одамлар орасида хор бўлганимни фақат Сенгагина арз этаман. Эй раҳмлиларнинг энг Раҳмлиси! Ҳамма заиф, зулмдан эзилган мазлум-бечораларнинг Роббиси Сенсан! Аллоҳим! Ахлоқсиз, юзсиз бир душман қўлига мени бермайдиган, Сен ҳаётимнинг тизгинларини қўлига берганинг ақрабо, дўстдан-да менга марҳаматлисан. Аллоҳим! Мендан ғазабнок бўлмасанг бўлгани, чекканим бало-машаққатлар ҳеч нарса эмас. Сенинг марҳаматинг жуда ҳам кенгдир. Парвардигоро! азобингга йўлиқишдан, норизолигингга дуч келишдан Сенинг нури важҳингга паноҳ тилаб қочаман. У нурки, бутун зулматни ойдинлатади. У нурки, дунё ва охират ишларининг ислоҳи унгагина вобастадир. Парвардигорим! Рози бўлганинг қадар Сендан мағфират сўрайман. Бутун куч-қувват соҳиби Сенсан, ё Раббий65.

Мавлоно Муҳаммад Али бундай ёзади: «...Ҳазрат Муҳаммад бир инсон чидаши мумкин бўлган бутун қийинчиликларга кўксиларини очган, бир инсонни ўзини-ўзи ўлдириш даражасигача олиб борадиган бутун фалокатларни ақлларни лол қолдирадиган бир сабр билан кутиб олган эдилар. Аллоҳим, қандайин метин бир иймон бу! Аллоҳнинг розилиги олдида бошларига келган кулфатларнинг ҳеч нарсага арзимаслигини айтадилар»66.

Расули акрамнинг ачинарли ҳолларини боғнинг соҳиби − Рабиъа ўғиллари кўрдилар. Аддос исмли бир христиан қулдан узум бериб юбордилар. Ҳазрат Пайғамбар узумни қўлларига олиб «Бисмиллаҳ»(Аллоҳнинг номи билан) деб ея бошладилар. Буни кўрган қул ҳайрон қолди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир неча саволлар берди. Бу узоқ давом этмаган суҳбатнинг сўнггида қул мусулмонликни қабул қилди. Ҳа, Расули акрам энг оғир дамда ҳам илоҳий вазифаларини унутмаган эдилар. Расули акрам Тоиф саёҳатидан қайтарканлар, Ҳиро (Нур) тоғига чиқдилар. У ердан Адий ўғли Мутъимга ўзларини ҳимоя қилишини сўраб хабар юбордилар. Унинг ҳимоясида кечқурун Маккага кириб бордилар. Ҳарами Шарифга кирдилар. Каъбани тавоф қилдилар. Икки ракат намоз ўқиб, уйга қайтдилар.

Араб одати бўйича, Мутъим ўз меҳмонини ҳимоя қилишга мажбур эди. Дарҳол ўғилларини қуроллантириб, Каъба ёнига жўнатди. Расули акрамни Маккага ҳам улар олиб киришган эди.

Макка кўчаларида Расули акрамнинг юришлари таҳликали эди. Шу сабабли ҳам шундай тадбирли йўл тутдилар.

Тоифдан қайтгач67, Расули акрам маълум муддат халқдан узоқ яшадилар. Ҳаж мавсумида (зулҳижжада) Макка атрофида ташкил қилинган Укоз каби савдо-сотиқ марказларида ҳар хил мақсадлар билан тўпланган араб қабилаларига хитоб қилар, Қуръон оятларидан ўқир, уларни Ислом динига даъват этар эдилар.

Қурайш пешволари мусулмонликнинг Маккадан ташқарига чиқишидан, атрофга ёйилишидан ташвишга тушдилар. Ҳазрат Муҳаммаднинг қабилалар ўртасида динларини тарғиб қилишларига монеълик кўрсатиш учун турли чора-тадбирлар қидирдилар. Ҳаж вақтида Муғийра ўғли Валиднинг олдига Расули акрамни ёмонлаб бордилар. Валид ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришди. У Зотдан Қуръони карим оятларидан эшитгач, тўпланганларга қарата шундай деди:

— Муҳаммаддан эшитганларим шеър эмас. Мен шеърнинг ҳамма турини биламан. Наср ҳам эмас. Эшитганим бу сўзлардаги латофат ва мукаммаллик ҳеч қандай сўзларда топилмайди... Муҳаммад фолчи бўлиши мумкин эмас. Чунки гаплари фолчиникига ўхшамаяпти. У жинни ҳам эмас. Сеҳргар деб ҳам бўлмайди. Чунки Муҳаммад ўқиб «куф-суф» демаяпти, тугун боғламаяпти. У сеҳргарларга ўхшамайди. Муҳаммад фақатгина биродарни биродардан, қариндошни қариндошдан айиряпти. Шу сабабдан гаплари сеҳр-жодуга ўхшаб кўриняпти.

Мушриклар Расули акрамга қарши турли хил ташвиқотлар олиб борардилар. Қуръони каримнинг Аллоҳнинг сўзи эканини тан олмаганларидан тап тортмай, бу бировдан олинган, дейишарди.

Ибн Исҳоқнинг ривоят қилишича, Хадар ўғли Омирнинг Жобир номли христиан рум қули бор эди. Расули акрам Марвадаги мажлисларига ҳар кимни қабул қилганлари каби бу христиан рум қулни ҳам олар, у билан суҳбатлашар эдилар68.

Маккалик мушриклар Расули акрамнинг саводсиз эканликларини, ёшликларидан бери ҳеч кимдан хат-савод ўрганмаганликларини, бирор мактаб ёки мадрасада таҳсил олмаганликларини била туриб, Қуръони каримни шу христиан қулдан ўрганган деб айтишарди. Қуръони карим бу ёлғончи мушриклар ҳақида шундай дейди: «Аниқки, Биз уларнинг«(Қуръонни Муҳаммадга) бирон одам ўргатмоқда», деяётганини билурмиз. (Лекин уларнинг бу даъволари пучдир, чунки) улар ишора қилаётган кимсанинг тили ажамий (яъни арабий эмас), бу (Қуръон) эса очиқ-равшан арабийдир"69.

Кўриняптики, мушриклар Расули акрамнинг илоҳий даъватларини инкор қилиш йўлида турли ёлғон-бўҳтонлар уюштиришарди. Бироқ бутун бу саъй-ҳаракатларнинг фойдасиз, натижасиз бўлаётганига ўзлари гувоҳ бўлишарди. Расули акрамнинг Ақоба тепалигида олти нафар мадиналик билан бўлиб ўтган мулоқотлари натижаси ҳам бу бемаъни ишларнинг самарасиз эканини яна бир бор кўрсатди.

Макка даврининг (нубувватнинг) ўнинчи йили. Ҳаж мавсуми эди (620 йил апрели).

Бир томондан Расули акрам Каъбадаги бутларни зиёрат қилишга келган қабилалар ўртасида «Якка Тангри» эътиқодини ёйиш вазифаларида давом этардилар, бошқа томондан эса орқаларидан амакилари Абу Лаҳаб келиб, у кишини ёлғончига чиқаришга ҳаракат қиларди.

Ана шундай кунларнинг бирида Расули акрам Маккадан ташқарига чиқдилар. Макка билан Мино орасидаги йўлда, Макканинг шимолидаги Ақоба деган бир тепаликда мадиналик олти киши билан учрашиб қолдилар. Уларга Қуръондан оятлар ўқиб, Ислом динига даъват қилдилар. Бу даъватдан кейин мадиналиклар дарҳол мусулмонликни қабул қилдилар. Ислом тарихида бу воқеага «Илк Ақоба учрашуви»дейилади. Расули акрам билан биринчи мулоқотдаёқ мусулмон бўлган бу олти кишидан иборат илк мадиналик «ансор»лар қуйидагилар эди: Асъад ибн Зарора, Рофиъ ибн Молик, Авф ибн Ҳорис, Қутбат ибн Омир, Уқбат ибн Омир, Жобир ибн Абдуллоҳ.

Маккалик илк мусулмонлар (ҳазрат Хадижадан кейин) саккиз киши бўлган бўлса, мадиналик илк мусулмонлар олти киши эдилар. Бу рўйхатнинг бошида Асъад ибн Зарора турарди.

Мадинада яшаётган Авс, Ҳазраж каби араб қабилалари билан Яҳудий қабилалари ўртасида азалдан келишмовчилик бор эди. Қачон ўрталарида бир баҳс-мунозара чиқса, яҳудийлар: «Яқинда бир Пайғамбар келади, биз унга эргашиб қувватланамиз. Ўшанда сизлардан боплаб ўч оламиз!» дейишарди70.

Мадиналиклар бир Пайғамбар келишини фақат яҳудийлардан эмас, анча олдин кексалардан ҳам эшитишган эди. Расули акрамнинг даъватларига мадиналикларнинг ошиқишларида бу «пайғамбар фикри»нинг ҳам катта таъсири кўринди. Расули акрамнинг мадиналиклар билан илк муносабатлари ана шундай бошланди. Бу муносабатлар Пайғамбаримизнинг Мадинага қилган катта ҳижратларигача уч йил давом этди (620-622 й.).

Мадиналиклар ҳаж вақти Ақобада Пайғамбаримиз билан кетма-кет уч марта кўришдилар. Илк учрашувда олти киши иштирок этган бўлса, улар Мадинанинг Ҳазраж қабиласидан эдилар, бир йилдан кейин «иккинчи Ақоба мулоқоти» бўлиб ўтди, бу сафар Авс ва Ҳазраж қабилаларининг вакилларидан ўн икки киши қатнашди.

Учинчи мулоқот Макка даврининг ўн иккинчи йили, яна зулҳижжа (ҳаж) ойида бўлиб ўтди. Бу охирги учинчи суҳбатда мадиналикларнинг сони етмиш бештага етди. Булардан иккитаси аёл эди. Ораларида Ҳазраж қабиласидан ва Бани Нажжор шажарасидан (Пайғамбаримизнинг ақраболари) ҳазрат Холид (Абу Айюб Ансорий) ҳам бор эди.

Биринчи Ақоба мулоқотидан кейин мадиналик илк олти мусулмон ўз юртларига қайтиб, кўрган-эшитганларини ҳамшаҳарларига гапириб берган, охирги Пайғамбарнинг Маккадан чиққанини айтган эдилар. Пировардида бу олти мусулмон Мадинада мусулмонликнинг ёйилишига сабабчи бўлди.

Изоҳлар

63. «Асри Саодат». 1-жилд, 272-бет.

64. 1-жилд, 181-бет.

65. (Марҳум Аҳмад Наим. «Тажриди сариҳ» таржимаси, 2-жилд, 614-бет; Ибн Асир, 37-бет.)

66. «Пайғамбаримиз». 96-бет.

67. Расули акрамнинг Тоиф саёҳатлари Макка даврининг ўнинчи йили амалга оширилган эди (620 й.). Орадан тўққиз ярим йил ўтгач, Мадина даврида ҳазрат Муҳаммад қўшинлари билан Тоифни ўраб олдилар. Муҳосара (қамал) йигирма кун давом этди. Кўп қон тўкилмаслиги учун қамал тўхтатилди. Бироқ бир йилдан кейин Тоиф аҳолиси Расули акрамга бир ҳайъат юбориб, Ислом динини қабул қилмоқчи бўлганларини маълум қилишди.

68.«Қуръон тили». 4-жилд, 3126-бет.

69. «Аниқки, Биз уларнинг «(Қуръонни Муҳаммадга) бирон одам ўргатмоқда», деяётганларини билурмиз. (Лекин уларнинг бу даъволари пучдир, чунки) улар ишора қилаётган кимсанинг тили ажамий (яъни арабий эмас), бу (Қуръон) эса очиқ-равшан арабийдир» (Наҳл сураси, 103-оят).

70. «Мавохиби Ладуния» асарининг таржимаси, 1-жилд, 53-бет.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ