Расулуллоҳ ҳузурида дастлабки вакиллар

3 йил аввал 2300 siyrat.uz

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан турли азобу азиятлар гирдобида турган бир пайтда, у Зотнинг ҳузурларига хориждан Ислом   дини   ҳақида   маълумотга   эга   бўлиш мақсадида вакиллар келишди. Улар ўттиз чоғли Ҳабашистон    насронийлари   бўлиб,   у   жойдан Маккага қайтаётган Жаъфар ибн Абу Толиб билан биргаликда келишган эди.

Вакиллар Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг ҳузурларида ўтириб, у Зотнинг сифатлари ва фаолиятларидан бохабар бўлиб,   тиловат   қилинган   Қуръон    оятларини тинглагач,  барчалари  иймон  келтиришди.  Буни эшитган Абу Жаҳл уларга шундай деди: «Сизлардан ҳам аҳмоқроғини кўрмаганмиз. Қавмингиз сизларни мана бу киши ҳақида билиб келишга юборган бўлса-ю, сизлар эса унинг ҳузурида ҳали ўтириб улгурмай динингиздан  ажраб, унинг сўзларини тасдиқлаб ўтирибсизлар». Шунда улар: «Омон бўлинглар, биз сизлар каби жоҳил эмасмиз,   биз танлаган нарса ўзимиз учун, сизлар танлаган нарса ўзларингиз учундир.   Биз  ўзимиз  учун  яхшиликни   қўлдан чиқармадик», дейишди. Аллоҳ таолонинг ушбу ояти улар ҳақида нозил бўлган: «Биз (Қуръондан) илгари Китоб (яъни Таврот, Инжил) ато этган зотлар (яъни яҳудий ва насронийлар орасидаги мўминлар) унга (яъни Қуръонга) иймон келтирурлар. Қачонки уларга (Қуръон) тиловат қилинса, улар: «Бизлар унга иймон келтирдик. Албатта, у Парвардигоримиз томонидан бўлган Ҳақиқатдир. Шак-шубҳасиз, бизлар (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам мусулмонлар (яъни Аллоҳни ягона билиб бўйинсунувчилар) эдик», дерлар. Ана ўша зотларга (дину иймон йўлида) сабр-тоқат қилганлари сабабли ажр-мукофотлари икки марта ато этилур. Улар яхшилик (яъни сабр-тоқат) билан ёмонликни (яъни кофирларнинг озорларини) дафъ қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Қачонки беҳуда (сўз ё ишни) эшитсалар, ундан юз ўгирурлар ва: «Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ҳам ўзларингиз учундир. Омон бўлинглар. Бизлар нодон кимсалар (билан ҳамсуҳбат бўлиш)ни истамаймиз», дерлар». (Қасос сураси, 52 − 55-оятлар)
 
Ибратли иукталар
Бу ташрифдан иккита нарсани илғашимиз мумкин. Биринчи: мусулмонлар мушриклар томонидан хилма-хил азобу азиятларни бошларидан кечираётган бир пайтда мазкур вакиллар Маккага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашиш учун ва Исломни ўрганиш мақсадида келишларида, аҳли Ислом ўзларининг даъват йўлларида йўлиқаётган ситамлар ва мусибатлар уларни ноумидликка, тушкунликка тушира олмаслигига, аксинча, бу босқич нажот ва ғалабага эришиш учун босиб ўтилиши лозим бўлган йўл эканига далолат бордир. Адади ўттиздан зиёд бўлган бу вакиллар Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг олдига у Зотнинг даъватларига хайрихоҳликларини билдириш учун ҳамда зоҳирил-ҳол тили билан дин душманлари қанчалар тазйиқлар ўтказишмасин, дин аҳлига нақадар азиятлар бериб, фитналар, суиқасдлар уюштиришмасин, Динни ўз самарасини беришидан Машриқу Мағрибга ёйилишидан ҳаргиз тўсолмайдилар, деб эълон қилиш учун денгизлар оша келдилар. Абу Жаҳл ҳам мазкур моҳиятни англадими, ҳар тугул, унинг «акси садоси» вакилларга қарата айтган гинали сўзларида намоён бўлиб қолди. Лекин қўлидан нима ҳам келарди?! У ва унга ўхшаганларнинг қўлидан келадиган энг катта иш мусулмонларга озор-азиятларни яна ҳам кучайтириш, холос. Аммо исломий даъватни ўз мақсад ва самараларига эришишдан тўсишга уларнинг кучлари етмайди. Иккинчи: вакиллар келтирган иймон қандай иймон? Кишини куфр зулматларидан нурга олиб чиқувчи иймонми? Дарвоқе, уларнинг иймонлари собиқ иймонларининг айни давоми ва тутган дин ва эътиқодлари тақозо қилган нарсани бажаришнинг ўзидир, холос. Аҳли китоблар Инжилга иймон келтирар ҳамда унинг кўрсатмасига биноан иш юритар эдилар. Қазоро, Инжил Ийсо алайҳиссаломдан кейин келадиган Пайғамбарга эргашишни буюриб, у Зотнинг сифатлари ва белгилари ҳақида маълумот бергач, ана шу Пайғамбарга, яъни Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга иймон келтириш уларнинг ҳамон давом этаётган иймонларининг талаби бўлди. Демак, уларнинг Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломга иймон келтиришлари бирини иккинчисидан афзал кўриб, бир диндан бошқа динга ўтиш эмас, балки Ийсо алайҳиссаломга ва у Зотга туширилган Инжилга келтирган айни иймонлари давом этаётганидан даракдир. Ушбу маънога қуйидаги оят ҳам далолат қилади: «Қачонки уларга (Қуръон) тиловат қилинса, улар: «Бизлар унга иймон келтирдик. Албатта, у Парвардигоримиз томонидан бўлган Ҳақиқатдир. Шак-шубҳасиз, бизлар (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам мусулмонлар (яъни Аллоҳни ягона билиб бўйинсунувчилар) эдик», дерлар». Яъни биз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам чақираётган нарсага У пайғамбар бўлишидан аввал ҳам иймон келтирар эдик. Чунки Инжил ҳам худди ўша нарсага − тавҳидга чақирар эди. Ийсо ва Мусо алайҳимассаломлар келтирган китобларни баҳаққи ушлаган кишиларнинг Исломга муносабатлари мана шундай. Чунки Инжилга ёки Тавротга иймон келтириш Қуръонга ва Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтиришга чақиради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломга аҳли китобни Исломга даъват қилишда ўзлари иймон келтирган (аслий) Таврот ёки Инжил кўрсатмаларини татбиқ қилишга чақириш билан кифояланишни буюрди. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом,) айтинг: «Эй аҳли китоб, то Тавротга, Инжилга ва сизларга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилмагунингизча, ҳеч қандай нарсада — динда эмассизлар». Бу нарсалар юқорида айтиб ўтганимиз − ҳақиқий Дин биттадир, деган сўзимизни қувватлайди. Тўғри, бир нечта самовий шариатлар бўлиб, ҳар бири ўзидан олдингисини насх −  бекор қилган. Лекин биз Аллоҳни яккаю ягона деб эътиқод қилиш маъносини ўз ичига яширган «Дин» билан ибодат ва муомалаларга тааллуқли бўлган аҳкомлар мажмуасига айтиладиган «Шариат» тушунчаларини аралаштириб юбормаслигимиз лозим.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ