Табук сафари

6 йил аввал 1120 siyrat.uz

(ҳ. 9/м. 630)

Табук Ҳижоз воҳасининг шимолида, Мадинадан Шомга кетган йўлнинг ўртасида жойлашган бир шаҳарнинг номидир. Мадинадан ўнг тўрт чақирим масофада. Кейинчалик Расули акрамнинг Византияга қарши очган сафарлари шу ном билан аталди. Табук сафари византияликлар билан мусулмонлар ўртасидаги сиёсий муносабатларнинг учинчи палласи эди. Пайғамбаримизнинг шахсан ўзлари иштирок этган ғазотларнинг охиргиси Табук сафари бўлди. (Илк ғазот Абво ғазоти эди.)

Воқеан, Расули акрам ўн биринчи ҳижрат йилининг сафар ойида сўнгги бор бир қўшин ҳозирладилар (м. 632). Бу қўшинга Муъта фожеасида шаҳид бўлган Зайднинг ўғли Усома саркарда этиб тайинланди, муҳожирлар ва ансорларнинг пешволаридан бир неча зотни Усоманинг ёнига бердилар. Лекин олдинроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хасталанганликлари ва кўп ўтмай вафот этганлари туфайли Сурияга қарши ҳозирланган бу қўшин ҳаракатга ўтолмади. Расули акрамнинг энг сўнгги тайёрлаганлари ва халифа Абу Бакр илк юборган қўшин мана шу Усома бошчилигидаги қўшин эди...

Табук сафари Тоиф муҳосарасидан кейин, Ваъдо ҳажидан олдин амалга оширилди. Табук сафарида уруш бўлмади. Қон тўкилмади. Бироқ Исломнинг энг қувватли бир қўшини катта мушкулот ва қийинчиликларга кўкрак кериб чиққани учун ҳарбий ҳамда сиёсий томондан кўп муваффақиятлар қўлга киритилган эди226.

Византия императорлиги (Шарқий Рум) Муъта жангидан бери Араб ярим оролининг истилоси ҳақида ўйлар эди. Лекин бу ишни Суриядаги ғассоний арабларга қолдирган эди. Чунки ғассонийлар христиан динида бўлиб, агар Арабистонда Ислом ёйилиб кетса, бу нарса Сурияда яшайдиган христианларнинг таассубларига зарар етказиши тайин эди. Айни пайтда христиан араблар императорга мурожаат қилиб, ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ўлди, дейишга, Арабистонда қаҳатчилик бошланди, мамлакат хароб бўлди, дейишгача бордилар. Натижада император Ҳирақл буларга қирқ минг кишилик бир қўшин ҳам берди227.

Ўша орада Мадинага Шомдан бир тижорат карвони келган эди. Ёғ (зайтун ёғи) олди-соттиси билан шуғулланувчи бу тижоратчилар Шомда Византия императорлиги томонидан мусулмонларга қарши катта бир қўшин ҳозирланаётганини, ғассонийлар ва бошқа араб қабилалари византияликлар билан биргаликда ҳаракат бошлаш ниятида эканларини Расули акрамга билдиришди. Аслида ҳазрат Пайғамбаримиз ҳам Арабистоннинг шимолий чегарасидан эмин эмасдилар. Сурия тарафидан туйқус бир босқинчиликка учрамаслик учун ҳудуднинг бу жабҳаларини муҳофаза остига олиш керак эди.

Душман тайёргарлиги ҳақидаги хабар олинганидан сўнг умумий сафарбарлик эълон қилинди. Вазият ўта нозик ва муҳим эди. Муъта воқеасида мусулмонларни жуда мушкул аҳволга солиб қўйган Византия устига юриш, унинг Арабистонга қарши тайёрлаган истилосининг олдини олиш ҳазилакам гап эмас, ахир. Бу сабабдан Расули акрам шу пайтгача тайёрланган қўшинлардан бир неча бор устун бир аскарий бирлик ҳозирлашга қарор бердилар.

Ёз мавсумининг иссиқ кунлари, қурғоқчилик туфайли мамлакатга қаҳатчилик келган. Мевалар, хурмолар пишган, ҳосилни тўплаш вақти келган. Душман кучли, бориладиган жой эса олис. Аскарлар шу омилларни ҳисобга олиб, ҳозирлик кўрмаса, бўлмайди. Шунинг учун Сурияга қилинажак сафар олдиндан эълон қилинди. Ҳолбуки, бошқа юришлар олдидан ҳарбий тайёргарлик доим махфий тутилар, душманнинг бу тайёргарликдан хабар топмаслигига ниҳоятда диққат этилар эди.

Маккага ва ҳамма қабилаларга хабарлар етказилди. Мужоҳид аскарлар жалб қилинди. Кўнгиллиларни йиғиш бошланди. Бироқ илк дамдаёқ мунофиқлар чет-четга қоча бошладилар. Сафарга қўшилишни истамадилар. Ўзларини мусулмон деб танитган мунофиқлар Убай ўғли Абдуллоҳ бошчилигида қўшинга қўшилиб Саниятул-Вадоъ тепалигигача келдилар, бу ерда қўшиндан орқада қолиб, яна Мадинага қайтдилар.

Расули акрам қароргоҳларини Мадина ташқарисига, Саниятул-Вадоъга қурдилар. Кўнгиллилар қўшинга шу ерда қабул қилина бошланди. Расули акрам ишларни назорат этиш, мужоҳидларнинг жамоат намозларига имомлик қилиш вазифасини ҳазрат Абу Бакрга топширдилар228.

Мунофиқларнинг бир қисми ҳавонинг иссиқлигини, йўлнинг узоқлигини ва бора-боргунча чўл эканини баҳона қилиб, тескари ташвиқот юритишар, ғазотга қўшилмоқчи бўлаётган мусулмонларни йўлдан уришга ҳаракат қилишар эди. Қуръони карим улар ҳақларида шундай хабар беради: «(Жиҳодга чиқишдан) қолган мунофиқлар Аллоҳнинг Пайғамбарига хилоф қилиб қолганларидан хурсанд бўлдилар ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилишни истамадилар ҳамда (бир-бирларига): «Бу иссиқда урушга чиқманглар», дедилар. Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар улар англай олсалар, жаҳаннам оташи янада иссиқроқдир»229.

Мунофиқларнинг яна бир қисми эса Сувайлим исмли бир яҳудийнинг уйида тўпланиб, халқнинг сафарга қўшилишига монелик қилувчи тадбирлар изладилар230.

Расули акрам бундан хабар олгач, дарҳол Талхани шериклари билан у ерга жўнатдилар. Улар Сувайлимнинг уйига бостириб кириб, мунофиқлар тўдасини тарқатиб юбордилар. Мунофиқлар бу шиддатли ҳужумдан сўнг қайта бундай ташаббусга журъат этолмадилар.

Бир неча бадавийлар эса ҳақиқий бир узр-маъзурлари бўлмагани ҳолда жиҳоддан қолишга Расули акрамдан изн олмоқчи бўлдилар. Қуръони карим буларни қуйидагича таниттирди: «Аъробийлардан (яъни сахролик араблардан) ҳам ўзлари учун изн берилишини сўраб, узр айтгувчилар келди ва (иймон келдирдик, деб) Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарини алдаган кимсалар урушдан қолдилар. Албатта, уларнинг орасида кофир кимсаларга аламли азоб етажак!»231

Мунофиқларнинг раиси Убай ўғли Абдуллоҳ ҳам232: «Муҳаммад Рум давлатини (Византияни) бир қўғирчоқ деб биляпти. Унинг асҳоби билан бирга асир бўлишларини кўзим билан кўргандай (аниқ) билиб турибман!» дея халқ орасига қўрқув солмоқчи бўларди233.

Шуниси аниқки, халқда умумий бир турғунлик, Табук сафарига нисбатан умумий нохуш кайфият бор эди. Бошқа ғазотларга чиқишдан олдинги бўлган ҳис-ҳаяжон, жўшқинлик бу юриш олдидан кўринмас эди. Қуръони Азимушшон бу ҳолатни ҳам билдирди: «Эй мўминлар, сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида (жиҳодга) чиқинглар, дейилса, ўз ерингизга (яъни юртингизга) ёпишиб олдингиз?! Охират (неъматлари)дан юз ўгириб, ҳаёти дунё (лаззатлари)га рози бўлурмисиз?! Охират олдида бу дунё матоси жуда оз нарса-ку!»234

«Агар жиҳодга чиқмасангизлар, (Аллоҳ) сизларни аламли азоб билан азоблар ва ўрнингизга бошқа бир қавмни келтирур. Сизлар эса У Зотга бирон зиён етказа олмайсиз. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир»235.

Табук сафари тайёргарлиги қаршисида бир неча тўсиқ пайдо бўлди. Асосийлари қуйидагилар эди:

1. Қаттиқ бир қурғоқчиликнинг ҳукм суриши;

2. Сурия ҳудудигача бўлган йўлнинг олислиги ва чўл экани; яёв ҳолда ҳарбий юришни амалга оширишнинг мумкин эмаслиги;

3. Меваларни тўплаб олиш замони экани;

4. Мавсумнинг энг иссиқ пайти бўлгани;

5. Византия қўшинининг зоҳиран ўта кучли кўриниши.

Нозил бўлган Қуръон оятлари фақат бир танбеҳ моҳиятида эди. Бошида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам, қолаверса, барча саҳобаларнинг юксак азму шижоатлари халқни тўлқинлантириб юборди. Қаҳатчиликнинг олдини олиш учун бойларнинг ионасига мурожаат қилинди. Қўшинга жуда кўп миқдорда озиқ-овқат ҳозирланди. Мўминларнинг қувватли иймони ҳамма тўсиқларни енгди. Асҳоб мусобақага киргандай эди гўё. Ҳазрат Абу Бакр бор молини қўшинга атадилар. Ҳазрат Умар ярмини бердилар. Бошқа асҳоб ҳам даражама-даража эҳсон қилди. Ҳатто аёллар ҳам бу мусобақага қўшилган, сирғаларини, билакузукларини ва ҳоказо мужавҳарларини қўшинга ҳадя этишди. Асҳоб ичида энг катта ёрдам қилган эса Усмон розияллоҳу анҳу бўлдилар. Ҳазрат Усмон уч юз туя ва минг олтин берганлари учун Расули акрамнинг хайрли дуоларини олишга муваффақ бўлдилар236.

Қисқа вақт ичида буюк ва савлатли бир аскарий куч тўпланди. Атрофдаги қабилалардан гуруҳ-гуруҳ мужоҳидлар Мадинага кела бошлади. Қўшиннинг сони ўттиз мингга юксалди237.

Бунинг ўн минги суворий эди. Ўн икки минг туялари бор эди. Расули акрам энг катта байроқни Абу Бакрга бердилар. Авс қабиласининг байроғи Усаййидда, Ҳазражнинг байроғи Абу Дужонада эди. Валид ўғли Холидни лашкарбоши этиб тайинладилар. Талхани ўнг қанотга, Авф ўғли Абдураҳмонни сўл қанотга бошлиқ қилдилар.

Расули акрам ҳар дафъа сафарга чиқишларидан олдин бир кишини ўринларига вакил қилиб қолдирар эдилар. Табук сафарида эса бу вазифани ҳазрат Алига топширдилар. Бироқ Мадина мунофиқлари бу масалани «қўлга олдилар», мишмишлар тарқата бошладилар. Бундан ҳазрат Али қаттиқ хафа бўлдилар. Дарҳол қуролланиб, йўлга чиқдилар. Саниятул-Вадоъдаги қўшин қароргоҳига келиб, Расули акрамга учрашдилар. Табук сафарига қўшилмоқчи эканларини, Мадинада болалар, хотинларга вакил қолишни истамаётганларини билдирдилар. Шунда Пайғамбаримиз марҳамат қилдилар:

— Ё Али! Менга нисбатан сен Мусога нисбатан Ҳорун тутган мавқеда бўлишга рози эмасмисан? (Яъни Мусо Пайғамбар Турга кетишларидан олдин Ҳорун алайҳиссаломни ўринларига қўйиб кетар эдилар. Шунга ишора.) Мендан кейин энди Пайғамбар келмайди238.

Расули акрамнинг бу юксак илтифотлари қаршисида ҳазрат Али бош эгдилар ва орқага қайтдилар. Мадинада вакил бўлиб қолишга рози бўлдилар.

Расули акрам қўшин ила Саниятул-Вадоъдан юришни бошлагач, мунофиқлар Ислом қўшини билан бирга кетишни истамадилар. Бошлиқлари кетидан Мадина шаҳрига қайтдилар.

Табук сафари давомида Ислом қўшини иссиқдан, сувсизликдан, чўл сафаридан ниҳоятда машаққат чекди. Шу сабабли Табук сафарига, Қуръон таъбирича, «Ғазватул усро» − қийинчилик ғазоти деб ном берилди. Сафарда иштирок этган ғозийлар «Жайшул усро» − қийинчилик аскари, юриш амалга оширилган вақт эса «Соатул усро» − қийинчилик соати дейилди.

Табук сафари давомида айрим кунлар пешин намози билан аср қўшиб ўқилди. Баъзан аср намози пешин билан бирга (жамъи тақдим) ўқилди, баъзан эса пешин намози аср билан бирга (жамъи таъхир) адо этилди239.

Узоқ ва ҳоритувчи бу юришдан сўнг Ислом қўшини Мадина билан Шомнинг нақд ўртасидаги Табук дейилувчи жойга етиб келди. Бу ерда на Византия ва на араб қабилаларидан бир зоғ кўринди. Муътада уч минг мусулмон кўрсатган қаҳрамонликлар ҳамда Табук сафарига отланган Ислом кучининг буюклиги араб қабилаларини маънавий жиҳатдан синдирган, Византияни эса тажовуз фикридан воз кечтирган эди.

Мусулмонлар Табукда Византия тахликасининг бир хаёлдан иборат эканини кўрдилар. Император у пайтда Хумус шаҳрида мамлакатнинг ички ишлари билан машғул эди.

Ёйилган ёлғон хабар эса ғассоний арабларнинг бир фитнасидан бошқа нарса эмаслиги ойдинлашди. Душманнинг ҳаракатга мажоли қолмагани кўринди.

Мавлоно Муҳаммад Али шундай дейди: «Баъзилар иддао этгани каби Расули акрамнинг мақсадлари қурол кучи билан Ислом динини ёйиш бўлса эди, бундан бошқа яна муносиб фурсат топилармиди? Ўттиз минг қуролли, жасур ва фидойи мужоҳид Ислом Пайғамбарининг биргина ишорасига мунтазир эди. Бу қўшин қаршисида мақсадни амалга оширувчи кенг бир муваффақият майдони чўзилиб ётарди. Бироқ бу муаззам аскарий бирликнинг бундай мақсадни кўзлаганини исботловчи бирор воқеа-ҳодисани ҳеч кимса кўрсата олмас, Расули акрамнинг «ҳудудни кенгайтириш» каби бир мақсадлари бўлсайди, яна бундан ҳам қулай бир фурсат топилмасди. Арабистоннинг жазирама ёзида бундай олис ва машаққатли сафар қилинган, душман эса ҳозирликсиз... Шундай ҳолда душманнинг эшигини қоқиш жуда осон ва оддийгина иш эди. Яна бир одим отилса, бас, Суриянинг унумдор тупроқлари мусулмонларнинг қўлига ўтарди. Бироқ Расули акрамнинг қалблари тупроқ ҳирсидан узоқ, ҳам ўзлари инсонларга мусулмонликни мажбуран қабул эттириш фикридан муназзаҳ эдилар»240.

Расули акрам қўшинлари билан бирга Табукда йигирма кун қолдилар. Яна олға кетишни истамадилар. Чунки қон тўкиб тупроқ олиш, зўрлик билан мусулмонликни қабул эттириш фикрида эмасдилар.

Саҳобалар билан маслаҳат қилдилар. Шу ҳолдаёқ Византия императорлигининг таъзири берилган, Исломнинг шарофати ва шавкати атрофга ёйилган, мақсад ҳосил бўлган эди. Бундан ташқари бу пайтда Шомда юқумли касаллик (вабо) тарқалган эди. Расули акрам:

— Бирор ерда вабо (юқумли касаллик) тарқалганини эшитсангиз, ўша ерга кирманг! (Касаллик) сиз турган жойда зуҳур этса, у жойдан чиқманг! − дея буюрдилар241.

Бироқ Табук яқинидаги бир неча кичик христиан ҳукуматлари билан шартномалар тузилди. Ҳудудда тинчлик ва хавфсизлик таъминланди. Ниҳоят, қайтишга қарор берилди.

Расули акрам Табукда турган чоғларида Қизил денгизнинг шимолидаги Ақоба кўрфазининг охирида, денгиз қирғоғида жойлашган Айла ҳукмдори Юҳанна келди. Йиллик жизя бериш шарти билан сулҳ тузишни таклиф қилди. Расули акрам бу истакни қабул қилдилар. Юҳаннага ёзма бир васиқа бердилар. Бу васиқада шундай дейилган эди: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бу васиқа Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари томонидан Юҳаннага ва Айла аҳолисига берилган омонномадир. Хоҳ мамлакатларида ўтирганлари бўлсин, хоҳ қуруқликда ва денгизда саёҳат этаётганлари бўлсин, ҳаммалари Аллоҳ ва Пайғамбари ҳимояси остидадирлар. Улар билан бир бўлган шомликлар, яманликлар ва соҳил аҳолиси ҳам шундайдир. Булар ҳам Аллоҳ ва Расулининг зиммасидадир. Бу омонномага зид ҳаракат қилганлар жазоланажакдир»242.

Юҳанна Расули акрамнинг ҳузурларига пешонасида олтин бир хоч бўлган ҳолда кирган, динига риоя этиш эркинлигига эришган эди. Ўша учрашувда Айла ҳукмдори Расули акрамга бир оқ хачир ва бир ридо совға қилди.

Жарба, Арзух христианлари ҳам Расули акрам билан кўришди. Жизя тўлаб туришга рози бўлишди. Расули акрам Холид ибн Валидни тўрт юз отлиқ билан Думатулжандалга юбордилар. Думатулжандал Шомга беш қўноқ жой эди. Дини христианлик бўлиб, ҳукмдори Уқайдар Византияга боғлиқ эди. Ҳазрат Холид ўша ерга бордилар. Уқайдарни ушлаб, Расули акрамнинг ҳузурларига олиб келдилар. Уқайдар ҳам жизяни қабул этгач, Расули акрам уни қўйиб юбордилар.

Мунофиқлар мусулмонларнинг орасига фитна солиш учун ҳар хил чоралар қидиришарди. Қубодаги масжиддан бошқа бир масжид қуришга, Қубо масжидининг жамоатини бўлиб юборишга ҳаракат улар излаган чоралардан эди.

Аввалига маккаликларга қўшилган, Ҳунайн жангидан кейин Сурияга қочган мадиналик поп Абу Омир Фосиқ мунофиқлар билан хат ёзишиб, уларни мусулмонларга қарши қайрар, «Сизлар ўзларингизга алоҳида масжид қуриб олинглар. Ичини қурол-яроғ билан тўлдиринглар! Мен сизларга Византиянинг ёрдамини таъминлайман, муҳаммадийларни Мадинадан чиқартираман!» дер эди.

Мунофиқлар, бир томондан, Қубо масжидига яқин бир жойга бошқа бир масжид қуришар, иккинчи томондан, Абу Омирнинг бу ваъдасини сабрсизлик билан кутишар эди. Расули акрам Табук сафарига чиқаётганларида мунофиқлар у кишини бу масжидга даъват қилиб, намоз ўқишларини илтимос қилишди. Ҳатто Расули акрамдан қайтишда бир кириб ўтажаклари хусусида ваъда ҳам олишган эди.

Ҳазрат Пайғамбар Табукдан қайтарканлар, у Зотни йўлда мунофиқлардан бир ҳайъат кутиб олди. Берган ваъдаларини хотирлатди. Расули акрам ҳам зиёрат учун ҳозирлик кўрдилар. Бироқ илоҳий ваҳий тушиб, бу масжидга киришдан қайтарилдилар. Қуръони каримда шундай амр этилдики: «Яна шундай кимсалар борки, улар (мўминларга) зиён етказиш, куфрни кучайтириб ва мўминлар ўртасига тафриқа солиш ҳамда илгари Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига қарши урушган (бир) кимсага кўз тутиш учун (фитна юзасидан) масжид қуриб олдилар. Яна: «Биз фақат яхшиликнигина истаган эдик», деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар, шак-шубҳасиз, ёлғончидирлар. (Эй Муҳаммад), ҳеч қачон у масжидда намозга турманг! Биринчи кундан тақво асосига қурилган масжид борки, сиз ўшанда туришингиз лойиқдир. Унда покликни севадиган кишилар бордир. Аллоҳ эса ўзларини мудом пок тутувчи зотларни севар»243.

Мунофиқларнинг «Масжиди зирор» деб аталувчи бу масжиди жомеъ эмас, бир фитна ўчоғи эди. Сафардан қайтилгач, Расули акрамнинг буйруқлари билан ёқиб юборилди. Икки ойдан сўнг эса мунофиқларнинг бошлиғи Убай ўғли Абдуллоҳнинг ўлими билан уларнинг душманлиги барҳам топди. Шу зайл мусулмонлик ҳам ташқи, ҳам ички душманларидан қутулган бўлди.

Расули акрам Табук сафаридан Мадинага рамазон ойида қайтдилар. Қайтишлари жуда ажойиб бўлди. Шаҳар кўриниши билан Расули акрам:

— Ана Мадина, бу эса Уҳуддир. Уҳуд бизни, биз ҳам уни севганимиз бир тоғдир!− дея марҳамат қилдилар.

Мадинага Расули акрамнинг қайтаётганликлари хабари келгач, бутун халқ − хотинлар ва болаларгача дарҳол кўчага отилдилар. Мадина ташқарисига чиқдилар. Саниятул-Вадоъ тепалигига қадар қасидалар ўқиб бордилар. Сарвари оламни ўша ерда кутиб олдилар. Расули акрамнинг Мадинага киришлари ҳам катта хурсандчиликка, тантанага айланиб кетди.

Расули акрам Мадинага киргач, тўппа-тўғри масжидга бордилар. Ичкарига кирдилар. Икки ракат намоз ўқидилар. Ҳар сафардан қайтганда масжидга кириш , намоз ўқиш у Зоти шарифнинг одатлари эди.

Зиёратларига келган халқни масжидда қабул қилдилар. Сафарга қўшилмаган қочоқларнинг узрларини тингладилар. Сонлари саксонтача бўлган «Табук қочоқлари» бирма-бир келишди. Маъзаратларини билдиришди. Қасам ичишди. Инсонларнинг энг шафқатлиси бўлмиш Расули акрам уларнинг узрларини қабул қилдилар. Ҳақларига Аллоҳдан мағфират сўраб дуо этдилар. Фақат уч киши истисно этилди. Ансорлардан шоир Каъб ва унинг Муроба ҳамда Ҳилол исмли икки шеригининг хатти-ҳаракатлари мақбул кўрилмади. Бу учалалари ҳам Табук сафарига қўшилмай, Мадинада қолишган эди. Аслида буларнинг ҳаракатларида «мунофиқлик» каби ёмон бир мақсад йўқ эди. Бироқ машруъ бир маъзарат ҳам топишолмади. Улар Расули акрамнинг ҳузурларига киргач, салом беришди, кечирим сўрашди. Бироқ ҳазрат Пайғамбар уларни афв этмадилар. Ҳатто саломларига алик ҳам олмадилар. Эллик кун улар билан ҳеч ким сўрашмади. Бу қочоқлар вақтларини тушкунликда, уйларида ўтказишди. Ниҳоят, уларнинг ҳам тавбалари қабул этилди. Қуръони карим марҳамат қилди: «Ҳақиқатан Аллоҳ Пайғамбарнинг (мунофиқларга изн бергани учун) муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳнинг диллари (ғазотга машаққат ва ташналик сабабли) тойилаёзганидан кейин оғир соатда унга (яъни Пайғамбарга) эргашган эдилар. Сўнг уларнинг тавбаларини (Аллоҳ) қабул қилди. Албатта, У Зот мўминларга марҳаматли, меҳрибондир. Яна ўша уч кишининг (тавбаларини ҳам қабул қилдики), то уларга кенг ер торлик қилиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Аллоҳнинг (ғазабидан) фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин эканини билгунларича (тавбалари) қолдирилган эди (яъни тавба қилишга муваффақ бўлмаган эдилар). Сўнгра (Аллоҳ) тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир»244.

Муъта ҳарби ва Табук сафари чет давлатларга қарши киришилган илк ҳаракатлар эди. Ислом элчисининг ўлдирилиши сабаб бўлиб бошланган Муъта жанги натижасиз қолган бўлса, Табук ғазоти Ҳирақлнинг кучли бирликларини тарқатиб юбориш учун олиб борилганидан бир мудофаа ҳарби эди245.

Изоҳлар

226. «Тажрид»таржимаси, 10-жилд, 187-бет.

227. «Мавоҳиби Ладуния» таржимаси, 1-жилд, 187-бет.

228. «Аллоҳнинг қули ва Расули Муҳаммад», 229-бет.

229. Тавба сураси, 81-оят.

230. Маҳмуд Асъад Жўшон. «Тарихи дини Ислом», 4-жилд, 486-бет; «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 411-бет.

231. Тавба сураси, 90-оят.

232. Убай ўғли Абдуллоҳ Табук сафаридан сўнг кўп  яшамади. Икки ойдан сўнг ўлди. Мунофиқларнинг асосийси эди. («Мадина даври солномасининг изоҳи» бўлимига қаранг.) Унинг ўлими билан мунофиқлар ҳам тугади. Қолганлари тавба қилдилар. Ҳақиқий мусулмон бўлдилар.

233. Жавдат Пошо. «Қиссаси анбиё», 3-жилд, 323-бет.

234. Тавба сураси, 38-оят:

235. Тавба сураси, 39-оят:

236. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 450-бет.

237. Ибн Асирга кўра, бу миқдор қирқ минг, «Мустадрак» асарининг муаллифи Ҳокимнинг ривоятига кўра эса, етмиш минг эди.

238. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 456-бет.

239. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 459-бет; Маҳмуд Асъад Жўшон. «Тарихи дини Ислом», 4-жилд, 490-бет.

240. «Пайғамбаримиз», 211-бет.

241. «Қисаси анбиё», 326-бет; «Тарихи дини Ислом», 4-жилд, 493-бет.

242. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 460-бет; «Аллоҳнинг қули ва Расули Муҳаммад», 301-бет.

243. Тавба сураси, 107-108-оятлар.

244. Тавба сураси, 117-118-оятлар.

245. Амир Али. «Руҳи Ислом», 187-бет.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ