Шом шаҳрига сафарлари ва ризқ топишга ҳаракатлари

7 йил аввал 1496 siyrat.uz

   Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўн икки ёшга етганларида амакилари Абу Толиб тижорат карвони билан Шомга сафар қилар экан, у Зотни ҳам ўзи билан бирга олиб кетди. Карвон Бусро номли жойга келганида, Инжилни яхши биладиган Буҳайро исмли роҳибнинг олдидан ўтиб қолишди. Шунда роҳибнинг кўзи Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга тушиши билан у кишига диққат билан қарай бошлади, озгина гапга солиб кўриб, сўнг Абу Толибга қараб: «Бу бола ким?», деди. «Ўғлим», деб жавоб берди. (Абу Толиб у Зотни яхши кўрганлигидан «ўғлим», деб чақирар эди). Шунда Буҳайро: «У сенинг ўғлинг эмас. Бу боланинг отаси тирик бўлмаслиги керак», деган эди, Абу Толиб: «Тўғри, у укамнинг ўғли», деди. Роҳиб: «Отасига нима бўлган?», деб сўради У: «Аёли Омина Муҳаммадга ҳомиладор пайтида вафот этган», деди. Роҳиб: «Тўғри айтдинг, энди бу болани ўз шаҳрига қайтар ва уни яҳудлардан эҳтиёт қил. Қасам ичиб айтаманки, агар улар бу ерда уни кўриб қолишса, албатта, унга бир ёмонлик етказишади. Бу боланинг  келажагида буюк бир иш рўй беради. Уни тезроқ Маккага қайтаргин, эй Абу Толиб!» деди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом навқирон йигитлик чоғларида қўй боқиш билан шуғуллана бошладилар. Бу ҳақда кейинчалик ўзлари шундай деганлар: «Мен Қароритда (баъзи ривоятларда қарорит қийротнинг кўплиги бўлиб, бир қийрот бир дирҳамнинг олтидан бирига тўғри келади, дейилган. Бу ерда эса қароритдан мурод макондир) Макка аҳлиниг қўйларини боқиб берар эдим». Аллоҳ таоло у Зотни ёшликнинг ҳар хил бемаъни ўйин-кулгиларидан парҳезда тутган. У Зот ўзлари ҳақларида шундай деганлар: «Мен жоҳилият давридаги ишлардан бирини икки марта қилмоқчи бўлганман. Лекин Аллоҳ таоло ҳар иккаласини қилишдан ҳам мени сақлаган. Ўшандан кейин то Аллоҳ таоло мени пайғамбарлик билан икром қилгунига қадар биронта ҳам ножўя иш қилмадим. Мазкур икки воқеа шундай бўлган: «Бир куни (кечаси) Макка тепасида мен билан қўй боқиб юрган болага айтдим: «Қўйларга қараб турганингда, Маккага кириб, йигитлар билан гурунглашиб келардим». «Хўп, борақол», деди. Шундан кейин чиқиб, Макканинг биринчи ҳовлисига етиб келганимда, куй-қўшиқ овозлари эшитилди. Одамлардан:«У ерда нима бўляпти?» деб сўрасам, «Тўй бўляпти», деб жавоб беришди. Қулоқ солиш учун ўтирган эдим, Аллоҳ таоло қулокларимни эшитмайдиган қилиб қўйди. Кейин ухлаб қолган эканман, эртасига қуёшнинг тиғи мени уйғотиб юборди. Кейин шеригимнинг ёнига қайтиб, бўлган воқеани унга айтиб бердим. Бошқа туни ҳам унга худди ўша сўзларни айтиб, Маккага кирган эдим, яна аввалги кечадаги иш содир бўлди. Шундан кейин бирорта  ёмон ишни қилишни хаёлимга ҳам келтирмай қўйдим».

Ибратли нукталар

   Буҳайронинг Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи васаллам ҳақидаги гапларидан шу нарса аён бўладики, яҳудий ва насронийлар Таврот ва Инжил орқали охирзамон пайғамбари ҳақида ва унинг белгилари тўғрисида бир қанча маълумотга эга бўлганлар. Бунга далолат қилувчи ривоятлар жуда кўп бўлиб, ана шулардан бири, сийрат уламоларининг ривоятига кўра, яҳудийлар Авс ва Хазраж қабилаларига: «Яқинда бир пайғамбар чиқади, биз унга эргашамиз, ўшанда биз у билан сизларни Од ва Ирам қабилаларини ўлдирганимиз каби ўлдирамиз», деб олдиндан башорат беришарди. Ана шу сўзларида туришмагани учун Аллоҳ таоло улар ҳақида шу оятни нозил қилди: «Қачонки уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларида бор нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи Китоб келганида (яъни ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга Қуръон нозил бўлиб, у Зот Пайғамбар бўлганларида) — ҳолбуки, илгари улар кофирларга қарши (ўша Пайғамбардан) ёрдам кутардилар — бас, қачонки уларга ўзлари билган нарса келганида унга кофир бўлдилар.    Кофирларга    Аллоҳнинг   лаънати бўлгай. (Бақара сураси, 89-оят.) Қуртубий ва яна бошқа муфассирларнинг ривоятига кўра, Аллоҳ таолонинг ушбу: «Биз китоб ато этган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) уни (Муҳаммад Пайғамбарни) ўз фарзандларини таниган каби танийдилар (яъни ўзларининг илоҳий Китобларида у Зот ҳақида ўқиганлар). Ва албатта, улардан бир гуруҳи билганлари ҳолда ҳақиқатни яширадилар». (Бақара сураси, 146-оят) ояти нозил бўлганда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Саломдан (аввал аҳли китоб бўлиб, кейин Исломга кирган): «Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламни ўз фарзандингни таниган каби танийсанми?» деб сўраганида, «Ҳа, балки ундан-да яхшироқ танийман, зеро, Аллоҳ таоло самодаги аминини (Жаброил алайҳиссаломни) ердаги аминига (Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга пайғамбарлик) наъти-сифатлари билан юборганда таниганман. Аммо фарзандимни озроқ билишимга келсак, онаси томонидан хиёнат бўлганми, йўқми −  менга қоронғу». Салмони Форсийнинг Исломга киришига ҳам Инжилдан, роҳиблардан, уламолардан Пайғамбаримизнинг сифатларини, у Зот ҳақидаги маълумотларни чуқур ўрганиши сабаб бўлган. Аҳли китоблар Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом ҳақларидаги мазкур маълумотни инкор қилишлари ва ҳозирги пайтда уларнинг қўлларида мавжуд бўлган инжилларда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг зикри йўқ эканлиги юқоридаги гапларимизга тескари келмайди. Чунки ҳозирда Ер юзида Инжилнинг биронта ҳам асл нусхаси йўқ бўлиб, ҳозирги аҳли китобларнинг қўлларидаги инжилларга эса жуда кўп ўзгартиришлар киритилганлиги ҳеч кимга сир эмас. Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда нақадар рост сўзлаган: «Уларнинг орасида Китобдан бехабар, фақат хомхаёлларнигина биладиган омилари ҳам борки, улар фақат турли гумонлар қиладилар, холос. Ўз қўллари билан китоб ёзиб, сўнгра уни озгина қийматга сотиш учун: «Бу китоб Аллоҳ ҳузуридан (келган)», дейдиган кимсаларга ҳалокат бўлгай, бас, ёзган нарсалари сабабли уларга ҳалокат бўлгай, топган фойдалари сабабли уларга ҳалокат бўлғай!»

   Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қўй боқиб ризқи рўз топишни ихтиёр этишларида уч муҳим далолат бор: Биринчиси: Фаросат ва хушёрликка далолат. Амакилари у Зотни ҳар томонлама тўлиқ таъминлашига, ўз отасидек меҳр-мурувват кўрсатишига қарамасдан, ўзларида касби ризққа имконият борлигини сезган кундан бошлаб меҳнат қилишга ва амакиларининг елкаларидан турмуш ташвишларини бироз бўлса ҳам енгиллатишга ҳаракат қилардилар. Эҳтимол, у Зот топиб келган нарса арзимаган, озгина маблағ бўлар, лекин ҳар не бўлганда ҳам, бундай тиришқоқликлари у Зоти бобаракотнинг туз ичган жойга миннатдорчилик билдирадиган, ўзида бор бўлган имкониятни яширмай сарфлайдиган олийжаноб инсон эканликларига далолат қилади. Иккинчиси: Аллоҳ таоло бу дунёда Ўзининг солиҳ бандалари учун рози бўладиган тирикчилик йўлининг баёнига далолат. Аллоҳ таолога Ўзининг Пайғамбари учун фаровон ҳаёт, мўл-кўл ризқ ато қилиши, қийинчиликсиз яшашга шароит яратиб бериши жуда осон иш эди. Лекин илоҳий ҳикмат биз умматларга инсон топган молнинг жамиятга бирон фойда келтирмай, тер тўкмай топилгани эмас, балки ўз қўлининг меҳнати билан топилгани покиза ризқ бўлишини уқтирмоқчидир. Учинчиси: ҳар қандай даъватчи агар даъватини касб билиб, унинг орқасидан тирикчилик ўтказадиган ёки одамларнинг эҳсону садақалари билан кун кўрадиган бўлса, унинг даъвати инсонлар наздида ҳеч қандай қиймат топа олмайди. Шунинг учун исломий даъват соҳиби ўз ризқини шахсий кучи билан топмоқлиги лозим ва лобуддир. Токи инсонлар тарафидан унга нисбатан миннат ёки таъна тошлари отилмасин ва уларнинг юзига аччиқ ҳақиқатларни айтишдан тўсиб қўймасин. Бу маъно ўша дамларда гарчи Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг хаёлларига келмаган бўлса ҳам, зеро, у Зот келажакда елкаларига юкланажак илоҳий рисолатдан бехабар эдилар, лекин Аллоҳ таоло Ўз чеварлиги билан бошқариб турган мазкур услуб ва ҳаёт тарзлари ана шундай ҳикматни ўз ичига олади. Яна бу ҳикмат шу нарсани ойдинлаштирадики, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатдан олдинги ҳаётларида рисолатдан кейин ўзининг салбий таъсирини ўтказадиган бирор иш бўлмаслигини ирода қилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом ўзлари ҳақида, яъни Аллоҳ таоло у Зотни ёшлик даврларидан бошлаб ҳар қандай ёмон ишлардан сақлаганлиги ҳақида, айтган гапларидан катта аҳамиятга эга бўлган икки ҳақиқат ойдинлашади. Биринчи: Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламда ҳам бошқа ёшлар каби Аллоҳ таолонинг ҳикмати тақозо қилган инсоний ва хилма-хил нафсоний майллар мавжуд эди. Яъни бошқалар каби дўстлар билан гурунглашгилари, ўйин-кулги қилгилари келар эди. Иккинчи: шунга қарамасдан, Аллоҳ азза ва жалла у Зотни бузилишнинг барча кўринишларидан ва Аллоҳ у кишини тайёрлаётган даъват талабларига тўғри келмайдган нарсалардан сақлаган. Ҳатто у кишига  нафс рағбатларига бўйсунишдан тўсадиган ваҳий ёки шариат қонунлари келмай туриб ҳам, ўша ёмон нарсалар билан Ўзларининг ўрталарини тўсиб турган бир яширин қалқонни, кучни туяр эдилар. Бу манзаранинг замирида гўзал ахлоқни комил қилиш ва Шариати Исломиянинг пойдеворини мустаҳкамлаш ётади. Бўлажак Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида мазкур икки ҳақиқатнинг жамланишида бизга маълум бўлган таълим, тарбия воситаларидан бошқа у Зотнинг қўлидан тутиб етаклаб кетаётган бир илоҳий иноят мавжудлигига далолат бордир.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ