Ҳайбар фатҳи

1 ўн йил аввал 2917 siyrat.uz

(ҳ. 7/м. 628)

Маълумки, мусулмонлар билан яҳудийлар ўртасидаги сиёсий муносабатлар Расули акрамнинг Мадинага ҳижратлари билан бошланди ва Ҳайбарнинг фатҳи билан ниҳоясига етди. Бу муносабатлар беш босқичдан ўтди: 1. Ансор ва яҳудийлар ўртасида фуқаролик битими. 2. Бани Қайнуқоъ ғазоти. 3. Бани Назир ғазоти. 4. Бани Қурайза ғазоти. 5. Ҳайбар фатҳи.

Ҳайбар Араб ярим оролида, Мадинанинг шимолий-шарқида жойлашган катта ва кучли шаҳар бўлиб, Мадинадан тўрт кунлик (200 чақиримча) бир масофада, Сурия томонида эди. Атрофида турли қабилалар, бир қанча хурмозорлар, унумли тупроқлар бор эди. Расули акрам даврларида яҳудийликнинг марказига айланган эди.

Мадинадан чиқарилган яҳудийлар Ҳайбарда тўпландилар. Ахтоб ўғли Ҳуйяга ўхшаган Бани Назир бошлиқлари шу ерда бирлашишди. Ҳайбар мусулмонларга қарши бутун арабларни оёқлантириш учун қурилган фасод ўчоғи эди. Ҳандақ ғазотида Қурайшнинг муттафиқ қувватларини ҳаракатга бошлаган ҳам мана шу бой яҳудийлар эди. Маккаликлар бадавийларни бирлаштириб, Мадинани қуршаб олишга ташвиқ этишди, Бани Қурайзанинг ҳам аҳдларини буздириб, муттафиқлар билан ҳамкорлик қилишларига сабаб бўлишди. Ҳандақ урушида муттафиқлар бирор иш қилолмай, шу туфайли Мадинада мусулмонларнинг мавқеи мустаҳкамланган эди. Бироқ яҳудийлар душманликда давом этишди. Улар мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ билан яширинча учрашишар, йиғилишлар ўтказишар эди.

Ҳудайбия сулҳи шартлари зоҳиран мусулмонларнинг манфаатига зид кўринганидан улар бу ҳолни Ислом жабҳасининг кучсизланишига далил деб билишди.

Исломнинг душманлари кўп ва ҳар турли, аммо энг ашаддийлари мушриклар билан яҳудийлар эди. Христианларнинг обрўйи Арабистонда булар даражасида эмас эди. Мушриклар билан яҳудийлар орасида чуқур дин фарқлилиги бўлгани ҳолда икки томонлама сиёсий манфаат бу икки дин душманларини мусулмонларга қарши бирлаштириб турарди.

Ҳудайбия сулҳидан кейин мусулмонлар энди мушриклардан амин бўлган эдилар. Ҳайбарнинг фатҳи билан эса Расули акрам даврига оид «яҳудий муаммоси» ҳам ҳал бўлди.

Ҳайбар фатҳидан олдинги ҳолатга қисқача назар солайлик. Бадавий араблардан Ғатфон қабиласи Ҳайбар яҳудийларининг ҳам қўшниси, ҳам иттифоқдоши эди. Расули акрам эса Ҳайбар аҳолиси билан тинчлик сулҳ шартномаси тузишни истардилар. Ҳатто бу иш учун асҳобдан Равоҳа ўғли Абдуллоҳни Ҳайбарга юбордилар ҳам.

Аммо яҳудийларнинг нияти бузуқ эди. Ҳазрат Пайғамбар билан сулҳ тузишга розилик билдирмадилар. Мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ уларни урушга ташвиқ қиларди. Ҳайбар яҳудийлари Ғатфон қабиласи билан биргаликда бир қанча тайёргарликлар бошлаб юборган, Мадина устига бир қўшин юборишни ўйлаб турар эди.

Ўша пайтда Расули акрам ҳам бу эҳтимолли ҳужумга монеъ бўлиш учун дарҳол ҳаракатга тушдилар. Аввало:

— Биз билан фақат жиҳодни истайдиганлар келсин! − дея асҳобларига эълон қилдилар.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Расули акрамнинг барча ғазотлари фақат мудофаа уруши эди. Воқеа-ҳодисалар ҳар томонлама диққат билан текширилиб, таҳлил қилинса, бу ҳақиқат ўз-ўзидан намоён бўлади.

Ҳудайбия сулҳидан кейин ҳижратнинг еттинчи йили муҳаррам ойида Расули акрам 200 отлиқ ва 1600 пиёдадан иборат бир қўшин билан Мадинадан юриш бошладилар. Бу юриш учун уч байроқ тайёрланди. Улардан бири Ҳубобга, бошқаси Саъдга, учинчиси − қора рангли Пайғамбар байроғи Алига берилди.

Ўша пайтгача мусулмон қитъаларида фақат кичик байроқлар бор эди.

Ислом қўшини дастлаб Ҳайбар билан Ғатфон орасидаги Ражҳи деган жойни эгаллади. Қўшиннинг маркази шу ер бўладиган бўлди. Бу тадбир билан икки душманнинг бирлашишининг олди олинди.

Расули акрамнинг бу ҳаракатларини мунофиқлар Ҳайбар аҳолисига етказишди. Яҳудийлар иттифоқдошларидан ёрдам сўрадилар.

Воқеан, Ғатфон қабиласи Ҳайбар яҳудийларига ёрдам бериш учун тезда йўлга чиқди, аммо Ислом лашкарларининг Ражҳи мавзеига келганини эшитибоқ, ўтакалари ёрилиб орқага қайтишга мажбур бўлди201. Шундай қилиб, яҳудийлар иттифоқдошларидан ёрдам ололмай қолди. Якка ўзлари урушни қабул қилишга мажбур бўлди.

Расули акрам эрта тонгда Ҳайбарга бориб, яҳудийларга яна сулҳ таклиф қилдилар. Таклиф рад этилгач, асҳобни жиҳодга чақирдилар.

Мусулмонликнинг ғояси ҳақиқатни ҳаммага етказиш эди. Бу вазифани адо этишда бирор монеъликка учралмаса, мусулмонлар уруш очишни, ўзгаларни ўз идораси остига олишни лозим ҳам кўрмайди. Бир сулҳ тузиб, ишни тинч ва яхши йўл билан ҳал этади. Бироқ ким бўлмасин, бирор гуруҳ мусулмонликка таҳдид солиб, уни йўқотишга қасд қилса, бундай пайтда мусулмонлар ҳам ўзларини ҳимоя қилиш учун қўлга қурол оладилар. У ёвуз ниятли гуруҳдан устун келишга интиладилар. Ҳайбар мана шундай шартлар асосида мусулмонлар томонидан фатҳ этилган илк шаҳар бўлди202.

Ҳайбар боғлари, кўм-кўм далалари, хурмозорлари, кўшкларию қалъалари билан шуҳрат қозонган катта, бой ва кучли бир ўлка эди. Ҳайбарнинг саккиз қалъаси бўлиб, бу қалъаларда йигирма минг аскар бор эди. Улардан энг мустаҳками Қамус қалъаси эди203. Қамус қалъасининг бошлиғи Марҳаб эди. У жуда жасур, араблар орасида бу бир ўзи минг жангчига тенг келади, деган гап юрадиган бир паҳлавон эди.

Ибн Ҳишом ривоятига кўра, Расули акрам бу шаҳарга кираётганларида: «Ё Раббий, биз Сендан бу ўлканинг, бу ўлка аҳолисининг яхшилигини сўраймиз. Ёмонлигидан Сенинг паноҳингга сиғинамиз!» деган дуони такрор-такрор айтган эканлар.

Расули акрам ҳеч бир жойга кечки пайт ҳужум қилмасдилар.

Расули акрамнинг ёнларида Абу Бакр, Умар, Али ва Зайд каби биродарлари бор эди. Кучли бўлишига қарамай, ҳамма қалъа бирин-кетин олинди. Чунки мусулмонлар ҳар бир қалъа олдида қаҳрамонларча жанг қилар эдилар. Илк қалъа ўн кунлик муҳосарадан сўнг қўлга ўтди. Фақат Қамус қалъаси йигирма кун дош берди. Асҳобнинг бир нечаси навбат билан лашкарга бошчилик қилишган, бир неча бор ҳужумга ўтишган, бироқ қалъани олиш мумкин бўлмаган эди. Ўшанда Расули акрам:

— Эртага байроғимни Аллоҳ зафар эҳсон этадиган кимсага бераман. Бу зот Аллоҳни ва Пайғамбарни севган ва улар томонидан севилган одамдир! » дея марҳамат қилдилар. Эртасига эрталабдан Расули акрам ҳазрат Алини чақирдилар ва байроқни у кишининг қўлларига бердилар.

Ҳазрат Али яҳудийларни аввал Исломга даъват этдилар. Қабул этмадилар. Сулҳ тузиш таклифини айтдилар. Сулҳ ҳам рад этилди. Шундан кейин уруш бошланди.

Яҳудийларнинг машҳур саркардаси Марҳаб қалъадан чиқди. Мусулмонларнинг кўпини шаҳид этди. Яккама-якка олишадиган мард талаб қилди. Унга қарши ҳазрат Али чиқдилар. Ҳазрат Али у билан қаҳрамонларча урушдилар. Бу даҳшатли паҳлавонни ер тишлатдилар. Қалъа олинди, тушкунликка тушган яҳудийлар таслимият байроғини кўтардилар.

Ҳазрат Али Ҳайбар фотиҳи бўлдилар204. Ҳайбар ерлари мусулмонларнинг қўлига ўтди. Яҳудийларнинг фасоди шу тариқа ниҳоясига етди.

Ҳайбар ғазотида яҳудийлардан тўқсон уч киши ўлди, мусулмонлар ўн беш шаҳид бердилар. Ҳайбар сафари асносида мусулмон хотинлар ҳам майдонга чиқишди.

— Қўшинга ёрдам кўрсатиш, беморларни дори ила таъминлаш, жангда аскарларга ўқ етказиб бериш учун келдик! − дейишди.

Расули акрам ҳам уларни қабул қилдилар. Сўнгра Ҳайбардан тушган ўлжа моллари тарқатилаётган пайтда уларга ҳам ҳисса ажратдилар205.

Ҳайбар фатҳ бўлгач, яҳудийлар ўз ерларида қуйидагича шарт билан қолишни истадилар: яъни ҳар йили йиғиштириб олинган ҳосилнинг ярмини Байтулмолга (хазинага) топширишга сўз бердилар. Яҳудийларнинг бу таклифи қабул қилинди. Чунки Ҳайбар ерлари ишлатадиган одамга муҳтож эди. Салтанатлари йиқилган яҳудийлар ҳазрат Умар замонларига қадар ерларида қолдирилди. Ҳатто топиб олинган Таврот нусхалари ҳам ўзларига қайтариб берилди.

Расули акрам ҳар йили ҳосил пайти Равоҳа ўғли Абдуллоҳни Ҳайбарга юборар эдилар. Абдуллоҳ ҳосилни икки бўларди: ярмини яҳудийларга қолдириб, қолган ярмини Мадинага жўнатарди206. Яҳудийлар унинг адолатли тақсимотидан бениҳоя мамнун бўлардилар. «Муҳаққақки, ер ва осмон бу бетараф ҳақиқат устида турибди», дейишарди улар207.

Ҳайбар фатҳи чоғида ўн олти кишилик Жаъфар бошчилигидаги охирги гуруҳ ҳам Ҳабашистондан қайтди. Расули акрам бундан зўр мамнун бўлдилар ва:

— Қайси бирига хурсанд бўлишимни билмаяпман: Ҳайбарнинг фатҳигами ёки Жаъфарнинг келишигами? − дея марҳамат қилдилар208. Ҳайбарда тушган ўлжа молларидан буларга ҳам ҳисса ажратилди.

Расули акрам зафардан сўнг Ҳайбарда бир неча кун қолдилар. Бу орада яҳудийлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга суиқасд уюштирмоқчи бўлишди.

Бир куни яҳудий бошлиқларидан Ҳориснинг қизи Зайнаб Пайғамбаримизни асҳоблари билан бирга овқатга таклиф қилди. У аёл Расули акрамни заҳарлашга ташвиқ қилинган эди. Меҳмонлар олдига қовурилган қўй гўшти қўйди. Ҳолбуки, пиширилган бу гўштга заҳар қўшилган эди. Ҳазрат Пайғамбар илк луқмадаёқ буни англадилар. Лекин саҳобалардан Бишр бир неча луқмани еб улгурган ва заҳарланган эди.

Яҳудийлар доим мусулмонлардан юксак марҳамат, инсонийлик муомаласи кўрганларига қарамай, хоинликдан воз кечишмаган, юракларидаги душманлик сўнмаган эди. Ҳазрат Умар халифалиги замонигача яҳудийлар ҳеч ҳайиқмай зимдан бир неча ҳийла ишлатишди...

Зайнаб жиноятини инкор этмади ва сабабини тушунтириб:

— Отам, амаким, эрим, укам кетма-кет урушда ўлдилар. Уларнинг интиқомини олиш учун қилдим! - деди ва айбини эътироф этди209. Яҳудийлар эса:

—Биз сизни тажриба учун заҳарладик. Сиз ҳақ Пайғамбар бўлсангиз, бу овқат сизга таъсир қилмайди. Аммо заҳарлансангиз, ҳамма сиздан қутулган бўлади! − дейишди210.

Зайнабнинг отаси Ҳорис, эри Салом эди.

Расули акрам ўз шахсларига қарши қилинган бирор ҳаракатнинг интиқомини олмас эдилар. Зайнабни ҳам авф этдилар. Лекин кейин  заҳарланган Бишр ўлгач, унинг меросхўрлари Зайнабга қарши даъво очдилар. Қасос олишни истадилар. Натижада Зайнаб ҳам заҳар ичириб ўлдирилди211. Бироқ яҳудийлар қалбларидаги Исломга душманлик туйғусини асраб қолганларига қарамасдан, ҳаммалари авф этилди.

Ҳайбар асирлари орасида Ахтоб ўғли Ҳунайннинг қизи Сафия ҳам бор эди. Сафиянинг отаси Бани Назирнинг бошлиғи, волидаси эса Бани Қурайза раисининг қизи эди. Сафия олдин Салом билан турмуш қурган ва ажралган, сўнгра Кинонага турмушга чиққан; Кинона Ҳайбар жангида ўлдирилгани учун тул қолган эди. У яҳудийлар ичида энг юксак мавқе соҳибаси бўлган бир аёл эди. Расули акрам яҳудийлар билан мусулмонлар ўртасидаги душманликни йўқотиш учун Сафияни озод қилдилар. Кейин унга уйландилар. Бир томондан, Сафияни хурсанд қилган бўлсалар, иккинчи томондан, бир қанча диний ва сиёсий фойдалар келтирилди. Сафиянинг асл исми бошқа эди. Араб анъанасига кўра, асирлар орасида Расули акрамнинг ҳиссаларига тушганидан кейин шу исмни олган эди212.

Ҳайбар муҳосараси давом этар экан, Расули акрам Фазақ аҳолисини Исломга даъват қилиш учун у ерга мумассил юбордилар. Фазақ Мадинадан икки кунлик масофада жойлашган бир яҳудий қишлоғи эди. Фазақликлар раисларини юбориб, ерларини Расули акрамга топширганликларини, бироқ ўз жойларига «яримчи» ўлароқ қолдиришликларини сўрадилар. Буларнинг ҳам истаклари бажарилди.

Ҳайбар қон тўкилиб ишғол этилгани учун тупроғининг фақат бешдан бири Расули акрамга оид бўлди, бироқ Фазақ сулҳ йўли билан олингани учун бутун тупроқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қолдирилди. Вақтида Бани Назир тупроқлари ҳам худди шундай қилинган эди213. Шундай қилиб, Фазақ ва Бани Назир ер майдонлари ва Ҳайбарнинг бешдан бир қисми Расули акрамга тегишли бўлган ерлар сирасига кирди214.

Ҳайбардан Мадинага қайтиларкан, йўлда Возилқуро ноҳияси фатҳ этилди. Расули акрам бу ерда жанг қилишни истамаган эдилар. Бироқ яҳудийлар мусулмонларни ўққа тутди. Шу сабабдан уруш қилинди. Жангда енгилган яҳудийлар қуролларини ташладилар. Возилқуро яҳудийлари ҳам ҳайбарликлар каби жойларида «яримчи» ўлароқ қолдирилди. Сафар ойида Мадинага қайтилди.

Изоҳлар

201. Субҳий Пошо. «Ҳақойиқул калом», 91-бет.

202. «Асри Саодат», 1-жилд, 447-бет.

203.«Асри Саодат», 1-жилд, 448-449-бетлар.

204. Имом Бухорий.

205. Абу Довуднинг «Муснад»и.

206. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 305-бет.

207. Балозурий.«Футуҳубулзон».

208. Ҳожи Меҳмед Зиҳний Афанди. «Ал-ҳақойиқ», 1-жилд, 98-бет.

209. «Тажрид» таржимаси, 8-жилд, 534-бет.

210.«Асри Саодат», 1-жилд, 454-бет.

211.«Аллоҳнинг қули ва Расули Муҳаммад», 232-бет; «Зубдатул-қисас», 1-жилд, 98-бет.

212. «Асри Саодат», 2-жилд, 1133-бет.

213.«Аллоҳ Ўз Пайғамбарига улардан ўлжа қилиб берган нарсаларнинг устига сизлар оту туяларни ўйнатиб-чоптириб борганларингиз йўқ (яъни у ўлжаларни сизлар қийналиб, машаққат чекиб, жангу жадал билан қўлга киритганларингиз йўқ), лекин Аллоҳ Ўз пайғамбарларини Ўзи хоҳлаган кимсалардан (мана шундай) устун қилиб қўюр. Аллоҳ барча нарсага қодирдир» (Ҳашр сураси, 6-оят).

214. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 306-бет.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ