Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари

3 йил аввал 3839 siyrat.uz

Жамики пайғамбарлар ичида қайси пайт, қай тарзда ибодат қилганлиги аниқ билинган ягона Пайғамбар ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Расули акрам пайғамбарликдан олдин Ҳиро ғорига чекиниб, у ерда Яратганга қуллик қилиш мақсадида узоқ вақт қолиб кетар, чуқур тафаккурга чўмар эдилар.

Ваҳий келгандан сўнг қандай суратда ибодат қилиниши у кишига ўргатилди. Дастлабки пайтлар ибодатларини Макка мушрикларидан яшириш учун тоғларга, водийларга чиқиб кетганлар. Мусулмонликни ошкор этганларидан сўнг қушлик (куннинг тонг билан пешин орасидаги қисми) намозларини Ҳарами шарифда ўқирдилар, мушриклар эса у Зоти муборакни мазах қилишар, тажовуз ва исканжага олишар эди. Ҳатто Абу Жаҳл: «Бирингиз бориб, шу одамнинг устига отиш учун бир оз гўнг келтирсин!» деган. Бу қабиҳ ишни Уқба бажарган эди22.

Ҳазрат Умму Салама онамиз Расули акрамнинг кечанинг бир қисмини уйқу билан ўтказишларини, сўнгра ибодатга туришларини, шу тарзда кечанинг бир қисмини истироҳат билан, бир қисмини ибодат билан ўтказганликларини билдирганлар. Ибн Аббос эса Расули акрамнинг кеча ярмида туриб, ўн уч ракат намоз ўқиганликларини айтади.

Расули акрам беш вақт фарз намозларидан ташқари, ҳар куни суннат ва нофила ўлароқ, ўттиз тўққиз ракат намоз ўқиганлар (бомдодда - 2, қушлик вақтида - 4, пешинда - 6, асрда - 6, шомда - 2, хуфтонда - 6, таҳажжуд ва витр - 13, жами 39 ракат).

Бомдод намозининг суннатларига кўпроқ аҳамият берардилар, ўқиёлмай қолсалар, қазо қилардилар. Рамазоннинг охирги ўн кунлигида Расули акрам тамомила ибодат билан машғул бўлардилар. Ҳар куни Қуръондан бир пора ўқир, бироқ рамазонда бутун Қуръонни хатм этар эдилар. Расули акрам бутун оила афродлари ухлагандан кейин ўринларидан туриб, Аллоҳга ёлвориб шундай дуо қилардилар:23 «Ё Раббий! Сенга ҳамду сано айтамиз. Кўкларнинг ва ернинг нури Сенсан. Сенга ҳамду сано айтамиз. Осмонлар ва ерни тутиб турган Сенсан. Сенга ҳамду сано айтамиз. Ернинг ва кўкларнинг Рабби Сенсан. Сен ҳақсан. Ваъданг ҳақдир. Сўзинг ҳақдир. Мулоқотинг ҳақдир. Жаннат ҳақдир. Жаҳаннам ҳақдир. Қиёмат ҳақдир. Ё Раббий! Сенга таслим бўлдим. Сенга иймон келтирдим. Сенга таваккул қилдим. Сенга топиняпман. Сенга ишониб мужодала этяпман. Сенинг ҳукмингга бўйин эгдим. Ўтмишдаги яширин ва ошкор қусурларимни кечиргин. Раббим Сенсан. Сендан ўзга бир маъбуд йўқдир».

Кечқурун қабристонга борар ва у ерда дуо қилар эдилар. Бир марта завжалари ҳазрат Оиша Расули акрамнинг «Жаннатул-Бақиъ» қабристонида дуо қилиб турганларини кўрган эдилар.

Расули акрам намоздан сўнг ётоқларига кириб ухлардилар. Эрталаб вақтли уйқудан уйғониб, бомдод намозининг суннатини ўқигандан кейин масжидга чиқардилар ва ушбу дуони ўқиб: «Ё Раббий! Қалбимда бир нур, тилимда бир нур, қулоғимда бир нур, кўзимда бир нур, орқамда бир нур, олдимда бир нур, устимда бир нур, остимда бир нур ярат. Менга бир нур эҳсон айла!» дея Аллоҳга ёлворардилар24.

Расули акрам қалбларининг ҳузурини бузадиган ҳар нарсадан тийилардилар.

Мадина яҳудийлари муҳаррам ойининг ўнинчи (ашуро) куни рўза тутишган. Расули акрам ҳам ўша куни рўза тутганлар, мусулмонларга ҳам тутдирган эдилар. Бироқ кейин рамазон рўзаси фарз бўлгач, ашуро рўзасини тутишни ихтиёрий қилдилар.

Расули акрам шаъбон ва рамазон ойларидан бошқа бирор ой давомли рўза тутмаганлар. Лекин бутун шаъбон ойини рўза билан ўтказардилар. Бошқа пайтлар кўпинча ойнинг биринчи ярмида рўза тутардилар. Жума кунлари ҳам рўзадор бўлардилар. Муҳаррам ойининг биринчи кунидан ўнинчи кунига қадар, шавволнинг (рамазон ҳайити) иккинчи кунидан еттинчи кунигача рўзадор бўлардилар.

Расули акрам доимо Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлганлар. Ухлаётганларида, уйғонаётганларида, ўтирганларида, тураётганларида, юраётганларида, овқат еяётганларида, сув ичаётганларида, кийимларини алмаштираётганларида, таҳорат олаётганларида, саёҳат қилаётганларида, уйларидан чиқаётганларида, масжидга бораётганларида доимо Аллоҳни зикр этардилар.

Азон овозини эшитар-эшитмас, ҳамма ишларини ташлаб, дарҳол масжидга шошилардилар. Кечаларини ибодат билан ўтказганлари ҳолда бомдод азонининг биринчи такбири биланоқ ўринларидан турардилар. Ҳазрат Оиша дейдиларки: «Расули акрам тунги ибодатларида Қуръоннинг энг узун сураларини ўқир, азоб ҳақидаги оятларга келганларида Аллоҳнинг марҳаматидан паноҳ сўрар, мукофот тўғрисидаги оятларни ўқирканлар, Аллоҳнинг лутфини тилар эдилар»25.

Ҳазрат Пайғамбар Қуръонни баланд овозда ўқирдилар, муборак овозлари узоқлардан эшитилар эди. Жанг майдонларида лашкарлар бир-бири билан тўқнашган, ҳаёт-мамот учун мужодала олиб борилаётган бир пайтда Расули акрам хушуъ − ҳузур ичида Аллоҳни ёд этардилар. Бадр, Уҳуд, Ҳандақ, Ҳайбар, Табук каби катта ғазавотларда ана шу ҳол кўринган эди. Чунончи, Расули акрам ҳарб пайти сафларни тизар, тартибга солар эдилар. Бироқ у Зотнинг сўнгги паноҳгоҳлари Аллоҳнинг эшиги эди.

Ҳазрат Пайғамбар Аллоҳнинг энг суюкли қули ва элчиларининг охиргиси бўлганлари ҳолда Аллоҳдан ниҳоятда қўрқардилар: «Қиёматда аҳволим қандай бўларкин?» дер эдилар.

Бир куни ҳазрат Абу Бакр Расули акрамга:

— Сочларингиз оқаряпти! − деганлар, Расули Акрам эса:

— Ҳа, Ҳуд, Воқеа, Мурсалот, Амма суралари мени қаритди! − дея марҳамат қилганлар26.

Расули акрам намоз ўқиркан, оёқлари шишиб кетарди. Асҳобдан баъзилари:

— Ё Расулуллоҳ! Сиз Аллоҳнинг мағфиратига ноил бўлгансиз. Бунчалик заҳмат чекишингизнинг боиси не? − деб сўраганларида, Пайғамбаримиз:

— Мен Аллоҳга шукр этгувчи бир қул бўлмайинми?! − дея жавоб берганлар.

Расули акрамнинг Аллоҳга бўлган ишончлари ниҳоятда кучли эди. Бир ғазотдан қайтаркан, ўртоқлари билан баробар ҳаммалари бир дарахт остида ухлаб қолишди. У ердан ўтаётган бир бадавий Пайғамбаримизнинг дарахтга осиғлик турган қиличларини олиб, энди ҳужум қилмоқчи бўлиб турган эди, Расули акрам уйғониб қолдилар. Шунда ҳалиги бадавий:

— Энди сени менинг қўлимдан ким қутқаради?! − дея хезланган. Пайғамбаримиз эса:

— Аллоҳ қутқаради! − дея жавоб берганлар. Ўша заҳоти бадавийнинг қўлидаги қилич ерга тушган.

Яна бир куни ҳазрат Пайғамбарни ўлдирмоқчи бўлган бир одамни тутиб, ҳузурларига олиб келишган. Расули акрам унинг таҳлиясини (бўшатилишини), қўйиб юборишларини буюрганлар:

— Қўйиб юборинглар уни! Мени ўлдирмоқни истаса ҳам, ўлдиролмайди!

Бир дафъа эса у кишини заҳарламоқчи бўлган бир яҳудийдан бу қабиҳ ниятининг сабабини сўраганларида, яҳудий:

— Сени ўлдирмоқчиман! − деган. Шунда Расули акрам:

— Бу ишни бажаролмайсан, Аллоҳ сенга бу қувватни бермаган!− дея муқобала этганлар.

Расули акрам Аллоҳнинг барча амрларини бутун ҳаётлари давомида ҳарф-ҳарфигача татбиқ қилдилар. Фалокатлар қаршисида сабр этиб, бирор лутфга, неъматга эришсалар, шукр қилар эдилар.

Изоҳлар

22. Саҳиҳи Бухорий. «Асри Саодат», 2-жилд, 873-бет.

23. Саҳиҳи Муслим. «Асри Саодат» 2-жилд, 840-бет.

24. Муслим. «Асри Саодат», 2-жилд, 841-бет.

25. Ибн Можа. «Асри Саодат», 2-жилд, 848-бет.

26. Термизий. «Шамоили Муҳаммадия»: «Асри Саодат», 2-жилд, 853-бет.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ