Музокаралар

7 йил аввал 1240 siyrat.uz

   Ибн Ҳишом Ибн Исҳоқдан қилган ривоятга кўра: Утба ибн Робиъа (Қурайшнинг теран фикрли, узоқни кўрадиган киборларидан бири) у ўзларининг мажлисларидан бирида шундай деди: «Эй Қурайш жамоаси, мен Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг олдига бориб, унга бир қанча нарсаларни таклиф қилиб кўрсам, дегандим. Шояд айримларини бўлса ҳам қабул қилиб қолса, нимани истаса берардик, кейин биздан нари кетарди». Қурайшликлар: «Тўғри айтасан, эй Утба, тур, бориб у билан гаплашиб кўр, дейишди». Утба туриб, Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг олдиларига борди ва ўтириб гап бошлади: «Эй биродаримнинг ўғли, Сен бизнинг ичимизда насаб томонидан ҳам, уруғ-аймоқ жиҳатидан ҳам баланд мақомдасан. Сен қавмингга улуғ бир ишни олиб келдинг, у сабабли уларнинг ораларини бўлдинг, ақлипастга чиқардинг, динларини, эътиқодларини айбладинг. Қулоқ тут, Сенга бир қанча нарсани таклиф қиламан. Яхшилаб ўйлаб кўр, шояд, айримларини бўлса ҳам қабул қилсанг. «Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом: «Сўзла, эй Валиднинг отаси, қулоғим сенда», дедилар. Утба: «Эй биродаримнинг ўғли, агар бу ишинг ортида мол-дунё талаби ётган бўлса, ўз молларимиздан жамлаб берамиз, токи ичимизда энг молдоримиз   бўласан.  (...яъни сизлар учун ҳам, мен учун ҳам Ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ экани) ваҳий қилинмоқда. Бас, сизлар Унинг Ўзига тўғри (тоат-ибодатда) бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз!» Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом тиловат қилишда давом этар, Утба эса жим тинглар эди. У Зот мана бу: «Бас, агар улар (яъни Макка мушриклари мана шу тафсилотдан кейин ҳам Ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришдан) юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: «Мен сизларни худди Од ва Самуд (қабилаларини урган) чақмоққа ўхшаган бир чақмоқ — ҳалокат (келиши)дан огоҳлантирдим» оятига келганда, Утба оят ўз ичига олган таҳдиддан қўрқиб кетганидан, у Зотнинг оғизларини тўсиб, қироатни тўхтатишларини илтимос қилди. Утба ҳамтовоқларининг ёнига қайтиб борганида улар: «Қандай хабар олиб келдинг, эй Абул Валид», дейишди. Утба: «Мен шундай сўзлар эшитдимки, бунақасини аввал ҳеч эшитмаганман. Худо ҳаққи, у шеър ҳам, сеҳр ҳам, фолбинлик ҳам эмас. Эй Қурайш жамоаси, менинг гапимга киринглар − бу инсонни ўз ҳолига қўйинглар, унга тегманглар. Қасам ичиб айтаманки, мен ундан эшитган сўзлар яқинда ўзининг буюк натижасини беради. Агар бошқа араблар унга бирор ёмонлик етказса, ундан осонгина қутулган бўласиз. Агарда   арабларга у ғолиб бўлса, унинг мулки сизнинг ҳам мулкингиз, куч-қудрати сизнинг ҳам қудратингиз бўлади.», деди. Қурайш: «Муҳаммад сени ўз сўзлари билан сеҳрлаб қўйибди», дейишди.  Утба: «У ҳақдаги менинг фикрим − шу. Энди билганингизни қилинглар», деди. Табарий ва Ибн Касирларнинг ривоятига кўра, бир гуруҳ мушриклар − уларнинг орасида Валид ибн Муғийра, Осс ибн Воил ҳам бор эди − келишиб, Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломга мол-дунё бериб, энг бой кишига айлантиришларини ва агар олиҳаларини, урфи одатларини айблашни тўхтатса, бокира қизларидан энг чиройлисига уйлантириб қўйишларини таклиф қилишди. У Зот рад қилдилар. Фақат Ҳаққа даъват қилиш учун келганликларини айтдилар. Шунда улар: «Ундай бўлса, бир кун сен бизнинг олиҳаларимизга ибодат қиласан, бир кун биз сенинг Илоҳингга ибодат қиламиз», дейишди. Табиийки, буни ҳам рад қилдилар. Шунга тааллуқли ушбу оятлар нозил бўлди: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Эй кофирлар! Мен сизлар ибодат қилаётган нарсаларга ибодат қилмасман. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилгувчи эмасдирсизлар. Мен сизлар ибодат қилган нарсага ибодат қилгувчи эмасман. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилгувчи эмасдирсизлар. Сизларнинг динингиз ўзларингиз учун, менинг Диним ўзим учундир!" Қурайшликлар қайтиб кетишди. Лекин бундай уринишни яна такрорладилар − энди жуда кўпчилик бўлиб боришди. Яна одатдаги мол-дунё, бошлиқлик ёки ҳаста бўлса, табиб топиб даволатиш кабиларни таклиф қилишди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом шундай жавоб қилдилар: «Менда сизлар айтаётган нарсалар йўқ. Мен сизлардан мол-дунё, шону шараф ёки ҳукмронлик талаб қилаётганим йўқ. Балки Аллоҳ таоло мени сизларга элчи қилиб юборди. Менга Китоб нозил қилди ва сизларга жаннат башоратини ҳамда дўзах хабарларини билдиришимни буюрди. Мана, мен сизларга Роббимнинг рисоласини етказдим, насиҳатларимни қилдим. Агар буларни мендан қабул қилсангизлар, бу дунёдан ҳам, Охиратдан ҳам насибадор бўласизлар. Агар рад қилсангизлар, Мен билан сизларнинг орангизда Аллоҳим то бир ҳукм чиқаргунига қадар сабр қиламан». Қурайш жамоаси: «Сенга кўндаланг қилган нарсаларимиздан биронтасини ҳам қабул қилмадинг. Биласан, шаҳримиз жуда тор, сувимиз кам, турмушимиз ҳам оғир аҳволда. Шунинг учун ўша сени рисолат билан юборган Роббингдан сўраб кўр:  шаҳримизни торайтириб турган мана бу тоғларни жойидан жилдирсин, Шом, Ироқ анҳорлари каби дарёларни оқизиб қўйсин, ўтиб кетган ота-боболаримизни қайта тирилтирсин, улар орасида Қусай ибн Килоб исмли бобомиз ҳам, албатта, бўлсин. Чунки у ростгўй шайх бўлган. Ундан сен айтаётган нарсаларнинг тўғри ёки нотўғрилигини сўраймиз. Яна Роббинг сенга боғлар, қасрлар ва олтин-кумуш хазиналарини пайдо қилсин... Агар биз сўраган нарсани қилсанг, сени тасдиқлаймиз, Роббинг олдида қандай мавқега эга эканлигингни ва сени чиндан ҳам Расул қилиб юборганини биламиз», дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам эса: «Бундай қилмайман,   мен   ўз   Парвардигоридан   бундай нарсаларни сўрайверадиган киши эмасман», дедилар. Улар узоқ тортишувлардан сўнг: «Билишимизча, Сенга буларни Ямома шаҳридаги Раҳмон исмли киши ўргатар экан. Худо ҳаққи, биз ўша Раҳмонга ҳаргиз ишонмаймиз. (Ҳозир) сени кечирдик, эй Муҳаммад, (лекин) Аллоҳга қасамки, сени ҳам ва бизга етказаётган динингни ҳам бундай қолдирмаймиз, ё Сен ўласан ёки биз ўламиз, дедилар-да, ўринларидан туриб, ортларига қайтдилар.

Ибратли нукталар

   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларининг бу қиррасида катта аҳамиятга эга бўлган бир қанча далолатлар бордир. Биринчи далолат: Бу далолат бизга Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом олиб борган даъватнинг ҳақиқат-моҳиятини ўта нозик чиғириқдан ўтказиб, кўрсатиб беради. Яна ҳозирги замонавий даъватлар, ислоҳотлар ва қўзғолонлар замирида ётадиган дунёвий мақсад, моддий ғаразлар Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг даъватига бегона эканлигини очиб беради. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом ўз даъватлари орқасидан подшоҳликка, ҳокимиятни қўлга олишга ёки бойликка эришмоқчи бўлганмилар? Бундай эҳтимолларни эътиқодимиз ва динимиз душманлари даҳанаки жанг майдонига олиб чиқишга ҳаракат қилишади. Лекин оламлар Парвардигори Ўз Расулининг ҳаётини ҳар қандай эҳтимолнинг кетини қирқадиган, даҳанаки жанг арбобларини ўз йўлларида ҳайрону лол қолдирадиган далиллар, кўринишлар билан бекам қилган эди. Улар одамларни фитнага солиш, Ислом динига нисбатан шак-шубҳалар уйғотиш каби «муҳим вазифаларини» адо қилишга йўл топа олмагач, ҳақиқатдан кўз юмишга ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъвати бошлиқликка, ҳукмронликка бўлган рағбат асосига қурилган, деб даъво қилишга мажбур бўлишган. Утба ибн Робиъа ва у каби Қурайш киборларидан бир қанчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мол-дунё, подшоҳликни таклиф қилиб келишганда, нима учун қабул қилмадилар? Ахир даъват ва рисолатлари ортига яширинган интилиш ўша подшоҳлик, ўша мол-дунё бўлса, нега бу нақд ўлжадан фойдаланиб қолмадилар?! Бошлиқлик ва етакчиликка интиқ одам, ўзига бу мартаба илтимос билан, ҳатто таҳдид билан таклиф қилинганда рад жавобини бериши ва мана бундай дейиши мумкинми: «Мен сизлардан мол-дунё, шону шараф ёки ҳукмронлик талаб қилаётганим йўқ. Балки Аллоҳ таоло мени сизларга элчи қилиб юборди. Менга Китоб нозил қилди ва сизларга жаннат башоратини ҳамда дўзах хабарларини билидиришимни буюрди. Мен сизларга Роббимнинг рисоласини етказдим, насиҳатларимни қилдим. Агар буларни мендан қабул қилсангизлар, бу дунёдан ҳам, Охиратдан ҳам насибадор бўласизлар. Агар рад қилсангизлар,  Мен  билан  сизларнинг  орангиз очиқ. Мана шуларнинг барчасидан кейин инсон акли, фикри ёки хаёли Расулуллоҳ ҳокимият ёки бойлик тамасида бўлган деб ўйлаши, у Зотнинг пайғамбарлигининг ростлиги ҳақида шубҳа қилиши мумкинми?! Иккинчи далолат: Қурайш Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломдан у Зотга эргашишларининг шарти сифатида талаб қилган нарсаларига муносабатлари тўғрисидадир. Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг ушбу ояти нозил бўлган: «Ва дедилар: «Токи бизлар учун мана шу ерни ёриб, бир чашма (чиқариб бермасанг,) биз сенга ҳаргиз иймон келтирмаймиз. Ё сенинг хурмозор, узумзор боғинг бўлиб, унинг ўртасидан ёриб дарёлар (пайдо қилмасанг); ёки ўзинг даъво қилганингдек, осмонни устимизга парча-парча қилиб туширмагунингча ёки Аллоҳ ва фаришталарини олдимизга келтирмагунингча; ёки сенинг олтиндан бир уйинг бўлмагунича, ёҳуд ўзинг (кўз олдимизда) осмонга кўтарилмагунингча (ҳаргиз сенга иймон келтирмаймиз). Токи бизларга ўқийдиган бирон китоб туширмас экансан, бу (осмонга) кўтарилишингга ҳам ҳаргиз ишонмаймиз». Айтинг: «Эй Пок Парвардигорим, Мен фақат элчи-пайғамбар бўлган бир одам эдим-ку!» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг талабларига жавоб қилмаганининг сабаби, баъзилар ўйлагандек, у Зотга Қуръондан бошқа мўъжиза берилмагани эмас, балки бунинг сабаби Аллоҳ таоло билурки, улар бу нарсаларни иймон келтириш учун эмас, балки куфрларини янада зиёда қилиш учун, қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни масхара қилиш учун сўраганлар. Уларнинг аҳволи қуйидаги оятда Аллоҳ таоло сифатлагандек эди. «Агар Биз уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсаг-у, ундан (осмонга) кўтарила бошласалар ҳам, албатта, улар: «Шак-шубҳасиз, бизларнинг кўзларимиз боғланиб қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган кишилардирмиз», деган бўлур эдилар. И з о ҳ: Бу оятларда уқтирилишича, кўнгил кўзи кўр кимсалар уларга самонинг сиру синоатларини, ундаги малоикаларни кўриш насиб этганида ҳам барибир, Яратганга иймон келтириш ўрнига: «Бизларнинг кўзимизни боғлаб қўйишди, ўзимизни сеҳрлаб қўйишди», дейишдан нарига ўтмас эканлар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ