Байъатдан олдин ал-Аббос ибн Убоданинг хазражликларга айтгани

1 ўн йил аввал 1910 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Осим ибн Умар ибн Қатода менга шундай ривоят қилди: Вакиллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат бериш учун йиғилганларида Бани Солим ибн Авф уруғидан ал-Аббос ибн Убода ибн Надла ал-Ансорий: «Эй хазражликлар жамоаси! Бу одамга нима учун бай­ъат бераётганингизни биласизми ўзи?» – деб сўради. Улар: «Албатта», – дейишди. Ал-Аббос: «Сизлар унга инсонларнинг қизил-у қорасига қарши жанг қилишга байъат бермоқдасиз. Агар сизлар мол­ларингиз камайиши ва аслзодаларингизнинг ўлдирилишини мусибат деб билиб, уни душманларига топшириб қўйсангиз, бу иш, Аллоҳга қасамки, дунё ва охиратда хорлик бўлади; агар сиз унга молларин­гиз камайиши ва аслзодаларингиз ўлдирилишига қарамасдан даъват қилган ишларида унга содиқ қолсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни олиб кетинг. Аллоҳга қасамки, У дунё ва охиратнинг энг хайрли кишиси­дир», – деди. Улар: «Биз Уни− Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни − молларимизга мусибат етиши ва аслзодаларимиз ўлдирилишига қарамасдан қабул қиламиз. Эй Аллоҳнинг Елчиси! Агар биз аҳдимизга содиқ қолсак, бизга нима бўлади?» – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат», – дедилар. Шун­да улар: «У ҳолда қўлингизни узатинг», – дейишди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини узатдилар ва улар байъат беришди.

Осим ибн Умар ибн Қатода: «Аллоҳга қасамки, ал-Аббос бу гап­ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган сўзни вакиллар зиммасига ҳақиқий маънода юклаш учун айтган эди», – дейди.

Аммо Абдуллоҳ ибн Абу Бакр эса: «Ал-Аббос бу сўзларини Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг ҳам келишидан умидвор бўлиб, вакилларни ўша кечада бу ишдан кечиктириш учун айтган эди. Бу вакилларнинг мавқеларини кучлироқ қиларди. Булардан қайси бири­нинг тўғри эканини Аллоҳ билувчироқдир», – дейди.

Ибн Ҳишом: Салул Хузоъадан бир аёл бўлиб, у Убай ибн Молик ибн ал-Ҳориснинг онасидир.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ