Ҳандақ ғазоти

6 йил аввал 1367 siyrat.uz

Ҳандақ ғазоти маккалик мушриклар томонидан мусулмонларга қарши очилган даҳшатли бир уруш эди. Бу уриниш қурайшийларнинг Мадинани босиб, мусулмонларни йўқ этиш учун бошлаган ташаббусларининг учинчиси эди. Илк ташаббус катта Бадр ғалабаси билан маҳв этилди. Иккинчиси Уҳуд тоғида тўхтатилди. Учинчиси ва сўнгги ташаббус эса Мадина қамалида Ҳандақ ғазотига сабаб бўлди.

Уҳуд муҳорабасида мусулмонларнинг жангда ютқизмаганлиги араб қабилаларига алам қилган, шу сабабдан Ислом динига қарши душманлик кайфияти очиқ-ойдин тус олган эди. Мунофиқлар ҳам ғаразли мақсадларини яширишмасди. Ҳар жойда мусулмонларга ҳужум қилиш учун пайт пойлар эдилар. Мадина ичида ҳам, ташқарисида ҳам мусулмонлар ўзларини эмин ҳис этишмас, деярли, ҳар куни ё у, ё бу ерда тажовузлар бўлар, вазият борган сайин оғирлашиб борар эди. Ҳатто мусулмонлар қуролсиз юрмай қўйишди. Кечалари ҳам қуроллари билан ётардилар. Онда-сонда аҳволларини Расули акрамга арз қилиб қолсалар, Пайғамбаримиздан истиқболга оид хушхабарлар олишар, шу билангина таскин топишар эди. Расули акрамнинг асосий вазифалари жанг қилиш эмас, Ислом динини ва иймон бирлигини (тавҳид эътиқодини) ёйиш эди. Ана шу мақсадда қабилалар орасига муаллимлар, муршидлар юбора бошладилар. Бироқ баъзи қабилалар хоинлик қилиб, ўзлари сўраб олиб кетган бу муршидларни олчоқларча ўлдирдилар. Биър-и Мауъна ва Ражиъ ҳодисалари шу тахлит воқеъ бўлган фожеалардандир.

Бир томондан, Расули акрам сулҳ йўли билан катта урушга йўл қўймасликка ҳаракат қилиб, муршидлар орқали инсонларни тўғри йўлга чақирардилар, бошқа томондан, маккаликлар Мадинага қарши катта куч тайёрлар эди. Бутпараст қурайшийлар яҳудийлар ва мунофиқлар билан тил бириктириб, мусулмонликни йўқ қилишга қарор беришган эди.

Авваллари Мадина яқинида яшаётган Бани Назир, Бани Қайнуқоъ ва Бани Қурайза яҳудийлари билан мусулмонлар ўртасида бир сулҳ бор эди. Бироқ булардан Бани Қайнуқоъ ва Бани Назир хиёнатлари туфайли Мадинадан чиқариб юборилдилар. Ҳайбар қалъасидан қўним топган Бани Назир раислари мусулмонлардан ўч олиш пайига тушдилар. Кундан-кунга ривожланаётган мусулмонликнинг қаерларгача боришини, салоҳиятини душманлар ичида энг тушуниб етганлар яҳудийлар бўлишди.

Ҳайбардан чиққан етмиш кишилик яҳудий қофиласи (карвони, гуруҳи) Маккага борди. Ораларида (Ҳуйя, Канона ва Салам каби) йигирматача раис бор эди. Улар қурайшийларга Мадинада ҳам ҳукмронлик қилишни таклиф қилдилар. Мақсадлари мусулмонликка барҳам бериш эди. Қабилаларини Ҳайбар ва Мадина ўртасида қолдириб келганликларини, Бани Қурайза яҳудийларини ҳазрат Муҳаммадга орқа томондан ҳужум қилишлари учун Мадинада қолдирганликларини айтдилар. Бу яҳудий қабиласи қурайшийларга яхши кўриниш учун: «Сизларнинг динингиз (бутпарастлик) янада яхши ва сизлар ундан (ҳазрат Муҳаммаддан) бир неча бор ҳақлисиз!» дедилар. Булар маккаликларнинг бутпарастлигини мусулмонликдан (Аллоҳнинг бирлиги эътиқодидан) устун қўйишдан ва ҳатто бутларга сиғинишдан ҳам тоймадилар. Қуръони карим бу ҳақиқатни очиқлаб, аҳли китобдан бўлган яҳудийларнинг бутун айбларини юзларига очиб ташлагандир80.

Яҳудийлар бу билангина кифояланиб қолмадилар. Маккага яқин ерлардаги бадавий қабилаларини ҳам иттифоқларига олдилар. Наждда яшаётган Ғатфон қабиласига (хусусан, Кинона ва Салом) Ҳайбарнинг бир йиллик хурмо ҳосилидан ярмини беришга сўз бердилар81.

Шундай қилиб, яҳудийларнинг ташвиқи билан мусулмонликка қарши катта бир душман жабҳаси майдонга келди. Бу жабҳа яҳудийлар, қурайшийлар ва бадавийлардан иборат эди. Шу тариқа мусулмонларга қарши тайёрланган Мадина муҳосараси бевосита Бани Назир яҳудийлари қўйган бир тузоқ эди82.

Қурайшнинг улуғлари яҳудийларнинг бу таклифларидан сўнг тезда Дорун-надвада тўпландилар. Йиғилишни Абу Суфён уюштирди. Мусулмонларга қарши уруш очишга қарор берилди. Тўрт минг кишилик бир қўшин тайёрланди. Бундан ташқари қўшиннинг уч юз отлиғи, бир минг беш юз (бир ўркачли) туяси бор эди. Йўлда бадавийларнинг муттафиқ (иттифоқдош) аскарлари ҳам бу қўшинга қўшилди. Пировардида ўн минг кишилик даҳшатли бир душман кучи юзага келди.

Маккаликларнинг бу катта ва учинчи ташаббусидан кўзланган мақсад − Мадинани тамоман ишғол этиш, Ислом бирлигини тарқатиб юбориш эди. Бу мусулмонлар учун энди қутулиш чораси қолмади, дегани эди83.

Муттафиқ душман қўшини уч гуруҳдан иборат эди:

Биринчи гуруҳ Ғатфон қабиласи ва шериклари (Бани Фазора, Бани Ашжаъ, Бани Мурра) аскарлари билан Фазора қабиласи бошлиғи Уяйнанинг қўмондонлиги остида ҳаракат қилаётган эди.

Иккинчи гуруҳ Бани Асад ва муттафиқлари (Бани Саъд, Бани Сулайм) аскарларидан иборат эди.

Учинчи гуруҳ Қурайш аскарлари бўлиб, бошлиқлари Абу Суфён, байроқдорлари эса Уҳуд жангида байроқ остида ўлган Талханинг ўғли Усмон эди.

Бу уч гуруҳга ҳам Абу Суфён қўмондонлик қилар эди. Мадинага яқинлашгач, қабила раисларидан ҳар бири навбат билан бир кундан лашкарбошилик қилишлари керак эди.

Мадина муҳосараси учун тўпланган муттафиқ душман лашкарлари турли қабилалардан (ҳибзлардан) майдонга келгани учун Ҳандақ ғазотига «Аҳзоб ғазоти» номи ҳам берилгандир.

Расули акрам қурайшийлар билан муттафиқларнинг бу қўрқинчли тайёргарликларидан хабардор бўлдилар. Қурайш ҳаракат қилишидан олдинроқ Бани Ҳузоадан бири Мадинага тўрт кечада етиб келиб, бу хабарни Расули акрамга етказган эди.

Ҳазрат Пайғамбар дарҳол «Машварат мажлиси»ни чақирдилар. «Душман қўшинининг бу тажовузига қарши Мадинани қандай ҳимоя қилайлик?» мавзуини ўртага қўйдилар. Мажлис ҳайъатининг раъйини сўрадилар. Асҳоб ичида Салмон исмли эронлик бир зот бор эдилар. У киши сўз олиб:

—Ё Расулуллоҳ! Бизнинг Эронда бир одат бор. Ташқаридан шаҳарга бир душман ҳужум қилса, аҳоли у шаҳар атрофига ҳандақ қазиб мамлакатларини мудофаа этади. Биз ҳам шундай қилайлик,− дея янги ҳарб усулини таклиф этдилар. Чунки арабларда ҳандақ қазиш одати йўқ эди.

Салмон Форсийнинг бу таклифлари маъқул кўрилди, бир овоздан қабул қилинди. Ҳолбуки, у пайтда Эрон бугунги кундаги каби мусулмон давлат эмас, зардушт мазҳабида, оташпараст (мажусий) бир мамлакат эди. Ҳа, Расули акрам Мадинани мудофаа этиш, Ислом динини сақлаб қолиш учун христиан Оврупонинг эмас, Эрон каби оташпараст, мушрик бир мамлакатнинг ҳарб усулини ҳам ҳеч тараддудсиз олганлар ва татбиқ қилганлар84.

Мадинанинг бир томонида тошдан қилинган уйларнинг тош деворлари бўлиб, бу ер анча муҳофазали эди. Бошқа тарафида эса тик қояли Сел тоғи жойлашган. Бироқ унинг олд томони очиқ. Бу ер Сел тоғининг шарқида, Мадинанинг шимол томонида бўлиб, Сурияга ва Уҳуд тоғига қараган эди. Душман мана шу очиқ қолган тарафдан ҳужум қилиши мумкин. Шу сабабли ҳандақ шу томондан қазилиши мўлжалланди.

Расули акрам уч юз мужоҳид асҳоб билан шаҳар ташқарисига чиқдилар. Қазилажак ҳандақнинг режасини кўздан кечирдилар. Қазиш асбоблари ва курак тадорик этилди. Вазифалар тақсимланди. Ўн кишидан иборат гуруҳларга ажралишди. Ва ниҳоят, ҳижратнинг бешинчи йили ҳандақ қазилиши бошланди85.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундан олдин Мадина масжиди қурилишида бир ишчи каби ишлаганларидек, ҳандақ қазиш ишида ҳам худди шундай ишладилар. Асҳобга ўрнак бўлдилар. Салмон Форсий жуда бақувват эдилар. Бир ўзлари ўн кишининг ишини уддалардилар.

Қиш мавсуми, февралнинг ўн учинчи куни. Жуда совуқ бир шимол шамоли эсар, ҳандақ қазиётганларнинг қўл-оёқларини музлайдиган ҳолатга келтирар эди. Шаҳарда озиқ-овқат ҳам тақчил бўлиб қолди. Мусулмонлар уч кунгача ейишга ҳеч нарса тополмадилар. Расули акрам ҳам «Очлик ишлашга монелик қилмасин», дея қоринларига тош боғлаб олдилар. Ансор ва муҳожирлар ерни қазиб, тупроқ қазиш асносида:«Бизлар то тирик эканмиз, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жиҳодда давом этиш учун у Зотга байъат қилганларданмиз!» маъносидаги байтни86 жўр бўлиб ўқишар эди. Расули акрам саҳобаи киромлар билан бирга тупроқ ташир, уларга қўшилиб дуо қилар эдилар:

— Ё Раббий! Сенинг лутфинг бўлмаса эди, биз ҳидоятга эришмасдик. Садақа беролмасдик, ибодат қилолмасдик. Бизга кўнгил фараҳлигини бер, ғазотда яна бир бор сабот эҳсон айла! Бизга қарши келган душманлар бизни зўрлик билан қайтармоқ истайдилар. Биз рад этдик, рад этдик!

«Рад этдик!» жумласини ҳазрат Пайғамбар кетма-кет баланд овозда айтар эканлар, асҳоб ҳам Пайғамбарга эргашиб, бу жумлани бир овоздан такрорлар эди. Айни пайтда Расули акрам ансор ва муҳожирлар ҳақига шундай дуо қилар эдилар:

— Ё Раббий! Охират ҳаётидан бошқа саодат йўқ. Ё Раббий! Ансор ва муҳожирларни муборак қилгин. Лутф ва марҳаматингни ноил айлагин87.

Жобир розияллоҳу анҳунинг ривоятларига кўра, ҳандақ қазилаётганида жуда қаттиқ ва баҳайбат бир тош чиққан. Тошни ёришга ҳар ким бор қувватини ишга солиб кўрган. Лекин ҳеч ким бунга муваффақ бўлолмаган. Сўнгра ҳодиса Расули акрамга билдирилган. Ҳазрат Пайғамбар қоринларида бир тош парчаси боғланган ҳолда ўринларидан туриб ҳандаққа тушганлар. Қўлларига ўткир учли болғани олиб, тошга урганларидан сўнг бу ҳайбатли ва ўта қаттиқ тош майда-майда қум каби титилиб кетган!88

Мавлоно Муҳаммад Али шундай дейди:«Асҳоб майдалай олмаган тошни парчалаганларидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи уришларида Қайсарнинг (Византия) саройини, иккинчи уришларида Қисронинг (Эрон) саройини, учинчи уришларида Санъони (Яман) кўрганларини ва бу мамлакатларнинг бари келгусида Ислом ҳокимиятига киражаги у Зотга муждаланганини айтган эдилар. Бу ғайритабиий бир ҳодиса. Мадинани умуман тамоман тор-мор этиш, Исломни йўқ этиш учун йигирма тўрт минг қуролли қўшин келаётибди, бутун Арабистон мусулмонларнинг қонига ташна, аммо бу қоп-қора фалокат булутлари аро Расули акрамнинг кўзлари Исломнинг порлоқ истиқболини томоша қилар эди. Бу ҳолат инсон ақли бовар қилмас бир ҳолат эмасми?! Мусулмонларнинг қатъий йиқилиш палласига дуч келиб турилган бир пайтда истиқболнинг бу сирларини ҳоким бўлган Аллоҳдан бошқа яна ким ваҳий эта олади?!»89

Душман ҳали Мадина яқинига келишга улгурмаган эди. Бироқ сабр-матонат билан икки ҳафта тўхтовсиз ишлаш натижасида ҳандақ қазиб бўлинди. Қазилган ҳандақ анча чуқур, бир от сакраб бўлмайдиган қадар кенг эди.

Қурайш қўшини Абу Суфён бошчилигида Маккадан чиқди, йўлда муттафиқлар билан бирлашди. Бу юриш мушрикларнинг Мадинага қарши сўнгги босқинчилик ҳамласи бўлди.

Маккалик қурайшийлар Мадинанинг ғарб томонига, Нажд бадавийлари ва бошқа қабилалар шарқ томонига (Уҳуд тоғи ўртасида) келиб жойлашдилар. Улар бир ҳамладаёқ Мадинани забт этиб, мусулмонларни тор-мор қилишни кўзлаган эдилар. Аммо Мадина остонасида хаёлларига ҳам келмаган бир ҳандаққа дуч келиб, шошиб қолдилар. Ўнгга, сўлга изғий бошладилар, ҳандақдан ўта оладиган бир йўл қидирдилар. Тополмагач, Ислом лашкарлари рўпарасида саф тортиб, ҳандақнинг бу томонидан туриб Мадинани ўраб олишга мажбур бўлдилар. Ўқ, тош отиб жангга киришдилар.

Ўн минг («Фатҳул борий» асарида ёзилишича, йигирма тўрт минг) кишилик муттафиқ қўшин қаршисидаги мусулмон аскарларининг сони уч мингдан ошмас эди ва фақатгина ўттиз олти отлиқ бор эди. Шаҳарни мудофаа қилаётган бу аскарларнинг орқасида Сел тоғи, олд томонларида эса ҳандақ бор эди. Сел тоғининг этаги қароргоҳ бўлди. Расули акрамнинг чодирлари шу жойга қурилди. Ҳандақ мусулмон аскарлари билан душман қўшини ўртасида узун қилиб қазилган эди. Муҳожирларнинг байроғини Зайд ибн Ҳориса тутган, ансорники эса Саъд ибн Убоданинг қўлида эди.

Қиш мавсуми бўлгани учун совуқ жуда шиддатли эди. Муттафиқ душманлар осонгина зафар қозонишни кўзлаб, шоша-пиша келган, Уҳуд жангида бўлгани каби бир кун ичида ишни битириб қайтишни ўйлашган эди. Ҳолбуки, ғалабага эришиш осон эмаслиги маълум бўлиб қолди.

Расули акрам аскар сафларини Сел тепалигига орқа қилиб тузарканлар, аёллар билан болаларни мустаҳкам, пана ерларга юбордилар. Хоинликка қарши бу бир эҳтиёт чораси эди. Чунки Ислом жабҳасининг энг заиф нуқтаси орқада − яҳудийлар яшайдиган жой эди. Бани Қурайза яҳудийлари қурайшийлар билан бирлашса, қазилган ҳандақнинг қиймати қолмас эди. Ислом лашкарлари ҳандақ олдида жанг қилаётганида яҳудийлар шаҳарни босиб олиши, мусулмон оилаларни қиличдан ўтказиши мумкин эди. Шу сабабли халқ ташвиш ичида қолди.

Расули акрам Бани Қурайза томонидан бундай хавф борлигини ҳисобга олиб, уч юз аскар билан Зайд ибн Ҳорисани ва икки юз нафар аскар билан Аслам ўғли Сулмани ўша тарафга юбордилар.

Бани Қурайза яҳудийлари шу дамгача бетарафликларини сақлаб келишган эди. Бироқ Бани Назир яҳудийлари Бани Қурайзани ҳам Қурайш томонга оғдириб олиш учун ҳаракат қилишарди. Ҳатто Бани Назирнинг раиси Ахтаб ўғли Ҳуйя Бани Қурайзанинг раиси Асъад ўғли Каъбга мурожаат қилди. Аввалига Каъб Ахтаб ўғлига унча рўйхушлик бермади. Ҳатто эшикни юзига қараб ёпди. Бироқ Ҳуйя бўш келмади. Эшикни очтиришга муваффақ бўлди ва Каъбга шуларни айтди:

— Сенга сон-саноқсиз аскарлар билан келмоқдаман. Қурайш билан бутун араблар бирлашишган. Биз Муҳаммаднинг қонига ташна инсонлармиз. Мусулмонликни ер юзидан йўқ қилиб ташлаш вақти келганда бу фурсатни қўлдан бой берма!

Бани Қурайза раиси тараддудланиб шундай жавоб берди:

— Муҳаммад доимо сўзида турган. Орамиздаги шартномани бузиш яхши эмас. Хўш, муттафиқлар орқага қайтишса, нима бўлади? − дея сўради.

Бани Назир раиси:

— Башарти шундай бўладиган бўлса, ҳамиша сен билан бирга бўламан. Сенинг бошингга нима келса, меникига ҳам келади! − дея жавоб берди.

Шундан сўнг Каъб анча юмшади. Яҳудийлик томири қабарди. Бани Назир раисининг таклифини қабул қилиб, мусулмонлар билан тузилган шартномани бузди.

Яҳудийларнинг муттафиқлар билан бирлашганини эшитиб мусулмонлар анча саросимага тушдилар. Расули акрам яҳудийларнинг бу фитналарини тушунган эдилар. Саъд ибн Муоз билан Саъд ибн Убодани масалани аниқлаштириш учун яширинча юбордилар. Булар Бани Қурайзага бориб, шартномага риоя хусусида улардан сўрадилар. Яҳудийлар: «Биз Муҳаммадни тан олмаймиз, шартноманинг ҳам биз учун аҳамияти йўқ!» деб кескин жавоб қилишди. Ҳайъат раиси Саъд ибн Муоз Қурайзага эс-ҳушини йиғиб олишини, бу йўл хато эканини эслатди. Бироқ Қурайза тушунишни истамади. Яҳудийлар мусулмонликка бўлган душманликларини очиқ-ойдин эътироф этишдан тойишмади.

Мадинага душман ҳар томондан таҳдид қилаётган, мусулмонлар энг нозик ва буҳронли дақиқаларни яшаётган бир пайтда Бани Қурайза яҳудийлари аҳдларини буздилар. Қулай фурсат келганини фаҳмлаб, мусулмонларга орқадан таҳдид солиш учун қурайшийлар билан тил бириктирдилар. Натижада мусулмонлар бир томондан муттафиқлар, иккинчи томондан Бани Қурайза каби икки душман орасида қолдилар. Шу сабабли Расули акрам ҳандақ чизиғини муҳофаза этиш билан бирга шаҳарни ҳимоя қила олиш учун давриялар (қўриқчи бўлинмалар) ҳам қўйган эдилар.

Лекин ҳандақнинг бир жойи яхши қазилмаган бўлиб, у ердан кечқурун босқин уюштириш хавфи бор эди. Ҳазрат Пайғамбар у ерда шахсан ўзлари пойлоқчилик қилдилар90.

Ислом лашкарлари орасига бир неча мунофиқ ҳам кириб олган эди. Улар қўшинда бузғунчилик ишларини бошлаб юбордилар. Қуръони карим бу ҳақиқатни қуйидагича очиб беради: «Ўшанда улардан бир тоифа одам деди: «Эй Ясриб (яъни Мадина) аҳли, сизлар учун (бу қадар кўп сонли ёвга қарши) туриш имкони йўқдир. Бас, (ўз уйларингизга) қайтиб кетинглар». Улардан яна бир гуруҳ эса: «Уйларимиз очиқ-сочиқ (қолган эди)», деб Пайғамбардан изн сўрадилар. Ҳолбуки, (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жанг майдонидан) қочишнигина истардилар»91.

Аммо мўминларнинг самимий иймонлари бу даҳшатли имтиҳонлар қаршисида заифланмади92. Чунки Ҳақ таоло мўминларни олдиндан муждалаган эди93.

Мадина муҳосараси бутун шиддатлари билан бир ой давом этди. Бу муддат ичида бир неча бор Расули акрам ва дўстлари ҳатто уч кунлаб оч қолишди. Қоринларига тош боғлаб юришди. Пайғамбаримиз ҳам икки тош боғлаб олган эдилар.

Аммо душман ҳандақдан ўтолмади. Мушрикларнинг (Абу Суфён, Валид ўғли Холид, Амр ибн Ос, Дуррор, Жубайра каби) раислари қўшинларига бир кундан навбат билан қўмондонлик қилишар, шаҳарга (Мадинага) ёппасига ҳужум уюштириш учун тайёргарлик кўришар эди. Буларнинг ичларида (Дуррор, Жубайра, Навфал, Амр ибн Абдуввуд каби) машҳурлари отларини маҳмузлаган (суворий икки оёғига темир тақиб, отнинг икки биқинига қаттиқ ниқташи) ҳолда ҳандақнинг энг тор жойидан ҳатлаб иккинчи томонга ўтиб олишди. Ҳар бири минг жангчига баробар саналарди. Айниқса, Амр ибн Абдуввуд жуда жасур эди. Шуҳрати бутун Арабистонга ёйилганди. Бадр ғазотида иштирок этиб яралангани учун ўшанинг ўчини олмагунча сочларига хушбўйлик сурмасликка қасам ичганди. Ҳолбуки, Амр тўқсонга кирган бир чол эди94. Шунга қарамай, Мадина ҳандағидан илк бор ўтган ҳам у бўлди.

Амр ғурур билан жанг майдонида мусулмонларга томон келарди. У ўзига «муносиб бир рақиб» истади. Шунда Расули акрам «Бунга қарши ким жангга чиқади?!» дейишлари билан ҳазрат Али ўринларидан турдилар ва:

— Рухсат беринг, ё Расулуллоҳ, мен чиқай! − дедилар. Лекин Пайғамбаримиз:

— Сен ўтир, эй Али, келган Амрдир! − дедилар. Амр яна истагини билдирди ва:

—Орангизда майдонга чиқадиган бир мард йўқми? − дея масхара қилишни бошлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобга қараб яна таклифни такрорладилар. Яна Али ўринларидан туриб, Амр билан урушишларини билдирдилар. Расули акрам бу сафар ҳам: «У Амрдир!» дея Алига изн бермадилар. Ҳарб майдонига ҳеч ким чиқмаганини кўрган Амр ҳайвондек қутурди. Оғзидан турли баландпарвоз, ҳақоратомуз гаплар чиқа бошлади. Бундан Расули акрам анча асабийлашдилар. Сарвари олам яна асҳобга мурожаат қилдилар. Ҳеч кимдан садо чиқмагач, яна Али турдилар. Расули акрамнинг «Амрдир у!» деган огоҳлантиришларига жавобан:

— Амр бўлса, бўлаверсин! − дедилар ва дарҳол ўртага отилиб чиқдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алига ўз зирҳларини кийдирдилар. «Зулфиқор» деб аталувчи қиличларини белларига тақиб, Амрга қарши юбордилар. Алининг орқаларидан дуога қўл очиб, Аллоҳга шундай ёлвордилар:

—Ё Раббий! Амакимнинг бири Убайда Бадрда, бошқаси (Ҳамза) Уҳудда шаҳид бўлди. Ўнгимда амакимнинг ўғли (Али) қолди! Уни менга бағишла!

Ҳазрат Али жанг майдонига пиёда юриб келардилар.

Ҳар икки тараф даҳшатли ҳаяжон ичида бу манзарани томоша қиларди. Амр ўзи томон келаётганнинг кимлигини билгиси келди, ўзидан сўради. Абу Толибнинг ўғли Али эканини билгач, кулди. У араб қаҳрамонлари орасида менга қарши чиқадиган журъатли, мард одам йўқ, деб ўйларди95.

— Амакиларинг ичида бирор қари-қартанги топилмадими? Ҳали сенинг оғзингдан она сутининг ҳиди келмоқда. Мен сенинг отанг билан дўст-ақрабо эдим. Энди сенинг қонингни тўкишни истамайман! − деди.

Шунда ҳазрат Али:

— Мен эса Аллоҳ йўлида сенинг қонингни тўкишдан завқ оламан! − деб жавоб қилдилар.

Бундай жавобни кутмаган рақиб бирдан ғазабланди. Аммо Амрнинг бир одати бор эди: рақибининг уч истагини бажарарди. Ҳазрат Али шуни Амрга эслатдилар ва биринчи истаклари ўлароқ, унга Ислом динини қабул қилишни таклиф этдилар.

— Истагингни бажара олмайман! − деди Амр.

— Ҳеч бўлмаса, бу ердан кет! − дея иккинчи таклифни айтдилар Али.

—Бутун хотин-халажларнинг устимдан кулишини хоҳлайсанми?− деди Амр.

—Ундай бўлса, жанг қилайлик!− дедилар Али. − Лекин сен отдасан, менга ўхшаб пиёда бўлишинг керак.

Амр дарҳол отидан сакраб тушди. Қиличи билан отининг оёқларини кесди. Ҳазрат Али:

—Мен сен билан куч синашишни ўзимга эп билмайман, лекин қиличингга қиличимни бўйлаб кўраман! − деган эдилар, Амр чидаб туролмади. Ҳаддан ташқари ғазабланди. Дарҳол қиличини суғуриб, Алининг устларига бостириб келди. Унинг зарбасига қарши Али қалқонни тутдилар. Зарба шунчалик кучли эдики, қалқон иккига бўлиниб кетди, боз устига Али пешоналаридан яраландилар.

Энди навбат Алига келган эди. Али ниҳоятда устамонлик қилдилар. Амрга шундай бир қилич солдиларки, ҳатто ердан чанг-тўзон кўтарилиб, бир муддат иккала рақиб ҳам кўринмай қолди96. Шу аснода ҳазрат Алининг «Аллоҳу акбар!» деган ҳайқириқлари эшитилди-ю, ҳақиқат ойдинлашди. Бутун мусулмонлар бир овоздан такбир келтириб, чор-тарафни ингратиб юбордилар.

Амр билан бирга ҳандақдан ўтган бошқа шериклари ҳам ё ўлдирилди, ё қочишга мажбур бўлди. Булардан Жубайра ҳазрат Алининг зарбаларидан қочди. Хаттоб ўғли Дуррорни укаси ҳазрат Умар таъқиб этдилар. Қочаётиб ҳандаққа тушиб кетган Навфал эса Алининг қиличларидан жон берди...

Ислом аёллари яширинган қалъа Бани Қурайза яҳудийлари турган жойга яқин эди. Мушрикларнинг ҳандақдан ўтолмаётганликларини кўрган яҳудийлар шу томонга юришди. Ҳатто яҳудийлардан бири қалъа эшигигача яқинлашиб борди. Буни кўрган ҳазрат Сафия шоир Ҳассонга хабар бердилар. Бироқ Ҳассон касал эди, яҳудийларга ҳужум қилолмади. Ўшанда ҳазрат Сафия бир чодирнинг устунини олиб, яҳудийнинг бошига отиб ер тишлатдилар, кейин бориб ўлдирдилар. Буни кўрган яҳудийлар қалъа ичида муҳим бир куч бор, деб ўйлашди ва у ерга ҳужум қилишдан воз кечишди97.

Эртаси куни Ҳандақ ғавзасининг энг даҳшатли куни бўлди. Уруш кун бўйи тўхтамай давом этди. Бир томондан мушриклар, бошқа томондан Бани Қурайза яҳудийлари ёппасига ҳужумга ўтишган, кечгача мусулмонларга қарата ўқ ёғдириб, уларни кўз очишга қўйишмаган эди. Ҳатто ўша куни мусулмонлар намозларини ҳам ўқишолмади, кечқурун ҳамма намозларини қазо қилиб ўқишди98.

Ҳандақ уруши чўзилгандан чўзилиб, икки томоннинг ҳам вазияти борган сайин ёмонлашди. Иттифоқо, бу орада Ғатфон қабиласининг пешволаридан Нуайм ибн Масъуд яширинча мусулмон бўлди. Лекин ҳар икки тараф − яҳудийлар ҳам, қурайшийлар ҳам унга ишонишарди. Нуайм бу нозик ҳолатдан фойдаланиб, мусулмонларга хизмат қилишни ўйлади. Нозик сиёсат ила яҳудийлар билан Қурайшнинг ўртасини бузишга муваффақ бўлди.

Ибн Исҳоқ шундай ёзади: «Нуайм «Ал ҳарбу ҳудъатун» («Ҳарб −ҳийладир») ҳадисига суянган ҳолда ташвиқотини бошлади. Яҳудийларга бориб бундай деди: «Қурайш муҳосарадан воз кечди. Тўрт кундан сўнг жанг майдонини ташлаб, Маккага қайтади. Сизлар ўртада қолиб кетасизлар! Қурайшдан эмин бўлмоқчи бўлсаларингиз, пешволаридан бир нечтасини гаровга олингизлар. Мабодо Қурайш сизларни ташлаб кетса, сизлар ҳам уларни қамоққа оласизлар!»

Ҳаво жуда совуқ, муҳосаранинг узоқ давом этаётгани муттафиқларни ҳам зериктирган, ҳолдан тойдирган эди. Қиш ўртасида бундай катта қўшинни озуқа билан таъминлаш ҳам осон эмас. Ўша аснода кутилмаганда кучли довул туриб, Қурайш қароргоҳини остин-устун қилиб ташлади. Озиқ-овқат сақланаётган чодирларни учириб юборди. Ўчоқлар сўнди, отлар ва туялар тарқалди. Орани бир даҳшат қоплаб олди. Яҳудийлар ҳам қалъаларига чекиндилар. Қурайшийлар билан муттафиқлар паришон ҳолга келдилар. Ичларига қўрқув тушди99. Бу табиий ва илоҳий ҳодиса кечаси содир бўлган эди. Бош қўмондон Абу Суфён бу вазиятга ортиқ дош беролмади ва чекинишга қарор берди:

— Мен орқага қайтяпман. Сизлар ҳам йўлга чиқинглар! − деб туясига минди ва Маккага қараб йўлга тушди. Муттафиқ аскарлар ҳам у кеча орқага қайтдилар. Тўс-тўполон ва шовқин остида кўчаётган бадавий қабилалари жуда кўп қурол-аслаҳаларини, озиқ-овқат ва ашёларини ташлаб кетдилар.

Мадина муҳосараси давом этаётган чоғда мусулмон аскарлари ҳам совуқдан, очликдан ва бузғунчи ташвиқотлар туфайли тарқалишган эдилар. Расули акрамнинг ёнларида фақатгина икки юзтача фидокор мужоҳид қолган эди. Булар ҳам ўта қийинчилик билан муҳосарага кўкракларини қалқон қилиб туришарди.

Душманнинг бундай паришон бир ҳолда чекинаётганини кўрган мусулмонлар севиндилар. Муҳосарадан қутулганларига қувониб, ҳандақдан чиқдилар, байрам қилдилар. Муттафиқ аскарлари ташлаб кетган озуқа ва ашёларни олдилар. У ёқ-бу ёққа тарқалган туяларни тўпладилар ва қўшин марказига келтирдилар. Шу тариқа ҳам жангда ғалаба қозонилди, ҳам Мадина шаҳри очарчиликдан қутулди. Қўлга киритилган ўлжалар ичида йигирматача туя бўлиб, бу туялар устида ҳар хил юклар, хурмо каби озуқалар ҳам бор эди100.

Расули акрам ҳазратлари бу илоҳий ва буюк зафарни кўриб Аллоҳга беадад шукр ва ҳамду сано айтарканлар, асҳобларига: «Энди зафар сизларники, бундан кейин Қурайш сизларнинг устингизга келолмайди!» дея марҳамат қилдилар.

Ҳандақ ғазотида мушриклардан тўрт киши ўлган, мусулмонлар беш шаҳид беришган эди. Бу ғазотда мусулмонлар оз талафот кўрдилар. Бироқ ансор энг муҳим одамларини йўқотди. Саъд ибн Муоз жанг давомида яраланган эди. Бани Қурайза ғазотидан сўнгра вафот этди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жанггоҳдан шаҳарга қайтдилар, аммо қуролларини ечмадилар. Илоҳий ваҳийга суяниб, дарҳол Бани Қурайза устига юришга буйруқ бердилар.

Яҳудийлар бу ғазотда аҳдларини бузганликларининг жазосини тортдилар. (Бани Қурайза ғазоти ҳақида китобнинг «Яҳудийларга қарши олиб борилган жанглар» бўлимида алоҳида гапирилади.)

Ҳандақ ғазотининг мусулмонлар учун яхши бир натижа билан тугагани мушрикларнинг ғурурини ҳам, тажовузкорлик қудратини ҳам синдирди, бундан кейин мусулмончиликнинг янада ривож топишига йўл очди.

Изоҳлар

 

80. «Китобдан насибадор бўлган кимсаларнинг бут ва санамларга сиғинаётганларини ҳамда кофир кимсалар ҳақида: «Ўшалар иймон эгалари бўлган мусулмонлардан кўра тўғрироқ йўлдадир», деяётганларини кўрмадингизми? Улар Аллоҳ лаънатлаган кимсалардир. Кимники Аллоҳ лаънатлар экан, бас, ҳеч қачон унинг учун бирон ёрдамчи топа олмайсиз» (Нисо сураси, 51-52-оятлар).

81. Ҳофиз ибн Ҳожар. «Фатҳул-борий».

82. Табарий дейдики, Ҳандақ муҳорабасининг сабаби Бани Назирнинг Мадинадан узоқлаштирилганидир.

83. «Пайғамбаримиз» номли асарида Мавлоно Муҳаммад Али шундай ёзади: «Ҳижратнинг бешинчи йили ўн бир минг билан ўн тўрт минг орасида бўлгани тахмин қилинган муаззам бир қўшин тўпланган, Мадинанинг ичида яшаётган яҳудийлар ҳам бу энг бурҳонли дақиқаларда тажовузкор душман тарафига қўшилиб олишган эди. Вазиятга бир инсон кўзи билан қараганда, бу буюк қўшиннинг ҳамласи қаршисида мусулмонларнинг омон қолиши амри маҳол экани маълум бўлади».

84. Салмон Эронда, Исфаҳон яқинида туғилган эди. Оловга сиғинадиган (мажусий) асил бир оиладан эди. Ёшлигида бир черковнинг ёнидан ўтаркан, қизиқиб ичкарига кирган; христианликни оташпарастлик динидан устун билиб қабул қилган, насоро бўлган. Аммо мажусийларнинг (оташпарастларнинг) зулмидан қутулиш учун Эрондан Шом тарафга қочган, анча вақт попларнинг хизматида бўлган. Бироқ Аллоҳнинг Мадинадаги Пайғамбари Расули акрам ҳақларида эшитиб, у киши билан кўришиш мақсадида йўлга чиқади. Йўлчи ўртоқларининг хиёнатларига учраб «қул» қилиб яҳудийларга сотилади. Мадинага ҳам қул сифатида келтирилади. Ислом динини қабул қилгани учун Расули акрам унинг бадалини бериб, асирликдан озод қиладилар ва у асҳоб сафига қўшилади. Ансор: «Салмон биздан!» деса, Расули акрам: «Салмон аҳли байтдандир!» дея марҳамат қилганлар. Ислом динида қайси ирқдан бўлмасин, қандай тилда гапирмасин, кимнинг фарзанди бўлмасин − ҳамма мусулмонлар биродардирлар. Ораларидаги устунлик фақат илм ва тақводагина бўлиши мумкин. Салмон илмли бир зот эди. Аввалига Ҳандақ ғазотида ўзини кўрсатди. Сўнгра ҳамма ғазотларда бўлди. Расули акрамдан кейин Хулафои Рошидин даврида: ҳазрат Умар замонларида Мадоин ҳокими эди. Ҳазрат Усмон замонларида Мадоинда вафот этди (ҳ. 35/м. 655). Узоқ умр кўрган. Шахсий даромадидан келган пулга кун ўтказар, ошиқчасини фақир-фуқарога тарқатар эди.

85. «Мавоҳиби Ладуния» таржимасида дейиладики, Ҳандақ ғазоти бўлиб ўтган вақт масаласида уламо ўртасида ихтилоф бор. Мусо ибн Уқба:«Тўртинчи йилнинг шавволида бўлди», деса, Ибн Исҳоқ: «Бешинчи йилнинг шавволида бўлди», деган. Аҳли Мағозий Ибн Исҳоқнинг фикрини танлашган (1-жилд, 125-бет).

87. «Саҳиҳи Бухорий». «Ғазватул-Аҳзоб».

88. «Тажрид" таржимаси, 10-жилд, 228-бет.

89. "Пайғамбаримиз", 151-бет.

90. Қуръони карим буни шундай билдиради:

"Ўшанда улар (муттафиқ қўшинлар) сизларнинг юқори томонингиздан ҳам (Ғатфон қабиласи), сизлардан қуйироқ томондан (Қурайш қабиласи) ҳам (бостириб) келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, юраклар бўғизларга тиқилиб қолган ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли) гумонлар қила бошлаган эдингизлар» (Аҳзоб сураси, 10-оят).

91. «Ўшанда улардан (мунофиқлардан) бир тоифаси деди: «Эй Ясриб (яъни Мадина) аҳли, сизлар учун (бу қадар кўп сонли ёвга қарши) туриш (имкони) йўқдир, бас, (ўз уйларингизга) қайтиб кетинглар». Улардан (мунофиқлардан) яна бир гуруҳ эса «Уйларимиз очиқ-сочиқ (қолган эди)», деб Пайғамбардан изн сўрардилар. Ҳолбуки, (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жанг майдонидан) қочишнигина истардилар» (Аҳзоб сураси, 13-оят).

92. «Мўминлар у фирқаларни кўрган вақтларида: «Бу Аллоҳ ва Пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир (яъни имтиҳондир). Аллоҳ ва Пайғамбарининг сўзи ростдир», дедилар ва (устларига бостириб келаётган фирқаларнинг сон-саноқсизлиги) уларнинг (Аллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос» (Аҳзоб сураси, 22-оят).

93. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Макка мушриклари ўша ернинг ўзида енгилиб битгувчи фирқалардан бир тўдадир, холос» (Сод сураси, 11-оят).

94. «Асри Саодат», 1-жилд, 405-бет.

95. Амр ибн Абдувузз олдин ўзига томон келаётган кишини кўриб дарров шу қитъани ўқиган:

Маъноси:

 Овозим бўғилди, тўдангизга қараб чақирмоқдаман:

«Орангизда мубориз йўқми?»

 Турибман кутиб баҳодирлар (қаҳрамонлар) турадиган майдонда.

 Мен азалдан шундай − мардлар майдони томон интиламан.

 Шижоат ва самоҳат (жонфидолик) инсоний ахлоқларнинг энг яхшисидир.

Ҳазрат Али ҳам бунга айни вазн ва қофияда жавоб берганлар. Ораларида бир шеърий баҳс бошланиб кетган эди:

Маъноси:

 Шошилма! Мана, келди сенинг овозингга жавоб беражак қудратли одам.

Яхши ният соҳиби ва басират соҳиби, тўғрилик (ихлос) зафарга югурган ҳар кимни қутқарар (сақлар).

 Мен жанозанг устида навҳачи аёллар фарёд кўтаришини хоҳлайман.

 Унутилмас зарбам таъсиридан ўлганингдан сўнг.

96. Бошқа бир ривоятга кўра, ҳазрат Али Амрга: «Қани, сен менга ёлғизман, дер эдинг. Бу ўртоқларинг-чи?!» дейишлари билан Амр орқасига қайрилиб қараркан, Али фурсатни бой бермасдан уни бир уришда ўлдирганлар.

97. Ибн Ҳишом.

98. Ҳадис илми билан шуғулланган муҳаддислар ўша куни Расули акрамнинг тўрт вақт намозларини ўқиёлмай қолганларини айтадилар («Асри Саодат», 1-жилд, 406-бет).

99.«Эй мўминлар, сизларга (қарши турли фирқалардан иборат) қўшинлар келган пайтда Биз уларнинг устига шамол ва сизлар кўрмаган қўшинларни (яъни фаришталарни) юборганимизни − Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланглар! Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчи бўлган Зотдир» (Аҳзоб сураси, 9-оят).

100. Қуръони карим бу ҳодисага шундай ишорат этади:

«Аллоҳ кофирларни (яъни фирқаларни) хафа ҳолларида қайтарди. Улар бирон яхшилик фойдага эришмадилар. Аллоҳ мўминларга жанг тўғрисида кифоя қилди (яъни осмондан фаришталар юбориб, мўминларни жангсиз ғолиб қилди). Аллоҳ кучли, қудратли бўлган Зотдир» (Аҳзоб сураси, 25-оят).

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ