Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларига бағишланган асар

6 йил аввал 1421 siyrat.uz

   Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар, Пайғамбаримизга ва у Зотнинг аҳли оилалари ҳамда асҳоби киромларига беадад саловату саломлар бўлсин.

   Аммо баъд... Ақида машъаласини бошлари узра баланд кўтарган нубувват ворислари бўлмиш барча даврдаги авлодлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари энг бирламчи тарихий манба, улар учун асосий йўл озиғи, даъват ишининг давомийлиги ва ҳаётийлигини таъминловчи асл асос бўлиб қолаверади. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тарихларини инсоф назари билан чуқур ўрганиб чиққан инсон қаршисида тарихнинг ажиб бир қисми намоён бўлади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У Зотнинг этакларини тутган мукаррам мўминлар моддиятнинг қуруқ унсурлари ҳамда Ернинг тортиш кучини енгиб ўтиб шундай юксакликка кўтарилдиларки, инсоният ҳали ҳеч қачон ва ҳеч қаерда бу қадар олий мартабага кўтарилмаган эди. Агар сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаракатларини диққат билан кузатсангиз, У Зот сизга: «Мен шундай бир умматни тарбия қиламанки,  тарих унга минбаъд тобе бўлиб ўтади», деяётгандек бўлади. Балоларга сабр қилишда, ҳақ устида собит туришда, дунё силкинишларига ирода ва хотиржамлик билан жавоб беришда, меҳрибонликда, мулойимликда, нозик қалблиликда ва умуман бу дунёга хос бўлган барча тушунчаларнинг чўққисида туришда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисли бўлмаган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам воқеа-ҳодисалардан устун келиш, моддият устидан ғолиб туриш учун яратилган эдилар. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсоният тарихи ва унинг энг саҳиҳ фикрлари учун ҳамиша асосий манба бўлганлар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларига илоҳий муҳр босиб, у Зотни ҳавойи нафснинг тойилишлари ва инсоний табиатнинг ғолибликларидан йироқ қилди. Бинобарин, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини, сифатларини ва ҳадисларини ўқиб-ўрганаётган ҳар бир инсон ҳар бир нуқтада ўша илоҳий муҳрнинг асарларини изламоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари изоҳида унга маълум бўладики, дунё ўзининг олий ахлоқ хусусидаги ғояларини фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидагина амалда кўришга муваффақ бўлган. Инсон фарзанди бўлган бу Зот айни пайтда инсониятни юксакликка ҳаракатлантирувчи куч  ҳам эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан танишар экансиз, беихтиёр ҳаёт нафаси уфуриб турган, кўриниши хаёлни қитиқлайдиган, хушбўйлари томирлардаги қонни гупиртирадиган ва айни пайтда ором, сакинат ва хотиржамлик туйдирадиган бир гўзал боғ кўз олдингизга келади. Сўнг сиз ҳам ана шу нурдан Аллоҳ марҳамат қилганлар қатори баҳраманд бўласиз. Ҳадислар баёнининг завқи шунчалар тотлики, гўё саҳифалар ортидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозларини эшитгандай бўласиз.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломларига назар ташлаш ана шундай бўлади. Бу калом хусусида қанчалик кўп фикр қилсангиз, шунчалик кўп маъно топасиз. Бу каломнинг изоҳи дилларга яқин. Худди танадаги жон каби бизларга яқин, айни пайтда танадаги жоннинг илоҳий сирлилиги каби узоқ ҳамдир. Хуллас, сиз унга қанчалик яқин бўлсангиз, у ҳам сизга шунчалик яқин бўлади. Агар сиз маълум масофада тўхтаб қолсангиз, у ҳам тўхтайди. Унга қараб интилсангиз, у ҳам сизга қараб интилади. Сўзингиз ишингиз билан қанчалик бир эканлигига қараб, у сизга яқинлашаверади. Дунёнинг сўзга чечан бандалари одат қилган ҳуда-беҳуда гап-сўзлар, суяксиз тилнинг керак-нокерак луғатлару маъноларини қалаштириб ташлайверишлари ва ҳоказо нуқсонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларига мутлақо ётдир. Чунки бу Зотнинг сўзлари маъноларни ҳақиқатга айлантириш учунгина айтилган эди. Бу сўзлар фикр, қалб, иймон ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг илҳоми билан айтилган сўзлардир. Бу сўзлар мажмуаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак вужудларидан отилиб чиққан бир дунё эдики, у ўзининг ҳақ йўлида ҳеч қандай хилоф ёхуд адоватга заррача ўрин қолдирмаган. Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва сўзлари мўминлар учун танадаги қалб вазифасини адо этишининг лозимлиги, инсон қалбининг ақлни кузатиб туришидек мўминни кузатиб туришининг зарурлиги ана шу ўринда ёрқин кўринади. Токи танлар моддиятнинг кишанларини ва Ернинг тортиш кучини парчалаб ташлаб юксак-юксакларга парвоз қилсин. Бироқ моддиятнинг таъсиридан холи бўлмаган инсонга бу юксакликка кўтарилиш маҳол саналади. Бунинг учун у ўзининг узоқ тарихий асосларига таяниб, дунёга аслида нима учун келганлигини англамоғи керак. Аслида ушбу юксак ғояни ҳали ҳеч қайси уммат ислом уммати каби амалга оширолган эмас: «Бизни Аллоҳ таоло Ўзининг хоҳлаган бандаларини инсонларга қуллик қилишдан инсонларнинг Раббига қуллик қилишга, ботил динларнинг жабру зулмидан Исломнинг адлу адолатига, дунёнинг танглигидан дунё-ю охират кенглигига олиб чиқмоғимиз учун жўнатди.» Иймон билан тўлиб-тошган, нурлари кўзни қамаштирувчи мазкур жумлалар умматнинг энг биринчи устози ва раҳнамоси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларида тарбия топган чин мўминнинг сўзлари эди. У ўзининг нима учун бу дунёга келганлигини англаган ва англаган нарсасини амалга оширишга киришган мўмин эди. Узоқ сафарда чин мўминлар карвонидан узилиб қолмасликни мақсад қилган ҳар бир киши ана шундай йўл тутмоғи керак. Ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам мусулмонлар ҳаётида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари муҳим ўрин тутгани боис бу хусусда услублари ва йўналишлари турлича бўлган кўп асарлар битилган. Улардан баъзилари ўзининг кенг қамровлилиги, тўғри услуби ва комиллиги билан ажралиб туради. Албатта, бундай сийрат китоблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарихларини батафсил ва саҳиҳ тарзда ўрганиб чиқишда ўқувчига анча енгилликлар беради. Ҳиндистонлик олим Софиюрраҳмон Муборакпурий қаламига мансуб ушбу «Ар-раҳиқ ал-махтум» асари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаттар сийратларини чуқур ва айни пайтда енгил услубда баён қилиши, баъзи сийрат китобларида учрайдиган ботил ва асоссиз ривоятлардан холилиги билан ана шундай мумтоз асарлар сафидан ўрин олган. Мазкур асарни мутолаа қилган ҳар бир ўқувчи ўзи қидирган нарсасини топади, иншааллоҳ. «Ар-раҳиқул-махтум» асари Робитатул Оламил Исломий томонидан жорий қилинган Пайғамбаримиз сийратларига бағишланган мусобақада биринчи мукофот билан тақдирланган. Биз ер юзининг машриқу мағрибидаги биродарларимизга мазкур асарни тақдим этар эканмиз, Аллоҳдан унинг фойдасини мўл-кўл қилишини сўраб қоламиз.

Ношир

Ислом Нури таржимаси




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ