Уҳуд ғазоти ва Ҳамро Ул-Асад

6 йил аввал 1218 siyrat.uz

Бадр ғазоти каби Уҳуд ғазоти ҳам маккалик мушрикларга қарши олиб борилган даҳшатли урушлардандир.

Исломнинг илк бошшаҳри Мадинани босиб олиб, мусулмонликни йўқ қилмоқчи бўлган қурайшийларнинг дастлабки босқинлари Бадр зафари билан тўхтатилган эди. Иккинчи босқинчилик ҳаракати эса Уҳуд тоғида юз берди. Бадр ғазоти каби Уҳуд жанги ҳам мусулмонлар учун бир мудофаа жанги ва Мадинани душмандан ҳимоя қилиш муҳорабаси эди.

Бадр жангида маккалик мушриклардан етмиш киши ўлган бўлиб, кўплари Қурайшнинг пешволари эди. Шу сабабли бутун Макка аҳолиси умумий бир мотам ичида қолди. Мусулмонлардан интиқом олажак кунни сабрсизлик билан кутишди.

Бадр жанги асносида Шомдан қайтган Абу Суфён бошчилигидаги карвон юз фоиз фойда кўрди. Сармоя тегишли кишиларга тарқатилди, аммо фойдаси шундоғича «Дорун-надва» дейилган ҳукумат қароргоҳига олиб келиб топширилди.

Карвоннинг сармоясига қўшилган ҳиссадорларнинг кўплари Бадр жангида жон беришган эди.

Оталарини, оғаларини, биродарларини Бадрда йўқотганлар, шу жумладан, Абу Жаҳлнинг ўғли Икрималар тўпланишиб, Макканинг раиси Абу Суфёнга мурожаат этдилар:

— Муҳаммад бизнинг катталаримизни ўлдирди. Ундан ўч оладиган пайт келди. Карвоннинг фойдаси ҳисобига бир қўшин тузайлик. Мадинага юриш қилайлик − интиқом олайлик!

Айни пайтда Сурия ва Мисрга ҳам тижорат йўли очилиши керак эди.

Қурайшнинг раиси Абу Суфён ҳайъатнинг бу таклифини дарҳол қабул қилди. Карвон келтирган фойда эллик минг олтин миқдорида эди. Бунинг ярми билан Макка ташқарисидаги бадавий қабилалардан керакли қўшин тўплашга қарор берилди.

Шундан сўнг Қурайшнинг таниқли шоирлари ва хотиблари Арабистоннинг турли қабилаларига юборилди. Бадрда ўлганлар хотираси эсга олинди. Улар учун марсиялар айтилди. Халқ жунбушга келтирилди. Пировардида Макканинг ичидан ва ташқарисидан уч минг кишилик аскарий бир қувват ҳозирланди.

Тўпланган қўшиннинг етти юзи зирҳли, икки юзи суворий эди. Уч минг туялари бор эди51. Қўшинга Абу Суфён лашкарбоши бўлди.

Қўшинга чолғучилар, фоҳишалар ва шароб тулумлари ҳам олинди52. Бундан ташқари, ўн тўрттача эр-хотинлар бор эди. Булар қўшиқ айтиб, даф (доира) чалиб, эрларининг ғайратларини орттиришлари керак эди. Бу хотинларнинг бошида Абу Суфённинг завжаси ва Муовиянинг онаси Ҳинд турарди. Чунки Ҳинд Бадрда биратўла отасини, укасини йўқотган эди. Хотинларини жанг майдонига юборишни истамаганларга қарата Ҳинд:

— Бадрни эслангиз! Хотинларингизнинг олдига қайтиш учун жанг майдонидан шармандаларча қочдингиз. Биз бу ҳол яна бир бор такрорланмасин, дея урушга қатнашмоқчимиз. Қочмоқчи бўлганлар қайтган йўллари устида бизга дуч келади! − дея бақирди53.

Бадр ғазотида Ҳинднинг отаси Утбани ҳазрат Ҳамза ўлдирган эдилар. Ҳинд Расули акрамнинг амакилари Ҳамзадан қасос олмоқ учун ҳабашлик Ваҳший билан тил бириктирди. Унга катта мукофотлар ваъда қилди. Ваҳший маккалик Жубайрнинг қули эди. Жубайр ҳам Ваҳшийни озод этишга сўз берди. Чунки Ҳинднинг отаси Утба айни пайтда Мутъим ўғли Жубайрнинг тоғаси эди.

Расули акрам Умму Мактумнинг ўғли Абдуллоҳни Мадинада вакил қолдириб, жума намозидан кейин йўлга чиқдилар. Лашкар минг кишилик бўлиб, ичларида мунофиқлар ҳам бор эди. Йўлда, Мадина билан Уҳуд орасида, олти юз кишилик қуролли яҳудийлар қўшинига дуч келишди. Булар мунофиқларнинг раиси Убай ўғли Абдуллоҳнинг муттафиқлари (иттифоқдошлари) эди. Расули акрам бу яҳудийларни қўшинга қабул қилмадилар. Уларга эҳтиёжлари йўқлигини айтдилар. Бу гапни эшитиб турган Абдуллоҳ ўз одамларини олди. Расули акрамнинг қўшинларидан ажралиб қочди. Ислом тарихида илк қочоқ аскар уч юз кишилик шу мунофиқлар бўлди. Уларнинг бошида турган Абдуллоҳ: «Мен уруш тарафдори бўлмадим. Мадинадан чиқишни хоҳламадим. Муҳаммад (!) ёш-ялангларнинг сўзларига кирди. Биз каби тажрибали раҳбарларнинг раъйига қарамади!» деди ва минг кишилик Ислом лашкарининг адади етти юз кишига тушиб қолишига сабабчи бўлди.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадан жума куни пешиндан сўнг чиққан эдилар. Кечани Мадинага яқин бир жойда ўтказдилар. Шанба куни шафақ қизариши билан Уҳуд тоғига қараб йўл олдилар.

Уҳуд Мадинага бир соатлик масофадаги бир тоғ бўлиб, ғарб томонида эди. Расули акрам Уҳуд тоғининг этагига бориб, энг яхши жойига ўрнашдилар.

Қурайш қўшини олдинроқ у ерга борган, қароргоҳини Уҳуд тоғига қурган эди. Қурайш қўшинининг сони Ислом лашкариникидан тўрт баробар кўп эди. Бош қўмондонлари Абу Суфён, ўнг қанотда Валид ўғли Холид, чап қанотда Абу Жаҳл ўғли Икрима буйруқ беришарди. Сафвон билан Ос ўғли Амр биттадан фирқанинг бошида эдилар. Қурайшнинг байроғи Абдуззар ўғилларидан Талханинг қўлида эди. Расули акрам ҳам муҳожирларнинг байроғини Абдуззар ўғилларидан Мусъад ибн Амрга бердилар.

Қурайшнинг бу мунтазам ва уч минг кишилик қўшинига қарши урушга чиққан етти юз кишилик Ислом лашкарининг кўпи ёш ва тажрибасиз эди. Бироқ улардаги иймон ниҳоятда бақувват эди. Қўшиннинг ўнг томони Уккошага, сўл тарафи Абу Масламага топширилди. Расули акрам эса қўшиннинг ўртасида қолдилар. Бу қўшиндаги юз киши зирҳли, иккисигина отлиқ эди.

Ислом лашкари орқасини Уҳуд тоғига суяган, ўнг томонида Мадина, чап томонида бир водий бор эди. Бу водий Уҳуд тоғи билан Айнайн тоғлари орасида жойлашган бўлиб, агар душман суворийси бу водийдан ҳужум қилса, Ислом лашкарининг чап қаноти хавф остида қолиши мумкин эди.

Расули акрам Айнайн сўқмоғига элликтача ўқчини жойлаштирдилар. Ўқчиларга жуда аҳамиятли бўлган Жубайр ўғли Абдуллоҳни бошлиқ этиб тайинладилар. Уларга:

—Сизлар бизнинг орқа томонимизни муҳофаза этасизлар. Душман ғалаба қозондими, мағлуб бўлдими, мендан хабар келмагунча жойларингиздан жилманглар. Енгилаётганимизни кўрсаларингиз ҳам, ёрдам берамиз деб ўринларингизни ташлаб кетманглар. Фақат душман отларига қарата ўқ отинглар! − дея буйруқ бердилар.

Расули акрамнинг амакилари Аббос Бадр жангида мушриклар сафида қатнашиб асир тушган ва мусулмон бўлган эдилар. У киши Маккада яшар, бироқ динини яширар эдилар. Уҳуд жанги учун Маккада қўшин тайёрланаётган пайтда у кишига ҳам қўшилиш таклиф этилди, бироқ Аббос кўнмадилар. Бадр жангида кўп талофотга учраганларини баҳона қилиб узр сўрадилар. Аммо Қурайшнинг бу тайёргарлигини яширинча мактуб орқали Расули акрамга билдирдилар. Мактубни уч кунда Мадинага етказиб берасан, деб одам ҳам ёлладилар.

Расули акрам бу хабарни олишлари билан Мадинадан тафтиш гуруҳлари чиқардилар. Аббос юборган хабарни таҳқиқ эттирдилар (тўғри-нотўғрилигини текширтирдилар). Пировардида Қурайш қўшинининг Мадинага яқинлашиб қолганини, шаҳар атрофида қўлга киритган нарсаларини бузиб, харобага айлантирганларини ўргандилар. Душманнинг сонини аниқлаш учун Мунзир ўғли Ҳубобни юбордилар. Тўсатдан босқинга учрамаслик учун Мадинанинг муҳим нуқталарига навбатчилар қўйилди. Ҳатто асҳобдан Саъд ибн Муоз билан Саъд ибн Убодалар бутун кечани Расули акрамнинг масжидлари олдида ўтказдилар.

Эртаси куни Расули акрам ҳарбий мажлис чақирдилар. Мажлисда муҳожирлар билан ансорнинг пешволари иштирок этишди. Ҳатто мунофиқларнинг бошлиғи Убай ўғли Абдуллоҳ ҳам бу мажлисга чақирилган эди.

Машварат мажлисида қурайшийларга қарши қўлланажак чора-тадбирлар келишиб олинди. «Мадина ичида туриб мудофаа тартиботи олиш маъқулми, шаҳардан ташқарида душман билан уришиш маъқулми?» каби фикрлар баҳс мавзуи бўлди.

Мадина дарвозаларининг ёпилиши, хотинларнинг, аёлларнинг бехатар жойларга юборилиши, шаҳарнинг таҳким этилиши (ҳарбий ҳолатга айлантирилиши), душмандан ичкарида туриб ҳимояланиш таклифи киритилди. Мунофиқларнинг бошлиғи ҳам бу таклифни қўллаб-қувватлади. Асҳобнинг катталари ва Расули акрам шаҳардан чиқмаслик, мудофаа мавқеида қолиш маъқуллигини айтишди.

Бироқ асҳобнинг ичидаги ёшлар, хусусан, Бадр жангида қатнаша олмаганлар ҳамда Ҳамза каби қаҳрамонлар шаҳардан ташқарига чиқишни, душман билан юзма-юз уришишни исташди. Ҳатто:

— Биз бу кунни сабрсизлик билан кутар эдик. Жангда ғолиб келсак, қандай яхши, башарти ўлсак, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлишни орзу қиламиз! − дейишди.

Кўпчилик Мадина ташқарисига чиқиш раъйида бўлгач, Расули акрам ҳам шаҳардан чиқишга, майдон урушига қарор бердилар. Ҳужраларига кириб, устларига икки зирҳ кийдилар. Бошларига ҳам маҳварларини ўтқаздилар.

Бироқ шаҳарни мудофаа қилишни хоҳлаганлар наригиларни фикрларидан қайтаришган эди. Шунда Расули акрам уларга:

— Бир Пайғамбар қуроллангандан кейин жанг қилмай зирҳини ечмайди! Агар сабр қилсангиз, вазифангизни ҳам адо этсангиз, Аллоҳ ғалабани яна сизга эҳсон этажакдир! − дедилар.

Уларни ҳам жангга чорладилар. Бу суратда асҳобларига, бир томондан, давлат ишларида машварат асосини кўрсатган бўлсалар, бошқа томондан, интизомни ҳам ўргатдилар.

Ниҳоят икки қўшин тўқнашди. Уҳуд ғазоти бошланди (ҳ. 3 й. 11-шаввол/м. 625 й. 27 март). Иккала тараф муҳорабага тайёр эди. Қурайшийлар Бадрда ўлганларни эслашар, мусулмонлар эса Аллоҳдан зафар сўрашарди.

Қурайш хотинлари: «Биз тонг юлдузининг қизларимиз. Юмшоқ ипак гиламлар устида юрамиз. Бўйнимизда шода-шода маржон безаклар. Сочларимиздан мушк-анбар ҳиди таралади. Жасорат билан олға юрсангиз, сизни қучоғимизга оламиз. Орқага чекинсангиз, сизни шармандаларча қувамиз!», дея қўшиқлар айтишар, дафлар, ноғоралар чалиб, сафлар оралаб айланиб юришар ва шу йўсин эрларини жангга даъват этишар эди.

Урушнинг бошида Абу Омир юз эллик киши билан ўртага отилди. Абу Омир Авс қабиласидан эди. Уни Абу Омир Роҳиб дейишарди. Маккалик муҳожирларнинг Мадинага ҳижрати чоғида унинг қалбида ҳасад ўти гуркираб ёнган, лекин одамлар билан бирга Мадинадан Маккага кетмаган эди. Энди маккаликларга ишониб маккаликлар билан бирга Уҳуд жангига қўшилди ва ансорга қараб:

— Эй ансор! Мени танияпсизми? Мен Абу Омирман! − дея қичқирди. У мадиналикларнинг алданишига умид боғлаган эди, бироқ ансордан:

— Ҳой, сен фосиқ! − деган терс жавобни эшитди. Кутилмаган бу муомала алам қилиб, жангга қўшилди54.

Уҳуд жанги, араб одатларига кўра, мубораза (яккама-якка олишув) тарзида бошланди. Олдин қурайш байроқдори Талха ўртага чиқиб, жуда ғурур билан хитоб қилди:

« Эй Муҳаммаднинг асҳоби! Сизларнинг қиличингиздан ўлганларнинг жойи жаҳаннам, бизнинг қиличимиздан ўлганнинг жойи жаннат эканини айтмоқчисизлар. Қани, орангизда менинг қиличимдан ўлиб жаннатга бормоқчи бўлган ёки мени ўлдириб дўзахга юборажак мард борми?!

Дарҳол ўртага ҳазрат Али отилиб чиқдилар:

« Мана, мен борман! − дея жавоб бердилар ва бир ҳамлада Талхани ўлдириб «орзуси»га қовуштирдилар.

Буни кўрган Талханинг укаси Усмон Қурайшнинг байроғини олиб ўртага чиқди. Усмонни эса акаси Талханинг ёнига ҳазрат Ҳамза жўнатдилар. Усмондан кейин байроқни Абу Саид олди. Уни Саъд ибн Абу Ваққос ўқ билан йиқитдилар. Шу тарзда Қурайшнинг бутун байроқдорлари биттадан ер тишлашар, Абдуззар ўғилларидан ота-ўғил, биродар ва амаки ўлароқ етти киши олдинма-кетин байроқ остида жон беришар эди.

Иттифоқо, Расули акрам қўлларидаги бир қилични асҳобларга кўрсатиб:

— Ҳаққини адо этиш шарти билан шу қилични ким олишни истайди? − дея сўрадилар55.

Ансордан Абу Дужона исмли бир жасур зот ҳазрат Пайғамбарга яқинлашиб сўради:

— Ё Расулуллоҳ! Бунинг ҳаққи недир?

— Бу қилич билан у эгилиб-букилгунча жанг қилмоқдир! − деб жавоб бердилар Расули акрам.

Жанг қизиган эди. Ислом қўшини душманнинг ичига кириб борди. Қурайшнинг байроқдорлари бирин-кетин ўлган, ерга тушган байроқни кўтарадиган кимса қолмаган эди. Ўнг ва сўл қанотлар ҳам бузилди. Расули акрамнинг мужоҳид қўшинларидаги Ҳамза, Саъд ибн Абу Ваққос, Абу Дужона каби қаҳрамонлар ёрдамида душман қўшини анча довдираб қолди. Йигирмадан кўпроқ одам йўқотган Қурайшнинг даф чалаётган аёллари ҳам дод-фарёд кўтариб, тоғларга қочиб кетишди56.

Бақувват иймон қаршисида ҳам сон, ҳам қурол устунлиги фойда бермади. Уҳуд жангининг биринчи саҳифаси бу тахлит кечар, мусулмонлар зафарга эришганга ўхшар эди.

Бироқ мусулмонлар душманни қувиш асносида жанг майдонидан узоқлашдилар. Кейин ўлжа тўплашга киришиб кетдилар. Ўлжалар жуда сероб эди. Мусулмон аскарлари душманнинг асосий кучини охиригача қувиб бориб, ҳақиқий натижа олишни унутдилар. Қўлларига ўтган устунликдан фойдалана олмадилар. Қулай фурсатни бой бердилар.

Ўқчилар (камончилар) тепалиги дейилган Айнайн бўғозида Расули акрамнинг амрлари билан пойлаб турган мусулмон ўқчилар бу ҳолни тепаликдан кузатиб туриб чидай олишмади:

—Нега қараб турибмиз? Ислом қўшини ғалаба қозонди. Душман тор-мор этилди. Бизнинг қўлимиз баланд келди. Душманни қуваётган биродарларимизга қўшилайлик. Биз ҳам бироз ўлжа моли олайлик! − дейишди57.

Ўқчиларнинг бошлиғи Абдуллоҳ уларга Расули акрамнинг қатъий буйруқларини эслатди, бироқ ўқчилар қулоқ солишмади. Улар Бадр ғазотида бўлгани каби душман орқага қайтмайди, деб ўйладилар. Ҳазрат Пайғамбарнинг танбеҳларини унутдилар. Жойларини тарк этиб ўлжа тўплашга киришиб кетдилар. Фақатгина Абдуллоҳ саккиз ўртоғи билан Айнайнда қолди.

Ўша пайтда душманнинг ўнг қанотини бошқараётган Валид ўғли Холид (ҳали унда мусулмон эмас эди) урушнинг бошида ҳазрат Зубайр қаршисида орқага чекинишга мажбур бўлиб қолган эди. Аммо қулай фурсат пойларди. Мусулмон ўқчиларининг жойларини ташлаб қўзғалганликларини кўриб, ёнидаги икки юз элликтача отлиқ билан дарҳол ҳужумга ўтди. Ўқчилар бошлиғи Абдуллоҳ билан унинг саккиз ўртоғини шаҳид этиб, Айнайн водийсини эгаллаб олди. Ислом қўшинининг чап қанотидан айланиб ўтиб, қарши ҳужумга ўтди. Бақириб қўшиннинг ичига ёриб кирди.

Қурайшийлар Холиднинг овозини танишар эди. Мусулмонларнинг ҳоли танг бўлганини билдилар. Қочиб турган душман орқасига қайтди. Тоққа қочган Ҳинднинг аёллар гуруҳи ҳам даф чалиб пастга тушди.

Ислом лашкарлари, бир томондан, Холиднинг суворийлари, иккинчи томондан, Абу Суфённинг пиёдалари ўртасида танг аҳволга тушиб қолди.

Холид бу жанг усулини олдинроқ бир-икки марта қўлламоқчи бўлган, бироқ ўқчиларнинг ҳужумидан чўчиб, амалга ошира олмаган эди. Энди эса зафар ўрин алмашди. Мусулмонлар ғалабани бой беришди, жонларини қутқаришни ўйлай бошлашди58.

Расули акрамнинг амакилари ҳазрат Ҳамза жанг майдонида у ёқдан бу ёққа югурур, мушрикларни тарқатишга зўр берар, қўлларидаги қилич билан ҳар тарафга ўлим сочар эдилар. У киши жангда Қурайш пешволаридан саккизтасини ер тишлатдилар.

Ҳамзани ўлдиришга Ҳинддан топшириқ олган ҳабаш Ваҳший ўзига ваъда қилинган мукофотни ўйлар, лекин Ҳамзанинг рўпараларидан чиқишга журъат қилолмас эди. Уруш бошланганидан бери бир тошнинг орқасида яшириниб ётди, нигоҳи билан тўхтовсиз Ҳамзани таъқиб этди. Ҳамза эса қаршиларидан чиққаннинг додини берар эдилар.

Иттифоқо, Ҳамза Ваҳшийнинг рўпарасига келиб қолдилар. Абдулуззо ўғли Сабаҳни бир қилич зарбаси билан ерга қулатдилар. Ваҳший бундай имкониятни қўлдан бой бермади. Занжиларнинг миллий қуроли бўлмиш ҳарбасини (қисқа найзасини) яширинган жойидан отди. Қаҳрамонларнинг қаҳрамони Ҳамзанинг икки болдирларидан уриб, шаҳид этди. Дарров Ҳинднинг олдига югуриб келиб, Ҳамзани ўлдирганини муждалади.

Абу Суфённинг хотини бу хабардан беҳад қувонди. Югуриб Ҳамзанинг жасадлари тепасига келди. Шаҳиднинг жигарини қўпориб чиқарди, оғзига солиб тишлади ва сўрди, бироқ ютолмади59. Ваҳшийни мукофотлантирди ва уни қулликдан озод қилди60.

«Аллоҳнинг йўлбарси» Ҳамзанинг шаҳид бўлишлари Ислом қўшинини саросимага солди. Урушнинг энг шиддатли онида «Орқангизга қаранг, эй жамоат!» деган овоз янграб, мусулмонлар ўртасида саросиманинг ортишига сабаб бўлди. Бундан сўнг нима қилишларини билмай қолишди.

Мусулмон аскарлари жанг пайтида бир-бирларини танишлари учун олдиндан келишиб олган «Амит, амит!» («Ўлдир, ўлдир!») сўзини ҳам унутиб қўйишган эди61. Мусулмон мусулмонни ўлдиришни бошлади. Ҳатто Ҳузайфанинг отаси ҳам бир мусулмон қўли билан ерга қулади. Ансордан кўп киши шаҳид бўлди.

Бу томонда қурайшийлардан баъзилари (Ибн Шиҳоб, Утба, Ибн Қомия, Убай ибн Халаф) қандай бўлмасин Расули акрамни ўлдиришга қарор беришган эди. Мусулмонлар пароканда бўлиб, ҳазрат Пайғамбаримиз ёлғиз қолган энг нозик пайтда у Зотнинг қароргоҳлари томон юрдилар. Қароргоҳгача бостириб кирдилар. Ҳатто Убай «Муҳаммадни ўлдираман!» дея қасам ичди, бироқ Расули акрамнинг: «Мен сени ўлдираман!» дея қуролларини қўлга олганларини кўриб қочиб қолди. Ўшанда Расули акрам: «Қаёққа қочяпсан, ёлғончи?!» дея уни яраладилар. Убай ўша олган жароҳат оғриғи билан буқадек бақира-бақира ер тишлади62.

Қиличлар бир-бирига урилар, ўқлар отилар, тошлар ёмғир каби Расули акрамнинг устиларидан виз-виз ўтар эди. Саъд ибн Абу Ваққоснинг мушрик укаси Утба отган бир тош тегиб, Расули акрамнинг олд лаблари ёрилди. Бир тишлари синди. Ибн Ҳишом отган ўқ эса ҳазрат Пайғамбаримизнинг муборак пешоналарини яралади.

Расули акрамга қарши бу ҳужумлар кетма-кет келарди. Бу ҳужумлардан бирини Али қаршилаб олдилар ва Ҳамза каби Аллоҳнинг бошқа бир йўлбарси эканларини кўрсатдилар. Яна бир ҳужумни ансордан Каъб қизи Насиба қайтарди. Умму Умора дейилган Исломнинг бу жасур аёли шижоатда ҳаммани ҳайратга солди. Қурайшнинг машҳурларидан Ибн Камиа тўғридан-тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ташланаётган пайтда Насиба улгуриб қолди: Ибн Камиага уч марта қилич солди. Бироқ қилич ўтмади. Чунки Ибн Камиа устидан икки қават зирҳ кийган эди. Ибн Камиа Насибани елкасидан яралади.

Ривоятга кўра, Ибн Камиа Расули акрамга икки бор қилич солган. Бу қилич зарбасидан Расули акрам жанг бошланишидан олдин Абу Омир қиздириб қўйган чуқурлардан бирига ён устлари билан йиқилиб тушганлар. Дарҳол Али етиб келиб, Расули акрамнинг қўлларига ёпишганлар. Талха эса Пайғамбарни қучоқлаб жойларидан турғизганлар63. Бироқ ҳазрат Пайғамбарнинг зирҳларидан икки занжир ҳалқа юзларига ботиб, ёноқларини ёрган эди.

Аммо жанг майдонида ҳайратланарли манзара шу эдики, душман ҳар тарафдан ўқ ёмғирига тутаркан, Расули акрам:

— Ё Раббий! Қавмимни кечир! Улар жоҳил, нима қилаётганини билмаяптилар. Уларни ҳидоятга бошла! − дея ёлвориб дуо қилардилар.

Жанг қизиб турган бир пайтда Расули акрамнинг ўлганликлари ҳақида ёлғон хабар чиқди. Ибн Камиа Ислом қўшинининг байроқдори Мусъаб ибн Умайрни шаҳид этиб, у кишининг юзлари Расули акрамнинг юзларига ўхшагани учун ўзича Пайғамбарни ўлдирдим, деб ўйлаган эди.

Ибн Камиа дарҳол Абу Суфёнга бориб, «Муҳаммадни ўлдирдим!» деб мақтанди. Мушриклар бу хабардан ниҳоятда қувондилар. Ҳатто ораларидан бири тоғ устига чиқиб, баланд овозда «Муҳаммад ўлдирилди!» дея бақира бошлади.

Ислом қўшинида умумий бир қўрқув, тахлика бошланди. Расули акрам:

— Эй Аллоҳнинг қуллари, мен томон келингиз! Эй Аллоҳнинг қуллари, мен томон келингиз! − деб қочганларни ёнларига чақирар эдилар. Фақат бошда Расули акрамнинг бу даъватлари ҳеч кимсанинг қулоғига кирмади64. Чунки илк зафардан сўнгра кутилмаган бу фалокат ҳаммани эсанкиратиб қўйган эди.

Ўшанда мусулмонлар учга бўлиниб қолдилар:

Бирлари − жанг майдонини ташлаб чиққанлар. Булар Расули акрамнинг шаҳид бўлганликларини эшитиб, мияларига чақмоқ урилгандек бўлди. «Пайғамбар ўлган бўлса, биз бу ерда нима қиламиз?!» дейишарди улар. Ҳазрат Усмон ҳам шуларнинг орасида эдилар. Ҳатто бир неча киши юртларини ҳимоя қилиш учун Мадинага жўнаб қолди, бироқ мусулмон аёллар томонидан тош, тупроқ билан «кутиб олиниб», юртларига киритилмади. Яна баъзилари Уҳуд тоғига чекинган эди65.

Иккинчи тоифа Расули акрамни кўрмаганлари ҳолда «Муҳаммад ўлган бўлса, Аллоҳ боқийдир!» дея жанг қилишни давом эттиришди. Анас ибн Надр бу қаҳрамонларнинг бошида турди. У машҳур Анас ибн Моликнинг амакилари эди.

Табарий бундай ёзади: «Халқнинг − баъзи муҳожирлар билан бирга ансорнинг мотам ичида ўтириб дардлашаётганликларини кўрган Анас нима гаплигини сўради. У ерда ўтирган ҳазрат Умардан: «Пайғамбаримиз ўлдилар!» деган жавобни олгач, уларга: «Расули акрам шаҳид бўлган бўлсалар, сизлар яшаб нима қиласизлар?! Сизлар ҳам унинг каби жанг қилиб ҳалок бўлинглар!» деган ва ўзи ҳам жанг майдонига отилиб, шаҳид бўлгунича жанг қилган. Ибн Ҳишомнинг айтишича, ҳазрат Анас ўша жангда етмиш жойидан яраланган».

Учинчи тоифа Расули акрамни кўрганлар ва хизматларида ҳозир бўлганлар эди. Пайғамбар билан бирга муҳорабанинг охирига қадар сабр-бардош кўрсатган бу асҳобнинг сони ҳақида турли хил ривоятлар бор. Имом Муслим булардан еттитасининг ансор, иккитасининг муҳожирлардан иборат бўлганини ривоят қилади. Ибн Саъд эса ўн тўрт зотнинг исмини келтиради. «Мавоҳиби Ладуния» асари эса Расули акрамнинг ёнларида етти муҳожир, етти ансор, жами ўн тўрт саҳоба қолганини, муҳожирлардан бири Абу Бакр бўлганларини ёзади66.

Уҳуд ғазоти уч саҳифадан иборатдир: биринчи саҳифада мусулмонлар зафар қозонган каби кўринаётган эдилар.

Иккинчи саҳифа мусулмонларнинг ҳалокати билан ниҳоясига етди.

Учинчи саҳифа эса мусулмонлар учун мудофаа саҳифаси бўлди. Уҳуд ғазотининг бу учинчи саҳифасида Надр ўғли Анаснинг мазкур қаҳрамонлиги бошқа мусулмонларга ўрнак бўлди.

Бироқ асҳоб урушнинг бу қизғин ва даҳшатли саҳифасида Расули акрамни ҳеч тополмаётган эдилар. Ҳолбуки, Аллоҳнинг буюк элчиси Қутб юлдузи мисол жойларидан жилмаган эдилар67. Мушриклар урушнинг иккинчи саҳифасида мусулмонлардан етмиш нафар кишини шаҳид этиб, Ислом қўшинини тарқатиб юбордилар68. Аммо барча хатти-ҳаракатларига қарамай, Расули акрамни ўлдиролмаган, мақсадларига эришолмаган эдилар.

Шундай пайтда Расулуллоҳни биринчи бўлиб Молик ўғли Каъб кўриб қолди. Шоир Каъб ҳазрат Пайғамбарни кўзларидан таниб бор овози билан:

«Эй мўминлар, хушхабар! Расулуллоҳ бу ердалар! » дея бақирди.

Каъбнинг бу овозини мусулмонлар ҳам, мушриклар ҳам эшитдилар. Бирпасда ўттизга яқин асҳоб Пайғамбарнинг атрофларига тўпланишди69. Расули акрамнинг атрофларини муҳожирлардан ҳазрат Абу Бакр ва Умар, Али, Абдураҳмон, Саъд ибн Абу Ваққос, Зубайр, Талха, Абу Убайда ва Миқдод, ансордан Абу Дужона, Ҳабоб, Асим, Саҳл, Саъд ибн Муоз, Усайд, Саъд ибн Убода, Муҳаммад ибн Масламалар ўраб олишди.

Мушриклар ҳам бор кучлари билан шу тарафга ҳамла қилдилар. Битта-иккита бўлиб бириккан, Расули акрамнинг атрофларида бир доира ҳосил қилган асҳоблар Пайғамбарларини жон-жаҳдлари билан ҳимоя қилар, мушрикларнинг ҳамма ҳужумларини қайтарар эдилар70.

Абу Дужона Расули акрамнинг қалқонлари эди гўё. У ҳазрат Пайғамбардан олган қиличининг ҳаққини адо этарди. Бир неча жойидан яраланди. Талха билан Саъд ибн Абу Ваққос Расули акрамнинг ёнларидан бир қадам ҳам жилмадилар. Саъд уста ўқ отувчи эди. Расули акрам унга: «Эй Саъд! Ота-онам сенга фидо бўлсин, от!» дер эдилар. Талха душман қиличидан Расули акрамни фидокорона ҳимоя қиларди. Ҳатто бу урушда Талханинг бир қўли кесилди, Абдураҳмон эса ўқ еб, оқсоқ бўлиб қолди.

Расули акрамнинг ёноқларига ботган икки занжир ҳалқани Абу Убайда олд тишлари билан чиқарди. Суғураётганида ўзининг ҳам икки тиши синиб тушди.

Расули акрам ўлибди, деган ёлғон хабар Мадинага ҳам ёйилган эди. Пайғамбаримизнинг барча дўстлари жанг майдонига қараб югурдилар. Қизлари Фотима ҳам ёнларига ўн тўрт мусулмон аёлни олиб, Уҳудгача келдилар. Фотима ҳазрат Оишанинг ёрдамлари билан оталарини топдилар. Яраларини боғладилар.

Мусулмон аёлларнинг урушдаги ярадорларни даволаш, шаҳидларни жанг майдонидан олиб чиқиш ва ғозийларга сув ташиш каби қўшиннинг ортдаги хизматларини бажаришлари Уҳуд ғазотидан бошланди. Бу ҳол бошқа ғазотларда одат тусига кирди71.

Қурайш аёллари Бадр жангининг ўчини олиш учун ваҳшийларча ишлар қилдилар: Уҳудда шаҳид бўлган мусулмон ўликларининг бурунларини, қулоқларини кесдилар, қоринларини ёрдилар. Муовиянинг онаси, Абу Суфённинг хотини Ҳинд ҳазрат Ҳамзанинг жигарини чиқариб чайнаш билангина кифояланмади. Айни пайтда шаҳидларнинг кесилган аъзоларидан ўзига гарданлик ясаб, бўйнига тақди72.

Мушрикларнинг навбатдаги ҳужумларидан бири шу тариқа тўхтатилгач, Расули акрам бир гуруҳ мужоҳид асҳоблари билан Уҳуд тоғидаги бир тепаликка чекиндилар. Ислом жамоатининг бу гуруҳини узоқдан кўрган Абу Суфён ҳам дарҳол бир туман аскар билан Расули акрам чиққан тепалик қаршисидаги бошқа бир тепаликни ишғол этди.

Аммо Абу Суфён ҳанузгача ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлик-тириклигига шубҳа қиларди. Шу шубҳасини йўқотиш учун Ислом қўшинига қараб уч марта:

— Орангизда Муҳаммад борми? − дея сўради. Расули акрам танбеҳ берганлари учун мусулмонлардан ҳеч ким унга жавоб қайтармади. Сўнгра Абу Суфён айни тарзда Абу Бакрни сўради. Яна жавоб ололмагач:

—Умар орангиздами? − деб сўради. Бу сафар ҳам жавоб берилмаганини кўриб:

− Демак, буларнинг учаласи ҳам ўлибди, ортиқ иш битибди! − деди хурсанд бўлиб.

Бу гапни эшитган Умар чидай олмай:

— Ўчир овозингни, эй Аллоҳнинг душмани. Бу одамларнинг ҳаммаси тирик! Ҳаммаси шу ерда! − дея ҳайқирдилар.

Шундан сўнг Абу Суфён билан Умар ўртасида шундай савол-жавоб бўлиб ўтди. Абу Суфён:

— Олий бўл, Ҳубал, азиз бўл, Ҳубал! − дея Каъбадаги энг катта бутни ҳурмат билан эслади. Умар эса (Расули акрамнинг амрлари билан):

—Аллоҳ алла ва жалла (энг жалил, энг устун)! − дея жавоб қайтардилар. Абу Суфён:

— Бизнинг Уззомиз бор, сизники йўқ! − дейиши билан Умар:

—Аллоҳ бизнинг мавломиздир. Сизники йўқ! − дедилар.

—Жанг навбат билан. Бугун биз Бадрнинг интиқомини сизлардан олдик! − дея Абу Суфён ғурурланмоқчи бўлди. Бироқ Умар унга керакли жавобни бердилар:

— Тўғри, аммо, барибир ,тенг эмасмиз. Бизнинг ўликларимиз жаннатда, сизники жаҳаннамдадир!..

— Эй Умар, Аллоҳ учун тўғри гапир! Биз Муҳаммадни ўлдирдикми, йўқми?

—Аллоҳга қасамки, ўлдирмадингиз! Ҳозир Расули акрам сенинг бу гапларингни эшитяптилар!

Ҳазрат Умар билан Абу Суфённинг икки тепа ўртасидаги савол-жавобларидан сўнг икки қўшин бир-биридан узоқлашди.

Расули акрам Уҳуд жанги шаҳидларини қонли кийимлари билан иккита-иккитадан кўмдирдилар. Бу ғазотдан роса саккиз йил кейин уларнинг жаноза намозини ўқидилар73.

Уҳуд жангида мушриклар мусулмонлардан устун келишган эди, бироқ зафарларидан фойдалана олмадилар. Батамом мудофаасиз қолдирилган Мадинани истило қилолмадилар. Ичларига катта бир қўрқув тушиб, ғояларига эришмадилар. Ҳатто улар мусулмонлардан бир асир ҳам олмасдан Маккага қайтдилар.

Аммо йўлда ҳушлари жойига келди. Мусулмонларни маҳв этмаганликларига пушаймон бўлдилар. Ўшанда Абу Суфён қўшиннинг бошлиқларини тўплаб, машварат қилди. Орқага қайтиб мусулмонларга қайтадан ҳужум қилишга келишиб олинди.

Ҳақиқат шуки, мусулмонлар Уҳудда катта талафотга учраган эдилар. Қурайшдан йигирма ўлик, мусулмонлардан етмиш шаҳид бор эди. Бундан ташқари, кўпчилик яралангани сабабли ҳолсиз. Бошларида турган Расули акрам ҳам ўлим тахликасини кечирдилар. Бироқ мусулмонларнинг азму шижоатлари кучли, иймонлари соғлом эди.

Мадинага қайтилгандан икки кун ўтгач, Расули акрам мушрикларнинг такрор ортга қайтмоқчи бўлганини эшитдилар. Расули акрам бундай бўлишини олдиндан кўзда тутган эдилар, шундан андишада эдилар. Асҳобга қараб:

— Душманни орқасидан ким таъқиб этишни хоҳлайди? − деб сўрадилар.

Расули акрамнинг бу даъватларини дарҳол етмиш киши қабул қилди ва ўртага олди74. Буларнинг орасида ҳазрат Абу Бакр ва Зубайр ҳам бор эдилар. Бу ҳарбий гуруҳ тезда ҳозирланди ва душманнинг орқасидан тушди. Олдинда Пайғамбаримиз бордилар75.

Мадинадан саккиз чақиримча узоқликдаги Ҳамро ул-Асад деган жойгача борилди. Расули акрамнинг таъқиб этаётганликларини эшитиши билан Абу Суфён қўшини мусулмонларга ҳужум уюштиришдан воз кечди. Дарҳол жанубга томон йўл тутдилар. Расули акрам ҳам Мадинага қайтдилар.

Мушриклар Уҳуд ғазотида ғалаба қозонганликларини ўйлаб, қувонишган эди. Бироқ мағлуб деб билганлари мусулмонлар устига қўшин билан боришга қаттиқ чўчишди. Шунинг учун Уҳуд жангини мушриклар учун «зафар», мусулмонлар учун «мағлубият» тарзида кўрсатиш тарихий ҳақиқатга уйғун бўлмаган бир фикрдир

Уҳуд ғазоти ва Ҳамро ул-Асад воқеаси ҳижратнинг учинчи йили ҳодисаларидан эди. Тўртинчи йили ҳодисалари ичида Рожий ва Биър-и Мауъна воқеалари, яҳудийларга қарши олиб борилган Бани Назир ғазоти ва диний ҳукмлардан − ароқ ва қиморнинг таъқиқланиши бор эди76.

Ҳижратнинг бешинчи йили эса ҳижоб ояти нозил бўлди77. Маккалик мушриклар билан Ҳандақ ғазоти ва яҳудийлар билан Бани Қурайза ғазоти ҳам шу йил ичида бўлиб ўтди.

Ҳижоб (тасаттур, ўраниш) оятлари иккига бўлинади: бир қисми бутун мусулмонлар ҳақида келган оятлардир78; бир қисми Расули акрамнинг завжалари учун нозил бўлгандир79.

 

Изоҳлар

 

51. Ҳусайн Ҳайкал. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 282-бет.

52. «Сабҳилур-рашод». «Уҳуд муҳорабаси», 12-жилд, 47-бет.

53. «Аллоҳнинг қули ва Расули Муҳаммад». Али Камолий таржимаси, 119-бет.

54. М. Ҳамидуллоҳ. «Ҳазрат Пайғамбарнинг жанглари», 78-бет.

55. Қиличда шу жумлалар бор эди:

«Қўрқоқликда уятга қолмоқлик, олға бормоқликда шараф бор. Инсон қўрқоқлик қилиб тақдирнинг жилвасидан ёқасини (нафсини... - тарж.) қутқариб қололмайди»(«Миръотул-ибар», 5-жилд, 92; «Тарихи дини Ислом», 4-жилд, 168-бет).

56. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 200-бет.

57. Имом Бухорий.

58. «Аллоҳ Ўз ваъдасининг устидан чиқди − сизлар Унинг изни билан кофирларни қира бошладингиз. То сусткашлик қилиб, (Пайғамбар алайҳиссаломнинг) амру фармонлари борасида талашиб-тортишиб ва Аллоҳ сизлар яхши кўрган нарсани (яъни ғалабани) кўзингизга кўрсатиб қўйганидан кейин Пайғамбарнинг амридан бош тортган пайтингизгача (бу устунликларингиз давом этди). Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор эди. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун уларнинг (устидан ғалаба қилиш ўрнига, мағлубият томонга) буриб юборди. Энди гуноҳларингизни афв қилди. Аллоҳ иймон эгаларига фазлу марҳамат соҳиби бўлган Зотдир» (Оли Имрон сураси, 152-оят).

59. Ибн Ҳишом.

60. Кейинчалик Ваҳший воқеани шундай тушунтирган эди: «Тўс-тўполонда фақат Ҳамзани қидирдим. Тасодифан уни кўриб қолдим. Қаршисидан чиққанларни шундай бир зарба билан ер тишлатардики, бирортаси қайта туролмас эди. Рўпарасига чиқишга ҳаддим сиғмай, тошлар орқасига яширина-яширина уни пойладим. Ҳамза эҳтиётсиз бир баҳодир эди. Ниҳоят, мен яширинган жойга яқинлашди. Ўқ отишга жуда моҳир эдим ва нишондан камдан-кам адашардим. Ҳамза Абдулуззо ўғли Сибоҳнинг бошини кесиш учун эгилганида найзани отдим. Тос суяклари орасига кирди. Уят этлари орасидан чиқди. Ерга йиқилиб тушди ва шу ерда ўлди. Найзамни вужудидан чиқариб, жанг майдонидан қочдим. Ҳамзани фақатгина озод бўлишим учун ўлдирган эдим» («Аллоҳнинг қули ва Расули Муҳаммад». Али Камолий таржимаси, 128-бет).

61. «Қисаси анбиё», 181-бет.

62. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 213-бет.

63. «Мавоҳиби Ладуния» таржимаси, 1-жилд, 105-бет.

64. «(Эй мўминлар), ҳеч кимга боқмай, (жанг майдонидан) чиқиб кетган пайтингизни эсланг! Ҳолбуки, Пайғамбар ортингизда сизларни чорламоқда эди. Бас, (ғалаба, ўлжалар янглиғ) сизлардан кетган нарсаларга ва (мағлубият, қурбонлар каби) сизларга етган нарсаларга хафа-ғамгин бўлмасликларингиз учун Аллоҳ сизларга ғам устига ғам берди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Оли Имрон сураси, 153-оят).

65.«Муҳаммад фақат бир Пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни Муҳаммад алайҳиссалом) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?!» (Оли Имрон сураси, 144-оят.)

Бу оят Уҳуд ғазоти куни нозил бўлган.

66. Шоир Абдулбоқий таржимаси, 1-жилд, 104-бет.

67. «(Куфрга қарши курашда) сустлашмангиз ва (Уҳуд жангидаги мағлубият сабабли) ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлгувчидирсизлар. Агар (бугун Уҳудда) сизларга жароҳат етган бўлса, (Бадр жангида) у қавмга худди шундай жароҳат етган. (Токи ибрат бўлсин деб) ва Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингиздан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз» (Оли Имрон сураси, 139-140-оятлар). Яъни баъзида сиз ғолиб келасиз, баъзида эса душманларингиз («Маонии Қуръон», 1-жилд, 131-бет).

68. «Бадрда мушриклар, Уҳудда мусулмонлар етмиш кишидан айрилишди. Ҳар икки томонга етган жароҳат орасида айнан ўхшашлик бор эди» («Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 199-бет).

69. Табарий ҳам, Ибн Ҳишом ҳам дейдиларки, мусулмонлар Пайғамбарнинг ҳаёт эканликларини билишгач, дарҳол у Зотга қўшилдилар. Биргаликда бир тоғлик тарафга кетдилар. Расули акрамнинг ёнларида ҳазрат Умар, Али, Абу Бакр, Талха, Зубайр ва Ҳорислар бор эди.

70. «Қуръон тили», 2-жилд, 1191-бет.

71. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 215-бет.

72. «Асри Саодат»; «Тарихи дини Ислом»; «Мавоҳиби Ладуния» таржимаси.

73. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 224-бет.

74. «Қуръон тили», 2-жилд, 1231-бет; «Асри Саодат», 1-жилд, 378-бет.

75. «Улар Аллоҳ томонидан бўлган неъмат ва фазлу карам ҳақида ҳамда ўзларига жароҳат етганидан кейин ҳам Аллоҳ ва Расулига бўйсунган мўминларнинг ажри-мукофотини Аллоҳ зое қилмаслиги ҳақида хушхабар берадилар» (Оли Имрон сураси, 171-172-оятлар).

76. Ичкилик (ароқ)нинг ман қилиниш вақти борасида Ислом тарихчилари бир фикрда эмаслар. Бунинг сабаби  ароқ ҳақидаги оятларнинг мухталиф (турли) пайтларда нозил бўлганидандир. Ароқни ҳаром қилган икки оят тўртинчи ҳижрат йилида нозил бўлгани ҳолда сўнгги оятнинг бешинчи ёхуд олтинчи ҳижрат йилларида келгани ривоят қилинади.

Мусулмонликда инсонни сархуш (маст) этадиган ичкиликларни ичиш бирданига эмас, тадрижий равишда ман қилингандир. Ичкилик ҳақида Қуръони каримда даражама-даража келган тўрт оят бор. Илк оят Маккада нозил бўлди:

«Сизлар маст қилгувчи (ароқни) ҳам, гўзал − ҳалол ризқ(нинг ўзини) ҳам хурмо ва узумларнинг меваларидан олурсизлар» (Наҳл сураси, 67-оят).

Бу пайт ҳали ароқ ман қилинмаган эди. Мусулмонлар маст қилувчи ичкилик ичишар, қимор ўйнашар, лекин Расули акрам буларга ҳеч нарса демас эдилар («Қуръон тили», 1-жилд, 763-бет). Ҳижратдан сўнг Мадина даврида ҳам бу аҳвол давом этди. Ўша вақт ичкилик ичиш Мадинада жуда ёйғин тус олган эди. Ҳазрат Умар билан Муоз ва асҳобдан баъзилари: «Ё Расулуллоҳ! Ичкилик ҳақида бизга бир йўл кўрсатинг, хамр (шароб, ароқ) ақлни кеткизаётир», дея мурожаат қилдилар. Шу аснода (ҳижратнинг тўртинчи йили шаввол ойида) иккинчи оят (Мадинадаги илк оят) нозил бўлди:

«Сиздан ароқ (ичкилик) ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор. Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир» (Бақара сураси, 219-оят).

Ароқни ҳаром қилган илк оят шу бўлди. Бу оятдан кейин «Гуноҳи фойдасидан каттароқдир», дея ароқни ташлаганлар бўлди. Бироқ «Фойдаси ҳам бор!» дея ароқ ичишда давом этганлар ҳам бор эди.

Бир муддат сўнгра Абдураҳмон ибн Авф зиёфат берди. Меҳмонлар едилар, ичдилар, маст бўлдилар. Маст ҳолларида намозга турдилар. Шом намозини жамоат бўлиб ўқишди. Ривоятга кўра, имомлик қилаётган ҳазрат Али Кафирун сурасини нотўғри ўқиганлари учун учинчи оят (маданий иккинчи оят) нозил бўлди:

«Эй мўминлар, токи гапираётган гапларингизни билишингиз учун маст ҳолингизда намозга яқин келманглар!» (Нисо сураси, 43-оят.)

Бу оят ичкилик (ароқ)ни ман этган иккинчи оят бўлди. Оят фақат намоз вақтларида ичкиликни ман қилаётган эди. Асҳобнинг бир қисми бу оятдан кейин ичкиликни ташладилар.

Орадан яна маълум вақт ўтди. Ансордан Молик ўғли Итбон зиёфат дастурхони ҳозирлади. Зиёфатда ароқ ҳам бор эди. Меҳмонлар орасида Саъд ибн Ваққос бир қасида ўқиди. Асолатидан, қавмидан мақтаниб гапирди. Ансорни шарманда қилди. Шунда ансордан бир зот ғазаб билан ўрнидан турди. Саъднинг устига қараб борди. Бошини ёрди. Саъд эса Пайғамбарга шикоят қилди. Ана шу пайт ичкилик (ароқ) ҳақидаги тўртинчи (маданий учинчи) − сўнгги оят келди:

«Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз!» (Моида сураси, 90-оят.)

Ичкилик, қиморни ман қилган оятларнинг учинчиси бўлган бу оят ароқ ҳақида энг сўнг келган илоҳий амрдир. Дарҳол Расули акрам даллоллар (хабарчилар) чақиртирдилар. Хамрнинг қатъий суратда ҳаром бўлганини ҳаммага билдирдилар. Энди бутун ичкиликхўрлар ичкиликни ташладилар. Уйларида, дўконларида шароблар сақлаб қўйилган эди; ҳамма




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ