Арабларда ҳукм ва бошқарув сиёсати

1 ўн йил аввал 3503 siyrat.uz

   Арабларнинг исломдан аввалги ҳаёти ҳақида сўз юритар эканмиз, уларнинг ҳукумати, бошқарув тизими, миллатлари ва динлари хусусида ҳам тўхталиб ўтмасак бўлмас. Фикри ожизимизча, ана шунда Ислом зоҳир бўлган фурсатда юзага келган вазиятларни тушунишимиз янада осонроқ кечади.

   Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даъватлари бошланганида Арабистон яриморолининг ҳукмдорлари икки қисмдан иборат эди: 1.  Тож кийган ҳукмдорлар.  Улар Яман ҳукмдорлари, Ғассон шоҳлари ва Ҳийра ҳокимлари эди.Бироқ бу тождорлар аслида мустақил ҳукмдорлар эмасди. 2.  Қабила ва уруғларнинг бошлиқлари. Яман, Ғассон ва Ҳийра шоҳларидан ўзга барча бошлиқлар − қабила оқсоқоллари − тож киймаган ҳукмдорлар эди.Улар худди шоҳлар каби ҳукм ва имтиёзларга эга бўлишган. Қабила оқсоқолларининг аксарият қисми томомила мустақил ҳаракат қилишарди. Фақат айримлари тождор ҳукмдорларга тобе эдилар. Яман шоҳлиги Ориба арабларидан Яманда умргузаронлик қилган энг қадимий қавм Сабаъ қавмидир. Ур шаҳрида олиб борилган қазилма ишлари натижасида Сабаъ қавмининг милоддан аввалги 15 асрдаги излари топилди. Сабаъ қавмининг нуфузи кучайиб, ҳукмронлиги кенгайиб, маданияти гуллаб-яшнаган даври милоддан аввалги 11 асрларга тўғри келади. Қавм тарихини қуйидаги босқичларга бўлиш мумкин: 1.  Милоддан аввалги 1300 − 650 йиллар оралиғидаги давр: Бу даврларда уларнинг давлатлари «Маийнийлар давлати» деб аталар, Нажрон ва Ҳазрамавт оралиғидаги Жавф текисликларида жойлашган эди. Сўнг улар тараққий этиб, ҳукмронликлари кенгайиб, сиёсий нуфузлари Ҳижознинг шимолидаги Уло ва Маонгача етиб борди. Айтишларича, Сабаъ салтанати шунчалик кучайганки, ҳатто улар араб ерларининг ичкарисида ва унинг ташқариларида ўз мустамлакаларига эга бўлган. Асосий тирикчиликлари тижорат бўлган. Яман тарихида муҳим ўрин тутган, кейинчалик уларни ердаги ноз-неъматларнинг аксари билан таъмин этган Маъриб тўғони ўша пайтда қурила бошлаган. У пайтларда Сабаъ ҳукмдорлари «Сабаъ Макраби» деб аталган. Уларнинг пойтахти Сирвоҳ шаҳри бўлган. Пойтахт харобалари Маъриб шаҳрининг шимолий ғарбий қисмидан 50 км, Санъо шарқидан 124 км узоқликдаги масофада учрайди ва «Хурайба» деб аталади. Ҳукмдорларининг сони 22 билан 26та ўртасида бўлган дейилади. 2.   Милоддан аввалги 650 − 115 йиллар оралиғидаги давр: Бу пайтга келиб уларнинг давлати «Сабаъ давлати» аталиб, Сабаъ ҳукмдорлари Сабаъ шоҳлари номини олишди ва Сирвоҳ ўрнига Маърибни пойтахт қилишди. Маъриб шаҳри қолдиқлари Санъо шарқидан 192 км узоқликдаги масофада учрайди. 3.   Милоддан аввалги 115 йилдан милодий 300 йилга қадар бўлган давр: Бу даврда Ҳимяр қабиласи Сабаъ мамлакатини босиб олиб, пойтахтни Маърибдан Райдонга кўчирди ва давлат «Ҳимярийлар давлати» номини олди, подшоҳлари эса «Сабаъ ва Зу-Райдон шоҳлари» деб аталадиган бўлди. Кейинроқ Райдон шаҳри Зуфар номини олди. Шаҳар қолдиқлари Ярийм яқинидаги Мудаввар тоғида учрайди. Айнан ана шу муддатда уларнинг салтанатида емирилиш ва таназзул бошланди. Аввало Ҳижоз шимолида Нобитийларнинг ҳукмронлиги кенгайгани, иккинчидан, румликлар Миср, Сурия ва Шимолий Ҳижоз ерларини қўлга киритганидан сўнг денгиз савдо йўлларини эгаллаб олишгани ва учинчидан, қабилаларнинг ўзаро қирпичоқ бўлишлари сабабли уларнинг савдо ишларига путур етди. Ана шундай сабаблар оқибатида Қаҳтонийлар узоқ-узоқ ерларга бош олиб кетиб, чор-атрофга сочилиб кетишди. 4.   Милодий 300 йилдан Яманга Ислом кириб келгунига қадар бўлган давр: Бу даврда давлат «Иккинчи Ҳимярийлар давлати» номини олди, ҳукмдорлари эса «Сабаъ, Зу-Райдон, Хазрамавт ва Ямант шоҳлари» деб аталди. Бу давлат бошига турли-туман ҳодисалар, эврилишлар, инқилоблар ва ички урушлар кетма-кет ёғилди. Оқибат миллат чет эл босқинчиларига нишон бўлиб, мустақиллигидан айрилди. Румликлар Аданга кириб келишди. Ҳамадон ва Ҳимяр қабиласи ўртасидаги низодан фойдаланиб, ҳабашлар румликлар ёрдамида милодий 340 йилда Яманни биринчи марта босиб олишди. Улар милодий 378 йилгача мамлакатни эгаллаб туришди. Сўнг Яман яна мустақилликка эришди. Лекин бу пайтга келиб Маъриб тўғонида ёриқлар пайдо бўлган эди. Милодий 450 ёки 451 йилда Қуръони Каримда «Арим сели» деб айтилган улкан тошқин юз берди. Бу сел мамлакатни хароб қилиб, аҳолисини чор-атрофга сочиб юборган даҳшатли зарба бўлди. Милодий 523 йилда яҳудий Зу-Нувос Нажрон элидаги масиҳийлар бошига қирғин солиб, уларни куч билан ўша пайтдаги соф масиҳийликдан чиқармоқчи бўлди. Улар бўйин товлашгач, Зу-Нувос чуқурлар қаздириб, уларнинг ичини ўт-олов билан тўлдирди ва мўминларни ана шу чуқурларга ташлашга буюрди. Қуръони Каримнинг «Буруж» сурасидаги: «Чоҳ эгалари лаънат қилингайлар» оятида мазкур воқеага ишора қилинган. Бу ҳодиса насронийларнинг Рум ҳукмдорлари раҳнамолигида араб ерларига интиқом юришини уюштиришларига сабаб бўлди. Насронийлар ҳабашларни гиж-гижлаб, улар учун денгиз қўшинлари тузиб беришди. Оқибатда, ҳабашларнинг етмиш минг кишилик қўшини соҳилга тушиб, Яманни иккинчи маротаба босиб олишди. Бу воқеа милодий 525 йилда ҳабашларнинг Арёт исмли қўмондони бошчилигида амалга оширилди. Арёт Абраҳа ибн Сабоҳ ал-Ашрам исмли бир ҳабаш саркардаси томонидан 549 йилда хиёнаткорона ўлдирилгунга қадар Ҳабашистон шоҳининг Ямандаги ноиби бўлиб турди. Абраҳа Ҳабашистон шоҳининг ризолигини олиб, Арётнинг ўрнига тахтга ўтирди. Каъбани вайрон қилиш учун Маккага қўшин тортиб келган ҳам шу Абраҳа эди. Абраҳа ва унинг қўшини Қуръони Каримда «Асҳабул фил», яъни «Фил эгалари» деб зикр қилинган. Санъога қайтганидан кейин Аллоҳ уни ҳалок қилди ва ўрнига ўғли Яксум тахтга ўтирди. Кейин эса иккичи ўғли Масруқ ҳоким бўлди. Айтишларига қараганда, улар яманликларни эзиш ва ҳорлашда оталаридан кўра ёмонроқ бўлишган экан. Машҳур «Фил» воқеасидан кейин яманликлар форслардан мадад сўрашди ва ҳабашларга қарши курашиб, ниҳоят уларни ўз ерларидан қувиб чиқаришди. Улар милодий 575 йилда Маъдийкариб ибн Сайф Зу-Язин Ҳимярий бошчилигида мустақилликка эришди. Яманликлар уни тахтга ўтқизишди. Маъдийкариб ўзининг хизматкорлари ва хос навкарлари сафида бир гуруҳ ҳабашийларни ҳам сақлаб қолган эди. Ана шу ҳабашийлар бир куни унга суиқасд қилишди. Маъдий Карибнинг ўлими билан Зу-Язин хонадони ҳукмронлиги ҳам барҳам топди. Шундан кейин Яман форсларнинг мустамлакасига айланди ва унга форсий ноиблар тайинланди. Уларнинг биринчиси Ваҳраз кейин Марзубон ибн Ваҳраз кейин унинг ўғли Тийнжон кейин Хисрав ибн Тийнжон. Уларнинг охиргиси милодий 628 йилда Исломни қабул қилган Бозон эди. Бозоннинг Исломга кириши билан форсларнинг Яман ерларига ҳукмронлик қилиши ниҳоясига етди. Ҳийра ҳокимлиги Милоддан аввалги 557 − 529 йилларда ҳукм юритган Буюк Қуруш форсларни бирлаштиргандан буён улар Ироқ ва унга чегарадош ерларга эгалик қилиб келишарди. Форсларнинг кучли давлатига ўз даврида ҳеч ким бас кела олмасди. Фақат милоддан аввалги 326 йилда тарих саҳнасига чиққан Искандар Мақдуний (Александр Македонский) форсларнинг шоҳи Доро биринчини мағлубиятга учратиб, уларнинг шавкатини синдирди. Пировардида форс ерлари бир неча бўлакларга бўлиниб, бир неча ҳокимлар қўлида қолди. Ана шундай тарқоқ ҳукмронлик милодий 230 йилгача давом этди. Тарқоқ ҳукмдорлар даврида Қаҳтонийлар кўчиб келиб, Ироқнинг чегара ўринларидан бирини эгаллаб олишди. Кейин аднонликлар кўчиб келишди. Улар Қаҳтонийлар билан рақобатга киришиб, охир-оқибат Фурот оролининг бир қисмини қўлга киритишди. Форсларнинг иккинчи маротаба кучга тўлиши милодий 226 йилда Сосонийлар давлатига асос солган Ардашер ибн Бобак даврига тўғри келди. Ардашер форсларни бирлаштирди ва мамлакат ҳудудида яшовчи арабларни бўйсундирди. Бу Қузоанинг Шомга бош олиб кетишига сабаб бўлди. Ҳийра ва Анбор аҳли эса Форс ҳукмдорига тобе бўлди. Ардашер Ҳийра ва Ироқ саҳросининг аҳолиси ҳамда яриморолдаги Рабиа ва Музор қабилалари устига Жузайма Ваззоҳни ҳоким қилиб тайинлади. Ардашер арабларни тобе қилиб туриш ва ўз чегараларини уларнинг ғоратидан сақлаш учун арабларнинг устига қавм-қариндоши қўллаб-қувватлайдиган ва ҳимоя қиладиган араб кишисини ҳоким қилиб қўйишни маъқул кўрди. Боз устига унинг давлатига ҳамиша хавф солиб турадиган румликларга қарши араблардан фойдаланмоқчи эди. Ардашернинг тахминига кўра, Ироқ араблари румликларнинг қаноти остига кирган Шом арабларига қарши қўйиларди. Ардашер Ҳийра ҳокими қўли остида форс қўшинининг бир бўлагини қолдирди. Мазкур қўшин ҳокимга қарши чиққан саҳройи арабларни тинчитиш учун керак эди. Жузайма тахминан милодий 268 йилда вафот этди. Унинг вафотидан кейин Ҳийра ва Анбор ҳокимлигини Амр ибн Адий ибн Наср Лахмий (268 − 288) эгаллади. Бу Кисро Собур ибн Ардашер ҳукмронлиги даврида юз берди. Амр ибн Адий Лахмий ҳокимларнинг биринчиси эди. Шундан кейин то форс тахтига Қубоз ибн Файрўз (448 − 531) келгунга қадар Ҳийрага Лахмий ҳокимлар ноиб бўлиб туришди. Собур ибн Ардашер даврида Маздак деган кимса чиқиб, ўзининг бузуқ ғоясини тарғиб қила бошлади. Унинг ғояси ҳар қандай бузуқлик, ярамас иш ҳалол деган ақида асосига қурилган эди. Форсийларнинг аксарият қисми каби Қубоз ҳам Маздак ғоясини қабул қилди. Сўнг у Ҳийра ҳокими Мунзир ибн Маус-Самога (512 − 554) маздакийликни қабул қилишни буюриб чопар жўнатди. Бироқ Ҳийра ҳокими форс шоҳининг динига киришдан ор қилиб ва ҳамияти келиб, унинг кўрсатмасини рад этди. Натижада Қубоз Мунзирни Ҳийра ҳокимлигидан четлаштирди. Унинг ўрнига Кисронинг таклифини қабул қилиб маздакийлик йўлини тутган Ҳорис ибн Амр ибн Ҳажар Киндийни ҳоким этиб тайинлади. Қубоздан кейин форс тахтига Кисро Ануширвон (531 − 578) ўтирди. У маздакийларни жуда ёмон кўрарди. Ануширвон Маздакни ва унинг издошларининг кўпчилигини қатл қилди. Мунзирни Ҳийра ҳокимлигига қайтарди ва Ҳорис ибн Амрни тутиб келишни буюрди. Ҳорис Калбийлар ерига қочиб кетди ва вафотига қадар ўша ерда яшади. Мунзир ибн Моус-Самодан кейин Ҳийра ҳокимияти Нўъмон ибн Мунзирга (583-605) қадар унинг авлодида қолди. Зайд ибн Адий Ибодий уюштирган туҳмат сабабли Нўъмон ибн Мунзир форс шоҳининг ғазабига йўлиқди. Кисро Нўъмонни ўз ҳузурига чорлади. Нўъмон форс шоҳи ҳузурига йўлга чиқди. Бироқ у йўлда яширинча Шайбон уруғининг саййиди Ҳоний ибн Масъуднинг манзилига қўниб, аҳли-оиласи ва мол-давлатини унинг олдида қолдириб кетди. Кисро Нўъмонни зиндонбанд этди. Нўъмон тутқунликда ўлди. Ҳийрага унинг ўрнига Иёс ибн Қобиса Тоий ҳоким қилиб тайинланди. Кисро Иёсга Ҳоний ибн Масъуднинг қўлида қолдирилган Нўъмоннинг омонатини талаб қилиб олишни буюрди. Ҳоний Нўъмоннинг омонатини уларнинг қўлига топширишдан бош тортди. Икки ўртада уруш бошланди. Иёсга кўмак бериш учун Кисронинг волийлари ва лашкарлари етиб келди. Зу-Қорда рақиблар ўртасида қаттиқ жанг бўлиб ўтди. Жангда Шайбон уруғи ғалаба қозониб, форсларни шармандали мағлубиятга учратди. Бу арабларнинг ажамлар устидан қозонган биринчи ғалабаси эди. Мазкур воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллудларидан озгина фурсат ўтиб юз берган эди. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иёс ибн Қабисанинг Ҳийрага ҳокимлигининг саккизинчи ойида таваллуд топганликлари айтилади. Бу жанг пайғамбарликдан бироз аввал дейилган қавл ҳам бор, мана шу ҳақиқатга яқинроқ. Кисро Иёсдан кейин Ҳийрага Озодбаҳ ибн Моҳбиён ибн Маҳробандод исмли бир форсни ҳоким қилиб тайинлади. У 17 йил (614 − 631) ҳокимлик қилди. Милодий 632 йилда Ҳийра ҳокимлиги яна Лахмийлар қўлига ўтди. Лахмийлардан «Маърур» лақабли Мунзир ибн Нўъмон исмли киши ҳоким бўлди. Унинг ҳокимлигига саккиз ой тўлмасдан Ҳийрага Ислом лашкари билан Холид ибн Валид ташриф буюрди. Шом подшоҳлиги Араб қабилалари чор-атрофга кўчишга тушган даврда Қузоъа уруғлари Шом тепаликларига келиб ўрнашиб қолди. Улар Бани Сулайҳ ибн Ҳулвон қавмидан эдилар. Тарихда (الضجامعة) Дажъамийлар номи билан танилган Бани Дажъам ибн Сулайҳ қавми Сулайҳ ибн Ҳулвон қавмига мансуб саналади. Саҳройи араблар босқинидан сақланиш ҳамда форсларга қарши қўшимча кучга эга бўлиш мақсадида румликлар уларни ўз қанотлари остига олишди. Улар қавмнинг ўзидан бир кишини ҳоким қилиб қўйдилар. Йиллар давомида қавм устида ана шундай ҳокимлик ҳукм юритди. Уларнинг энг машҳур ҳокимларидан Зиёд ибн Ҳабулани зикр қилиш мумкин. Қавмнинг ҳокимияти тахминан милодий иккинчи асрнинг бошларидан аср ниҳоясига қадар давом этди. Ғассон сулоласи уларнинг ҳокимиятига чек қўйди ва ерларини босиб олди. Румликлар энди бу қавмни Шом араблари устига ҳоким қилиб тайинлашди. Ғассонийлар Бусро шаҳрини пойтахт қилишди. Ғассонийлар Рум шоҳларининг ноиби сифатида Шом ерларига ҳижратнинг 13 йили бўлиб ўтган Ярмук жангига қадар эгалик қилиб келишди. Уларнинг сўнгги вакили Жабала ибн Айҳам амирул мўъминин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида Исломга бўйсунди. Ҳижоз амирлиги Исмоил алайҳиссалом Макка ҳокимиятини ва Каъбага эгадорликни вафотларига қадар ўз қўлларида ушлаб турдилар. У киши 137 ёшда вафот этдилар.[1] Сўнг у кишининг ўғилларидан иккитаси – Нобит, кейин Қайдор бошлиқ бўлишди. Айримлар аксинча бўлган дейишади. Бу иккисидан кейин Макка ҳукмдорлиги уларнинг боболари (яъни Исмоил алайҳиссаломнинг қайнотаси) Музоз ибн Амр Журҳумий қўлига ўтди. Макка ҳокимияти ана шу тарзда журҳумларга ўтди ва уларнинг қўлида қолиб кетди. Оталари Байтуллоҳни қургани учун Исмоил алайҳиссалом авлодлари иззат-эътибор эгалари бўлсалар-да, ҳеч қандай мансаб-ҳукм қўлларида йўқ эди. Узоқ давр Исмоил алайҳиссалом авлодларининг айтарли ҳеч қандай имтиёз-имконияти бўлмай келди. Бухтунассар чиқишидан бироз олдин Журҳумнинг иши орқага кета бошлади. Ана шу асрдан Макка осмонида Адноннинг юлдузи порлашга тушди. Бунга далил шуки, Бухтунассар арабларга қарши Зоту Ирқда юриш қилганида арабларнинг лашкарбошиси журҳумлардан эмас, Адноннинг ўзи эди. Милоддан аввалги 587 йилда Бухтунассар иккинчи маротаба қўшин тортиб келганида Аднон қавми Яманга сочилиб кетди. Армиё пайғамбарнинг саҳобаси бўлган Бархиё Адноннинг ўғли Маъадни ўзи билан бирга Шомдаги Ҳаррон шаҳрига олиб кетган эди. Бухтунассар босқини тугагач, Маъад Маккага қайтиб келди. У шаҳарда журҳумлардан фақат Жавшам ибн Жулҳумани топди. Маъад унинг қизи Муъонага уйланди ва уларнинг никоҳидан Низор дунёга келди. Шундан сўнг Журҳумнинг Маккадаги ишлари ёмон томонга юз бурди. Аҳволи танг бўлган Журҳум Маккага келганларга зуғум ўтказди, Каъбанинг молига хиёнат қилди. Албатта, бу ишлар Аднонийларни ғазаблантирарди. Марруз-Заҳронга келиб қўнган Хузоа Аднонийларнинг Журҳумга нисбатан нафратларини кўриб, бу қулай фурсатдан фойдаланиб қолди. Улар Аднонийларнинг Бакр ибн Абдуманоф ибн Кинона уруғи ёрдамида Журҳумга қарши уруш очиб, Журҳум қабиласини Маккадан ҳайдаб чиқаришди ва милодий 2 аср ўрталарида Макка ҳокимиятини қўлга киритишди. Маккани ташлаб чиқишга мажбур бўлган Журҳумийлар кетишларидан олдин Замзам қудуғини кўмиб, ўрнини яшириб кетишди. Улар шу ерга бир қанча нарсаларни ҳам беркитиб қўйишди. Ибн Исҳоқ ёзади: Амр ибн Ҳорис ибн Музоз Журҳумий (бу Исмоил алайҳиссалом қиссасида зикр қилинган Музоз эмас) Каъбанинг икки (олтиндан ясалган) кийигини ва Ҳажарул-асвадни олиб чиқиб Замзам қудуғига кўмиб ташлади[2]. Журҳумийлар Яманга йўл олишди. Улар Макка ҳукмдорлигидан маҳрум бўлганларига жуда қаттиқ куйдилар. Ана шу ғам ҳақида Амр қуйидаги мазмунда шеър айтган эди: «Гўё бу атрофда бир меҳрибон дўст бўлмагандек. Гўё Маккада тонгга қадар чўзилган суҳбатлар қурилмагандек. Ҳа, биз унинг эгалари эдик, бироқ тунларнинг алмашиши ва кунларнинг адолатсизлиги бизни ҳалокатга маҳкум этди». Исмоил алайҳиссалом даври тахминан милоддан аввалги йигирманчи асрларга тўғри келади. Демак, Журҳумийлар Маккада йигирма бир аср яшашган ва йигирма асрга яқин вақт мобайнида у ерга эгалик қилиб келишган. Хузоа Маккага эгалик қилишда Бани Бакрни бир четга суриб қўйди. Бироқ Мудар қабилаларининг учта имконияти бор эди: Биринчи: Одамларни Арафотдан Муздалифага йўналтириш ва Нафр (Минодан тушиш) куни уларга ижозат бериш. Бу ҳуқуқ Илёс ибн Мудар қавмига мансуб бўлган Бани Ғавс ибн Мурра уруғига тегишли эди. Бани Ғавс «Сувфа» деб аталарди. Ижозатнинг маъноси шуки, нафр куни то Сувфадан бир киши тош отмагунга қадар одамлар тош отишмасди. Тош отиш тугаб, одамлар Минодан кетиш тараддудига тушганларида Бани Ғавс тоғдаги тушиш йўлининг ҳар икки четини эгаллаб оларди. То улар ўтиб бўлмагунича ҳеч ким ўтмасди. Бани Ғавсдан кейин бу имтиёз Тамим қабиласига мансуб Бани Саъд ибн Зайд Манотга ўтди. Иккинчи: Наҳр (қурбонлик) куни тонгида Муздалифадан Минога қараб юриш. Бу ҳуқуқ Бани Адвонда эди. Учинчи: Уруш харом қилинган ойларни кечиктириш. Бу ҳуқуқ Бани Кинонага мансуб Бани Фуқайм ибн Адий уруғида эди. Хузоанинг Макка ҳокимиятини эгаллаб туриши уч юз йилга чўзилди. Хузоа ҳукмронлиги даврида Наждда, Ироқ ва Баҳрайн тарафларда Аднонийлар тарқалди. Макка теварагида Қурайш уруғлари тарқоқ ҳолда яшаб қолди. Қусой ибн Килоб келгунга қадар на Макка ишида ва на Каъба ишида Қурайшийлар ҳеч нарсага эга эмас эдилар.[3] Айтишларича, Қусой онасининг қўлида эканида унинг отаси вафот этади ва Бани узралик Рабиа ибн Ҳаром деган киши унинг онасини никоҳига олиб, Шом теварагидаги ўз юртига кўчириб кетади. Қусой ибн Килоб улғайганидан сўнг Маккага қайтиб келади. Бу пайтда Макканинг волийси Хузоалик Ҳулайл ибн Ҳабшия эди. Қусой Ҳулайлнинг қизи Ҳуббага оғиз солади. Ҳулайл рози бўлиб, қизини унга турмушга беради. Ҳулайлнинг вафотидан кейин Хузоа билан Қурайш ўртасида уруш бошланади ва бу уруш Қусойнинг Макка ва Каъба эгалигини қўлга киритиши билан ниҳояланади. Мазкур урушнинг сабаби хусусида уч хил ривоят бор: Биринчи ривоят: Фарзандлари ва мол-давлати кўпайиб, эл ичида обрў қозонган Қусой Ҳулайлнинг ўлимидан кейин Каъба ва Макка  эгалигига Хузоа ҳамда Бани Бакрдан ўзини ҳақлироқ деб билади. Ахир, Қурайш Исмоил алайҳиссалом авлодининг энг тоза, бош бўғини ҳисобланарди. Қусой Қурайш ва Бани Кинона кишиларига Хузоа ҳамда Бани Бакрни Маккадан чиқариб юбориш ҳақида гап очди. Улар Қусойнинг таклифини маъқул кўришди.[4] Иккинчи ривоят: Хузоанинг даъвосича, Ҳулайл Каъба ва Макка  эгалигини Қусойга васият қилиб кетган. Бироқ, Хузоа бу васиятни амалга оширишдан бош тортгани боис икки ўртада уруш чиқди.[5] Учинчи ривоят: Ҳулайл Каъба эгалигини қизи Ҳуббага бериб, Абу Ғубшон Хузоийни қизининг вакили қилган. Абу Ғубшон Ҳуббанинг вакили сифатида Каъба хизматига бош бўлди. Бироқ у ақли норасороқ одам эди. Ҳулайлнинг ўлимидан кейин Қусой Абу Ғубшонни алдаб, ундан Каъба эгалигини бир нечта туяга ёки бир меш шароб эвазига сотиб олди. Бундай битимдан норози бўлган Хузоа Қусойнинг йўлини тўсишга уринди. Натижада Қусой Хузоани Маккадан қувиб чиқариш учун Қурайш ва Бани Кинона кишиларини тўплади. Улар Қусойнинг таклифини қўллаб-қувватлашди.[6] Хуллас, нима бўлганда ҳам Ҳулайл вафот этиб, Сувфа қиладиганини қилгач, Қусой Қурайш ва Бани Кинона кишилари билан Ақабага келди ва уларга: «Биз бу ишга сизлардан кўра ҳақлироқмиз!» деди. Сувфа Қусойга қарши урушди. Уруш Қусойнинг ғалабаси билан тугади. Ўша пайтларда Хузоа ва Бани Бакр Қусойдан ўзини тортди. Қусой ўз тарафдорларини тўплаб, уларга қарши жангга чиқди. Икки ўртада қаттиқ уруш бўлди ва ҳар икки томондан бир қанча қурбонлар берилди. Сўнг томонлар сулҳга рози бўлиб, Бани Бакрлик Яъмур ибн Авфни ўзларига ҳакам қилишди. Ҳакамнинг чиқарган ҳукми қуйидагича бўлди: Каъба ва Макка  эгалигига Қусой Хузоадан ҳақлироқ. Қусой тўккан қонлари учун товон тўламайди. Хузоа ва Бани Бакр тўккан қонлари учун хун тўлайди. Қусойга Каъба топширилади. Яъмур ўша кундан Шуддох деб атала бошланди.[7] Шундай қилиб, Хузоанинг Каъбага эгалиги 300 йил давом этгач, милодий 5 аср ўрталарида, яъни 440 йилда Қусой Макка  ва Каъба эгалигини қўлга киритди. Қусойдан кейин бу эгалик ҳуқуқи Қурайшга ўтди. Яриморолнинг тўрт томонидан араблар зиёратга келадиган Каъбанинг диний бошлиғи Қурайш бўлиб қолди. Қусой қавмини Маккага кўчириб келиб, Маккани уларнинг ўртасида тақсимлаб чиқди. Қурайшнинг ҳар бир уруғини уларнинг ўзлари қўнган ерга жойлаштирди. Насъа, Савфон, Адвон ва Мурра ибн Авфларни ўз мансабларида қолдирди. Чунки Қусой юқоридаги ишларни ўзгартириш мумкин бўлмаган дин деб биларди.[8] Қусой амалга оширган тарихий ишлардан бири – Каъбанинг шимолий қисмида Дорун-Надва (йиғин ўтказиладиган бино)га асос солди ва унинг эшигини масжидга қаратди. Энди бу уй Қурайш тўпланиб, муҳим ишларни ҳал қиладиган йиғин жойига айланди. Дорун-Надва Қурайш учун хайрли бўлди. Чунки ана шу йиғин уйи гапларнинг бир жойдан чиқишини ва муаммоларнинг чиройли ечилишини таъмин этарди. Қусой қуйидаги шарафли раҳбарлик кўринишларига эга эди: 1. Дорун-Надва раислиги. Қурайш ўзининг муҳим масалаларини ана шу уйда муҳокама қилар ва шу ерда қизларини турмушга берар эди. 2. Ливоъ (байроқ). Қурайшнинг ҳарб байроғи фақат Қусойнинг қўли билан тикиларди. 3. Қиёдат (карвонларни бошқарув). Қурайшга тегишли ҳар қандай карвон фақат унинг ё фарзандларининг бошқаруви билан йўлга чиқарди. 4. Ҳижобат (эшик оғаси). Каъба ҳижобатига Қусой масъул эди. Каъба эшигини очиш, унинг ишларини саришта қилиш Қусойнинг вазифаси эди. 5. Сиқоят (Ҳожиларни сув билан таъминлаш). Яъни ҳожилар учун ҳовузларни сувга тўлдириб, ширин қилиш учун сувга хурмо ва майиз ташлаб қўйишарди. Маккага келган ҳожилар ана шу ҳовузлардан сув ичишарди. 6. Рифодат (Ҳожиларни егулик билан таъминлаш). Ҳожилар учун меҳмондорчилик сифатида егулик ҳозирланар эди. Қусойнинг буйруғига кўра, Қурайш ҳаж мавсумида мол-давлатидан бир улуш ажратиб, унга топширарди. Ана шу йиғилган нарсалар асосида ҳожилар учун егулик ҳозирланарди. Егулиги ва мол-давлати йўқ бўлган ҳожилар мазкур егуликлардан қорин тўйдиришарди. Юқоридаги шарафли вазифаларнинг ҳаммаси Қусойники эди. Абдуманоф ибн Қусой отаси ҳаётлигидаёқ обрў-эътибор топиб, саййидлар сафига қўшилди. Абдуддор Қусойнинг тўнғичи эди. Қавм сендан шарафда ўзиб кетган бўлсалар ҳам, албатта, сени уларнинг мартабасига етказиб қўяман, дерди Қусой ўғли Абдуддорга. Қусой ана шу ўғлига ўзининг шарафли вазифаларини васият қилди. Энди Дорун-Надва, ҳижобат, ливоъ ва ҳожиларни едириб-ичириш вазифалари Абдуддорники эди. Қусой қавмида шунчалик обрў-эътиборли эдики, ҳеч ким унга қарши чиқмас, гапини икки қилмас ва унинг буйруғини ҳатто ўлимидан кейин ҳам муқаддас деб биларди. Қусойнинг ўлимидан сўнг фарзандлари рози-ризолик билан унинг васиятини адо этишди. Лекин Абдуманоф вафот этгач, унинг болалари амакиваччалари Абдуддорнинг фарзандларидан юқоридаги мансабларни талаша бошлади. Қурайш иккига бўлиниб, хатто уруш чиқишига оз қолди. Охир-оқибат сулҳ тузилди ва юқоридаги мансаб-вазифалар тақсимлаб олинди. Тақсимотга кўра сиқоят, рифодат ва қиёдат Абдуманоф уруғига берилди. Дорун-Надва, ливоъ ва ҳижобат Бани Абдуддорда қолди. Абдуманоф уруғи сиқоят ва рифодатни ким олиши масаласида қуръа ташлашди. Қуръа Ҳошим ибн Абдуманофга чиқди. Ҳошим вафотига қадар ана шу икки мансабнинг эгаси бўлиб турди. Ҳошимдан кейин укаси Муттолиб ибн Абдуманоф, ундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ва ундан кейин Абдулмуттолибнинг болалари сиқоят ва рифодатга масъул бўлиб келишди. Ислом келганида бу ҳуқуқ Аббос ибн Абдулмуттолибда эди. Қурайшнинг ичкарисида юқоридагилардан бошқа вазифа-мансаблар ҳам бўлган. Улар ана шу тартиботлари билан кичкина давлат тизимини, аниқроқ айтганда, кичкина демократик давлат тизимини вужудга келтиришган. Бугунги кунда парламент ва унинг мажлислари ролини уларда маълум ташкилот ва йиғинлар бажарган. Қуйида уларнинг айримларини келтириб ўтамиз: 1. Ийсор: Ниманидир тақсимлашда ишлатиладиган санамларнинг фолчўпларига эгалик қилиш. Бу ҳуқуқ Бани Жумаҳда эди. 2. Таҳжирул амвол: Санамларга қилинган қурбонлик ва назрларни тартиблаш, шунингдек, хусуматлар ва шикоятларни ажрим қилиш. Мазкур ишлар Бани Саҳмнинг зиммасида эди. 3. Шўро: Маслаҳат ва кенгашлар ўтказиш. Бу Бани Асадда эди. 4. Ашноқ: Хун пули ва жарима-товонларни тартибга солиш. Бу Бани Таймда эди. 5. Уқоб: Миллий байроқни кўтариш. Бу ҳуқуқ Бани Умайяда эди. 6. Қубба: Аскар тартиботи ва отлиқ қўшин етакчилиги. Бу ҳуқуқ Бани Махзумда эди. 7. Сифорат: Элчилик. Бу вазифа Бани Адийга тегишли эди. Бошқа арабларнинг ҳукм юритиш тизими Биз Адноний ва Қаҳтоний қабилаларнинг кўчишлари, уларнинг араб ерларини ўзаро тақсимлаб олганликлари ҳақида юқорида сўз юритган эдик. Ана шу қабилаларнинг Ҳийрага яқин жойлашганлари Ҳийрадаги араб шоҳларига, Шом соҳросида жойлашганлари эса Ғассонийларга тобе бўлишган. Бироқ бу тобелик номига бўлиб, амалда ҳеч нарсага дахл қилмасди. Яриморол ичкарисидаги саҳроларда яшовчи араблар эса тамомила эркин эдилар. Саҳро ичкарисидаги қабилаларни қабила оқсоқоллари бошқарарди. Қабила ўзига хос кичик бир ҳукумат бўлиб, уни тутиб турадиган нарса қавмпарастлик, ўз ерини ҳимоя қилиш ва ундан душманни даф этишдаги муштарак манфаатлар эди. Қабила оқсоқолларининг қавмдаги мавқеи шоҳларнинг мавқеига тенг саналарди. Қабила тинчлик пайтида ҳам, уруш пайтида ҳам саййидининг сўзига бўйсунар ва ҳеч қачон унинг гапини икки қилмас эди. Ҳукм ва сўзини ўтказиш масаласида қабила оқсоқоллари бамисоли кучли диктаторга ўхшаб кетишарди. Ҳатто уларнинг дарғазаб бўлиши минглаб қиличларнинг чақинига сабаб бўлар ва оқсоқолнинг нима учун ғазаблангани ҳатто суриштирилмасди. Бироқ амакиваччалар ўртасида саййидлик мартабаси талаш бўлгани боис улар одамлар билан чиройли муносабатда бўлишда, саховатда, меҳмоннинг иззатини жойига қўйишда, фазлу карамда, ҳалимликда, мардлик-шижоатда ва бировларни ҳимоя қилишда бир-бирлари билан мусобақалашар эдилар. Албатта, бундан кўзланган мақсад одамларнинг, хусусан, ўша даврда қабиланинг тили ҳисобланган шоирларнинг кўзига яхши кўриниш бўларди. Ана шунда улар саййидликка номзод саналган бошқа рақибларидан ўзиб кетган ҳисобланарди. Саййидлар ва оқсоқоллар хос имтиёзларга эга эдилар. Мирбоъ, сафийй, нашийта ва фузул каби ўлжадан олинадиган имтиёзлар бошқаларда йўқ эди. Мирбоъ - ўлжанинг тўртдан бири, сафийй - қабила оқсоқли ўлжа тақсимланишидан олдин ўзига танлаб оладиган нарса, нашийта - қўшин юришга чиққанида қавм қароргоҳига етгунга қадар йўлда қабила оқсоқолининг қўлга киритган нарсалари, фузул - ўлжа тақсимотидан ортиб қолган ва барча аскарларга тарқатиб беришнинг имкони йўқ бўлган туя, от ва ҳоказо нарсалардир. Сиёсий аҳвол Араб ҳокимлари ҳақида маълум тасаввурга эга бўлганимиздан кейин энди уларнинг сиёсий аҳволига назар ташлаш фурсати етди. Ажнабийларга қўшни бўлган учта  ҳудудда сиёсий аҳвол беҳад ёмон эди. Бу чиндан-да емирилиш ва таназзул ҳолати дейиларди. Одамлар хожалар ва қулларга ёҳуд ҳокимлар ва маҳкумларга ажралган эди. Хўжайинлар, айниқса, ажнабийлар ёғ ютиб, қора халқ қон ютиб яшарди. Бошқача айтганда, раъият ҳукуматга маҳсулот етиштириб берувчи экин майдони ўрнида кўриларди. Ҳукмрон табақа оддий халқ етиштириб берган маҳсулотларни ўзининг айш-ишрати, инжиқликлари ва жабру зулми йўлида исроф қиларди. Раъият эса ҳеч қандай ёруғлик кўрмай, тўрт томонини ўраган қуюқ зулмат ва зулм ичида яшарди. Улар ҳеч кимга шикоят ҳам қила олмасдилар. Мудом ғам-алам ва жабр-зулм остида, турли азобларга нишон бўлиб унсиз ҳаёт кечирарди. Ҳукмронлик зўравонларники, ҳақ-ҳуқуқлар поймол эди. Мазкур ҳудудларга қўшни қабилалар эса беқарорлик, турли мақсад ва ҳавойи хоҳишлар ичида адашиб-улоқиб яшарди. Гоҳ Ироқ аҳлига қўшилсалар, гоҳ Шом аҳли таркибига кирардилар. Яриморол ичкарисидаги қабилалар ўзаро низо, жанжал, диний ва қавмий ихтилофлар гирдобида тарқоқ ҳолда кун кечиришарди. Ўша замон кишиларидан бири ўзининг дунёқарашини қуйидагича баён қилади: Ғазийя нима бўлса, мен ҳам айни ўшаман У тузалса тузалиб, адашса адашаман. Уларнинг мустақилликларини таъминловчи ўз ҳукуматлари ёки оғир кунларда эътимод қилинадиган, куч олинадиган асл асослари йўқ эди. Ҳижоз ҳукуматига келсак, араблар бу ҳукуматга эҳтиром кўзи билан қараб, уни етакчи ва диний марказ ҳимоячиси сифатида кўришарди. Аслида бу ҳукуматда дунёвий, давлатий ва диний жиҳатлар қоришиб кетган эди. У араблар ўртасида диний етакчи исми билан, Ҳарам ва унинг теварагида Каъба зиёратига келувчиларнинг таъминотини назорат қилувчи ҳукумат исми билан ҳукм юритарди, Иброҳим алайҳиссалом шариатининг ҳукмини жорий этарди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, унинг ҳудди парламент мажлислари каби йиғинлари, ташкилотлари бор эди. Лекин бу ҳукумат оғир кунларга чидаш бера олмайдиган заиф ҳукумат эди. Унинг заифлиги ҳабашлар босқинида шундоқ сезилиб қолди. [1] «Сифрут Таквин» ва «Тарихут Табарий» асарлари. [2] Масъудий ёзади: Форслар ўша пайтларда Каъбага турли ҳадя ва жавҳарлар жўнатиб туришган. Сосон ибн Бобак Каъбага олтиндан ясалган икки кийик, жавоҳирлар, қиличлар ва кўп олтин ҳадя қилган эди. Амр уларни Замзам қудуғига ташлаб юборди. («Муружуз заҳаб»). [3] Сийрату Ибн Ҳишом: 1/117. [4] Сийрату Ибн Ҳишом: 1/117, 118, Табарий: 2/255, 256. [5] Сийрату Ибн Ҳишом: 1/118. [6] Тарихул-Яъқубий: 1/239, Фатҳул борий: 6/634, Ал-Масъудий: 2/58. [7] Ибн Ҳишом: 1/123, 124. [8] Ибн Ҳишом: 1/124, 125.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ